1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Доктор Тоҳо Ҳубайший – аллома, мутасаввиф, дин ҳимоячиси

17:00 / 29.07.2022 1371 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларидан бир қадаҳ тотганимизда эди, у зотнинг суннатларини ва кўп салавот йўллашни тарк қилмаган бўлардик

(иккинчи мақола)

Доктор Тоҳо Ҳубайший талабалик чоғиданоқ дарс беришни бошлаб, умрининг охиригача турли илм даргоҳларида маърифат нурини тарқатиш билан машғул бўлди. У зот ўзидан жуда кўплаб шогирдлар чиқарди. Хусусан, ўзбекистонлик талабаларга ҳам алоҳида меҳр кўрсатиб, дарс беришга ошиқди. 2019 йил ал-Азҳарнинг талабалар турар жойи мажлислар залида юртимиз талабалари учун алоҳида дарс ташкил қилиб, Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақидатут таҳовия» китобидан дарс берди. У зот дарсни гўёки муаллиф билан гаплашаётгандек ўтар ва кенг шарҳлар эдилар. У киши илмлари чуқур, ихлослари баланд, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам муҳаббатли эди. Ҳар бир дарслари якунида албатта салавот ва Қуръони Карим тиловати қилинар эди. Доктор Тоҳо Ҳубайший саломатлик жиҳатидан баъзан оғир ҳолатларга дуч келсада, доимо ўзини тик тутиб Аллоҳнинг қадарига таслим бўлиб, машаққат, мусибатларни иймон ва сабр билан енга олди ва гўзал ахлоқи, кучли шахсияти билан барчага намуна бўлиб, ўзидан улкан илмий мерос, қолдирди.

Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг хотираси кучли, ўта синчков, зеҳни ўткир бўлган. Бунга биргина мисол тариқасида 2016-йили Ўзбекистонга илмий сафари таассуротлари ҳақидаги «Риҳлатий ила Узбакистан» (Ўзбекистонга сафарим) деб номланган китобларидан ҳам яққол билиш мумкин. Сафар чоғида у зотга мисрлик олим шайх Жамолиддин Ҳошим ҳафизаҳуллоҳ, шогирди шайх Моҳаб Баъдаш Тунисий ва докторнинг турмуш ўртоғи ҳамроҳлик қилишган. Бир ҳафта давом этган илмий сафар юртимиз илм шайдолари учун ҳам жуда манфаатли бўлган. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти ва Ислом билим юртларида илмий мажлисларда қатнашиб, суҳбат ўтказган. Олти кун давом этган бу сафарни Мисрга қайтиши билан мазкур китобда батафсил ёритган. Унда қайси самолётнинг нечанчи рейсида учгани, йўлда қандай воқеалар бўлгани, Ўзбекистон тарихи, жўғрофияси, алломаларимиз ҳаёти, тарихий жойларга зиёрати ва ҳатто кичкина кўчаларнинг номларигача эътибор қилиб китобда қайд қилган.

Шайх Моҳаб айтади: «Ўзбекистонга сафаримизда устозимнинг илмга муҳаббати, жидди-жаҳд билан тиришиши ва ғайратига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Кундузи билан илмий учрашувлар, зиёратлар билан тинмасди. Кечки пайт меҳмонхонага қайтганимизда мендан Ўзбекистон алломалари, у ерда олдин ўтган ҳукмдорлар ҳаёти ва  тарихи, ҳар бир вилоятларга хос маълумотларни сўраб оларди. Мен имкон борича бу ҳақда китобларни топиб ўқиб берардим. Ушбу бир ҳафталик сафар мобайнида умумий ҳисобланса, ўн соатга яқин ухлади холос. Мисрга қайтганимиздан кейин, қисқа муддатда Ўзбекистонга сафаримиз ҳақида китоби чиқди».

Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг оиласи ҳақида

Доктор Тоҳо Ҳубайший табиати ўта нозик, талабчан бўлгани учун аввалига уйланишдан кўп бош тортади. Бунинг сабабини бўлажак келиннинг ҳаққида камчиликка йўл қўйиши мумкинлиги ва уни машаққатга қўймаслик билан изоҳлаган. Ўша пайтда 15 ёш атрофидаги бўлажак аёли ўзи совчи юбориб, у киши билан турмуш қуриш истагини билдиради. Шунда Доктор яқинларининг қистови билан унинг уйига ақида фанидаги қийин китоблардан бирини олиб бориб: «Шуни ўқиб менга шарҳлаб бера оласизми?».

Келин: «Бир, икки ўқиб олсам бу мен учун жуда ҳам осон, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ» дейди.

- Сиз менга турмушга чиқиб котибага айланасиз, унинг учун ёзув машинкасида ёза оладиган бўлишингиз керак.

Келин: «Буни муаммосиз уддалайман» дейди.

