1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таълифот (китоблар)

76. "Самарқанднинг сара уламолари" китоби

11:41 / 24.03.2014 3717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

"Самарқанднинг сара уламолари" китоби

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

  Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
  Оламларнинг сарвари Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!
  Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури билан мунаввар қилганидан кейин Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг охирги ва мукаммал дини Ислом дунёни илм нурига тўлдирди. Илм бўлганда ҳам мукаммал маънодаги илм, инсоннинг икки дунё саодатига сабаб бўладиган илмга тўлдирди. Аллоҳ таоло мусулмон бўлишини ирода қилган турли халқлар аввал илм нима эканини билмай юрган бўлсалар ҳам мусулмон бўлганларидан кейин ҳақиқий илмга эга бўлдилар ва ўзларига насиб этган илмдан ўзлари ҳам тўлиқ фойдаланиб, ўзгаларни ҳам фойдалантирдилар.
  Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг иродаси билан Ислом тарқалган ҳудудлар ва халқларда илм ҳам тарқалиб борди. Мазкур халқларнинг илмдан олган насибаларининг миқдори Аллоҳ таоло уларга берган илмий қобилиятга қараб бўлди.
  Авваллари Мовароуннаҳр ва Хуросон деган номлар билан аталган, бизнинг бобокалонларимиз яшаб ўтган ҳудудларда яшовчи халқларга Аллоҳ таоло алоҳида илмий қобилият берганидан бўлса керак, бу ҳудудларда Ислом орқали илм ҳам жуда чуқур ва кенг тарқалди. Тезда Бухоро, Самарқанд, Насаф, Марв, Нисо, Урганч, Косон ва бошқа кўплаб шаҳар ва қишлоқлардан улуғ олимлар етишиб чиқа бошлади. Мазкур диёрларнинг халқлари Аллоҳ таолонинг охирги дини Исломни яхшилаб ўрганиб, бу динга оид илмларнинг пешқадамига айланиш билан бирга, Исломга амал қилиб, илм-фаннинг бошқа соҳаларида ҳам кўзга кўринган алломаларга айландилар.
  Аста-секин илмий ҳаракатларга Аллоҳ таоло баракот бериб, дунё миқёсидаги катта илмий марказлар пайдо бўлди ва оламга татигулик илмий ишлар амалга оширилди. Ўша вақтларда етишиб чиққан олимларнинг сони ҳам, сифати ҳам зиёда бўлиб борди. Кейинроқ эса бизнинг бобокалонларимизга илм борасида мусулмон оламига етакчилик қилиш насиб этди.
  Ўша даврда илмий марказлар, илмий тадқиқотлар, олимларнинг ва улар олиб борган илмий ишларнинг ҳамда улар таълиф этган асарларнинг тарихини ўрганиш ҳам йўлга қўйилган, бу борада кўплаб китоблар битилган. Муайян даврдаги илмий ҳаракатларни, олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш кейинги авлодлар учун ғоятда фойдали экани ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам шароитга қараб, бу ишга доимо турлича эътибор бериб келинган.
  Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунимизда бу хайрли ишга катта эътибор берилмоқда. Аждодларимизнинг илмий меросини, таниқли олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш ва у каби маълумотларни халқ оммасига етказиш борасида кўпгина ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Ана ўша савобли ишга камина ходимингиз ҳам Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ёрдами ила ўзининг ожизона ҳиссасини қўшиб келмоқда. Фурсат ва имкон бўлганда Самарқандда Амир Темур даврида яшаб, илмий фаолият олиб борган баъзи уламолар ҳақида кишиларимизга бир оз тўлиқроқ маълумот тақдим қилиш ниятимиз бор эди. Ўша вақт ва имкониятни Аллоҳ таоло 2013 йилнинг охири ва 2014 йилнинг аввалида ато қилди ва ушбу мавзу бўйича бир неча саҳифани қоралашни насиб этди. Эътиборингизга ушбу камтарона битикларни тақдим қилишга ижозат бергайсиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Тошкент. 2013 йил, 20 октябр

 

