1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Сўзлари Қуръон оятларидан иборат бўлган аёл

05:00 / 11.03.2017 3124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: “Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафарга чиқдим. Бир жойда йўлда кетаётсам бир аёлга дуч келиб қолдим. У бошига юнгдан тўқилган рўмол ёпиниб олган эди. Мен: 

“Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” дедим. 

“(Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)” деди. 

“Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Бу ерда нима қиляпсан?” деб сўрадим. 

“Кимни Аллоҳ адаштирган бўлса, уни тўғри йўлга солиб қўювчи (одам) йўқдир” деди. Унинг йўлдан адашиб қолганини сездим ва “Қаерга бормоқчисан?” деб сўрадим. 

“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур” деди. Мен унинг ҳажни тамомлаб, Байтул Мақдисга кетаётганини пайқадим. 

“Бу ерда қанчадан бери турибсан?” деб сўрадим. 

“Соғ бўла туриб, уч кеча (ва кундуз)” деди. 

“Ейдиган овқатингни кўрмаяпман. Нима билан таомланяпсан?” деб сўрадим. 

“Унинг Ўзигина мени едирур ва ичирур” деди. 

“Ҳозир Рамазон ойи эмас-ку” дедим. 

“Ўз ихтиёри билан бирор хайрли иш (нафл ҳаж ёки умра) қилса, албатта, Аллоҳ шукрни қабул этувчи, доно зотдир” деди. 

“Бизга сафарда оғзимизни очишга рухсат берилган-ку” дедим. 

“Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” деди. 

“Таҳорат қилишга сувинг борми?” дедим. 

“(Ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг” деди. 

“Нега менга ўхшаб гапирмаяпсан?” деб сўрадим. 

“У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” деди. 

“Сен қайси қабила вакилисан?” деб сўрадим. 

“(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” деди. 

“Хато қилдим. Мени кечир” дедим. 

“Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай” деди. 

“Сени мана бу туямга миндириб, карвонингни топишингга ёрдам берсам майлими?” дедим. 

“Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур” деди. Туямни чўктирдим. Шунда у: 

“(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар” деди. Мен кўзимни пастга қаратдим ва “Туяга мин” дедим. Энди минмоқчи бўлганида туя қочиб кетди ва у аёлнинг кийими йиртилди. Шунда у: 

“(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир” деди. 

“Туяни тутиб келгунимча сабр қилиб тур” дедим. 

“Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик” деди. Мен туяни тутиб келтирдим ва унга: “Туяга мин” дедим. У туяга мингач: 

“Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз” деди. Туянинг арқонидан тутиб, тез-тез юриб, қичқириб кетдим. Шунда у: 

“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин!” деди. Шунда мен аста-секин юрдим ва шеърни куйга солиб, ҳиргойи қилиб кетдим. Ҳалиги аёл: 

“Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган  даражада ўқийверингиз!” деди. 

“Менга кўп яхшиликлар берилган” дедим. 

“Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар” деди. 

“Эринг борми?” деб сўрадим. 

“Эй, имон келтирганлар! Сизларга (жавоби) аён қилинса, сизларга хуш келмайдиган нарсалар ҳақида (савол) сўрамангиз!” деди. Кейин унга то карвонга етгунимизча бошқа гапирмадим. Карвонга етганимизда унга: 

“Мана карвон. Унда сенинг кимларинг бор?” деб сўрадим. У: 

“Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир” деди. Карвонда фарзандлари борлигини билдим. 

“Улар ҳажда нима иш қилишади?” деб сўрадим. У: 

“(Йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан ҳам улар йўл топурлар” деди. Билдимки, улар йўл кўрсатувчи сифатида келишган экан. 

“Ўғилларингни исмлари нима?” деб сўрадим. 

“Ваҳоланки, Аллоҳ  Иброҳимни (Ўзига) дўст тутгандир”, “Аллоҳ Мусо билан (бевосита) гаплашди”, “(Биз унга): “Эй, Яҳё! Китобни (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” – (дедик)” деди. Мен: 

“Эй Иброҳим!”, “Эй Мусо!”, “Эй Яҳё!” деб уларни чақирдим. Дарров улар мен томонга келишди. Келиб ўтиришгач, онаси уларга: 

“Энди бирортангизни шу пулингиз билан шаҳарга жўнатингиз, у энг покроқ таомларни қараб, сизларга ундан озуқа олиб келсин” деди. Ўғилларидан бири бориб, таом сотиб олиб келди ва менинг олдимга қўйди. Онаси менга: 

“(Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!” (дейилур)” деди. Мен ўғилларига: 

“Менга онангиз ҳақида гапириб беринглар” дедим. Шунда улар: 

“Онамиз 40 йилдан бери фақат Қуръон оятлари орқали гапирадилар. Бундай қилишларига сабаб гапирганда хато қилишдан ва тойилишдан қўрққанлари учундир. Истаган нарсасига қодир Зот покдир” дейишди. Шунда мен: 

“Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир” дедим.  


Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса” 

китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Тақво, ва .вараъ, парҳезкорлик сўзларини биргаликда зикр қилиш одатга айланиб қолган. Иккиси бирбирининг ўрнига ишлатиладиган ҳолатлар ҳам бор. Баъзида давоми...

819 19:00 / 15.10.2023
Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган.Шукр давоми...

5095 05:00 / 28.02.2017
1. Ҳавойи нафсга эргашиш диннинг нуқсонидир.2. Ҳавойи нафсга эргашиш шайтонга дўстлик, Роҳманга душманликдир.3. Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳ таолонинг наздида кўп давоми...

1705 00:00 / 30.10.2022
Техника ривожланиб, инсон ҳаёлига келтира олмаган даражаларга етган замонда ваъз ва иршод мақолалари кўплиги ва осон қўлга киритилишига қарамай, кўпчилигимиз давоми...

2780 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

118753 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40711 14:35 / 11.08.2021