1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Шеърият ва адабиёт билан ошно бўлинг!

14:15 / 05.09.2023 747 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Ҳавозин жанги кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларида келар эканлар,


 أَنَا النَّبِيُّ لَا كَذِبْ أَنَا ابْنُ عَبْدِ الْمُطَّلِبْ 


«Анан Набиййу ла казиб,
Ана ибн Абдилмутталиб!»
(«Мен пайғамбар, бу эмасдир ёлғон, Мен Абдулмутталибга эрурман ўғлон!») дер эдилар.
(Бухорий, 4/2864).


Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ва Ҳарами шарифда ҳам шеър ўқилгани зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шеърнинг фойдасини: «Шеър найза ўқидан кўра таъсирлироқдир!», деб тушунтирганлар. Бошқа ҳадиси шарифда эса ўша даврнинг энг машҳур шоирларидан бири Ҳассон розияллоҳу анҳу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Ҳассонни Руҳулқудс билан қувватлаб туради!», деганлар
(Муслим, 4/2490).


Руҳулқудс бу фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг лақаблари. У ўзига хос «илҳом фариштаси»дир. Ҳассонга шеър ўқиши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда алоҳида минбар қурдириб берганлар. 


Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоир саҳобалари кўп бўлган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Равоҳа (ваф. 8 ҳ./629 м.), Обил лаҳм ал Ғифорий (ваф. 8 ҳ./629 м.), Зирор ибн ал Азвар (ваф. 12 ҳ./633 м.), Савод ибн Қориб ал Аздий (ваф. 15 ҳ./636 м.), Амр ибн Шаъс ал Асламий (ваф. 19 ҳ./640 м.), Каъб ибн Зуҳайр (ваф. 26 ҳ./646 м.), Фарва ибн Мусайк ал Ғутайфий (ваф. 30 ҳ./650 м.), Амр ибн Ясрибий аз Замрий (ваф. 36 ҳ./656 м.), Асвад ибн Сареъ ас Саъдий (ваф. 42 ҳ./662 м.), Каъб ибн Молик ( 50 ҳ./670 м.), Абу Лайло ан Нобиға ал Жаъдий ал Омирий (ваф. 50 ҳ./670 м.), Ҳассон ибн Собит (ваф. 54 ҳ./674 м.), Валид ибн Уқба ал Қураший (ваф. 61 ҳ./680 м.), Зул Жавшан аз Забобий (VII аср), Абу Жарвал ал Жушамий (VII аср), Аббос ибн Мирдос ас Суламий (VII аср), Молик ибн Умайр ас Суламий (VII аср), Абу ас Санобил (VII аср), Абу Зубоб ас Саъдий (VII аср)  разийаллоҳу анҳум ажмаъин каби шоир саҳобалар бўлган. Дунёга машҳур «Қасидаи Бурда» номи билан танилган «Бонат суъод» қасидасини Каъб ибн Зуҳайр айтганлар. Имом ал-Бусирийнинг «Қасидаи Бурда»сидан олдинги ҳақиқий «Қасидаи Бурда» мана шудир. Ҳассон ибн Собитнинг эса «Қасидаи Ҳамзия» номи билан шуҳрат қозонган қасидаси ҳозиргача машҳур. Асрлар давомида мазкур икки қасидага шарҳлар битиб келинган, ўқиб-ўрганилган, ёд олинган. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюкликларидан бири арабларнинг энг фасоҳатлиси, сўзга чечан эканлиги, ўз даврига мос тилшуноси, барча араб қабилаларининг шева ва лаҳжаларидан хабардорлиги, ҳар бир шева ва лаҳжадаги арабларга ўзларига хос гапира олишлари ҳисобланади. Ибн ал Асирнинг «ан-Ниҳоя» асарида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бани Намир элчилари билан гаплашганларини эшитиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Биз бир отанинг авлодлари бўлсак, лекин Сиз араб қабилалари вакиллари билан гаплашганингизда, кўп сўзларни тушунмай қоламиз», дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:


 أَدَّبَنِى رَبِّى فَأَحْسَنَ تَأْدِيبِى 


«Раббим менга одоб бериб, одобимни гўзал қилди», деганлар.


(Ибн ал-Асир. Ан-Ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис ва-л-асар. 1-жилд. – Қоҳира: ал-Мактабат ал-исломий, 1963. – Б. 4).

