1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ўзбекистон халқига табрик

10:18 / 12 март 1678 pdf Ўқиш режими + -

Қадрли ватандошлар!
Бутун Ер юзидаги ислом уммати билан бирга жонажон Ўзбекистонимизнинг барча мўмин-мусулмонлари ҳам қутлуғ ва муборак Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олдилар.
Дунё мусулмонлари учун энг азиз ва қадрли бўлган, барча эзгу ниятлар ижобат бўладиган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан сиз, азизларни, бутун халқимизни чин юракдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман.


Аввало, қалбларимизга иймон нурини бағишлайдиган ушбу улуғ айёмни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оиламиз, эл-юртимиз даврасида кутиб олаётганимиз учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз.


Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос, юксак даражада ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди.


“Инсон қадри – улуғ” деган олижаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз.


Зеро, ҳадиси шарифларда зикр этилганидек, бу ойда қилинган биргина яхшилик ўн карра мукофот бўлиб қайтади.


Минг афсуски, бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Биз бутун халқимиз билан бирга яратган Эгамдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуолар қиламиз.


Фурсатдан фойдаланиб, ушбу шукуҳли лаҳзаларда дунё мўмин-мусулмонларини, дўст ва ҳамкорларимизни муқаддас Рамазон ойи билан самимий қутлаб, уларнинг давлатлари ва халқларига тинчлик-омонлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.


Рамазони шариф эл-юртимизга қут-барака, ҳар бир хонадонга шоду хуррамлик, янги ютуқ ва омадлар олиб келсин!  
Рамазон ойи яна бир бор барчамизга муборак бўлсин!
 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мавзуга оид мақолалар
Филадельфия аэропортидаги кўчма масжиднинг очилганига икки йил бўлди. Ана шу вақт оралиғида кўчма масжид аэропорт автотураргоҳидаги мусулмон ҳайдовчиларнинг давоми...

1651 12:40 / 29.04.2019
Юртимизнинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси бош имоми Ли Жу Хва Aбдулраҳмон Ли билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда .Дунё, АА давоми...

1037 13:32 / 29.10.2021
Лондоннинг .Челси, клуби АПЛ клублари орасида биринчи бўлиб ўз стадионида ифторлик ўтказишини эълон қилди. Клуб расмий сайтида қайд этилишича, .Челси, бундай давоми...

1109 11:45 / 15.03.2023
Маълум киламизки, Москва шаҳрида жойлашган клиникалардан бирида даволаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўпка ва давоми...

1299 14:00 / 12.08.2021
Аудиолар

120531 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42140 14:35 / 11.08.2021