1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъмат

14:08 / 24.03.2017 3745 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳамонки, суҳбатимиз инсон умри ҳақида, шу умрдан унумли фойдаланиш ва касбкор қилиш ҳақида экан, авваламбор шуни айтиш лозимки, умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охироқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир.


Хўш, инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши керак, - деган саволлар туғилиши табиийдир: Ушбу саволларга жавобан Ҳақ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг Мулк сурасида бундай марҳамат қилади: 


“У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир ”. 


Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади. 


Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди. Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир», деган эканлар.  


Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқа-ю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Вақт шундай маблағки, уни эртанги кунга ғамлаб қуйиш мумкин эмас. 

Қуръони Каримда вақтнинг бебаҳо ва қадрига етмаса бўлмайдиган улуғ неъмат эканига ошкора ёки зимдан далолат қилувчи кўплаб ишоралар бор. Аллоҳ таоло вақтнинг бўлаклари ва ажралмас қисми бўлмиш кеча ва    кундузга қасам ичади. Тонгга, чошгоҳ вақтига қасамёд қилади. Масалан: “Лайл (тун)” сурасида: “Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам”, Зуҳо сурасида “Чошгоҳ вақтига қасам”, дея марҳамат қилади. Гоҳида эса тўғридан-тўғри вақт-замонга қасамёд қилиб:  “Замонга қасамки, инсон зоти зиёндадир”, дейди. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло Ўз бандалари ва махлуқотларидан бири билан қасам ичса, бу ўша унингла қасам ичилаётган у ёки бу мавжудотнинг буюклигига ва қадри баландлигига ишора қилиш билан бир қаторда қасамдан сўнг айтиладиган нарсанинг ҳам юксак аҳамиятга молик эканлигини билдиради. 

Пайғамбар (алайҳиссалом) суннатларида ҳам вақт қиймати алоҳида таъкидланади. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб, дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси - умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси - ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси - мол-дунёни қай йўсинда (ҳалол йўл биланми, ҳаром йўл биланми) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси - ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади». (Баззор ва Табароний ривояти). 

Инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик-йигитлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажралиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. У - ҳаёти ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадга тўла ёшдир, ҳамда (ёшлик) икки заифлик - гўдаклик ва кексалик - орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сурасининг 54-оятида бундай дейилади:

“Аллоҳ шундай зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди...”.

Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври. Демак, ўртада оз муддатга ёшлик-йигитлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сафарбар қилиш, ҳалол касбкор қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.


Набий (алоайҳиссалом) марҳамат қилиб, дедилар:“Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”. 

Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган. Араб тилида “ғабн” деб аталмиш “алданиб қолиш, чув тушиб қолиш” маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис, ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда. Мазкур ҳадисдан келиб, чиқиб, Аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади. 


Лекин, афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда "Умр гулшанининг баҳори" ва "ҳаёт шабистонининг наҳори"ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади.


Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шайҳонтоҳуртуманбошимомхатиби

(Шайх Зайниддин жомеъ масжиди)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар банда тонг оттирганда ва кеч киргизганда, барча ғами ёлғиз Аллоҳ бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча ҳожатларини Ўз зиммасига олади. Уни қийнаб турган барча давоми...

2264 16:47 / 27.03.2017
Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб р.а. Шомга келганларида унинг олдига қора кийим кийган ёшлари улуғ қария роҳиб келади. Умар р.а. уни кўриб йиғлайди. Шунда Умар давоми...

2887 15:35 / 22.04.2017
Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузларнинг кетмакет алмашиши жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади.Аллоҳ давоми...

2568 15:04 / 22.04.2017
Агар у мушриклар юртида бўлса, фарзлардан ва бошқа шариат аҳкомларидан бирор нарса билмаса, Қуръонга ҳам, шариат аҳкомларидан бирортасига ҳам иқрор бўлмаса, фақат давоми...

3821 17:46 / 17.03.2017