1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Илмли aёл фазли

09:00 / 15.06.2023 1297 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Aллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинки, бизни Ислом неъмати билан ризқлантирди, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўтариб, жаннатни унинг оёқлари остида қилиб қўйди.


Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бўлсинки, аёлларни эъзозлашда бизларга гўзал ўрнак бўлдилар.


Aллоҳ инсонни, шу жумладан, аёлни мукаррам қилиб яратди. Ислом дини келиши билан жоҳилиятда бир матоҳ сифатида қаралган аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари эркакники билан тенглаштирилди.


Aбу Саъид Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир», деб марҳамат қилганлар.


Бир киши донишманддан сўрабди:
– Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор. Қайси бирини ўқитай?


– Қизингни ўқит! Чунки у келажакда фарзанд тарбиялайди. Ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамият тарбия топади, – деб жавоб берибди ҳалиги улуғ зот.
Аёл кишининг илм олиши, турли соҳада малакали таълимга эга бўлишининг аҳамияти, муҳимлик даражаси бевосита жамиятнинг ҳозирги ва келгусидаги ривожи билан боғлиқ. Яъни аёл қанчалик илм ва тарбияга эга бўлса, фарзандларини ҳам шундай тарбия қила олади. Тарбияли онадан гўзал андаза олган, одоб-ахлоқи жойида ва илмга чанқоқ фарзандлар жамиятга манфаат келтирадиган бўлиб етишади. Бундай тарбияли ва илмли жамиятнинг эса келажаги, шубҳасиз, буюкдир!


Оилада илмли ва тарбияли аёлнинг бўлиши нафақат фарзандлар, балки оиланинг бошқа аъзолари, хоссатан, жуфти учун ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳаётнинг турли синовларида ақл-идроки билан оиласини сақлаб қолишда ҳамда қариндош-уруғ билан муносабатлардаги мувозанат ва меъёрни ушлаб туришда асосий масъулият аёлнинг зиммасига тушади. Демак, оила ҳаётимизнинг бардавомлиги оналаримиз, опа-сингилларимизга бевосита боғлиқ.


Ундан ташқари, фарзанд тарбиясида онанинг ақлий ва илмий салоҳияти муҳим экани тиббиёт томонидан ҳам аниқланган. 2016 йил 16 ноябрда gmesso.ru сайтида эълон қилинган «Интеллект ребенка определяется материнскими генами» номли мақолада боланинг салоҳияти, қобилиятларининг кўп қисми айнан онадан ўтиши айтилган:
«Турли вақтларда олимлар инсон бўйи, вазни, бармоқ излари, касалликка мойиллик ва ҳатто тушкунлик ҳам ирсий йўл билан ўтишини исботлашган. Шу билан бирга, болага ақл-заковат отасидан мерос бўлиб ўтади деган қарашлар бўлган.


Бироқ олмон олимлари бу баёнотни рад этишди. Уларнинг кенг кўламли тадқиқотлари натижасида ақлий ривожланиш қобилияти болага отадан эмас, онадан ўтади деган хулосани ўртага чиқарди. Маълум бўлишича, отанинг генлари лимбик тизим – ички аъзолар фаолиятини, ҳис-туйғуларни тартибга солиш, хотира, уйқу кабиларнинг ривожланиши учун жавобгардир. Онадан эса мия ярим кортексининг ривожлантирадиган генлар ўтади.


«Оддий тил билан айтганда, бола онадан ақлий салоҳиятни, отадан ҳиссиётни олади…» деб ёзади Мария Клименко мақоласида.


Ушбу маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, фарзандларнинг ақлий қобилияти яхши ривожланиши ҳар томонлама унинг онасига боғлиқ экан. Она қанчалик илм ўрганишга ҳарис бўлса, илмий салоҳияти қанчалик кенг бўлса, фарзанд ҳам келгусида ҳам маънан, ҳам ақлан етук бўлиб етишар экан.


Ўз соҳасининг зукко билимдони бўлиши билан бир қаторда аёлнинг зиммасида суюкли ёр, меҳрибон она, оқибатли фарзанд, ширинсўз ва чаққон келин, ораста бека бўлишдек масъулият ҳам бор. Бундай масъулиятни ўзининг нозик елкаларида кўтариб, уни шараф билан адо этаётган, шу билан бирга, илм талаб қилишнинг фарз эканини унутмай, муттасил изланишда бўлаётган аёлларимиз таҳсинга сазовордир.


Тарихга назар ташласак, зиммасидаги масъулият юксак шараф билан адо этиб, улуғ олиму фузалоларни тарбиялаган аёллар яшаб ўтганига гувоҳ бўламиз. Масалан, Ислом оламида юзлаб асарлар билан танилган Имом Суютийни кўпчилик танийди. Aммо у зотнинг устозлари ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Қуйида Имом Суютий раҳимаҳуллоҳнинг айрим муаллималарини санаб ўтамиз:


1. Осиё бинт Жориллоҳ ибн Солиҳ ибн ал-Мансур. Имом Суютийнинг катта муҳаддиса устозларидан бири;


2. Уммат ал-Aзиз бинти Муҳаммад ибн Юнус ал-Aнбобий. Бу аёл ҳам Имом Суютийга ҳадис илмидан дарс берган;


3. Уммат ал-Холиқ бинти Aбдуллатиф бинти Сиддиқ ибн Aвзил-Муновий. Ўз даврининг муҳаддиса ва шоираси бўлган;


4. Хадийжа бинти Шаҳобиддин Aҳмад ибн Ҳалаф ибн Aбдулазиз ибн Бадрон ал-Ҳусайнийнинг ҳам ҳадис илмида шуҳрати баланд бўлган.


Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин аслида. Бир нарсани унутмаслик керак, биз ҳатто исмини билмасак-да, лекин бизга яхши таниш улуғ алломаларнинг орқасида уларнинг тарбиячилари – муаллима, муҳаддиса аёллар турибди. Зеро, буюк инсонларни буюк оналар тарбиялайди!


Демак, фарз бўлган илмни талаб қилиш орқали аёл киши оиласида, иш фаолиятида, жамиятида соғлом муҳитни яратади, чиройли бир мувозанатни тутиб туради ва уммат учун салоҳиятли, иқтидорли фарзандлар дунёга келтириб, вояга етказади.
 

Фавзийя Мир Ваҳид
«Ҳилол» журналининг 6 (39) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло яратиб қўйган мўъжизаларни санайдиган бўлсак, охирига етиб боролмаслигимиз аниқ. Она сути ҳам ана шундай мўъжизалардан биридир. Агар оналар кўкрак давоми...

3442 21:00 / 07.11.2022
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жамоатчилик ишларида ҳам, хусусан, аёлларга оид ишларга бошқош бўлар эдилар. Бу нарсани ўша пайтдаги баъзи бир маросимлар ҳақида давоми...

3564 21:05 / 11.12.2018
Нефть соҳасида ишловчи бир муҳандиснинг аёли вафот этиб, ундан уч нафар ўғил қолди. Болаларнинг каттаси бошланғич мактабнинг учинчи синфида ўқир, кенжаси эса икки давоми...

2783 14:16 / 14.04.2023
София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо иддалари чиққунча Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг қарамоғида турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишининг давоми...

2672 20:05 / 13.11.2019