Араб тилидаги «одоб» сўзидан «адабиёт» сўзи ҳам олинган. Яъни, ҳикматли ҳадислар соҳиби ўз даврининг адабиёти ва тилини ҳам яхши ва мукаммал билар эдилар. Шунинг учун, бу гапни: «Раббим менга адабиётни ўргатди ва адиблигимни гўзал қилди», деб тушуниш ҳам мумкин. Буни биз ҳадиси шарифларни ўрганганимизда билиб оламиз. Ҳадис илмида «ғариб ал-ҳадис» йўналиши мавжуд. Уни «ҳадислардаги архаик сўз ва ибораларни ўрганадиган илм» дейишимиз мумкин. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлатган, ўз даври ва кейинги даврлар учун фасиҳ, архаик – нодир ва ноёб кўринган сўз ва атамаларнинг маъноси ва изоҳи ўрганилади. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам адабий араб тили билан бирга шева ва лаҳжаларга хос сўзларни ҳам ишлатганлар. Яъни, араб тилини тўғри ва ўз ўрнида ишлатиб, унинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшганлар.


Масалан, фақат «Саҳиҳи Бухорий»даги «ғариб» сўзларга бағишланган ўндан ортиқ асарлар ёзилган. «Саҳиҳи Бухорий»нинг ноёб сўз ва ибораларини алоҳида ўрганишнинг аҳамияти жуда катта. Араб тилининг ўзига хос фасоҳатини ўрганишда «Саҳиҳи Бухорий» тилшунослар учун битмас-туганмас хазина бўлса ажаб эмас. Шунинг учун, унинг ноёб сўз ва ибораларини муҳаддислардан кўра тилшунослар кўпроқ ўрганиб келганлар. Ноёб сўз ва иборалар билан ҳадиси шарифларнинг асл кўзланган маъно-мазмунидан хабардор бўлинади. Маънолар жилваланишида энг мақбули ва энг муносиби танланади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даври фольклоридан – халқ томонидан яратилган ва халқ орасида кенг тарқалган эртак, қўшиқ, достон, қисса, ривоят, масал, мақол, матал кабилардан ҳам, яъни халқ ижодиётидан ҳам етарлича хабардор бўлганлар. Буни биз ҳадиси шарифларни яхши ўрганганимизда билишимиз мумкин. Зотан, «Қуръон»нинг учдан бири тарих, ўтмишнинг қисса ва ривоятларига бағишланган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига айтиб берган ушбу ривоятга қаранг:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилга мансуб бир кишини зикр қилдилар. У иккинчи бир кишидан минг динор қарз сўради. Шунда қарз берувчи: «Менга ишончли гувоҳлар келтир!», деди. Қарз олувчи: «Аллоҳнинг гувоҳлиги кифоя», деди. Қарз берувчи: «Ундай бўлса, менга кафил келтир!», деди. Қарз олувчи: «Аллоҳнинг кафиллиги кифоя», деди. Қарз берувчи: «Рост гапни айтдинг», деди-да, унга ўша пулни маълум муддатгача берди. Кейин, қарз олган одам кемага ўтириб равона бўлди-да, мўлжаллаган ишларини адо этгач, қарз берган одамга олган қарзини вақтида олиб бориб бериш учун кема ахтара бошлади, аммо бирорта ҳам кема топа олмади. Ноилож, у бир ёғочни олди-да, ичини ўйиб, кавагига минг динор ва қарз берган кишига ёзган хатини тиқиб қўйди. Сўнг, кавак оғзини текислаб беркитиб, ёғочни денгиз соҳилига олиб келди-да: «Ё Парвардигоро, менинг бир одамдан минг динор қарз олганимни ва у гувоҳ келтиришимни талаб қилганда Сенинг гувоҳлигингга рози бўлганини, кафил келтиришимни талаб қилганда сенинг кафиллигингга рози бўлганини биласан. Кейин, мен унинг ҳақини вақтида олиб бориб бериш учун кема топишга кўп ҳаракат қилдим, аммо тополмадим. Энди, бу омонатни сенга ишониб топшираман», деб ёғочни денгизга ташлади, ёғоч денгизда кўздан ғойиб бўлди.


