1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Яхшилик қилинг, самарасини ўзингиз кўрасиз

17:00 / 08.08.2022 2749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя қилишларича, бир аёл оиласи учун ҳар куни нон ёпарди. Шу нон ёпиш асносида оч қолган йўловчилар учун ҳам қўшимча нон тайёрлар эди. Янги, иссиққина тандирдан узилган нонни дераза пештоқига қўяр, ўтиб кетаётган фақир йўловчилар олиб кетишини умид қилар эди. Ҳар куни дераза олдидан фақир, букриси бор киши ўтар эди. У ҳар сафар деразадаги нондан олиб кетар эди. Ҳар гал нон олгач, уй аҳлига ташаккур айтиш ўрнига ушбу сўзларни айтар эди: «Бировга ёмонлик қилсанг, у ўзинг билан қолади, бировга яхшилик қилсанг, ўзинга қайтиб келади».

Бояги киши ташаккур айтмагани учун аёлнинг юраги сиқилар, кўрсатилаётган бундай яхшиликка миннатдорчилик билдирмаётганига бироз хафа бўлар эди.

Бир куни ўзига-ўзи шундай деди: «Бу одам шу йўлдан ҳар куни ўтади. Тушунарсиз гапини ҳар куни такрор айтади. У бу гапи билан нима демоқчи экан-а?».

Шундай қилиб аёл ўзининг кўнглига бир ишни тугди-да: «Бу фақирдан яқинда қутуламан» деб қарор қилди.

Қарорни амалга ошириш учун йўловчиларга тайёрлайдиган нонга бироз заҳар қўшиб юборди. Сўнг ўша нонни дераза пештоқига қўйиб қўйди. Нонни қўйишга қўяди-ю, аммо нима иш қилиб қўйдим деб хотиржамлигини йўқотади. Дарҳол деразада турган заҳарли нонни олиб, ўтга улоқтиради. Деразага заҳар қўшилмаган бошқа нон қўяди. Одатдагидек фақир киши йўлдан ўтиб кетаётган деразадаги нонни олиб, ҳар доимгидек ўша сўзларни айтиб ўтиб кетади. Аёлнинг фикрида рўй бераётган курашда бу бечора фақир бехабар эди. Аёл ҳар куни нон тайёрлар, узоқ муддатдан бери ном нишонсиз кетган ўғлининг ҳаққига дуо қилар эди. Мана орадан бир неча йиллар ўтибдики, ўғлидан бирор хабар йўқ. Бечора онаизор доим Аллоҳга дуо қилар, ўғлини соғ-саломат қайтиб келишини сўрар эди. Заҳарланган нонни деразадан олиб ташлаган куни кечқурун, эшик тақиллади. Муштипар она эшикни очиб қараса, рўпарасида ўғли турар эди. Ўғил жуда ҳам чарчаган, оч қолган ва тинка мадори қуриган, кийимлари йиртилиб кетай деган бир аҳволда эди. Онасини кўриши биланоқ: «Менинг бу ерда туришим бир мўъжизадир. Бу ердан бир неча километр узоқдан келаётган эдим. Куч-қувватим қолмаган, қаттиқ чарчаган, йўлда ҳушимдан кетадиган бир аҳволда эдим. Агар ёнимдан бир букри одам ўтиб қолмаганда ва у менга таом беришини сўрамаганимда, ўлиб қолишим мумкин эди. Букри олийжаноб киши экан. Таом сўраганимда бут-бутун нонни менга бериб юборди. Нон бераётганда, бу нон унинг бир кунлик таоми экан, бугун уни менга бераётганини, чунки менинг таомга бўлган ҳожатим уникидан кўпроқ эканини таъкидлади».

Она ўғлидан бу гапни эшитиши биланоқ, хавотирга тушиб, юзида қўрқув асари билиниб, эшикка суяниб қолди ва бугун эрталаб тайёрлаган заҳарли нонни эслади. Агар уни олиб, ўтга ташламаганида, фарзанди уни еб, ҳаётдан кўз юмиши мумкин эди. Она ўша онда ҳалиги фақирнинг «Бировга ёмонлик қилсанг, у ўзинг билан қолади, бировга яхшилик қилсанг, ўзинга қайтиб келади», деган гапининг маъносини тушуниб етди.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бечора болажонларhellip Ўз хатоларимиз туфайли сизларни бунчалар жазоламасакБечора болажонлар... Ўзимизнинг камчиликларни деб сизларга бунчалар зулм давоми...

1706 13:00 / 03.11.2021
Расмга олган киши айтяпти .Машина ойнасини бир маймун таққиллатди, оч қолгани сезилиб турарди, унга апельсин бердим, кетди. Бироз кузатиб турсам, бошқа маймуннинг давоми...

1396 14:00 / 24.08.2022
Эй иймон келтирганлар Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари давоми...

4028 16:28 / 04.01.2018
Марҳум суриялик режиссёр, доктор Мустафо Аққод ҳаёти ҳақида гапириб берар экан, қуйидагича ҳикоя қилади.Илгари мен оналар ёлғон гапирмайди деб ўйлар эдим, аммо давоми...

3240 17:18 / 30.12.2023