1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ал-мўмин

11:42 / 29.12.2023 1127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мўмин» – иймон ва омонликни берувчи дегани. «Ал-Мўмин» сўзи Қуръони Каримнинг фақат бир жойида, яъни Ҳашр сурасининг 23-оятида келган. Аслида «мўмин» калимаси «тасдиқловчи» деган маънони англатади. Бунга қуйидаги оят далилдир:

«...Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан» (Юсуф сураси, 17-оят).

Демак, мўмин тасдиқловчи деган маънодадир. Мўмин киши тасдиқлайди, итоат этади, амалий татбиқ қилади. Эшитган заҳоти амалга ўтади. Масалан, боғда бир илонни кўриб қолдингиз. Бунинг натижасида қаттиқ ҳаяжонга тушиб, қўрқувдан бақира бошлайсиз. Демак, хавфни идрок қилишнинг аломати ҳаяжондир. Ҳаяжоннинг аломати ё ўша илонни ўлдириш ёки ундан қочиб кетиш билан белгиланади. Ҳаракатсиз ҳаяжон ёлғон ҳаяжондир. Ҳаяжонсиз идрок ҳам ёлғон идрокдир. Идрок қилдингизми, албатта, ҳаяжонга тушиб, ҳаракатланасиз. Қиёматнинг ҳақиқатини қабул қилган киши ҳам ҳар бир амалига ҳисоб беришини билади. Билганидан кейин Аллоҳга итоат қилишдан ўзга чораси қолмайди. Лекин бизнинг идрокимизда заифлик борлиги учун ҳаяжон ҳам шунга яраша бўлади ва оқибатда татбиқда ҳам заифлик юзага келади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ва ўзлари эшитмасалар ҳам, «эшитдик» деганлар каби бўлманг», (Анфол сураси, 21-оят) деб айтган.

Амалиётдаги ёлғон гапдаги ёлғондан ҳам хатарлироқдир. Масалан, бир шифокорнинг ҳузурига борсанг, у сени муолажа қилиш мақсадида текшириб, дори ёзиб берсаю, сен унга эътибор қилгани учун раҳмат айтиб: «Мен сизнинг илмингизга лол қолдим», деб айтсанг, лекин у айтган дорини сотиб олмасанг, демак, сен амалда унинг илмини ёлғонга чиқарган бўласан. Дори сотиб олиб, уни истеъмол қилмасанг бундай муомалани ҳеч қандай қиймати йўқ, сен бу билан шифокорнинг илмига шубҳа қилган бўласан. Мусулмоннинг ҳаётидаги энг хатарли нарса амалиётдаги ёлғондир. Инсон ҳаётидаги муомалотларда Аллоҳнинг чизиб қўйган дастурига мувофиқ яшамас экан, у охиратни амалда ёлғонга чиқарувчидир. Охиратга иймон келтириб ишониш агар таъбир жоиз бўлса, 180 даражага ўзгартириб юбориши керак. Агар шу даражада ўзгартирмаса, демак, охиратга бўлган ишонч ёлғон бўлади. Унинг иймони шаклий бўлиб, ҳақиқий тасдиғини топмаган бўлади. Мусулмон ҳаётидаги энг хатарли нарса тили билан ёлғонга чиқариш эмас, балки амали билан ёлғонга чиқаришдир. Масалан, охират ҳақ, жаннат ҳақ ва дўзах ҳақ дейди-да, лекин топадиган пули ҳаром, ишлаб чиқараётган нарсаси ҳаром, рибо (судхўрлик) билан аралашиб юради! Инсон бу каби гуноҳларни бажариб, қандай қилиб жаннат ва дўзах ҳақ деб айта олади. Агар айтгани рост бўлганида бундай ҳаром ишларга яқинлашмаган бўлар эди. Шунинг учун мўмин дегани Қуръонда келган нарсаларни тасдиқлаб, уни татбиқ қилган ва Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган нарсаларини тасдиқлаб, суннатни татбиқ қилганни англатади. Иймон тасдиқлаш ва татбиқ қилиш деганидир.

Лекин Аллоҳ таолонинг ал-Мўмин деган исмини қандай тушунамиз? Ал-Мўмин исми Аллоҳга нисбатан ишлатилганида, У Зот одамларни омонликда қилиб, халқидан бирор кишига зулм қилмайди деган маънони ифода қилади. Инсон фақат Аллоҳни Яккаю ягона деб билганида ҳамда бутун иш Якка Аллоҳнинг қўлида эканини билганда хотиржам яшайди.

«Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил» (Ҳуд сураси, 123-оят).

Ал-Мўминнинг яна бир маъноси, мазлумни паноҳига олиб, ҳомийлик қилишини англатади. Буни англаш учун қуйидаги рамзий қиссага эътибор беринг. Қадим замонда бир подшоҳ бўлган эди. Подшоҳ бир қария дурадгорга тоқат қила олмайдиган ишни, яъни юзта халтада ёғоч пайрахасини йиғишни зиммасига юклаб қўйган эди. Икки йил ишласа ҳам у керакли миқдордаги пайраҳани йиға олмади. Қария ўлдирилишига аниқ ишониб, болалари ва хотини билан видолашди ва васиятини ёзди. Бомдоддан кейин подшоҳ хизматчилари келиб, подшоҳ вафот қилганини ва унинг учун бир тобут ясашини айтишди.

Гоҳида Аллоҳ мазлумга золимдан тўсиқ бўлиб, ҳомийлик қилади. Мана шу ал Мўмин сўзининг маъносидир. Бунга қуйидаги оят далилдир.

«Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги Қўлида бўлган, Ўзи (барчага) Ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган Зот кимдир?» (Муъминун сураси, 88-оят).

Мўмин киши Аллоҳнинг хулқи билан хулқланинглар, деб айтилган ҳадис олдида ва Аллоҳнинг ал Мўмин исми олдида нималар қилиши лозим?

Аввало мўмин кишининг амалларини барчаси сўзларига мувофиқ келиши керак. Банданинг икки хил жиҳати бор. Ботини, яъни ички томони ва зоҳири, яъни устки томони. Масалан, устки томонинг қойилмақом, яъни намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларини чиройли адо этмоқдасан. Лекин ботининг гоҳида ҳасад, ғийбат, такаббурлик, чақимчилик, ёлғон, нафратлар каби ботиний гуноҳга тўлган. Сен мўмин сифатида айтган сўзларингга ички оламинг бир хил бўлиши керак. Мўмин кишини зоҳири ботинига, устки томони ички томонига хилоф бўлмайди. Сен Аллоҳнинг хулқи билан хулқланишни ва юксак даражага кўтарилишни истасанг сўзинг амалингга мос келиши шарт. Иккинчидан, мўмин бўлишинг учун одамлар сендан омонда бўлишлари ҳам керак.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!» дедилар. «Ким, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот: «Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган кимса», дедилар» (Бухорий ривояти).

Сен мўмин эканлигингни тасдиғи сифатида атрофингдаги одамлар сендан омонда бўлиши керак. Сен томонингдан уларга нисбатан тўсатдан хиёнат содир бўлмаслиги керак. Чунки мўмин мусулмонлар шартларида турадилар. Ҳар куни одамлар бир-бирларига хиёнат қилишаётганини эшитиб қоламиз. Баъзи ширкатлар баъзиларига, баъзи оиладаги эр хотин бир-бирига хиёнат содир қилаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Бундай хиёнатлар асло мўминнинг ахлоқига кирмайди.

Аллоҳ таоло бандалар бажарган нарсага совға қилиб охиратда улар учун жаннатни тайёрлаб қўйиш билан омонлик манбасидир.

Анвар Аҳмад

«Ҳилол» журналининг 8 (53) сонидан

 

 

Муаллиф
Анвар Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 80оятида шундай деб марҳамат қилган .Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам барибир. Агар улар учун давоми...

1429 09:00 / 29.10.2023
Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ўтирсалар, саҳобалар ҳам атрофларида ўтирар эди. Шундай мажлисларнинг бирида кимдир орқасида боласини опичлаб давоми...

4924 17:03 / 22.12.2023
Бадиий адабиёт керакми деган савол илм керакми деган саволдек мантиқсиздир. Бадиий адабиёт инсон диди ва ҳиссиётларини чархлайди. Ақлини ўстиради. Бадиий давоми...

1629 09:00 / 16 февраль
Атом энергиясини қувватини кашф қилганлар немислар ёки америкаликлар эмас. Тарихда унинг қувватини илк билган олим мусулмон кимёгари Жобир ибн Ҳайён бўлади. Бу давоми...

1013 15:28 / 27 март