1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жума

Дуо ижобат бўладиган вақт

09:58 / 10.02.2023 1860 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўша (соат) имом (минбарга) ўтирганидан бошлаб, намоз ўқилиб бўлгунча», – деганларини эшитдим».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


Термизийнинг лафзида:
«Жумада бир соат бордир. Банда унда Аллоҳдан нимани сўраса, албатта Аллоҳ уни берур», – дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси соат?» – де­йишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозга иқомат айтилганидан бошлаб, уни тугатгунича», – дедилар».


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва: «Унда бир соат бор, қайси бир мусулмон банда ўша соатда туриб намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса, албатта, У Зот унга ўшани бергай», – дедилар ва қўллари билан ўша(соат)нинг озлигини кўрсатдилар».
Муслим ривоят қилган.

Амр ибн Авф Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума кунида бир вақт борки, банда унда Аллоҳдан нимаики сўраса, Аллоҳ таоло унга беради», – дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси вақт?» – деб сўрашди. «У намозга такбир айтилгандан то намозни тугатгунларича», – дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни ўн икки соатдир. Ундан бир соатда қайси мусулмон Аллоҳдан бирор нарсани сўраган ҳолда топилса, Аллоҳ азза ва жалла унга ўша нарсани берур. Бас, уни асрдан кейинги охирги соатдан изланглар», – дедилар».
Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Одам шу куни яратилган. У шу куни жаннатга киритилган. У шу куни жаннатдан туширилган. Унда бир соат борки, қайси бир мусулмон банда ўша соатда намоз ўқиб, Аллоҳдан бирор нарса сўраса, Аллоҳ сўраган нарсасини албатта унга берур», – дедилар».
Абу Ҳурайра айтади: «Абдуллоҳ ибн Саломни учратиб, унга ушбу ҳадисни зикр қилдим. У менга: «Мен ўша соатни биламан», – деди. «Менга унинг хабарини бер. У ҳақда менга бахиллик қилма», – дедим. «У (соат) асрдан сўнг қуёш ботгунча», – деди. «Қандай қилиб асрдан кейин бўлиши мумкин? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон банда ўша(соат)ни намоз ўқиган ҳолида топса», – деганлар-ку?! Мазкур соатда эса намоз ўқилмайди», – дедим. Абдуллоҳ ибн Салом: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозга интизор бўлиб ўтирса, намозда бўлади», демаганларми?» – деди. «Ҳа», – дедим. «У худди шунинг ўзи», – деди».
Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Икковлари:
«У қуёш ботишидан олдинги охирги соатдир», – дейишган.


«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз мойидан, уйидаги давоми...

2137 04:00 / 12.08.2022
Солиҳлардан бири .Кимнинг жумаси мақбул бўлса, ҳафтасининг қолган кунлари ҳам мақбул бўлади,, деган экан.Солиҳлардан бири деди .Жума куни аср билан шом орасида дуо давоми...

1880 08:50 / 17.12.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Беш вақт намоз, жумадан жумагача ва Рамазондан Рамазонгача бўлган ушбу давоми...

689 10:41 / 22 март
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким жума куни бомдод намозидан олдин .Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал давоми...

6737 15:11 / 26.01.2023