1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Солиҳ Фурфур раҳимаҳуллоҳ

17:00 / 17.02.2023 1391 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У кишининг тўлиқ исмлари Муҳаммад Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Солиҳ ибн Саъид ибн Абдуллоҳ ибн Фурфурий ад-Димашқий ал-Ҳанафий бўлиб, Шом диёридаги машҳур Бани Фурфур оиласининг кўзга кўринган вакилидирлар.

Туғилишлари ва униб ўсишлари

Муҳаммад Солиҳ Фурфур ҳазратлари ҳижрий 1318, милодий 1901 йилда Дамашқда таваллуд топдилар ва солиҳ ота-онанинг тарбияси остида униб ўсдилар. 6 ёшларида оталари у кишини Қуръон, қироат, ёзиш ва ҳисоб илмини ўрганишлари учун мактабга олиб бордилар. Мактабдаги устозлари шайх Анис Толавий эдилар. Мактабдан сўнг мадрасага топширдилар. Муҳаммад Солиҳ Фурфур ҳазратлари мадрасани тамомлагач, оталари у зотдан «илм талабида бўлишлари, ота-боболарининг йўлини давом эттириш» ҳақида аҳд оладилар. Воқеамиз қаҳрамони бу борада оталарига сўз бериб, Дамашқ уламоларининг этагини тутдилар.

Касб билан шуғулланишлари

Ҳижрий 1336 йилда оталари Абдуллоҳ вафот этадилар, оиланинг қолган аъзолари уларни таъминотини қиладиган кишига эҳтиёж сездилар. Бировга қарам бўлиб қолмаслик учун шайх Муҳаммад Солиҳ ҳазратлари касб-кор қилишга мажбур бўлдилар. «Умавий» жомеъ масжиди ёнидаги Қабоқибия бозорида дурадгорлик билан шуғулландилар. Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ Муҳаммад Солиҳ ҳазратларининг касблари ҳақида «Зикрийят» асарларида: «У киши ажойиб дурадгор эдилар. Қўл меҳнати билан ҳалол пул топиб, ҳалол луқма ила тирикчилик қилардилар. Бу саҳобалар ва улуғ уламоларнинг тутган йўлларидир. Шайх Ҳошим Хатибнинг масжиддаги дарсларига бориб, ундан сўнг бозордаги дўконларини юритардилар. У киши ишларини пухта бажарардилар ва олдиларига келган инсонларга панду насиҳат қилардилар. Озгина ҳалол пулга қаноат қилардилар. Иш мобайнида ёлғон гапирмасдилар, тамаъ қилмасдилар ва ўзларининг соҳаларида пешқадамликни даъво қилмасдилар» деб келтирганлар.

Шайхлари

Муҳаммад Солиҳ Фурфур раҳимаҳуллоҳ Дамашқнинг энг буюк уламолари қўлида таҳсил олдилар. Бу уламолар рўйхатининг аввалида, аллома, буюк муҳаддис, шайх Муҳаммад Бадруддин Ҳасаний ҳазратлари турадилар. Шайх Фурфур раҳимаҳуллоҳ аллома, фақиҳ, зоҳид, шайх Солиҳ ибн Асъад ал-Ҳимсийда, Шом диёри муфтийси шайх Муҳаммад Атоуллоҳ Касмда, фалакиёт илмини шайх Муҳаммад Саъатийда, Қуръони Каримни шайх Муҳаммад Салим Ҳалвонийда, шайх Муҳаммад ибн Жаъфар Каттонийда, шайх Муҳаммад Амин Сувайдда, шайх Абдулкарим Ҳамзавийда, шайх Муҳаммад Нажиб Кайванда, шайх Муҳаммад Ҳошим Хатибда, шайх Абдурраззоқ Устувонийда, шайх Маҳмуд Атторда, шайх Муҳаммад Шариф Яъқубий ва Шомнинг бошқа кўплаб уламоларининг дарс ҳалқаларида иштирок этдилар.

Шогирдлари

Шайх Абдурраззоқ Ҳалабий.

Шайх Рамзий ал-Бизм.

Шайх Муҳаммад Адиб Каллас.

Шайх Иброҳим Яъқубий.

Шайх Субҳий Бағжатий.

Шайх Шуайб Арнаут ва бошқалар.

Таълим ва тарбиядаги услублари.

Аввало, илмга аҳамият қаратиш. Хусусан, усулул фиқҳ, Ҳанафий мазҳабини ўрганиш ва араб тилига эътибор қаратиш.

Талабаларнинг қалбига ишонч, журъат ва ҳикматга қоришган шижоатни экиш.

Шогирдларининг шахсиятида куч-қувват билан бирга ташқи гўзаллик ва қалб софлиги ўртасидаги мувозанатни ривожлантириш.

Толиби илмни моддий томондан таъминлашга уриниш.

Илмий фаолиятлари

У киши дастлаб Байрутда бир неча йиллар давомида дарс бердилар, кейин у ерни тарк этдилар. Ҳижрий 1375 йилда, милодий 1956 йилда Дамашқда бир гуруҳ юқори курс талабалари ва бир нечта солиҳ савдогарлар билан бирга Исломий Фатҳ жамиятига асос солдилар.

Шайх раҳимаҳуллоҳ таълим ва иршод соҳасида бир қатор илмий ишларни амалга оширдилар. Толиби илмлар ва савдогарлар учун илмий дарс ҳалқалари ташкил этдилар.

Бундан ташқари, ваъз услубида Аллоҳга тавба қилиш, Унга қайтиш каби мавзуларни эслатма тарзида оммага тақдим этдилар.