МУҚАДДИМА


  Ҳижрий саккизинчи аср... Мўғулларнинг мусулмон оламига қилган босқинларининг яраси, улар олиб борган урушларнинг асорати, харобаси ва даҳшати ҳали битмаган бир давр. Бу ҳолат анча вақт давом этди.
  Мўғуллар босқини натижасида барбод бўлган маданият, илм ва маърифат гулшанини қайта тиклаш осон кеч мади. Албатта, бундай улкан ишни амалга ошириш учун жуда катта куч, меҳнат ва имкониятлар сарф этилган. Айниқса, илмий йўналишда бутун дунё аҳамиятига эга бўлган алломаларнинг етишиб чиқишида ва оламшумул аҳамиятга эга бўлган асарлар битилишида катта жиддужаҳд, меҳнат ва матонат кўрсатилгани турган гап.
  Сўнгра Ҳақ субҳанаҳу ва таоло мусулмонларга яхшиликни ирода қилди. Русия ва Туркистондаги кўплаб мўғуллар мусулмон бўлдилар. Бу ўзгариш мусулмон олами учун янги қувват бағишлади. Усмонийлар давлати кучга кирди. Ислом дини Болқон ярим оролига кириб борди. Салоҳиддин Айюбий раҳматуллоҳи алайҳи бошчилигидаги салибчилар мусулмонларнинг ерларидан қувиб чиқарилди. Шу асрнинг охирига келиб, Амир Темур Кўрагоний ўз салтанатини ўрнатди.
  Шу билан бирга, ушбу асрдаги мазкур нотинчликлар, урушлар, қийинчиликларга қарамасдан, мусулмонлар ўз дини ва ақийдаларини асраб қолишга, илмий ва маданий тикланишга янгитдан бел боғлашга эришдилар.
Ҳижрий саккизинчи, милодий ўн тўртинчи асрнинг тарихини синчиклаб ўрганадиган бўлсак, илмнинг турли йўналишлари бўйича кўплаб мусулмон уламолар етишиб чиққанини кўриш мумкин. Бу эса ўз навбатида ўша даврдаги ҳаётнинг турли қийинчиликларига қарамай, мусулмон оламида турли соҳаларга оид илмлар бўйича катта ютуқларга эришилганини кўрсатади.
  Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эътироф этилиши бу диёр учун, хусусан, унинг пойтахти бўлмиш Самарқанд тарихи учун янги саҳифа очиб берди. Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Самарқанд давлат пойтахти сифатида XIV асрнинг охирлари ва XV асрда Шарқнинг энг гўзал шаҳрига, Марказий Осиёнинг йирик иқтисодий, сиёсий, маданий марказига айланди. Бу даврда Самарқандда ўнлаб бинолар, унинг ғарбий қисмида эса шаҳар қалъаси барпо этилди. Қалъанинг ичида Кўксарой ва Бўстонсарой қасрлари, ҳунармандчилик устахоналари, савдо расталари, карвонсаройлар, ҳаммомлар, шифохоналар ва бошқа маданий-маиший бинолар қурилди. Амир ва амирзодалар қалъадан ташқари Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Биҳишт, Боғи Дилкушо, Боғи Шамол, Боғи Майдон, Боғи Зоғон, Боғи Нав, Боғи Феруза, Давлатобод, Боғи Баланд каби гўзал боғларни бунёд этдилар. Шаҳар ичкариси ва ташқарисида Бибихоним Жомеъ масжиди, Гўри Амир мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Улуғбек мадраса ва расадхонаси каби кўплаб машҳур меъморий обидалар яратилди. Самарқанд ўз замонасининг йирик илмий марказларидан бирига айланди.
  Амир Темур илм-фан, маънавият аҳлига алоҳида эътибор ва меҳрибонлик кўрсатиб, жамиятнинг маданий ҳаётида улардан фойдаланишга интилар эди. Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, «Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини изҳор қиларди».
  Амир Темурнинг илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига қўшган ҳиссасига катта эътибор берган француз олими Лянглэ унинг соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида шундай ёзади:
«Темур олимларга серилтифот эди. Билимдон кишиларни қадрлар, агар улар софдил бўлса, алоҳида ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур асосий эътиборни ушбу соҳа вакилларига ғамхўрлик килишга қаратарди».
