1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қуш ризқлангани каби...

14:28 / 16 февраль 1657 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳу ҳажга бордилар. У киши ўшанда халифа эдилар. Ҳажда зоди роҳиласиз (сафар тайёргарлигисиз) келган бир қанча кишиларни кўриб қолдилар. Улар кишилардан тиланиб юришган эди. Умар розияллоху анху:
– Сизлар кимсизлар? – деб сўрадилар.


Улар:
– Биз таваккул қилувчилармиз, – дейишди. Умар розияллоҳу анҳу уларга:
Сизлар ялқовларсиз. Таваккул қилувчи олдин ерга уруғни қадаб, сўнгра Аллоҳга таваккул қилади! - дедилар.


Кўп инсонлар Аллоҳга таваккул қилишни нотўғри фаҳмлашади. Таваккулни сабабларни тарк қилиш деб ўйлашади. Булар уни ё унутишади, ёки ўзларини унутганга солишади. Сабаблар Аллоҳнинг қадарида воқе бўладиган ишлардир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу борлиқда биз риоя қилишимиз лозим бўлган қонунларни жорий этган. Инсон қодир бўлганича бу қонунларга риоя қилиши лозим. Ана шундан сўнггина ишончини Аллоҳга боғлайди. Аллоҳ изн бермаса, бу сабаблар зарар ҳам, фойда ҳам бера олмаслигига эътиқод қилади.


Ҳа! Аллоҳ шифо берувчидир. Аммо шифокорга бормаслик ва даволаниш чорасини кўрмаслик аҳмоқликдир.


Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга энг ишончи мустаҳкам инсон эдилар. Аммо бунга муқобил ўлароқ, у зот сабабларни ҳам қаттиқ тутганлар.


Мадинага ҳижрат қилганларида йўл бошловчи қидирдилар. «Мен пайғамбарман, Аллоҳ Ўзи йўл кўрсатади», демадилар.


У зот ҳаёту мамотлар Аллоҳнинг измида эканига иймон келтирган бўлсалар-да, Уҳуд жангида икки қават совут кийдилар. Аллоҳ мени сақлайди», демадилар. Бизга сабабларни тутиш маданиятини таълим бердилар.


Агар бирор-бир ғазотга чиқмоқчи бўлсалар, уни сир тутар эдилар. Қайси йўлдан боришларини яширардилар. Ҳолбуки, ғалаба Аллоҳники эканига иймон келтирганлар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккул билан суянганингизда эди, У зот сизни худди қушларни ризқлантиргани каби ризқлантирар эди. Улар қоринлари бўш кетиб, тўйиб қайтишади», дейиш билан фақат ёлғиз Аллоҳнинг ўзи бизларни тирилтиришини, ўлдиришини, ризқ беришини, шифо беришини таълим бермоқчи бўлардилар. Аммо бунинг муқобилида ҳаёти дунёнинг сабаблар дунёси эканини бизга сингдирардилар. Қушларнинг ризқ талабида бўш қорин билан учиб чиқиши айнан сабабдир. Қушлар инларида ризқини кутиб ўтиришмайди. Очлигини қоплаш учун дон қидиради. Аммо улар ҳам Аллоҳ тақсим қилган ризқни олишади, холос.


Баъзи инсонлар сабабларсиз мўъжизалар кутишади. Улар Мусо алайҳиссаломнинг асолари қандай қилиб денгизни иккига бўлганини гапиришади. Юнус алайҳиссаломни кит ютган бўлса-да, у зотга ҳеч нарса қилмаганини айтишади. Иброҳим алайҳиссаломни оловга улоқтиришганда у зотни куйдирмаганини эслатишади. Улар билишмайдики, мўъжизалар Аллоҳ бу борлиқдаги қонунларни бузиш учун пайғамбарларга берилган одатдан ташқари ишлардилар.


Сабаблар Аллоҳга эмас, бандаларига ўтади.
Агар ҳозирда биз асомиз билан денгизни иккига бўлмоқчи бўлсак, кишилар бизни аниқ жинни дейишади. Агар ўзимизни оловга отсак, куйиб ўламиз.


Сабабларни олмасдан, фақатгина уларга ишонишдан ёмон иш йўқ дунёда!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон ўз ҳаёти давомида турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни ўзгаларга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. давоми...

4158 17:00 / 03.07.2022
Умар ибн Убайдуллоҳ ибн Маъмар раҳимаҳуллоҳ араблар орасида сахийлиги, шижоати билан ном чиқарган киши эди. Куняси Абу Ҳафс бўлган бу киши Қурайшнинг давоми...

2080 09:00 / 22.09.2021
Аллоҳ таоло Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуръони Каримда чиройларини мақтамади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда гўзал инсон давоми...

1570 11:00 / 11.12.2021
Пайғамбарлар қиссасидаги энг гўзал ҳиссиёт уларнинг ҳам биз каби инсон бўлганидир. Аллоҳ таоло бизга иймон инсон табиатини ўзгартирмаслигини, балки уни тарбия давоми...

1978 12:10 / 02.11.2023