1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазон ва тақво

09:04 / 28 март 526 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ойларнинг султони, ўн бир оға-иниси ичида Юсуф алайҳиссалом каби қадри баланд, суюклиси бўлган Рамазон Ислом уммати хонадонларига яна қайта меҳмон бўлиб келмоқда. Қалбларимизга сурур олиб кирувчи қутлуғ ой барчамизга муборак бўлсин.
 
Мўминдаги энг қимматли неъмат ва фазилат бўлмиш – тақво ва уни ҳосил қилиб мақом даражасига кўтариш, Рамазон ойи бу борада қанчалик кўмакчи бўлиши, ва ниҳоя, бу ойни тақводор ўлароқ қандай ўтказишимиз мақсадга мувофиқлиги борасида фикр юритилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Саволларимизга икки буюк аллома – фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда Муҳаммад Аввома ҳазратларининг шогирдларидан бири Мансур Алий жавоб берадилар.
 
– Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, домла. Кириб келаётган Рамазон ойи муборак бўлсин! Таклифимизни беэътибор қолдирмаганингиз учун сизга ташаккур айтамиз. Рухсатингиз билан илк саволни беришга ўтсам. Тақво нима? Оят ва ҳадисларда банда тақводорлар сафидан ўрин олиши учун қандай амаллар қилиши кераклиги айтилган?
 
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Барчамизга Рамазон ойи қутлуғ бўлсин! Аллоҳ таолодан ушбу саноқли ва қадрли кунларни ўзимиз, оила аъзоларимиз, дўст-аҳбобларимиз учун хайрли ва барокатли қилсин.
 
Тақво нима деган саволга жавоб бериш анча мушкул. У инсон ҳаётининг ҳар жабҳасини қамраб олади, десак муболаға бўлмайди. Аммо умумий қилиб тақвога «Аллоҳга исён қилмай, фақат Унгагина итоат қилиш», дея таъриф бериш мумкин. Банда сифатида ҳеч биримиз Қуръон ва ҳадисда келтирилганидек, тақво соҳибимиз деб даъво қила олмаймиз. Аммо айни вақтда «унга эга эмасман» дея олмаймиз ҳам. Чунки тақвонинг илк белгиси иймон бўлиб, у жуда улуғ неъматдир. Бизга ато қилинган неъматларга нонкўрлик бўлмасин, дея ушбу неъматлар эгаси Аллоҳ эканини ёдда тутиб, имкон қадар Қуръон ва суннатга мувофиқ тарзда яшашга ҳаракат қиламиз. 
 
Аллоҳнинг асмои ҳусноси тажаллилари (тажалли – Аллоҳнинг зоҳир бўлиши, намоён бўлиши – Ф.У.) ҳисобланмиш – физика, кимё, биология, астрономия каби илмларга риоя қилиш ҳам тақводандир. Мисол ўлароқ, Аллоҳ таоло Ўз Каломида Расулини одамлардан ҳимоя қилишини айтган бўлса-да, Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир ғазотда эгниларига совут кийишларини айтиб ўтиш мумкин. Аллоҳнинг ваъдаси бўла туриб, У зот алайҳиссалом қалқоннинг ҳимоя қилиш вазифаси жиҳатидан табиат қонунига кўра иш тутганлар. Айнан мазкур қонунлар эътибордан четда қолаётгани учун ҳам эҳтимол бугун тақвомиз ноқисдир.
 
Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз Каломида бандалари тақвони қандай ҳосил қилиши мумкинлигини зикр қилган: Аҳзоб сурасининг 70-оятда: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар» дейилган. Рост сўзлаш ҳам тақводандир. Инсон оғзидан чиқаётган калималар қалбидагининг айни ўзи бўлганда ҳамда воқеликка тўғри келсагина сўз тўғри бўлади. Шунда Аллоҳ бандасининг амалларини ислоҳ қилиб қўяди.
Яна бир ояти каримада «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар» (Тавба сураси, 119-оят) дея мармаҳат қилинган. Ростгўйлик ва садоқатда намуна олинадиган кишилар билан бирга бўлиш ҳам тақво сари босилган бир қадамдир.
Баъзи оятларда Аллоҳ азза ва жалла бандаларни бир ишдан қайтариб, шу билан тақводорлардан бўлишларини айтган: «Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк этинг» (Бақара сураси, 278-оят).
 