  Амир Темур даврида Азудуддин Ийжий, Алломаи Саъдуддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, имом Муҳаммад ибн Жазарий, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи каби олимлар бутун дунёда шуҳрат топдилар. Шунингдек, уламолардан Мавлоно Абдулжаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунший, Мавлоно Абдуллоҳ Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар ҳам ўша даврнинг кўзга кўринган олимларидан бўлдилар.
  Улуғбек бошчилигидаги Самарқанд илмий мактабининг маҳсули бўлган «Зижи жадиди Кўрагоний» асарида келтирилган астрономик, математик мушоҳадалар ва фактлар ўзининг аниқлиги билан ҳамон дунёни ҳайратга солмоқда. Жаҳон мумтоз адабиётининг йирик намоёндалари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам ўша даврда Самарқандда таълим олганлар.
  Мазкур олимлар ичидан исломий илмларнинг вакилларига бўлган эътибор алоҳида аҳамият касб этар эди. Шунинг учун ҳам ўша даврда ерлик уламолардан ташқари, бошқа мусулмон ўлкалардан ташриф буюрган уламолар ҳам Самарқандда ўзларининг илмий ҳаракатлари учун муносиб марказ топган эдилар. Самарқандда, Амир Темурнинг ҳузурида илмий изланишлар олиб бориш учун, илмни ривожлантириш, турли шогирдлар тарбиялаб етиштириш ва китоблар битиб, асарлар қолдириш учун уламоларга барча имкониятлар мавжуд эди.
  Амир Темур уламоларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатар ва уларга кўплаб яхшиликлар қилар эди. Жумладан, «Азарур риёз фий ахбори қози Иёз» китобида ёзилишича, Амир Темур Шомга борганида Маждуддин Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Муҳаммад Шерозий Ферузободийга беш минг динор ҳадя берган экан.
  «Кашфуз зунун» ва «Абжадул улум» китобларида қайд этилишича, Қози Абдурроҳман ибн Муҳаммад ибн Халдун ҳақидаги маълумотларда жумладан қуйидагилар ёзлиган: «У Темур воқеасида Ҳалабда қози эди. Бас, унинг қўлига тушди. Кейин у билан бирга юрар, сафарларга чиқар эди. Бир куни унга: «Менинг катта тарих китобим бор. Унда барча воқеаларни жамлаганман. Уни Мисрда қолдирган эдим. Анави жиннининг қўлига тушиб қолмаса эди», деди Бақуққа ишора қилиб. Шунда Амир Темур: «Бу ишни тузатиб, китобни қутқариб олишнинг иложи борми?» деди. Бас, Ибн Халдун ундан Мисрга қайтиб, китобни олиб келишга изн сўради. У изн берди. Эҳтимол, ўша китоб «Ал-Ибар ва девонил мубтада вал-хабар. Фии аййаамил-араб, вар-Руми валБарбар» номли китоб бўлса керак. Ўша китобнинг учдан бири «Муқаддима» номи билан машҳур бўлди».
   Агар ушбу маълумот тўғри бўлса, Амир Темур Аллома Ибн Халдуннинг жамиятшунослик илмига асос солиб, дунёга танилишига катта ҳисса қўшган бўлади.
  Ушбу ва яна бу ерда айтилмаган бошқа сабаблар юзасидан ўша даврда ўтган алломаларимизнинг ҳаётлари ва илмий ҳаракатларини яхшилаб ўрганишимиз лозимдир. Бу ўрганиш тарихимизни, маданиятимизни, илмий ҳаракатимизни, динимиз тарихини, уламоларимизнинг тарихини ва бошқа ўзимизга керак бўлган маълумотларни ўрганишимизга сабаб бўлади.
Амир Темурнинг Самарқандда ҳокимлик қилган даврини ва унда етишиб чиққан уламоларнинг ҳаёти ва илмий асарларини ўрганиш ва кўпчиликни улар билан таништириш улкан аҳамият касб этади. Келгуси сатрларда ўша даврда кўзга кўринган олимлардан бўлиб танилиб, шуҳрат қозонган учта аллома ҳақида баъзи маълумотларни эътиборингизга тақдим қилмоқчимиз.
Уларнинг биринчилари Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазонийдир.
Уларнинг иккинчилари Имом Фозил Аллома Саййид Шариф Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али Журжоний Ҳусайнийдир.
Уларнинг учинчилари Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Юсуф ал-Жазарий ал-Умарий ад-Дамашқий аш-Шерозийдир.

