1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Неъматларнинг нафлик даражаси ва исроф

15:48 / 03.07.2023 913 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти ҳамда ҳадиси шарифларнинг мазмуни-моҳияти ва таъкидлари турли фан ихтиролари билан то Қиёматга қадар такрор-такрор исботланиб, тасдиқланиб бораверади.

Динимизда инсонларга неъматларни исроф қилмасликка катта эътибор қаратилган бўлиб, Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида неъматлардан тежамкорлик билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган.

Биламизки, “Исроф” сўзи арабча сўз бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида Қуръони Каримда ўнлаб ояти карималар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». (Аъроф сураси, 31-оят).

Ушбу оят тафсирида Тафсири Ҳилолда қуйидаги изоҳлар келтирилган: Еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳдир. Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражада зиёд истеъмол қилишнинг соғликка асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига “Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, деб ушбу ояти каримани ўқиган экан.

Шунингдек, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидек: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар”. Яна бир ҳадисда “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар.

Исроф нафақат таомланиш борасида балқи барча неъматларнинг истеъмолига тааллуқли бўлиб, Ислом дини ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутган.

Келинг энди “Исроф” мавзусида Иқтисодиёт  фанига қисқача назар соламиз. Иқтисодий назарияда Нафлилик деган тушунча бўлиб, бу тушунча моддий ва маънавий неъматлар, товарларнинг ўз хусусиятларига кўра, эҳтиёжларни қондириш хоссаси, товарлар ва хизматларни истеъмол қилишдан ҳар бир шахс оладиган муайян қониқиш дея таърифланган.

XX аср бошларида Австрия иқтисодчилар мактаби намояндалари кетма-кет истеъмол қилинадиган, ҳар қандай неъматнинг нафи камайиб бориш хусусиятига эга эканини аниқлаган.

Масалан, чанқаган инсон бир стакан сувни зўр хоҳиш билан ичади, иккинчи стакан сув унга биринчи стакан сувдай наф бермайди, учинчиси – иккинчисига нисбатан камроқ наф беради ва ҳоказо. Бу охирги стакан сув берадиган наф нолга тенг бўлгунча давом этади. Бунда умумий йиғинди наф ошиб боради, бироқ хар бир кейинги стакан сувнинг ўзидан оладиган наф эса камайиб боради ва натижада умумий нафликнинг камайиши кузатилади.

Ушбу қонуният фанда неъматларнинг нафлик даражаси дея аталиб, истеъмолдаги барча неъматларга тегишли бўлган ҳолда Иқтисодиёт назариясининг бир бўлими ҳисобланган Микроиқтисодиёт фанида истеъмолчиларнинг муайян маҳсулотга бўлган талабини ҳамда истеъмол даражасини ўрганишда фойдаланилади.

Иқтисодчилар истеъмолчилар ҳаракатини таҳлил қилиш учун нафлик функциясидан (Utility Function) фойдаланадилар. Нафлик функцияси – истеъмолчининг истеъмол қиладиган неъматлар ҳажми билан, у ушбу неъматларни истеъмол қилиши натижасида оладиган нафлик даражасини ифодалайди (U = f (х₁, х₂,...,xₙ), бу ерда U – нафлик даражаси; 1, 2, ..., n - неъматлар хажми.).

Ушбу мавзу фанда атрофлича ўрганилади, бироқ, биз учун бу ерда эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳат шуки, бизда қанча кўп неъмат бўлса ҳам, ўша турдаги қўшимча неъматнинг қиммати биз учун шунча паст бўлаверади. Демак, нафлик функцияси, нафлик даражасини истеъмол қилинган неъматлар ҳажмига боғлиқлигини ифодалайди.

Энди ушбу қонуниятни соддароқ қилиб ўз ҳаётимизга талқин қилганимизда инсон истеъмолидаги ҳар қандай неъмат ҳам бир ҳилда фойда ва наф бермаслиги, жумладан озиқ-овқат, кийим-кечакдан тортиб барча кундалик эҳтиёжидаги маҳсулотларнинг кўплигига қарамай, миқдорида наф бериш чегараси мавжуд экани тушунилади.

Шу сабабли бўлса керак, динимизда ҳар бир инсон унга ато этилган неъматлар истеъмолида чегарани билиши, миқдорда ҳаддан ошмаслиги ва мўътадил бўлиши талаб этилган.

 

Мақолада Тафсири Ҳилолдан ҳамда “Исроф”, “Нафлик функцияси”, “Функция полезности”, “Utility Function” мавзуларидаги интернет тармоғи орқали олинган маълумот ва электрон китоблардан фойдаланилган.

 

Исмонов Нодирбек Абдуфаттоҳович

 

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 16 июндаги 03-07/4775-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган. 4чорак mdash ҳанбалий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1454 11:02 / 16.06.2022
Араблар имом Замахшарийни таърифлаб, Ушбу оқсоқ Замахшарий бўлмаганда, араб тилини тушунмай ўтиб кетар эдикrdquo дейдилар. Тўлиқ исми ва таваллудиМахмуд ибн Умар давоми...

1899 16:11 / 27.12.2022
Қуйидаги шеърий асар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган Шеърий асар Аҳмад Лутфий Қозончининг .Саодат асри қиссалари, номли давоми...

1166 15:00 / 18.05.2023
Бандаларини Ўзининг розилиги йўлида мусобақалашишга чақирган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсинРоббининг пайғомини умматига омонат ила давоми...

507 11:21 / 11.10.2023