1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Насаб ва ҳасаб

05:00 / 11.03.2017 6104 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одам болалари орасидаги тенгликнинг бузулишига сабаб бўладиган нарсалардан бири, баъзи кишиларни ўз насаблари, ота-боболари, она-момоларининг ўтмиши ила фахрланишларидир. Менинг отам фалончи ўтган, сенинг отанг ким бўлибди, деб даъво қилишлик бундоқ фахрланишнинг энг оддий бир кўринишидир.

Насаб ва ҳасаб билан, ўзининг ўтган ота-боболари билан фахрланиб бошқаларни ерга уриш, уларни ҳақоратлаш ҳамма вақтларда, ҳамма юртларда бўлиб келган ва келмоқда.
Бу нотўғри ўлчов ўликлар ҳисобидан тириклар ўртасида тенглининг бузишга сабаб бўладиган нарсадир. Насаб ва ҳасаб олий бўлгани яхши. Лекин насаб ва ҳасабни, ўтган қариндошларнинг хислатини, ундан кейин келган шахслар қийматнини ўлчайдиган мийзон қилиб олиш нотўгридир.

Бир киши ўзи ҳеч нарса қилмай туриб, ота-боболарнинг казо-казо бўлганлари учунгина қадр-қиймат топиши, бошқалардан ўзини устун қўйиши, имтиёзли саналиши ва ўзгаларга паст назар билан қараши, уларни ҳақир санаши Исломий ўлчовга мутлақо тўғри келмайди.

Насабу ҳасаб билан фаҳрланиш бошқа халқлардан ҳам кўра арабларда қаттиқ авж олган эди. Улар арабларни бошқа ҳалқлардан кўра олий насаблик ҳисоблаганлари ҳам етмаганидек, араб қабилалари ичида, қабилалардаги уруғлар ичида ҳам насаб суриштирар, бирларни устун қўйишиб, бошқаларни остин қўйишар эдилар.

Ислом насаби ва ҳасабига қараб одамлар орасида тенгсизликка йўл қўйишга ҳам ўзининг инсонпарварлик ғоялари асосида қарши чиқди ва бундоқ нотўғри ишни йўқ қилиш учун кураш бошлади.
Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Албатта, Аллоҳ сиздан жоҳилиятнинг киборлигини ва ота-боболар ила ўзини катта тутишини кетказди. Кишилар Одам болаларидир, Одам эса тупроқдандир»-дедилар.
Демак, ким насаби ила киборлик қилса, ўзида ҳеч нарса йўқ бўла туриб ота-бобоси ила фахрланса жоҳилиятнинг ишини қилган бўлади. Насаби қанчалар олий бўлмасин, ота-боболари қанчалик улуг бўлмасинлар кишининг ўзида бир нарса бўлмаса фойдаси йўқ. Ҳар ким ўзи яхши хислатларга эга бўлиши керак, ҳар ким ўзи амал қилиши керак.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан: «Эй Бани Абдулмутталиб ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Албатта, мен сизларга зарар ёки фойда келтиришга молик эмасман. Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима ўзингни дўзахдан қутқар! Албатта, мен сенга зарар ёки фойда келтиришга молик эмасман»-деганлар.
Аллоҳнинг энг севимли ва охирги Пайгамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг яқин қариндошларига, ўз жигарўшалари-қизларига насаб йўли билан бирор фойда бера олмасалар, у ёгини тушуниб олавериш керак.
Ҳа, ҳар ким нимага эришадиган бўлса ўз амали билан эришади. Ўтиб кетган шахслардаги хислатлар туфайли биров кўкларга кўтарилиб, бошқалар ерга урилмайди. Барча баробар Аллоҳнинг бандаси, Одамнинг боласи.
Бу борада халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: «Кимнинг амали камлик қилса, уни насаби тезлата олмайди», деган гаплари қоида ўрнига ўтиб қолган.
Шу тарийқа, Ислом одамларни насабу-ҳасабга эмас, ўз амалига қараб, ўз шахсига қараб баҳоланиши зарурлигига аста-секин ўргатиб борди. Гоҳида эски одат ҳам ўзини кўрсатиб қолса дарҳол мусулмонлар бир-бирини огоҳлантиришар, ўзларига қайта келишар эдилар.
Бир куни саҳобалар гаплашиб ўтириб, ўтганларни эслашиб қолишди. Гап ўз-ўзидан ота-боболарга бориб тақалди. Ўтирганлар менинг отам ундоқ бўлган эди, бобом бундоқ бўлган экан, деб ота-боболари ила фахрлана бошлашди. Мен фалончининг ўглиман, дейишга ўтишди. Навбат асли араб бўлмаган саҳобийлардан бирига келганда у киши, мен Ислом ўглиман, деди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб, мен ҳам Ислом ўглиман, деб йиглаб юборди. Мажлисда ўтирганлар, бирдан ўзларига келишиб, Умар розияллоҳу анҳуга қўшилиб йиглашди ва ўзларидан ўтган нуқсонга афсус қилишди.
Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабни суриштирар эдилар. У оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз бермас эдилар. Бу эса насаб асосида айримчилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муоммога ҳам алоҳида эътибор берди.
Имом Абу Довуд ва ал-Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Абу Ҳинд Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан қон олди. Шунда: Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, эй Бани Баёза Абу Ҳиндга қиз беринглар, ундан қиз олинглар», дедилар.