Сўнг, у ўз юртига борадиган кема ахтара бошлади. Унга қарз берган бояги киши: «Шояд (қарз олган киши) бирор кемада пулимни олиб келиб қолган бўлса, бориб қарай-чи!» деди-да, уйидан чиқиб соҳилга борди. Шунда унинг кўзи ёғочга тушиб, аҳли оиласига ўтин учун яраб қолар, деб уни олди. Уйига боргач, ёғочни арралаган эди, ичидан пул ва бир хат чиқди. Шу аснода қарз олган киши етиб келиб, унга минг динор узатди-да: «Аллоҳ таоло ҳақи, қарзимни вақтида олиб келиб бериш учун тинмай кема ахтардим, аммо ҳозир мен келган кемадан илгарироқ йўлга чиқадиган кема тополмадим», деб узр айтди. Қарз берган киши унга: «Менга бирор нарса жўнатган эдингми?» деди. Қарз олган киши: «Сенга ҳозир айтдим-ку, ахир, бундан илгарироқ етиб келиш учун кема тополмадим», деди. Шунда қарз берган киши унга: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ёғоч ичида юборган нарсангни сенинг номингдан менга етказди», деди. Сўнг қарз олган киши ўзи билан олиб келган минг динорни қайтариб олиб кетди». 
(Бухорий, 3/2291).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга айтиб берган Журайж қиссаси; зинокор маймун ҳақидаги ривоят; ғорда қолиб кетган уч киши ҳақидаги қисса; пес, кўр ва кал ҳикояси; 99 нафар одамни ўлдириб, тавба қилмоқчи бўлган одам ҳақидаги ҳикоя кабилар, аслида, халқ ижодиёти намуналари десак, хато бўлмас. Булар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг халқ билан мулоқоти, уларнинг тили, адабиёти, шеърияти, ижодиётига бефарқ бўлмаганликларини ва ўзлари ҳам дилкаш суҳбатдош бўлганларини англатади. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихни, хусусан, ўша давр учун анъанавий хусусият бўлган насаблар тарихини жуда яхши билганлар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уруғлар ва насабларнинг келиб-чиқиши ҳақида сўраб-суриштирганлиги ҳадисларда зикр қилинган.


Ўзларининг то Иброҳим алайҳиссаломгача бўлган 20 та бобокалонлари ҳақида, насл-насаблари, уруғлари тўғрисида айтиб берганлар. Бир ҳадисда ҳижозликларнинг уруғларини, бошқа ҳадисда эса мадиналик ансор уруғларини бирма-бир санаб берганлар.
(Бухорий, 4/3515, 3523; 5/3789). 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бадиий адабиётга ошно бўлган ҳассос инсон эканлиги у зотнинг лутфларида ҳам намоён эди. Жумладан, у зотнинг:


رُوَيْدَكَ سَوْقًا بِالْقَوَارِيرِ 


«Шишаларга эҳтиёт бўлиб ҳайда!», деган луфтларини эсланг.
(Бухорий, 1/6149).


«Шиша» деганда шишадек нозик аёлларни назарда тутиб гапирганлар.   


Ҳадислар ичида шеърдан бошқа нарса бўлмаган жоҳил, маърифатсиз, ахлоқи суст кимсалар қораланган. Имом ат-Термизий бобомиз ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг бирингизнинг қорни шер билан тўлдирилгандан кўра уни қайнатадиган йиринг билан тўлгани яхшироқдир!», деганлар.
(Термизий, 3/2851).


Яъни, мусулмон инсон шеърдан бошқа ҳам ҳикматли гапларни, оят ва ҳадисларни ҳам билиши лозим. Бирорта оятни тузук ўқий олмайдиган, балки минг-минглаб байтларни шариллатиб ўқиб ташлайдиган мусулмонларни комил мўъмин-мусулмон дейиш ҳам қийин! 


Комил инсон, баркамол маънавиятли киши, ҳурматли аҳли илм одам оят-ҳадислардан ҳам, яхши шеърият ва адабиётдан ҳам баҳраманд бўлган бўлади. Зотан, Жалолиддин Румийнинг «Форсий Қуръон» дея эътироф қилинган «Маснавийи маънавий»сини ўқимаган одам комил муфассир бўла олмайди. «Маънолар отаси» бўлмиш Абдулқодир Бедил шеъриятини тушунмаган инсон ҳадисларнинг маъноларига тўлиқ тушуна олмайди. «Лисон ал-ғайб» дея эътирофга сазовор бўлган Ҳофиз Шерозий шеъриятидан баҳраманд бўлмаган киши комил мутакаллим бўла олмайди. Сўфи Аллоҳёрнинг тажнисларидан завқланмаган толиби илм мулла бўлолмайди. «Ўтган кунлар»ни ўқимаган ўзбек домуллоси ҳатто мақола ҳам ёза олмайдиган бўлади. Шундай экан, шеърият ва адабиёт билан ошно бўлинг!
(Тамом)


Ҳамидуллоҳ Беруний

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 11 августдаги 03-07/6522-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Ҳамидуллоҳ Беруний
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бирининг уйига келиб У зотнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. Онамиз уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2267 17:00 / 21.03.2022
Бир киши ҳазрат Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳга шундай деб ёзди.Жуда кўп зикр ва тиловат қила бошлаганман. Таҳажжуд ҳам хуфтондан кейин кечанинг охирги кечасида давоми...

3110 09:16 / 18 март
4567. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини давоми...

5714 22:14 / 16.05.2017
4656. Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким бир манзилга тушгандан кейин .Аъуузу бикалиматиллаҳиттааммаати мин давоми...

10166 19:19 / 21.03.2018