1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ниятга яраша

13:52 / 04 март 2724 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қурайшдан бир киши маккалик Умму Қайс исмли аёлга совчи қўйди. Умму Қайс мусулмон бўлиб, Мадинага ҳижрат қилган эди. Муслима аёл у кишига Мадинага ҳижрат қилсагина турмушга чиқишини айтди. Маккалик киши Умму Қайсга уйланиш ниятида Мадинага ҳижрат қилди. Кейин Мадина аҳли унга «Умму Қайснинг муҳожири» деб лақаб қўйишди!


Мана шу қисса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур «Амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир киши ниятига яраша олади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, демак, у Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилган бўлади. Кимнинг ҳижрати дунёга эришиш учун бўлса, унга эришади, аёлга никоҳланиш учун бўлса, унга никоҳланади. Ким нима учун ҳижрат қилса, ҳижрати ўша учун!» деган машҳур ҳадисларининг айтилишига сабаб бўлган.


Амал Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлиши учун унда икки шарт топилиши лозим. Агар улардан бири бўлмаса, ибодат ботил бўлади: Аллоҳга ихлос ҳамда амалнинг шариатга мувофиқ бўлиши.


Масалан, ким пешинни Аллоҳга яқинлашиш умидида беш ракат ўқиса, унинг намози қабул қилинмайди. Бунда унинг ният ва ихлоси дуруст бўлса-да, қилган иши шариатга мухолифдир. Ким одамларга яхши кўриниш учун фақирга садақа қилса, садақаси қабул қилинмайди. Унинг иши шариатга мувофиқ бўлса-да, ихлоси йўқ чунки. Бошқа ибодат ва амалларни ҳам шунга қиёс қилсак бўлади!


Ҳамма мазмун «ҳар бир кишига ниятига яраша»нинг ичидадир!


Ҳатто фаришталар ҳам ниятларни била олмайди. Фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина бизни ичимиздан кўра олади. Фақат Унинг Ўзи қилаётган амалларимиз ортида нима мақсад борлигини билади. Биз инсонларнинг фақат зоҳирига қараб ҳукм қилишимиз мумкин. Аммо уларнинг ниятларини ниятлар эгасига топшириб қўяверишимиз лозим!


Икки йигит масжидга боряпти. Уларнинг бири Аллоҳнинг розилигини истаб, бошқаси эса, ўзи совчи бўлиб бораётган қизнинг отасига яхши кўриниш учун. Иккиси ҳам ниятига ярашасини олади!


Икки киши беморни зиёрат қилгани боришди. Уларнинг бири Аллоҳнинг розилигини истаб борди. Иккинчиси эса, нуфузли беморга яқинлашиш учун, унинг обрўйидан фойдаланиш учун, тамаъ қилиб борди. Иккисига ҳам ниятига ярашаси бўлади!


Икки киши қариндошларини уйига меҳмонга чақирди. Бири силаи раҳмни боғлашни, қалбларни улфат қилишни, оилани жамлашни истади. Иккинчиси эса уйини, молини мақтаниш учун чақирди. Уларнинг қилаётган иши бир хил, аммо ниятлари бошқа-бошқа. Иккисига ҳам ниятига ярашаси бўлади!


Бундан минг йиллар олдин Зулайҳо Юсуф алайҳиссаломни зинога чақирди. Юсуф алайҳиссалом кўнмадилар. Ундан қочиш учун эшик томон югурдилар. Динларини, иффатларини сақламоқчи бўлдилар. Зулайҳо ортларидан югурди, у кишини қайтармоқчи бўлди. Улар иккиси ҳам эшик томон югуришди. Яъни, амал бир хил, аммо ният икки хил: бири гуноҳдан қочаётган, иккинчиси гуноҳ томон югураётган эди.


Амаллар ниятга боғлангандир. Ҳар кимга ниятига яраша бўлади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АҚШнинг фазовий тадқиқот билан шуғулланувчи агентлиги бўлмиш НАСА сайёрамизнинг ва ойнинг ноёб расмини эълон қилди. Сайёрамизни Сатурн ва унинг ҳалқалари ёнида давоми...

1481 09:00 / 26.06.2021
Ҳаж мавсумига отланган жазоирлик 200 нафардан ортиқ бўлажак ҳожилар самолётга чиқиб ўз жойларини эгаллашди, ҳамма жойлашиб бўлгач самолёт Макка шаҳри сари учиб давоми...

6587 15:00 / 03.07.2022
Оқил кишининг аломатлари саккизтадир1. Рўбаро келган нарсасига орқа ўгирмай, балки ҳозир бўлади, тайёр туради.2. Замони аҳлига нисбатан қўполлик эмас, балки давоми...

2290 09:31 / 26.03.2022
Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Улар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўни тўкадиган абадий хасталикларга бошлайди. давоми...

1624 09:02 / 02.09.2021