Демак, тақво ўз номи билан Аллоҳнинг амрларини сўзсиз бажариш ва қайтариқларидан мағрибу машриқ қадар йироқ бўлиш билан ҳосил қилинар экан.
 
– Бандаларнинг муттақийнлардан, яъни тақво аҳлидан бўлишда Рамазон ойи қай даражада таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?
– Энг аввало, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳеч бир иши тасодиф эмаслигини айтиб ўтиш жоиз. Биз бандаларнинг бирор ишда ҳикматни кўролмаслигимиз бу ишнинг бежиз эканини англатмайди. У Зот ирода қилган ҳар бир ҳукм шубҳасиз бандасининг манфаати учундир. Рамазон ойида рўзага буюриш билан Аллоҳ азза ва жалла инсонга ўз нафсини танитади, Одам фарзанди эканини эслатади. Чунки кўп ҳолларда инсонни қорин тарбиялайди. Ўн бир ой давомида нафсининг қулига айланган банда бу ойда емоқ-ичмоқ каби оддий ишлардан тийилгандан сўнг ўзининг қанчалик заиф, ожиз, ғариб мавжудот эканини англайди.
 
Эҳтиёжлари бисёру, илоҳий мадад бўлмаса, ўз кунини кўролмаслигини тушуниб етади. Том маънода, рўза инсоннинг ўзига берган муболағали баҳолари – ўзини ҳар нарсага қодир деб ўйлаши, ҳаммадан устун санаши каби иддаоларини йўққа чиқаради. Кибр, ҳасад, риё каби иллатлар қалин пардадек уни ҳақиқатни кўришдан тўсиб қўйган бўладию, рўза сабаб бу тўсиқлар кўтарилади. Ҳадиси шарифда: «Кимки ўз нафсини таниса, бас, у Роббисини танибди» деб марҳамат қилинган. Яъни, инсон бу оламда нақадар ожиз мавжудотлигини англаганидан кейин ўзига бир ҳомий, тарбиячи яъни Робга муҳтож бўлади. Роб бўлишга энг ҳақли зот эса шубҳасиз Аллоҳ таолодир. Демак, инсон рўза сабаб Роббисига қайтади. Банда ва Унинг Роббиси ўртасидаги парда кўтарилганидан сўнг банда ҳақиқатлар асоси – Қуръони Каримни тушунишни ва унга амал қилишни бошлайди. Каломуллоҳ эса Бақара сурасининг 2-оятида айтилганидек: «... тақводорлар учун ҳидоятдир». Яъни рўза ҳам бандада тақво ҳосил қилиниши учун бир қадам, Қурони Карим эса улар учун дастуриламалдир.
 
Ҳадис китобларида Рамазон ва Қуръон эгиз шафоатчи тарзида тасвирланган. «Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Иккови ҳам шафоат қилади, деганлар» (Имом Аҳмад ва Абу Фазл ҳадис тўпламларидан)
 
– Жавобингиз учун ташаккур, устоз. Сизнингча, бу муборак ойда қайси амалларни бажариш мақсадга мувофиқ?
– Рамазонни қандай ўтказай, деган ҳар бир мусулмон учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари энг гўзал намунадир, чунки энг мукаммал яшаб ўтилган ҳаёт – у зот алайҳиссаломнинг ҳаётларидир. Ундан кейин саҳобалар, салафи солиҳлар ва буюк уламоларнинг Рамазонда қандай амалларга ҳарис бўлганларини ўрганиш ҳам яхши қўлланма ўлароқ хизмат қилади.
 
Набий алайҳиссалом Рамазонни том маънода фазилатга тўла ойга айлантирардилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг сахийликлари айниқса Рамазонда, Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида авжига етар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида Расулуллоҳ алайҳиссалом билан учрашиб, у зотга Қуръонни дарс қилиб берарди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатан ҳам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти). Яъни у зот алайҳиссалом шу қадар хурсанд бўлиб кетардиларки, саҳобалар таъбири билан айтганда, фақирликдан қўрқмайдиган даражада эҳсон қилганлар. Асҳоби киромлар ҳаётига назар солсак, улар Аллоҳ тавбаларини қабул қилганида қувонганларидан ҳам садақа берганлар. Рамазон бандаларга шодлик бағишлайдиган ой бўлиб, унда Аллоҳ Ўз раҳматини, мағфиратини ваъда қилган. Бунинг учун шукрона келтириб кўпроқ эҳсон-садақа қилиш керак.
Бу ой Қуръон ойи бўлгани учун саҳобалар ва тобеъинлар, машҳур уламолар бу ойда Каломуллоҳ тиловатига алоҳида эътибор берганлар. Буюк муҳаддис Имом Молик ҳадис дарсларини тўхтатиб қўйиб, Қуръон билан ошно бўлган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ҳам Рамазонни Қуръонга бағишлаган.
 
