1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Олимлар очлик билан даволашда юқори натижаларга эришдилар

14:21 / 25.03.2023 1562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айни пайтда Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртларнинг вакиллари, улардаги илмий-тадқиқот марказлари ва тиббиёт хизматлари рўзанинг инсон саломатлигига қанчалик фойдали экани ҳақида кашфиётлар қилишар, тажрибалар ўтказишар, илмий асарлар ёзишар эди. Энг қизиғи, ўша рўзанинг, ихтиёрий оч қолишнинг фойдаси ҳақида гап кўтарганларнинг кўзга кўринганлари биздаги худосизларнинг катта оғалари эди. Кейинроқ тараққий этган бошқа давлатларда бу борада анча ишлар қилингани аниқ бўлди. Жумладан, Англия, Франция, Олмония ва АҚШдаги олимлар очлик билан даволаш ҳақида жиддий натижаларга эришдилар.


Одамлар маълум пайтлар ва мавсумларда емак-ичмакдан парҳез қилишади. Бу нарса эса турли касалликларнинг, ҳатто тузалмас дардларнинг олдини олади ёки шифо бўлади. Инсон туғилганидан то вафотига қадар узлуксиз ишлаган ҳазм аъзолари йилнинг маълум бир ойида ярим кундан (12 соатдан) ортиқ ишламай туриши тиббий жиҳатдан фойда экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳар ўн икки ойнинг бирида овқат ҳазм қилиш тизимининг ишлашдан тўхтаб туриши организмга кони фойда бўлиб, уни турли хасталиклардан сақлайди. Буни тиббиёт инкор қилмайди.


Инсон вужуди ушбу бир ой давомида мутлақо янги таъминот тартибига мослашади. Натижада унинг хасталикларга қарши кураш қобилияти ортади, озиқ-овқатдан тўла фойдаланиш учун зарур вақт билан таъминланади. Одам кун бўйи енгил юради, кечаси эса тўлиқ дам олиш ва куч йиғиш имкониятига эга бўлади. Бу аснода кўрсатилган сабр-тоқат шахснинг камолотида катта аҳамият касб этади. Қоннинг ичакда эмас, мияда ишлаши натижасида киши соғлом фикрлайди, воқеа-ҳодисаларни тўғри баҳолайди ва дунёқарашнинг аниқлигига эришади. Демак, рўзанинг зарари тўғрисидаги гаплар бутунлай асоссиз, пучдир.


Тиббиёт муассасаларида олиб борилган бир тадқиқотда қоғозли электрофорез усули билан рўза тутганларнинг вакцина протеинлари ўрганилиб, рўзанинг вакцина протеинларига салбий таъсир қилмаслиги олимлар томонидан эълон қилинди. Рўзанинг меъда ярасига салбий таъсири бор-йўқлиги ҳақида ҳам турли тортишувлар бормоқда. Очлик меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраларига салбий таъсир кўрсатган ҳоллар ҳам учрайди. Маълум бўлишича, ошқозон яраси муайян мавсумларда фаоллашади. Бинобарин, Рамазон ойи ўша яранинг фаоллашган даврига тўғри келган пайтлардагина рўза салбий таъсир қилиши мумкин. Зотан, ибодат ва бошқа мавзуларда осонликни улуғловчи динимиз томонидан ҳам яра фаоллашган даврларда рўза тутмаслик мумкинлиги, фарз рўзанинг қазосини эса бошқа пайтда тутиш мумкинлиги қайд этилган.


Тиббиёт дорилфунунларида ўтказилган йигирма йиллик кузатувларга кўра, ошқозон яраси касаллиги Рамазон ойида сезиларли даражада ортган. Аммо бу рўзанинг инсон соғлиғига зарари кўп дегани эмас. Динимиз бундай беморларга рўза тутмасликка рухсат беради. Аксинча, рўза тутишга кучи етмайдиганлар учун рўза тутмаслик вожибдир. Рўза туфайли жиддий зарар кўрадиган, машаққат чекадиган беморлар рўзасини бузиш ҳуқуқига эгадирлар.


Ибн Сирин «Инсон хасталиги оғирлашадиган ҳолга тушса, рўзасини бузиши мумкин» деган. Ҳасан Басрий: «Хасталик туфайли оёққа туришнинг иложи бўлмаса, рўзани очиш мумкин» деган.


Рўзанинг зарарсизлигини, аксинча, соғлиққа катта фойдаси борлигини кўрсатувчи манбалар жуда кўп. Уламоларимиз инсоннинг моддий майлларга асир бўлмаслигини, нафснинг буйруқларига мутеъ бўлиб ҳаёт кечирмаслигини, аксинча, руҳнинг жасадга ҳукмронлигини таъминловчи энг таъсирли йўл рўза эканини таъкидлашади. Профессор Ҳамидуллоҳ шундай дейди: «Рўза ойи бўлмиш Рамазон вақти-вақти билан қишга, ёзга – йилнинг барча мавсумларига тўғри келади. Рўза тутган одам ёзнинг жазирама иссиғида ёки қишнинг қаҳратон совуғида турли маҳрумиятларга кўникади. Шубҳа йўқки, одам бундан соғлиқ жиҳатидан ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам, бошқа томонлардан ҳам фойда кўради». Хейг, Бирхер-Бенер, Ноорден, Ламан, Платен, Мюллер каби европалик олимлар эса касалларни рўза туттириб даволамоқдалар.


«Мўминнинг қалқони» китоби асосида тайёрланган
 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муборак Рамазон ойининг бари, кечаларию кундузлари барака ва раҳмат ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги бошқаларидан хос бўлган улкан хусусият ва олий фазилатлар давоми...

8122 17:17 / 08.06.2018
Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлсада, аслида, аҳли суннат валжамоатнинг тўрт мазҳаби давоми...

5606 05:00 / 14.01.2017
1210. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳилолни кўрмагунингизча рўза тутманглар. Уни кўрмагунингизча оғиз давоми...

5383 18:00 / 18.04.2020
1. Баданингиздаги саксон фоиз заҳарли моддалар чиқиб кетади.2. Ошқозон ости бези фаол ишлайди. Шу боис қандли диабет касаллигига чалиниш саккиз ой муддат ортга давоми...

1364 19:02 / 24 март