1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари

17:45 / 10.04.2023 1065 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизга ҳаётнинг турли соҳаларидаги шундай улуғ зотлар билан замондош бўлиш бахти насиб этдики, биз уларнинг ҳаммаларини ҳам кўнглимиздагидек қадрлаб яшадик, дея олмаймиз. Ана шундай нодир шахслардан бири дин ва жамоат арбоби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эдилар. У зот Шайх, муфассир, муҳаддис ва фақиҳ олим сифатида улуғ хизматлар қилиб ўтдилар. Қуръони Карим тафсири соҳасида «Тафсири Ҳилол» (6 жилд), ҳадис соҳасида «Ҳадис ва ҳаёт» (37 жилд), «Одоб дурдоналари» (2 жилд), фиқҳ соҳасида «Мухтасари Виқоя» китобининг шарҳи бўлмиш «Кифоя» (3 жилд) китоблари ҳамда «Зикр аҳлидан сўранг» туркум рисолаларини тасниф этдилар. Шайх сифатида эса «Руҳий тарбия», «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китоблари билан тасаввуф оламига ўз муносабатларини билдирдилар. Бир қанча халқаро ташкилотларга аъзо эдилар.  


Мухтасар таржимаи ҳоллари 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 1952 йилнинг 15 апрель куни (ҳижрий 1371 йилнинг 21-ражаб, сешанба куни) Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида туғилганлар. Бошланғич диний таълимни оталари Муҳаммад Юсуф домла ҳузурларида олдилар. У кишига Аллоҳ таоло чексиз улуғ неъматлар ато қилган экан: аввало илмли-зиёли хонадонда камол топганлар. Оталари Муҳаммад Юсуф илми юксак, тақволи зот, устозлари ва қайноталари Исмоил Махдум ҳам забардаст олим ва авлиёсифат зот бўлганлар. Мана шундай файзли-нурли муҳитда ёш Муҳаммад Содиқ болаликдан спортга, илмга, китоб мутолаасига жуда қаттиқ қизиқиб, илм чўққиларига интилганлари, ҳатто чордоқлари тўла китоблар бўлганини яқин кишилари ҳикоя қиладилар. 2015 йил 10 март куни (ҳижрий 1436 йил 19-жумодул-аввал, сешанба куни) Тошкент шаҳрида вафот этдилар. Жаноза намозларини ўғиллари Исмоил Махдум ўқидилар. Қабрлари Тошкент шаҳри, Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин ота (Суҳравардий Тошкандий) ҳазратларининг қабристонидадир. 


Муфтийлик фаолиятлари 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг муфтийлик фаолияти Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудида исломий илмларнинг қайта тикланиши даври бўлди, десак муболаға бўлмайди. У киши халқаро миқёсда фаолият юритишга қобилиятли шахс эдилар. Бу хусусда уч-тўрт нуқтага эътибор қаратишимиз кифоядир. Шайх ҳазратлари 1989 йилнинг бошида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ва муфтийси этиб сайланганлар. У кишининг муфтийлик давридаги энг ибратли иши кам ухлаб, кўпроқ фаоли- ят кўрсатишдан иборат эди. Яъни, хайрли ишларни бажариб қолишга ошиқар эдилар. Бу даврда Шайх ҳазратлари диний идора фаолиятини янги босқичга кўтариш, мусулмонлар манфаати ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя  қилиш, диний ташкилотларнинг моддий таянчини мустаҳкамлаш масалаларига катта куч-ғайрат сарфладилар. Диний китоб ва рисолалар чоп этиш ишлари йўлга қўйилди. Китобсиз ҳаёт бўлмайди. Китобсиз ҳаёт руҳсиз, мазмунсиз ҳаётдир. Шайх ҳазратларининг китоб нашрига бўлган эътибори у кишининг ҳаётидаги энг хайрли фаолиятларидан саналади. Дастлаб Покистонга сафар қилиб, у ердан диний идора нашриётини ривожлантириш учун зарурий босмахона ускуналари олиб келдилар. Вилоятлардаги вакилликлар қошида кутубхоналар ташкил этиб, кўплаб диний-маърифий китоблар билан бойитишга уриндилар. Сўнг Кувайт мамлакатига сафар қилиб, Вақф ва исломий ишлар вазирлиги раҳбарлари билан келишиб, Ўзбекистонда Кувайт Халқаро Ислом хайрия жамғармаси бўлимини очдилар. Биз юртимиздаги Мусҳафи Усмоний, яъни ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Қуръони билан фахрланамиз. Лекин кўпларимиз биламизми, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф муфтийлиги даврида – 1989 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Тошкентдаги тарих музейида сақланаётган бу муборак манба Диний идорага топширилган эди. 