- Сиз яна турмуш ўртоқ бўлиш билан бирга менга сингил, она вазифасини ҳам бажаришингизга тўғри келади деса, у яна: «Муаммосиз, мен бунга ҳам тайёрман» дейди.

Сўнгра доктор у билан турмуш қуришади. У пайтлари талабалик вақти эди. У билан бирга аёли ҳам илм ва ҳаёт машаққатларини бирга тотди. У ўн икки йилдан зиёд вақт ал-Азҳарга Доктор Тоҳо Ҳубайшийни етаклаб олиб борар ва яна бирга қайтардилар. Доктор Тоҳо Ҳубайший бу вақт оралиғида докторлик диссерациясини йўқлади. Бу пайтларда уйдан пиёда ўн километр атрофидаги узоқликда бўлган ал-Азҳарга биргалашиб қатнадилар. Доктор ҳар куни тонгдан баъзан асргача дарс берар, аёли эса уни кутиб турар эди. Сўнгра яна уйларига бир неча километр пиёда қайтардилар. Чунки у пайтда йўлкирага пуллари бўлмаган ва қарз эвазига кун кечиришарди. Ёзда тўрт дона юпқа нон ва бир дона тарвуз сотиб олишар, унинг ярмини нон билан тушликда, кейинги ярмини кечки овқат ўрнига танавул қилиб кун кечиришган. Бундай ҳолат бир-икки маротаба эмас, кўп бора такрорланган. Уларнинг бир-бирларига муносабатлари ва аёлининг докторга қилган хизмати ҳақида шайх Моҳаб айтади:

«Бирор аёлни устозимнинг аёлидек эрига хизмат қилганини кўрмаганман. У ҳатто докторнинг ортидан ҳам исмини айтмас балки «Бобо», яъни отаси дер эди(араб диёрларида аёл эрига эҳтиром юзасидан шундай мурожаат қилади).

Доктор Тоҳо Ҳубайший менга: «Мен аёлимни жуда кўп машаққатга қўйганман. Мен туфайли қийинчиликларга учраб, сабр қилган» дер эди. Ҳар куни доктор уйга қайтганида аёли тўрт соат китоб ўқиб берар, доктор эшитганларини зеҳнида жамлаб, хона ичида айланиб, бир соат шарҳлаб қоғозга ёздирар эди. Бу пайт докторнинг хаёли бўлинмаслиги учун аёли бирор сўз айтмас, тез-тез ёзиб олишга ҳаракат қиларди. Ҳаттоки, «тушунмадим», «эшитолмадим», «бу қандай ёзилади» каби сўзлар ҳам тақиқланганди. Аёли тушунмаган жойларни зарурат бўлса, диктафонга ёзиб олинган овоздан қайта эшитиб оларди. Унинг китоблари шу тарзда юзага келган».

Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг турмуш ўртоғи ҳаётини хожаси хизматига бағишлаган эди. Доимо у зот ёнида бўлар, мабодо озгина узоқлашиб қолишса деярли ҳар соатда ўзига ёки атрофларидаги хизматчиларга телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрар эди. У зотга дориларини ўз вақтида ичириш, таомлари ва кийим-кечакларига эътиборли бўлишни эслатиб турардилар.

Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг Аҳмад, Муҳаммад, Маҳмуд исмли ўғиллари ва бир қизи бор. Уларнинг барчалари зиёли, турли соҳаларда фаолият юритишади.

Доктор Тоҳо Ҳубайший ҳақларида уламоларнинг сўзлари:

«Доктор Тоҳо Ҳубайший олим, файласуф, мутасаввиф, мудаққиқ эди. У зот кучли, шижоатли, мулойим, толиби илмларга ўта меҳрибон эди. Доим Аллоҳнинг зикри билан машғул бўларди. Менга магистрлик ва докторлик илмий ишларимда раҳбарлик қилган. У зот билан қишда Ал-Азҳарда ва уйида, ёзда эса она шаҳри Димётда унинг ҳузурида бўлиш насиб қилган. Қаерга борса атрофида талабалар қуршаб олар ва илм тарқатар эди. Унинг бағри кенг бўлганидек, уйи ҳам кенг эди. Ҳар қанча талабаларни қабул қилар, уларга илмини аямас эди. У шу даражада камтар эдики, агар энг кичкина талабасидан ҳам ўзи ниманидир ўрганса, ҳузурланиб кетар эди. У зот шунчалик соддадил, меҳрибон бўлиши билан бирга жуда ҳайбатли эди. Биз унинг олдида ортиқча сўз, ҳазил қилишга ботинолмас эдик.

Илмга шу даражада муҳаббатли эдики, унинг ривожи учун жонини ва молини ҳам аямас эди. Яхши хизмат қилган устозларга ҳадялар улашар ва турли илмий мусобақалар ташкил қилиб, талабаларни ўз ҳисобидан моддий рағбатлантирар эди.

У зот ўта сахий эди, етим, камбағал, эҳтиёжманд кишилар, Ал-Азҳар ишчиларига молини ўз қўли билан тарқатар эди».