Бани Баёза аслзода араб қабиласи эди. Абу Ҳинд эса, уларнинг озод қилган қули бўлиб, қон олувчилик қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги амрни эшитиб, Бани баёзаликлар ҳайратга тушишди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули қандоқ қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?!-дейишди.
Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй одамлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик, ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир», оятини нозил қилди.
Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Шундан сўнг бу ҳукмга мусулмонлар огишмай амал қила бошладилар.
Ҳабашистонлик собиқ қора қул Билол ибн Робоҳ розияллоҳу анҳу энг мансуб аёлга, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудек улкан саҳобийнинг синглисига уйланди.
Бошқа бир қурайш қабиласилик аёл Фотима бинти қайс розияллоҳу анҳога аслзода араблардан Абу Жаҳм ва Муовия розияллоҳу анҳулар совчилик қилган бўлсалар ҳам Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни собиқ қулнинг ўгли, қора танли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога эрга тегишга тавсия қилдилар.
Ибн Саъд ривоят қилишларича Билол розияллоҳу анҳу укаси билан бир араб қабиласига совчи бўлиб бориб:
«Мен-Билолман, манови укам Абдон, Ҳабашистонданмиз. Залолатда эдик, Аллоҳ ҳидоят қилди. қул эдик, Аллоҳ озод қилди. Агар қиз берсангиз Алҳамдулиллаҳ, бермасангиз Аллоҳу акбар! деган.
Шунда ҳалиги араблар, сен акаси бўлганингдан кейин албатта унга қиз берамизда! дейишган.
Шундоқ қилиб ҳаётнинг ҳамма соҳаларида тенг ҳуқуқлик ўз ўрнини топиб бораверган. Охири келиб Ислом жамияти тенг ҳуқуқлик жамиятига айланган. Бундоқ жамият фақат Исломдагина бўлиши мумкин. Бошқалар бу ишнинг уддасидан чиқа олмаслигини тажриба кўрсатди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги ndash учинчиси ва Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар ичида давоми...

15829 12:27 / 16.01.2019
ҳижратдан аввалги 34 йил зулқаъда ойи милодий 590 йилЎша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг давоми...

2227 12:45 / 02.10.2019
Насронийлар мўғил қабилаларини насроний динига киритиш учун даъватчиларини юборишар эди. Туғёнкор золим Хулокухон ўзининг насроний хотини Зафархотун сабабли давоми...

1592 14:00 / 16.12.2022
Фиръавнлар тамаддуниМиср Африка қитъасининг энг серҳосил минтақаларидан бири эди. Шунинг учун унинг аҳолиси жуда ҳам кўп бўлиб, унда фиръавнлар давлатига асос давоми...

2957 17:10 / 10.05.2019
Аудиолар

120380 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42010 14:35 / 11.08.2021