1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Фолбинлар, сеҳргарлар ва ғайб илмини билишга даъвогарлар

14:04 / 24.03.2017 9961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Парвардигори олам ўзининг илми азалийси билан ҳамма воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин, Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакда бўладиган воқеаларни сир тутади.


Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидани англамаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. 

Фолбинлик ва ғайб илмини билишга даъвогарлик шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда. Иймон ҳақида кетмоқда гап.

Мустаҳкам ва равшан ақида бўлмагандан кейин турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетавериш кузатилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади. Олдинлари, моддапарастлик авж олган даврда, сеҳр кишининг соғлиғига зарар бериши ҳақида гапирилса, кулгу-масхарага қолиш аниқ эди. Энди эса, аксинча, кўпчилик дардлар ортида сеҳр ва шунга ўхшаш нарсалар турганига ишонилади. 

Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам. Агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган? Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда? Fайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат?! 

Бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг илм ва қудрати чексиздир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши йўқдир. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Айтинг: «Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар”.

Бошқа бир оятда: 

“Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”.

Исломда эса ҳамма нарса ўз воқелигига қараб ўртача баҳоланади. Асосан хасталиклар оғир кўтариш, зах-нам жойларда кўп ўтириш ва ғам-қайғу каби омиллар сабабли келиб чиқади. Улар тиббий йўл билан муолажа қилинади. Шу билан бирга баъзи ҳолларда хасталик сабаби сеҳр бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳолатда беморни даволаш учун Қуръони карим ҳамда суннати Набавийдан ривоят қилинган дуоларга мурожаат этилади.

Демак, инсоннинг келажаги ва тақдирини ҳамда бошқа ғайбий ишларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Инсонларга келажакдаги ишлари маълум бўлса, уларга имтиҳон бўлмасди. 

Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Сарвари коинот (с.а.в) фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда тақиқлаган. Баъзан инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади. 

Бугун ҳам айрим одамлар сеҳр ва фол балосига йўлиққан. Инсонлар Аллоҳнинг каломи, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларини бир четга қўйиб, шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ солмоқдалар. Кишилар уларнинг олдига турли мақсад билан боради, кўпчилиги келажагини билишга қизиқади. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайди. Агар фолбин келажакни билса, нима учун турли конларни топиб олмайди? Конларни-ку қўйинг, қўлида турган ютуқ чиптасининг ҳимоя қоплами тагида нима борлигини билиб бойиб кетмаган? Энг ёмони, бу ноқулай ҳолатга диний тус берилди. Фолбин, сеҳргар, башоратчи ва ҳоказолар эркак кишилар бўлса, эгнига ажабтовур чопон, бошига қандайдир салла ўраб, бўйнигами, қўлигами тасбеҳ осиб олади. Ўтирган жойларига ҳам шунга ўхшаш нарсалар қўяди. Бирорта дуоними, сураними чала ёдлаб, такрор-такрор ўқийди. Агар аёл киши бу ишга қўл урган бўлса, у ҳам ўзича шунга ўхшаш ғалати тадбирлар қўллайди. Оқибатда, одамлар бу нарсаларни динда бўлмаса ҳам, динга алоқаси бор, деб тушуна бошлайди. Улар дунёдаги барча муаммоларни шу фолбин ёки дуохонлар ҳал қилади, деб ўйлайди. Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам уларга мурожаат этади. Кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар ҳам, иши юришмай қолган тижоратчилар ҳам, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар ҳам, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор ҳам, қўли келмай қолган қиморбоз ҳам, хуллас, кўпчилик уларга мурожаат эта бошлади. Фалон жойда бир фолбин чиқибди, борганлар фойда топяпти экан, у фалончига ундай депти, пистончига бундай депти, каби шов-шувлар тез тарқалиб, одамлар ўша томонга чопадиган бўлди. Лекин шу фолбин ва сеҳргарларнинг мижозлари ақлни ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмайди. Ўзлари эътиқод қилиб, кўтар-кўтар қилаётган одамлар кимлар, уларнинг “мўъжиза”лари нимадан иборат, бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмайди. Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева экани, оиласи бузилган ёки яқин кишиларида худди шу муаммо борлигини билмайди. Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор, бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, ўрнимга ўзи чиқиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб кўрмайди.

Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимиз бор ҳатто. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйилганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опа- сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Фолбинлар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. 

Сеҳр-жоду, илму амалга келсак, сеҳр - афсунлар ўқиш, тугунлар тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва бошқа шу сингари ёмонликларга сабаб бўлади. Сеҳр-гар (саҳир) – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчидир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир. Шунингдек, у ғайб ҳақида билимга эга эканлигини таъкидлайди, сеҳр орқали одамларни ўлимга олиб боради, севишганларни ажратади, одамларда ёқтириш ёки ёқтирмаслик ҳиссини уйғотади ва одамларнинг ақл йўналишини ўзгартиради.

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят). 

Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўласиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – «иссиқ-совуқ» ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар. 

Пайғамбар (с.а.в) «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар.

Афсуски, ҳозирда инсонлар орасида ўзларича одамларнинг келажагини, тақдир ва қисматини айтиб берувчи, гарчи бу ишлари шариатимизга хилоф бўлсада, коҳин ва фолбинлик қилувчилар мавжуд. 

Фолбин, дуохон ва бошқалар эса, келганларнинг ҳаммасини қабул қилиб, уларнинг бошини айлантиришда давом этаверадилар. Уларнинг кўплари жин урган шахслар бўлиб, ўзларидан инсонларга, жамиятга, эл-юртга тегаётган зарарни англаб етмайдилар. Ҳақиқатан ҳам жин теккани учун уларда баъзи нарсалар пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу касб қилиб олиниб, одамларнинг бошларини айлантиришга ҳуқуқ берадиган фазилат эмас, балки даволашга муҳтож дарддир. Фолбин ва сеҳргарлар зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётгани билан чегараланиб қолмайди. 

Бу зарар жиддий ижтимоий зиддиятларга олиб боради. Бунинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир. Фараз қилайлик, бир инсон фолбинга боши оғриётгани учун мурожаат қилди. Албатта, фолбин уни тиббий муолажага буюрмайди. У ўзининг содда мижозига: “Тўғри, мен ҳам сизни узоқдан кўриб, шу одамнинг боши оғриётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Буни ўзингиз тасдиқлаб турибсиз. Энди биз бир ожиз одаммиз, ҳамма нарса Яратганнинг ўзидан бўлади, келинг бир кўриб қўяй-чи”, дейди-да, ўзига хос хатти-ҳаракатлар қилгач: “Сизга илму амал қилишибди. Ё қариндошларингиз ичида ё маҳаллангизда ё бўлмаса иш жойингизда сизга нисбатан ёмон ниятли кишилар борга ўхшайди. Ўшалар илму амал қилган бўлса керак. Тупроққа дам солиб сочган бўлишлари ҳам мумкин”, дейди. Шундан кейин боши оғриётган киши ҳаммадан шубҳаланиб, душманлар ахтара бошлайди. Ўзича чора-тадбирлар кўради. Натижада, жамиятда ўзаро душманлик ва ишончсизлик ортиб боради. 

Баъзи кишилар уларга ишонадилар ва уларнинг кўп сўзлари тўғри чиқади-ку, деб эътироз билдиради. Пайғамбаримиз (сав)дан фолбинлар ҳақида сўралганда, у киши шундай деган эканлар:

“Одамлар Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига келиб коҳин ва фолбинлар ҳақида сўрашганда у зот: уларнинг сўзи ҳеч нарса эмас, дедилар. Одамлар: Эй Аллоҳнинг Расули, гоҳида ўша фолбинлар айтган сўзлар тўғри чиқиб қолади-ку, дедилар. У зот: аслида бу сўзлар ҳақ бўлиб уни жинлар фаришталардан илиб олишади ва ўз дўстлари бўлмиш фолбинлар қулоғига етказиб беради. Фолбинлар эса, ўша нарсаларга юзта ёлғонни қўшиб одамларга етказадилар” – дедилар.