Аллоҳ таоло Бақара сурасида «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз(183-оят)» деб, давомидан унинг саноқли кунлардан иборат эканини марҳамат қиляпти. Қадрли нарсалар оз бўлгани каби Рамазон кунлари ҳам саноқли эканини англаган инсон унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиши лозим. Ҳар бир мўмин кундалик ҳаётини бир қур кўздан кечириб, Роббиси ундан бу ой хусусида сўрайдиган амалларни ажратиб олиши, улар ичидан ҳам аҳамиятлиси ва қурби етадганини муқаддам қўйиши керак. 
 
Шунингдек, инсон имкон қадар кечалари қоим бўлиши, Қуръон тиловати ва нафл ибодатларини адо этиши даркор. Бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳати шуки, ҳар бир инсоннинг унга Аллоҳ азза ва жалла юклаб қўйган муайян вазифаси бўлади. Мисол учун, эркаклар оиланинг нафақасига масъул. Жамият уларнинг хизматига куну тун муҳтож бўлган касб-ҳунар эгалари бор. Шифокор, ўқитувчи, деҳқон, тадбиркор ва шу кабилар ишини бир муддатга тўхтатиб қўйиб бўлмайди. Улар бошқа бандалар сингари кўп Қуръон ўқиёлмас ёки нафл ибодатларини бажара олмас, аммо улар ўз вазифасини холис адо қилаётганлари ҳам айни ибодатдир. Бундан улар ҳеч ўкинмасинлар.
 
 – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқ, энг кўп дўзахга киритадиган нарса эса, оғиз ва фарж» (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти). Шу ҳадисни шарҳлаб берсангиз.
– Бу ҳадис ҳақида уламолар турли мулоҳазаларни билдиришган. Баъзилари айтишадики, тақво банданинг Аллоҳ таоло билан муносабатини тартибга солади. Банданинг ўзи каби инсонлар билан муомаласи эса ҳусни хулқ асосида бўлиши керак. Аҳамиятлиси, илгари одамлар фақат оила аъзолари, хеш-ақрабо, қўни-қўшнилари билан муносабат ўрнатган бўлсалар, бугунга келиб ахборот тарқатиш тизими ривожлангани сабаб улар дунёнинг бир чеккасида яшаган ҳолда бошқа чеккасида истиқомат қиладиган инсонлар билан ҳам бемалол муомала қила оляптилар. Банда Роббисининг кўрсатмаларига риоя қилиб, барчага чиройли хулқ билан юзланиб ҳаёт кечирса, унинг қадри Аллоҳ наздида буюк бўлади, суюкли қуллар эса жаннатга кирадилар.
 
Ҳадисдаги шу жумланинг мафҳумул мухолафаси, яъни тескарисини олсак, дўзахга инсонни бадхулқлик ва тақвосизлик киритар экан. Бошқа одамларга озор етказган бандалар, мазлум киши Қиёматда ҳаққини талаб қилиши сабабидан Аллоҳ нажотидан маҳрум бўладилар. Дарҳақиқат, ушбу мулоҳаза ҳадиснинг давомига тўла мувофиқ тушади. Оғзидан чиқаётган сўзга бефарқ бўлган, шариатга риоя қилмай шаҳватини тиймаган банда дўзахдан жой олади. 
 
Юқоридаги ҳадисни шарҳлаган бошқа бир уламолар гуруҳи ҳусни хулқни икки қисмга ажратишади. Жумладан, Роббиси билан бўладиган муносабатида банданинг Аллоҳ таолога тақдим этган амаллари (ноқис бўлгани) учун узр қидириши ҳамда ўзига ато қилинган неъматларга шукур қилиши унинг гўзал хулқидандир. Одамлар билан муомала қилиш жараёнида доимо уларга яхшилик қилиш, бунинг муқобилида улардан етадиган азиятларга сабр қилиш эса ҳусни хулқнинг иккинчи ярмидир. 
 
