1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакрнинг Исломдаги ҳаётлари

16:15 / 26.12.2023 1336 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу эркаклардан биринчи мусулмон бўлган зот эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исломда Абу Бакрдан бошқа бирор одамга бир нарса буюрсам, бош тортган, сўз қайтарган. Аммо унга нимани гапирсам, албатта қабул қилиб, шунда мустақим турган», деганлар.


Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан бошлаб то Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича ҳар доим у зот билан бирга бўлдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиб, у зотнинг ғордаги ҳамроҳлари бўлдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Улар икковлон ғорда турганларида, у ҳамроҳига: «Маҳзун бўлма, Аллоҳ биз билан», деди» (Тавба сураси, 40-оят).


Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда бирга бўлдилар. Уҳуд ва Ҳунайн кунлари одамлар қочиб кетганда ҳам, у киши собит турдилар.


Одамларнинг энг шижоатлиларидан бўлган Абу Бакр розияллоҳу анҳу жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қадам ҳам жилмасдан, у зотни мудофаа қилар эдилар.


Абу Бакр розияллоҳу анҳу ниҳоятда карамли кишилардан бўлиб, бойликларининг кўп қисмини Аллоҳнинг йўлида сарфлар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда у киши ҳақида:
«Ундан (яъни дўзаҳдан) тақводор банда четда қолади. У мол‑мулкини беради, покланади», деган (Лайл сураси, 17–18-оятлар).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Менга Абу Бакрнинг бойлигичалик ҳеч бир бойлик манфаат бермади», деганлар.


Табук ғазотида Абу Бакр розияллоҳу анҳу бойликларининг ҳаммасини эҳсон қилиб, лашкарга ишлатдилар ва ушбу ғазотда мусулмонларнинг байроқдори бўлдилар.


У кишининг қўлларида жуда кўп катта саҳобалар мусулмон бўлганлар. Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом ва Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум ана шулар жумласидандир.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу азобда қолган мусулмон қулларни сотиб олиб, озод қилар эдилар. Уларнинг ичида Билол ибн Рабоҳ, Амр ибн Фуҳайра, Зиннийра каби атоқли саҳобалар бор эди.


Ҳижрий тўққизинчи, милодий 631 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ҳажга амир қилиб юбордилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдинги беморликларида: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга намозга ўтсин», деганлар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ансорийлар Мадинаи мунавварани бошқариб туриш учун Мадина аҳлидан халифа танлаш кераклигини мулоҳаза қилдилар. Мусулмонларни иқтидорли одам бошқариши лозим эди. Акс ҳолда Мадина таҳдид остида қолиши турган гап эди. Уларда муҳожирлар энди она юртлари Маккаи мукаррамага қайтиб кетсалар керак, деган гумон ҳам бор эди.


Шунинг учун Бану Соиданинг мажлисхонасига тўпланиб, ўзаро маслаҳат қилишди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни халифа қилиб сайламоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳум ва бошқа муҳожирлар уларнинг олдига боришди.


Улар: «Биздан бир амир, сиздан бир амир», дейишди. Умар розияллоҳу анҳу гап бошлаган эдилар, Абу Бакр у кишини тўхтатдилар.


Сўнг Абу Бакр гапирдилар. Гапирганда ҳам, энг балоғатли одамларнинг гапини айтдилар. У киши ўз гапида: «Эй Саъд, эсингдами, сен ҳам ўша ерда ўтиргандинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш бу ишнинг эгаларидир...» деганлар», дедилар.
Саъд ибн Убода: «Тўғри айтдингиз! Бизлар (ансорлар) вазирлармиз, сизлар (муҳожирлар) эса амирларсиз», дедилар.


Абу Бакр: «Умарга ёки Абу Убайдага байъат қилинглар!» дедилар. Умар: «Йўқ! Сизга байъат қиламиз. Сиз саййидимиз, энг яхшимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбубимизсиз», дедилар ва олдинга чиқиб, у кишининг қўлларидан тутган ҳолда байъат қилдилар. Кейин ўша шийпонда турганларнинг ҳаммалари у кишига байъат қилишди.


Шунда ансорлар муҳожирларнинг Мадинаи мунавварада қолишларини, бу ердан кетмасликларини билиб, бу ишга улардан кўра муҳожирлар ҳақлироқ эканига қаноат ҳосил қилдилар ва шунга келишдилар.


Шийпондаги байъатдан кейин Абу Бакрга оммавий байъат қилинди. Сўнг Абу Бакр гапирдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва шундай дедилар: «Мен яхшингиз бўлмасам ҳам, сизга волий қилиндим. Агар яхшилик қилсам, менга ёрдам беринглар, агар ёмонлик қилсам, мени тўғриланг­лар! Содиқлик, тўғрисўзлик омонат, козиблик, ёлғончилик хиёнатдир. Сизнинг ичингиздаги заиф унинг ҳаққини олиб бергунимча, иншааллоҳ, менинг наздимда кучлидир. Сизнинг ичингиздаги кучли ундан ҳақни олгунимча, иншааллоҳ, менинг наздимда заифдир. Қайси бир қавм Аллоҳ йўлидан бурилса, Аллоҳ уларни хорликка дучор қилади. Қайси бир қавм ичида фоҳишалик тарқалса, Аллоҳ уларни оммавий балога йўлиқтирур. Модомики, Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилар эканман, менга итоат қилинглар! Қачон Аллоҳга ва Унинг расулига осий бўлсам, зиммангизда менга итоат қилиш йўқ. Намозингизга туринглар, Аллоҳ раҳм қилгурлар!».


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.Унинг тавбасининг сабаби давоми...

2466 17:01 / 04.11.2021
Жаъфар Соиғ айтади.Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қўшнилари ичида маъсиятга ботган бир киши бор эди. Бир куни у Аҳмад ибн Ҳанбалнинг илм мажлисига келиб салом берди. Имом давоми...

1316 09:00 / 31.01.2023
Биз сўз юритмоқчи бўлган саҳобанинг исмлари Абдуллоҳ ибн Абдунаҳм ал Музаний бўлиб, жоҳилият пайтида исмлари Абдулуззо эди. Мадинага келганларида Набий давоми...

2819 19:00 / 10.05.2022
Фазилатли хонадон қизиБу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган, Аллоҳга давоми...

2865 19:29 / 21.04.2017