Баъзи туппа-тузук кишилар ҳам: “Ишонмаймиз-у, лекин бир бориб қўяверайлик-чи”, деб фолбинлар ҳузурига отланади. Бу иш тўғри эмас. Мўмин киши барча шубҳали нарсалардан узоқ юриши лозим. Мисол учун, ароқ ичмаса ҳам, ичганларнинг олдида ўтириши мумкин эмас. Ўтирса, гуноҳ бўлади. Шунингдек, фолбинга ишонмаса ҳам, олдига бориш нотўғри иш ҳисобланади.

Аллоҳ таоло жинларнинг тилидан шундай марҳамат қиладики:

“Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи) жойларга (фаришталар сўзларини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач) кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдуз зарбасини топар”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га Қуръони карим нозил бўлиши билан жинлар учун осмон эшиклари ёпилди. Айрим инсонлар назарида жинлар ғайбий ишларни билгувчи ҳисобланади. Аслида, улар ҳам ғайбдан бехабарлар.

Фолбинга борган одамнинг унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга умуман мурожаат қилмаслик буюрилган. Шариат бўйича, бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг Аллоҳга таваккал этиб, иш бошлаши кўрсатилган. Агар бирор ишни қилиш-қилмасликни танлай олмай ҳайрон бўлса, маслаҳатлардан сўнг ҳам азму қарорга кела билмаса, истихора қилади. Истихора деб, ётишдан олдин таҳорат олиб, ният қилиб, икки ракат намоз ўқишга айтилади. Намоз охирида истихора дуоси ўқилади. Ётганида тушида бирон-бир ишора бўлади. Шунга қараб иш қилади.

Бир киши жаноб Расулуллоҳ (сав)нинг ҳузурларида келиб, қўлига бир нарсани беркитиб бу нима деб сўради. Шунда Расулулоҳ (сав) очиқдан очиқ фолбин эмасликларини айтиб, “фолчи-ромчилар дўзахийдир” – дедилар.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилдиларки:

“Ким фолбин ҳузурига бориб бирор нарса ҳақида сўраса кейин фолбин берган жавобга ишонса, ўша кишининг қирқ кун ўқиган намози қабул бўлмайди”.

Ҳозирги кунларда ҳам ғайб илмини биламан дейдиган фолчи-ромчиларнинг сўзларига ишонадиган кимсаларнинг кўпайиб бораётгани жуда таассуфли ҳолдир. Уларнинг берган тахминий маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Бир-бирларидан бадгумон бўлиш каби нохуш ҳолатлар ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти. Бинобарин, оят, ҳадис, муътабар китоблар ва илмий асослар билан исботламаган гапларга ишонишдан сақланишимиз даркор. 

Шариатга мувофиқ иш олиб борган одам олий даражаларга эришади. Шариатга хилоф иш қилганлар эса, икки дунёда ҳам саодатга эриша олмайди.

Мана, фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимликнинг ҳукми ва уларга тегишли хулосалар билан танишдик. Энди эса амал қилиш керак. Авваллари билмай бу ишларни қилганлар бўлса, тавба этсинлар. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса, уларга ҳам айтиб билдирсинлар. Аллоҳ таоло барчамизни ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин. 


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, ер юзи бўйлаб гиёҳвандлик балоси асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.Гиёҳвандликнинг жисмоний ва маънавий давоми...

3750 10:11 / 24.03.2017
Албатта, ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

2543 09:39 / 22.03.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймАллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва расули Муҳаммадга чексиз салавоту саломлар айтамиз.Роббимиз Аллоҳ давоми...

7041 17:23 / 27.03.2017
Атмосферанинг бузилиши кўплаб табиий бўҳронларга, табиатнинг бузилиши, иқлим ўзгариши, бир сўз билан айтганда табиатга хос қонунларнинг ўзгаришига сабаб давоми...

2428 10:09 / 24.03.2017
Аудиолар

118753 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40711 14:35 / 11.08.2021