Халқ вакили бўлишлари 
Шайх ҳазратлари 1989 йилнинг декабрь ойида собиқ Иттифоқ Олий кенгашига депутат этиб сайландилар ва бу мақомдан ҳам Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари манфаати учун унумли фойдаландилар. Шайх ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари раиси ҳамда халқ депутати сифатида собиқ Иттифоқ ҳукуматига махсус Баённома билан чиқдилар. Баённомада мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, муқаддас Ислом дини арконларини адо этиш имкониятини қайта тиклаш масалалари қайд этилган эди. Бу ташаббус яхши натижа бериб, ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан сиёсати яхши томонга бурилди, ижобий ўзгаришлар амалга оширила бошлади, кўплаб масжид ва мадрасалар очилди. У кишининг саъй-ҳаракати билан ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар саноғи кескин кўпайди. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларининг ўзидан беш юз нафар мусулмонни Тошкент шаҳри орқали муборак ҳаж зиёратига жўнатишга эришилди. Бугунги кунда бу саноқ оз туюлиши мумкин. Лекин унутмаслик керакки, ўша даврда собиқ Иттифоқнинг барча республикаларидан жами 20-30 кишигина ҳажга борар эди, холос. Бир миллион адад Қуръони Карим. Бу кун биз муқаддас ва муборак Қуръони Каримнинг асл арабий нусхасини Ўзбекистонда нашр этишга эришиб турибмиз. Лекин мустамлака давридан энди чиққан халқлар Қуръони Каримга қанчалик муҳтож эканлигини ёши катта кишилар яхши билишади. Ўша даврда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудиядаги «Ислом олами робитаси» раҳбарлари билан мулоқотга киришган, натижада Саудия подшоҳи, марҳум Фаҳд ибн Абдулазиз номидан собиқ Иттифоқ мусулмонлари учун бир миллион ададда турли ҳажмдаги Қуръони карим нусхаларининг ҳадя қилинишига эришилган эди. 


Маънавий равнақ омиллари 
Шу ўринда мамлакат равнақи, халқнинг маънавий ва моддий фаровонлиги, барча соҳадаги ишларнинг ривожи истеъдодли шахсларга, уларнинг садоқати ва фаолиятига боғлиқ эканини таъкидлашимиз керак. Ўзбекистондаги иқтидорли имом-домлаларнинг малакасини ошириш учун чет эллардаги олий ўқув даргоҳларига ўқишга юбориш, Ўзбекистондаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтига хориждан талабалар қабул қилиш, – китоблар ва оммавий ахборот воситалари орқали диний-маърифат тарқатиш имкониятларидан тўғри фойдаланиш, «Мовароуннаҳр мусулмонлари» (кейинчалик «Ҳидоят» номини олган) журналини янги ном ва янгича мазмун билан бойитиб, нашр этиш, «Ислом нури» газетасини кўп нусхада чоп этиш каби ишларда бош бўлиш – булар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг муфтийлик фаолиятидаги энг муҳим нуқталардандир. Ислом шарафини ҳимоя қилишлари Шайх ҳазратлари газета-журналларга катта ғайрат билан турли мавзуларда мақолалар ёзар, агар бирор газетада муқаддас динимизга зид келадиган мақола чиқиб қолса, ёки оинаи жаҳонда Ислом дини ёки мусулмонларни масхара қиладиган бирорта қинғир кўрсатув бўлиб қолса, дарҳол муносабат билдирар, Ислом оламининг, мусулмонларнинг обрў-эътибори, шон-шарафини вазминлик ва виқор билан муҳофаза қилар эдилар. 
Шайх ҳазратларининг радио орқали олиб борган савол-жавоб тарзидаги суҳбатлари, «Зикр аҳлидан сўранг» рукнидаги туркум китоблари у зотнинг доимий равишда – кечаю кундуз халқ билан мулоқотда бўлиб турганларига, мудом халқ дарди билан, мусулмонлар муаммолари билан яшаганларига равшан далилдир. 


Тақвимни шахсан назорат этишлари 
Кейинги 25-30 йиллик тақвимларни қиёслаб кўрсангиз, кунчиқар ёки кунботар вақтларининг хилма-хил белгиланганини кузатасиз. Ёки Рамазон ойи ва ҳайит кунларининг қўшни республикалар билан бир кун, баъзан икки кунга фарқланганини кўриб, ҳайрон қоласиз. Шайх Муҳаммад Содиқ  Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тақвимни шахсан ўзлари назорат қилар, Рамазон яқинлашган кунларда Тошкентдаги астрономия илмий-тадқиқот институтига ўзлари бориб, ҳолатни кузатиб, энг тўғри маълумотга эга бўлгач, оинаи жаҳон орқали Рамазон ёки ҳайит кунларини эълон қилар эдилар. Бу ишдан ҳеч кимнинг кўнглида шубҳа ва ихтилоф қолмас эди.  


