1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

«Ҳалола» номи ила машҳур бўлган нарса

12:32 / 12.06.2023 1048 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳалоллаш шарти ила қилинган никоҳ макруҳдир ва ҳалоллайди.

Халқ ичида «ҳалола» номи ила машҳур бўлган нарса шудир. Унда уч талоқ ила эрига ҳаром бўлган аёл талоқ қилган эрга ҳалолланиб олиш ниятида бошқа бир одамга никоҳланади. Бундай никоҳ тўғрисида уламолар ихтилоф қилганлар.

Жумҳур, жумладан, Ҳанафий уламолардан имом Абу Юсуф ҳам: «Ҳалола ниятидаги никоҳ фосид – бузуқдир», деганлар.

Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи: «Никоҳ дуруст, аммо хотин аввалги эрига ҳалол бўлмайди», деганлар.

Матндаги маъно, яъни никоҳнинг макруҳ ва хотиннинг аввалги эрига ҳалол бўлиши имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳига оид гапдир.

Ҳалола никоҳнинг никоҳ сифатида ўтишига имом Муҳаммад ҳалола фосид шарт экани ва никоҳ фосид шарт билан бузилмаслигини далил қилади.

Аммо, ҳалола никоҳ аёлни аввалги эрига ҳалол қилишига нақлий далил йўқ.

Ҳалолловчи – уч талоқ қилинган хотинни уни талоқ қилган эрига «ҳалоллаб» бериш учун никоҳлаб олиб, бир марта жинсий алоқа қилиб, кейин талоқ қилиб берадиган шахсдир.

Ҳалоллатувчи эса, хотинини уч талоқ қилиб қўйиб, ўзига яна «ҳалоллатиб» олиш учун бошқа бир эркакка никоҳлаб, бир марта жинсий алоқа қилганидан кейин қайтариб оладиган одамдир.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمُحَلِّلَ وَالْمُحَلَّلَ لَهُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалолловчи ва ҳалоллатувчини лаънатладилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари ҳаром нарса учун бўлади. Шунга биноан, ҳалола никоҳи ҳам ҳаром бўлади», дейдилар уламолар жумҳури.

Аёл «Ҳалол бўлдим», деганда муддат кўтарадиган бўлса ва эркакнинг гумони ҳам ғолиб бўлса, уни никоҳлаб олиши ҳалолдир.

Бир аёлни эри талоқ қилди. Бир муддат ўтганидан сўнг у қайтиб келиб: «Мен ҳалол бўлдим», деди. Яъни, «Бошқа эрга тегиб чиқдим», деди. Шунда аввалги эр ўзи талоқ қилганидан буён ўтган вақтга назар солади. Агар ўзи ва кейинги эр талоқ қилганидан кейин ўтиши лозим бўлган икки идда муддати ўтганига ишонса, аёлни никоҳлаб олиши жоиз бўлади.

Бу ерда бир киши, яъни аёлнинг ўзининг гувоҳлиги билан ҳукм собит бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.

Муҳаммадга хилоф ўлароқ, иккинчи эр уч талоқдан озини ҳам вайрон қилади.

Бир аёлни эри уч талоқ қилди. У бошқа эрга тегиб чиқди ва яна аввалги эрига никоҳланди. Шунда уни уч талоқ қилган эр яна уч талоққа эга бўлади.

Аммо, аввалги эр бир ёки икки талоқ қўйган бўлса-ю, кейин иккинчи эрдан яна қайта никоҳлаб олса, нима бўлади? Бу саволга юқоридаги матнда: «Аввалги эри бу ҳолатда ҳам яна уч талоққа эга бўлади», деган жавоб келмоқда.

Аммо имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи: «Бир талоқ қилган бўлса, икки, икки талоқ қилган бўлса, бир талоққа эга бўлади», деганлар. У кишининг ижтиҳодлари бўйича, иккинчи эр уч талоқдан камни вайрон қилмайди.

Ҳукм учун Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ижтиҳодлари олинган. Яъни, хотин бошқа эрга тегиб чиққанидан кейин аввалги эрига яна никоҳланса, биринчи эр олдинги сафар неча талоқни ният қилганидан қатъи назар, яна уч талоқ ҳаққига эга бўлади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1465-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода давоми...

1401 16:58 / 19.12.2023
Барча фақиҳлар келин тушадиган уйни жиҳозлаш ва келиннинг сепи куёвнинг зиммасида эканига иттифоқ қилганлар. Эр келин тушадиган уйни икковлари яшашлари учун давоми...

3829 19:00 / 31.01.2019
Биринчи мақола Эр ўз хотини олдидаги молиявий бурчларини адо этиш билан бирга, муомалавий бурчларини ҳам шараф билан адо этиш пайидан бўлиши лозим.Эр хотинига давоми...

3182 08:55 / 02.07.2019
.Таълийқ, сўзи .илиш, ва .боғлаш, маъноларини англатади. Талоқни бирор нарсага боғлаб қўйиш .талоқни таълийқ қилиш, ёки .муаъллақ талоқ, дейилади. Бунда талоқ давоми...

1609 11:00 / 11.03.2023