– Шу ўринда ўқувчиларимизга имкони қадар тақво даражалари, шунингдек, рўзадор ва тақводорларга бериладиган мукофотлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз...
Тақвонинг мартаба ва даражалари ҳақида ҳам олиму фузалолар турли фикрларни илгари суришган. Баъзилар унинг асоси Аллоҳдан қўрқиш деб айтишади. Ўз навбатида, қўрқув турлича бўлиши мумкин. Кимдир бир амални қилишда Аллоҳнинг ғазабидан қўрқса, бошқа бир инсонни унга бериладиган жазо ташвишга солади. Яна бир инсон Аллоҳдан ҳаёси сабаб ўша амални тарк қилади. 
 
Уламолар ҳар бир аъзонинг тақвоси бўлади, улар ичида энг яхшиси қалб тақвосидир, дейишади. Бу, масалан, инсон Қуръони Карим тиловатини эшитганда барча ишини қўйиб ўзини, уст-бошини тартибга солиб унга қулоқ осишида кўриниши мумкин. 
 
Яна баъзи уламолар ҳидоят мартабасини тақвонинг биринчи даражаси дея таърифлайди. Бу ҳолатда Аллоҳ бандасига фазлу карами билан ҳидоят берганида тақво қалбга ўрнашиб, ирфон даражасига чиқади ва ўша мўмин киши Роббисини таний бошлайди. Қаерга боқса, ҳар ерда Аллоҳнинг неъматларини кўради. Навбатдаги даража ҳайбат мақоми бўлиб, бу ҳолатда инсон Роббисининг азаматини ҳис қила бошлайди. Моликни эсга олганида мулк унинг учун ўз аҳамиятини йўқотади. Ҳайбат мақомидан кўтарилиб муҳаббатга етишади. Энди банда Роббисига Уни кўриб тургандек ибодат қилади.
 
Аллоҳ таоло рўзадор ва тақводор бандалари учун улуғ мукофотларни ваъда қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман деган...» дедилар». Рўзанинг ажри буюклигига ушбу қудсий ҳадиснинг ўзи кифоя қилади. 
 
Муттақийн бандалар учун ҳам қандай ажрлар борлиги Қуръони Каримда кўп ўринларда зикр қилинган. Мисол учун, Раъд сураси 35-оятда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир» дея марҳамат қилган. У Зот азза ва жалла бошқа бир ўринда «Албатта, охират диёри яхшироқдир. Тақводорларнинг диёри нақадар яхши! У адн жаннатларидир. Уларга кирганларида остиларидан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор» (Наҳл сураси, 31–32-оятлар) деб тақво соҳиблари жаннатда истаган нарсаларини олишлари ҳақидаги хабарни берган.
 
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни қадрли кунларни Ўзи ирода қилганидай ўтказишимизни муваффақ қилсин. Бизларни рўза сабаб қалб кўзимиз очилиб, инсонийлигини англайдиган ва яна Ўзига хоксорлик билан қайтадиган бандалари қаторидан қилсин. Суюкли бандаларига берадиган ажру мукофотларидан бизни ҳам насибадор қилсин! Омийн!
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. 
 
Қамариддин Бекмуҳаммад суҳбатлашди
«Ҳилол» журналининг 11(56) сонидан
 
Муаллиф
Қамариддин Бекмуҳаммад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўза тутган кишининг тақвоси зиёдалашади.Рўза туфайли инсонда Роббини кўриб турганлик, У Зотдан қўрқиш ҳислари янада кучаяди.Рўза тутиш билан банда Роббига давоми...

1878 11:00 / 07.04.2022
Ҳар бир рўзадор, рўзаси ва қиёмитаровиҳ намози солиҳ, мақбул бўлишини умид қилади. Саъйҳаракатини Аллоҳнинг наздида мақтовга сазовор бўлиши хоҳлайди. Ва манашу давоми...

5152 10:00 / 08 апрель
Зирр ибн Ҳубайш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Убай ибн Каъбдан .Биродаринг Ибн Масъуд .Ким йилни бедор ўтказса, Лайлатул Қадрни топади,, дейдими, деб давоми...

3651 08:08 / 05 апрель
Саҳарликнинг фазилати.Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда давоми...

2057 19:00 / 12.04.2022