1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари ва фатҳлари

11:57 / 03 январь 1307 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари жуда ҳам қисқа – икки йил уч ойу бир ҳафта бўлди. Ўзи қисқа бўлишига қарамай, бу давр буюк ишларга тўла кечди. Ўша ишлардан энг муҳимларини айтиб ўтамиз.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг лашкарини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзлаган тарафга юборишни амалга ошириш
Кўпчилик бу лашкарни юборишга қарши чиқиб «Юбормаслик керак», деб туриб олишди, чунки Арабистон яриморолининг кўпчилик аҳолиси муртад бўлиб кетган, Мадинаи мунавварани хавф‑хатар ўраб олган эди. Шунга қарамасдан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу натижалар нима бўлишидан қатъи назар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан Усоманинг лашкарини юборишга қарор қилдилар. Бунда мусулмонларнинг қай даражада моддий-маънавий қувватга эга эканларини ҳаммага аён қилиш ҳам бор эди. Мазкур лашкар ғалаба билан қайтиб келди. Бу иш кўпчиликнинг Исломда собит қолишига сабаб бўлди.


Ридда урушлари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг илк халифалик даврларида айрим араб қабилалари Исломдан қайтиб муртад бўлишди. Ўша вақтда баъзи араблар Исломдан юз ўгириб, яна буту санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайта бошлашди.


Иккинчи бир гуруҳ, яъни Ямомада Мусайлима Каззоб, Бану Тамим қабиласида Сажоҳ бинт Ҳорис, Бану Асад ибн Хузайма қабиласида Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий ва Яманда Асвад Ансий каби сохта пайғамбарларга эргашганлар ҳам пайдо бўлди.


Ўша пайтда Той, Асад ибн Хузайма қабилалари ва уларга тобе бўлган бошқа Ғатафон уруғлари ўзини пайғамбар деб эълон қилган Тулайҳа ибн Хувайлид Асадийга эргашиб, диндан чиқишди.


Бану Ҳанифа қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларидаёқ у зотдан пайғамбарликнинг ярмига шерик бўлишни талаб қилиб чиққан Мусайлима Каззобни пайғамбар деб тан олиб, ёппасига муртад бўлди.


Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, Макка, Мадина ва Тоифдан бошқа тарафлардаги айрим кишилар турли шаклларда Исломдан қайтишган эди.

Учинчи бир гуруҳ эса Исломнинг ҳамма шарт­ларини бажариб туриб, фақат закот беришдан бош тортишди. Улар: «Биз закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди у зот вафот этдилар, закот оладиган одам қолмади», дейишди.

Ана шундай оғир ва хатарли бир пайтда халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни тўплаб, маслаҳат қилдилар. Саҳобаи киромлар бошқа муртадларга қарши уруш эълон қилишда якдил бўлсалар ҳам, закотни беришдан бош тортганларни вақтинча тек қўйишни таклиф қилдилар. Бироқ халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бунга кўнмадилар. У киши: «Аллоҳга қасамки, ким намоз билан закотнинг орасини фарқласа, у билан албатта уруш қиламан, чунки закот бойликнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб турган бир улоқни ман қилсалар ҳам, ана шу ман қилингани учун албатта уларга қарши уруш қиламан», дедилар.

Бану Абс ва Бану Зубён иши
Нажд тарафдан бўлган Абс ва Зубён қабилалари Мадинаи мунавварага ҳужум қилиш ниятида унинг яқинидаги Абрақ ва Зулқисса номли жойларга келиб тушишди. Уларга Бану Асад ва бошқалар ҳам қўшилишди. Улар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга элчилар юборишди ва намоз билан кифояланиб, закотни бекор қилишни талаб қилишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг бу таклифларини қабул қилмадилар. Элчилар ноумид бўлиб қайтишди.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларнинг Мадинага бехосдан ҳужум қилиб қолишларидан хавфсираб, чора кўра бошладилар. Ҳазрати Алий, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар бошчилигида шаҳарнинг чет тарафларига қўриқчилар қўйдилар. Шаҳар аҳолисини эса Масжиди Набавийга тўпланиб туришга амр қилдилар.


Закотни ман қилувчиларнинг элчилари қайтиб бориб, бошлиқларига бўлган гапларни ҳамда Мадинада одам озлигининг хабарини етказишди. Улар шаҳарга қараб юриш бошлашди.


Қўриқчилар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга одам юбориб, душман бостириб келаётганининг хабарини беришди. У киши мусулмонларни туяларга миндириб, олиб чиқдилар. Душман қоча бошлади. Мусулмонлар уларни Зухушубгача қувиб бордилар. Ўша ерда душманлар пуфлаб шиширилган катта мешларни мусулмонлар томонга думалатишди. Туялар мешлардан қўрқиб, ортга қараб қоча бошлади. Аммо Аллоҳнинг фазли ила мусулмонлардан ҳеч ким туядан йиқилмади.


Кечаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билдирмасдан, душман устига бостириб бордилар. Улар мусулмонлар ўз устларида турганларини кўриб, саросимага тушганча, тум-тарақай бўлиб қочишга тушишди. Тонг отганда яқин орада бирорта ҳам душман қолмаган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамлар билан уларни Зулқиссагача қувиб бордилар ва у ерга Нуъмон ибн Муқарринни қўйиб, қайтдилар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага қайтиб келганларидан кейин Усома розияллоҳу анҳу ўз лашкарлари билан етиб келди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у кишини ўз ўринларига тайинлаб, лашкарга дам бериб, ўзлари Зухушуб ва Зулқисса томон йўл олдилар. Кейин Ридда деган жойга бориб, у ердаги муртадларга қарши жанг қилиб, енгдилар. Бану Зубён қабиласини ҳам қўлга олдилар ва у ерни мусулмонларнинг ҳайвонлари учун қўриқхонага айлантирдилар.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, аллома, фақиҳ, усули фиқҳ илмининг олими, луғат билимдони, Хуросон аҳлининг пешвоси Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Шоший Шофеъий. .Қаффоли Кабир, номи давоми...

2902 18:45 / 24.01.2019
Жангчи давлат арбоби бўлиши шарт эмас. Сиёсатнинг ўз ҳисоби бор. Жангни моҳирлик билан бошқарадиганлар ҳамма вақт ҳам давлатни моҳирлик билан бошқара олишмайди. давоми...

1569 13:00 / 16.12.2021
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда давоми...

4189 19:03 / 25.03.2020
Тақводор одам Аллоҳ таоло эслатилганда ҳар қандай ёвузликдан қайтади. Марямнинг ҳузурига Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келган Жаброил алайҳиссалом унга.Мен сенга давоми...

1845 19:10 / 05.05.2019
Аудиолар

120735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42296 14:35 / 11.08.2021