Тасаввуфга муносабат
Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон азиз-авлиёлар, уламо ва фузало зотлар юртидир. Бу диёрда тасаввуф таълими, Хожагон-Нақшбандия таълимоти энг асосий руҳий тарбия мактаби вазифасини ўтаб келган. Ҳаёт қатламларида ўзларига берилган эркинликни суиистеъмол қилиб, ҳаётбахш тасаввуф таълимотига тош отадиган баъзи оқимлар ҳам пайдо бўлгани, сир эмас. Ана шундай даврда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Тасаввуф ҳақида тасаввур» ҳамда «Руҳий тарбия» китобларини тасниф этиб, бу камолот ва олий маънавият йўлининг тўғрилигини ишончли илмий далиллар билан исбот қилиб бердилар. Шу йўл билан – ҳам мусулмонлар бирлигини сақлашга, ҳам буюк аждодларимиз йўлини муҳофаза қилишга муваффақ бўлдилар.  


Зиёлилар билан ҳамжиҳат яшаганлари  
Шайх ҳазратлари зиёлилар, олимлар, адиблар, шоирлар ҳаётига бефарқ эмас эдилар, аксинча, уларнинг ҳол-аҳволи, қувончи ва ташвишларига доим шерик эдилар. Мана шу услубда зиёлилар қалбини эзгуликка, дину диёнатга, поклик ва юксак ахлоқ томонга тортар эдилар. Ана шу юксак одоблари билан у зот ўзбек адабиёти равнақига ҳам улкан ҳисса қўшганлар, десак, кўплар ажабланиши мумкин. «У киши улуғ олим бўлсалар, адабиётга нима алоқаси бор?» дейишлари мумкин. Ҳолбуки...


Буюк шоир Абдулла Ориповнинг «Ҳикмат садолари» ва «Ҳаж дафтари» туркумлари  
Ҳазрати Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (“Энг ишончли ҳадислар тўплами”) китоби илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, 1991 йилдан бошлаб нашр этила бошлади. Ўша вақтда улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов бемор бўлиб, давлат шифохонасида даволанаётган эди. Шайх ҳазратлари буюк шоирнинг ҳолидан хабар олгани бориб, у кишига энди босмадан чиққан Имом Бухорий китобининг 1-жилдини ҳадя қилганлар.  


Абдулла Орипов ҳам бу чиройли ҳадяга чиройли ҳадя билан жавоб беришни ўз инсоний ва виждоний бурчи деб билди ва бу муборак ҳадис тўпламини ўқиб, юксак мақомдаги “Ҳикмат садолари” туркум шеърларини ёзиб, нашр эттирди. Бу ташаббус ўзбек адабиётида ҳазрат Алишер Навоийнинг қирқ ҳадис маъносини жамлаган “Арбаъин” китобидан кейинги иккинчи қадам эди. Шайх ҳазратлари ўзбек зиёлиларини муборак ҳаж зиёратига рағбатлантиришга ҳам катта эътибор берар эдилар. Абдулла Ориповнинг “Ҳикмат садолари” туркуми маънавият мусобақасида ғолиб бўлиб, шоирни ҳажга юборишга қарор қилинди. Чин маънодаги халқ шоири Абдулла Орипов ўз таассуротлари натижасида “Ҳаж дафтари” китобини ёзди. Шундай қилиб, ўзбек адабиёти нурли ва файзли икки асар билан бойиди. Бунга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сабаб бўлдилар. 


Халқаро миқёсдаги мавқелари 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборлари, минтақада тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасидаги хизматларини эслаб ўтиш лозим бўлади. У киши фақат Ўзбекистон ёки эски даврда собиқ Иттифоқ ҳудудидагина эмас, балки халқаро миқёсда ҳам тинчлик-осойишталик учун, дунё мусулмонлари манфаати учун кенг кўламда фаолият юритган шахс эдилар. Жумладан, собиқ шўро делегацияси сафида бир нечта давлатларга сафар қилганлар, Афғонистон жангчиларининг Пешовардаги қароргоҳида музокаралар олиб бориб, тинчликпарварлик борасида ҳам жонкуярлик қилганлар.

 
Мирзо Кенжабек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси  
маркази бўлим бошлиғи 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрат Авлиё домла таълим олаётган жамоага тақво ва илмда ажралиб турувчи талабалар тўпланган. Бежизга мазкур жамоа .Авлиёлар жамоаси, деб аталмаган. Мазкур давоми...

1644 16:00 / 13.01.2022
Дадам халққа, динга шунча хизмат қилсалар ҳам, биз учун, набиралари учун ҳам алоҳида вақт топиб, таълимтарбияда қоим бўлди. Ўзлари имом, олим бўлсалар ҳам, бизга давоми...

1658 17:32 / 24 январь
Таниқли даъватчи ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган Абдуллоҳ Бониъма фоний дунёдан охират сари риҳлат қилдилар. Бу зот Аллоҳнинг синовига учраб ўттиз йил фалаж давоми...

1658 16:00 / 01.02.2023
Ушбу рисолаи шарифни шайхул ислом Ҳожа Муҳаммад эшон тебратган сулук йўллариТариқати Нақшбандийя МажзубийяМусулмон бандаман.Беш ислом асосим бор.Олти калимаи давоми...

1519 11:30 / 23.11.2021
Аудиолар

120556 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7051 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42160 14:35 / 11.08.2021