 

Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Самарқанднинг сара уламолари»
Нашриёт: «HILOL NASHR» Нашриёти
Сана: 2014
Ҳажми:  112 бет
ISBN: 978-9943-4160-8-6
Ўлчами: 84×108 1/32

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 640-сонли тавсияси ила чоп этилган

 


МУНДАРИЖА


Муқаддима
Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазонийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти
У кишининг исми, насаби ва туғилиши
Илм талабида
Устозлари
Асарлари
Тафсир бўйича
Ҳадис илми бўйича
Фиқҳ бўйича
Усулул фиқҳ бўйича
Луғатшунослик бўйича
Наҳв бўйича
Балоғат бўйича
Мантиқ илми бўйича
Илми калом бўйича
«Шарҳу Ақоиди Насафия» китоби ҳақида
Шогирдлари
Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида уламоларнинг фикрлари
Хотима
Илми каломнинг юзага келиши ва ривожланиши
Илми калом таназзули
Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаёти ва илмий фаолияти
У кишининг исми, насаби ва туғилиши
Илм талабида  
Сифатлари
Шогирдлари  
Асарлари
Тафсир бўйича
Ҳадис илми бўйича
Мусталаҳул ҳадис илми бўйича
Ақоид илми бўйича
Усулул фиқҳ илми бўйича
Фиқҳ илми бўйича
Мерос илми бўйича
Илми калом бўйича
Мантиқ илми бўйича
Тасаввуф илми бўйича
Наҳв илми бўйича
Сарф илми бўйича
Балоғат илми бўйича
Луғат илми бўйича
Савол-жавоб бўйича
Муаммо ва лағз бўйича
Ҳайъат илми бўйича
Адабиёт бўйича
Мазҳаблар илми бўйича
Хулоса  
Мантиқ илми ҳақида
Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаёти ва илмий фаолияти
У кишининг исми, насаби ва туғилиши
Илм таҳсил қилиши
Устозлари
Мансаблари
Шогирдлари
Имом жазарийнинг оиласи
Имом жазарий уламолар таърифида
Имом Муҳаммад ибн жазарийнинг илмий асарлари
Қироат ва тажвид илми бўйича
Ҳадис ва ҳадис илми бўйича
Тарих ва маноқиб бўйича
Бошқа асарлари
Хулосалар
Қироатлар ва қорилар
Қироатларнинг манбаи
Фойдаланилган адабиётлар

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
quotҚуръон илмлариquot китобиШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб .Қуръон илмлари, деб номланган китоблари.КИРИШБИСМИЛЛАҲИР давоми...

4019 11:24 / 24.03.2013
Зикр аҳлидан сўранг 105сони.Зикр аҳлидан сўранг, ойномасининг навбатдаги 105сони босмадан чиқди. Одатдагидек, ушбу китобчада Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф давоми...

3173 18:09 / 22.03.2011
.Олтин силсила, мажмуасининг саккизинчи жузиСаҳиҳул Бухорий сўнгги жузиМуаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва таржимонлар гуруҳиНоми .Олтин Силсила ndash давоми...

2769 16:25 / 19.02.2019
.Олтин силсила, мажмуасининг тўртинчи жузи. Муаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва таржимонлар гуруҳиНоми ОЛТИН СИЛСИЛА ndash Саҳиҳул Бухорий 4жузrdquoНашриёт давоми...

3569 11:43 / 24.03.2014
Аудиолар

118780 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40728 14:35 / 11.08.2021