1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакрнинг исми ва лақаблари

09:18 / 07.10.2023 1457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу куняси исмидан машҳур бўлиб кетган шахслардан биридир. Абу Бакр – у кишининг кунялари бўлиб, исмлари Абдуллоҳдир.


Баъзи ривоятларда айтилишича, у кишининг аввалги исмлари Абдулкаъба бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмни Абдуллоҳга алмаштирган эканлар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари ҳам куняси билан, яъни Абу Қуҳофа номи билан шуҳрат топган, асл исми эса Усмон бўлган.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг энг машҳур лақаблари Сиддиқдир. Ушбу лақабни олишларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир амалларини тасдиқлашга ҳар доим шошиб турганлари, бундан ташқари, Исро ва Меърож ҳодисасини ҳеч қандай тараддудсиз, дарҳол тасдиқлаганлари сабаб бўлган. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу доимо ўзларига содиқликни муҳим асос деб билганлар. Иймон масаласида у кишида бирор марта, салгина бўлса ҳам иккиланиш ёки сусткашлик сезилмаган. Шу ва шунга ўхшаш жуда кўп ҳолатлар у кишининг «Сиддиқ» деган лақабни олишларига сабаб бўлган.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг иккинчи лақаблари «Атийқ» эди. У кишининг бундай лақабни олишларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари сабаб бўлган. Буни имом Термизий Оиша онамиздан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. У зот унга: «Сен Аллоҳнинг дўзахдан атийқисан (озод қилганисан)», дедилар. Ўша кундан у Атийқ деб атала бошлади».

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг туғилишлари ва улғайишлари
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан икки йилу бир неча ой кейин дунёга келдилар.


У кишининг оталари Абу Қуҳофа Усмон ибн Омир эди. Оналари эса Уммул Хайр Салмо бинт Сохр ибн Амр – Абу Қуҳофанинг амакиларининг қизи бўлган.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Маккаи мукаррамада ўсиб-улғайдилар. У киши фақат тижорат учунгина бу муқаддас шаҳардан ташқарига чиқар, ўз тижоратлари орқасидан катта мол-мулк топган эдилар.


Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хайру эҳсон ва мурувватлари билан ҳам жоҳилият аҳли орасида ном чиқарган, Қурайшнинг раҳбарларидан бири сифатида маслаҳат-машварат ишларида доимо иштирок этиб, кишиларнинг муҳаббатини қозонган эдилар.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қурайшнинг хун ва қарз борасидаги ишлари топширилган эди.


Жоҳилият даврида арабларнинг марказлашган давлатлари бўлмагани учун Макка аҳли турли вазифаларни Қурайш қабиласининг турли уруғларига бўлиб қўйган эди. Бир уруғ кишиларни меҳмон қилишга масъул бўлса, бошқаси Каъбага қарашга, учинчиси мажлис ўтказишга жавобгар эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг уруғи Бану Таймга ана шундай вазифалардан бири – дия ва қарзлар иши топширилган эди.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ҳам, Ислом даврида ҳам энг шарафли ўн кишининг бири бўлганлар. Шунингдек, у киши жоҳилият даврининг одамлари ичидаги энг иффатли кишилардан бири бўлиб, ўз ихтиёрлари билан умуман ичкилик ичишга яқинлашмаган эдилар.


Ўша даврлар араб халқларида шеъриятга қизиқиш ниҳоятда кучли бўлгани ҳаммага маълум. Лекин у киши шеър айтиш, ёзиш билан машғул бўлмаганлар.
Ҳазрати Абу Бакрнинг сифатлари


Ибн Саъд ривоят қилади:
«Бир киши Оишага: «Менга Абу Бакрни сифатлаб беринг», деди. У киши: «У оппоқ, озғин, ёноқлари кичик, бир оз эгилган, изори икки ёнбошида турмай, сирпаниб кетадиган, юзи ичига кирган, кўзлари чуқур, пешонаси дўнгроқ ва қушдек енгил одам эди. Унинг сифати ана шундай», деди».


Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз: «Абу Бакр (соч-соқолини) хино ва катм – махсус бўёқ билан бўяб юрарди», деганлар. Яна бошқа бир ривоятда Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у зотнинг саҳобалари ичида Абу Бакрдан бошқа соч-соқолига оқ тушгани йўқ эди. У хино ва катм билан бўяб юрарди», деганлар.


Ҳазрати Абу Бакрнинг Исломга киришлари
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу табиатан сезгир ва яхшиликка мойил бўлганлари учун жоҳилиятда ҳам иложи борича ёмонликлардан қочиб, яхшиликларга ёндашиб юрар эдилар. Шу билан бирга, «Жоҳилият ботқоғидан чиқиш мумкинми?» деган саволга кўп жавоб ахтарган бўлсалар ҳам ажаб эмас.


Ибн Асокир Ийсо ибн Язиддан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Абу Бакр Сиддиқ айтди: «Мен Каъбанинг ҳовлисида ўтирган эдим. Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ҳам ўтирган эди. Унинг олдидан Умайя ибн Абу Салт ўтиб қолди ва: «Қандоқсан, эй яхшилик ахтарувчи?» деди.


«Яхшиман», деди у.
«Уни топдингми?» деб сўради Умайя.
«Йўқ», деди у.
«Қиёмат куни Аллоҳ амр қилмаган ҳамма динлар ёмондир. Анави кутилаётган пайғамбар бизданми, сизданми?» деди Умайя.


Мен бундан олдин кутилаётган ва юбориладиган пайғамбар ҳақида эшитмаган эдим. Варақа ибн Навфалнинг олдига чиқдим. У осмонга кўп назар соладиган, ичида бир нарсаларни пичирлаб юрадиган одам эди. Уни топиб, бўлган гапни айтиб бердим.
«Ҳа, эй биродаримнинг ўғли, биз китоблар ва илмлар соҳибимиз. Ана шу кутилаётган пайғамбар арабларнинг энг яхши насабидан бўлади. Мен насабларни биламан. Сенинг қавминг арабларнинг энг яхши насабидан», деди у.


«Эй амаки, пайғамбар нима дейди?» дедим.
«Ўзига нима айтилса, шуни айтади. Фақат у зулм қилмайди. Унга ҳам зулм қилинмайди. У зулмга аралашмайди ҳам», деди у.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилганларида у зотга иймон келтирдим ва тасдиқ қилдим».


«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ САҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларМуаллиф Аҳмад МУҲАММАД ТУРСУНИслом.уз сайтининг муҳтарам мухлислари давоми...

9110 16:38 / 21.04.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар, давоми...

2039 11:30 / 02.01.2022
Саҳобалар учун энг муҳим мақсад Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, Унинг ризосига эришиш эдиУмар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни давоми...

2647 15:07 / 10.12.2021
Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан давоми...

1349 14:02 / 29.10.2023