Ахлоқ ва сифатлари

Шайх Фурфур раҳимаҳуллоҳ олий мақом ишларни яхши кўрар ва бекорчи нарсаларни ёқтирмас эдилар. Ҳар бир ишни ўз ўрнига қўядиган ҳаким киши эдилар. Ўзларини хор қилмаган ҳолда тавозуъли, ҳақ сўзга амал қилувчи, бу борада ҳеч бир инсондан қўрқмайдиган, мутакаббирлик қилмай, ўзини ҳурмат қилувчи олим эдилар. Олийжаноблик, қўли очиқлик, саховатпешалик, Аллоҳ йўлида кўп инфоқ-эҳсон қилиш у зотнинг гўзал ахлоқларидан эди. Мулойимлик ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш у зотнинг фазилатларидан эди.

Ўзларига хос хусусиятлари ва шижоатлари

Шайх Фурфур раҳимаҳуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фарзандларингизга сузишни, чавандозликни ва мерганликни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар» деган ҳадисларига мувофиқ чавандозлик, мерганлик, сузиш, кураш, қиличбозлик каби паҳлавонликнинг турли кўринишларига қизиқардилар ва улар билан шуғулланишга вақт топардилар. У киши фарзандлари ва шогирдлари илм, дин ва дунёни жамлаган баркамол инсонлар бўлиб етишишлари учун уларни мазкур спорт турларини ўрганишга қизиқтирар эдилар.

Ахлоқлари

Шайх Фурфур раҳимаҳуллоҳ қўни қўшниларга, таниган билганларга, илм йўлида тараққий этишларида ёрдам қўлини чўзган инсонларга ва устозларнинг фарзандларига ниҳоятда вафодор эдилар. Шайх Фурфур раҳимаҳуллоҳ уларнинг қадрига етар, ҳурматларини жойига қўяр ва ниҳоятда икром қилар эдилар.

Асарлари

1. «Ан-Нисаийят минал аҳадисин набавийятиш шарифати».

2. «Мин мишкатин нубувваҳ фи шарҳил арбаъинин набавийяҳ»

3. «Ар-Рисалатун нафиъаҳ вал ҳужжатул қотиъаҳ».

4. «Ад-Дуррул мансур ъалаз-зияил марфур фи аъяни бани фурфур»

5. «Силсилатил хулуд»

6. «Фиқҳус сийрати набавийяти»

7. «Шарҳур Рисалатин нафиъати фит тавҳид»

8. «Рисалатун фил аҳкамил масжиди фил ислам»

9. «Аалаам ва аамаал» номли шеърий девон. Буни ўғиллари доктор Абдуллатиф жамлаган.

Ижоза бўйича устозлари

Шайх Муҳаммад Солиҳ Фурфур раҳимаҳуллоҳ замонасиниг бир неча улуғ шайхларидан юксак олий илмий ижозаларини олганлар. Жумладан:

1. Шайх Муҳаммад Салим ибн Аҳмад Ҳалвоний

2. Шайх Муҳаммад ибн Жаъфар Каттоний

3. Шайх Солиҳ ибн Аҳмад ал_Ҳимсий

4. Шайх Муҳаммад Али ибн Аъзам Ҳусайн ас-Сиддиқий

5. Шайх Абдулқодир ибн Тавфиқ Тароблусий

Эгаллаган мансаблари

- Шайх Муҳаммад Солиҳ Фурфур раҳимаҳуллоҳ турли масжидларда диний мударрис вазифасида хизмат қилганлар, шулардан энг муҳими Умавийлар масжидидир.

- «Синон оға» масжидида имом ва хатиблик вазифасида бўлганлар.

- «Ал Фатҳул исламий» жамиятида таъсис этилганидан бошлаб раис бўлганлар.

- Дамашқ уламолари жамиятининг аъзоси бўлганлар.

Вафотлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча пайғамбарларнинг меросхўрларидан бўлган Шом фақиҳи, улуғ аллома, мураббий, шайх Муҳаммад Солиҳ Фурфур раҳимаҳуллоҳ илм ва фазилатни ёйиш йўлида кўп сермазмун умр кечирдилар. У зот 1407 ҳижрий йил, муҳаррам ойининг 5-санасида, сешанба куни дорул бақога риҳлат қилдилар. Жанозлари Умавий масжидида адо этилиб, шайх Арслон Димашқий масжиди ёнидаги қабристонга бобокалонларидан бўлган қозилар қозиси Валиюддин ибн Фурфурнинг ёнларига дафн этилдилар. Шомнинг забардаст уламоларидан шайх Абдурраззоқ Ҳалабий ва шайх Муҳаммад Рожиҳ ва бошқа уламолар у киши ҳақларида кўплаб мақтовли сўзлар айтишган

Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Солиҳ Фурфур ҳазратларини раҳматига олсин, қабрларини кенг ва ёруғ айлаб, қолдирган илмларидан кўп фойда олишимизни барчамизга насиб этсин!

Манбалар асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақолада 20 асрда яшаб, фаолият юритган, қорилар султони халқ орасида .қўнғироқ қори,, .булбул қори, дея машҳур бўлган зот, ҳофизи Каломуллоҳ Муҳаммад Шариф қори давоми...

2738 14:00 / 22.05.2022
Уларнинг қисқача таржимаи ҳоли ва илмий фаолияти билан таништирамиз. Устоз Миср Араб республикаси, Қоҳира шаҳрида истиқомат қилади. Қоҳира университети усулид давоми...

1323 18:58 / 15.11.2022
Ҳақиқий мулкдорлик биров сенга хўжайин бўлмаслигидир. Рағбат сенга эга чиқмаслигидир. Ҳавас сени олдида ҳайдамаслигидир.Ҳақиқий салтанат ҳар кун қалблар давоми...

2088 11:17 / 03.06.2021
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг давоми...

505 17:25 / 26 апрель
Аудиолар

120548 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7050 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42155 14:35 / 11.08.2021