Доктор Абдуллоҳ Аъзаб

Ал-азҳар университети Усулуд дин факультети ректори

«Доктор Тоҳо Ҳубайший кучли шахсият эгаси бўлган. У  турли фанларни пухта ўзлаштирган, ўзининг мутахассислиги бошқа фан бўлсада, тафсир, ҳадис ва моликий мазҳаби фиқҳидан дарс берар эди. Уйи доим талабалар учун очиқ эди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, айниқса чет эллик талабаларга алоҳида эътибор кўрсатар эди. Агар бирор тадқиқотчи унинг китобларидан фойдалинишни сўраса, ҳеч қандай шарт ва қайдларсиз рухсат берар эди».

Доктор Жамол Ҳусайн Афифий

Ал-азҳар университети Ақида ва фалсафа бўлими собиқ ректори.

«Доктор Тоҳо Ҳубайший калом илмида дин душманларига кўп раддиялар бериб, ақидасини ҳимоя қилди. У талабаларга илмни Қуръонни ёдлатгандек, ёдлатар эди. У зот умрининг охирида  Ал-азҳарда аввал хизмат қилиб ўтган уламолар ҳаёти ҳақида китоб бошлаган ва доим бирор уламо ҳаётини ёзиб тугатса бошқасини бошлаётганда “қани эди шу китобни охрига етказа олсам дер эди» ва китобни якунига етказгач бироз ўтиб Ҳаққа қовушди».

Доктор Абдулфаттоҳ Абдулғаний Авворий

Ал-азҳар университети Усулуд дин факультети собиқ ректори,

тафсир қисми раиси

«Устозим ҳеч қачон бировга ғазаб қилмасди. Агар бирор кишидан аччиқланса, гапирмай сукут қилиб турса, шунинг ўзи катта жазо бўларди. Агар дарсда биров овозини кўтарса ёки телефон овози эшитилса, сўзлашдан тўхтар ва столни чертиб қўярди. Шунда ҳамма жим бўлиб қолар эди».

Шайх Моҳаб Баъдаш Тунисий

Доктор Тоҳо Ҳубайшийнинг ҳикматли сўзлари

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севадилар севиладилар».

«Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларидан бир қадаҳ тотганимизда эди, у зотнинг суннатларини ва кўп салавот йўллашни тарк қилмаган бўлардик».

«Ким одамларнинг айбларидан ўзини бепарво тутса ва бошқаларга ошкор бўлишини ёқтирмаган ҳолатларини қидиришдан тилини тийса, ўз дини ва обрўсини сақлайди».

«Менинг дунёда энг ёмон кўрадиганим ва нафратланадиганим бу – жоҳилликдик. Агар у одам (суратида) бўлганда, албатта уни қатл қилган бўлардим».

Вафотлари

Доктор Тоҳо Ҳубайший раҳматуллоҳи алайҳ 2020 йили 5 декабрь шанба куни Қоҳирадаги касалхоналардан бирида беморликдан вафот қилдилар. Вафотларидан бироз олдин шогирдлари моҳир Қуръон ҳофизи шайх Маҳмуд Собирни шифохонага чақиртириб, ундан Қуръон тиловат қилиб беришини  сўрайди. Шайх Махмуд Шуаро сурасидан тилават қилиб:

 

يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ

«У кунда мол-дунё ва фарзандлар ҳам фойда бермас»

إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

«Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келган кишиларгина (фойда берур)».

وَأُزْلِفَتِ الْجَنَّةُ لِلْمُتَّقِينَ

«(У кунда) жаннат тақводорларга (кўриб қувониш ва киришлари учун) яқинлаштирилур» оятини ўқиб тугатганда унга «етарли, бу Раҳмоннинг ваъдасидир, дарҳақиқат

 مَا وَعَدَ الرَّحْمَنُ وَصَدَقَ الْمُرْسَلُونَ  

«Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар сўзлаган рост нарса (қиёмат)дир» (Ёсин сураси, 52-оят) дейдилар ва бошқа сўз айтмай Ҳақ ҳузурига риҳлат қилган.

У зотнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириб Ал-азҳар университети шайхи шайх Аҳмад Тоййиб ҳафизаҳуллоҳ: «Илм чироқларидан бир чироқ ўчди» деган эди.

(Тамом)

Доктор Тоҳо Ҳубайший раҳматуллоҳи алайҳнинг «Сияҳатун фи санавати ҳаятий байнал амали вал алам» номли китоби асосида Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўша пайтлар биз Либияда мусофирчиликда яшар эдик.Холамнинг қайиноталари ёки қайиноналари вафот этгани ҳақида хабар келди. Ҳазрат божаларига таъзия билдириб, давоми...

1279 20:00 / 25.06.2021
Ёфиъий ўзининг .Миръотил жанон, китобида келтиради .Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон давоми...

2044 10:14 / 02.01.2023
Хурматли ўқувчи биз сизнинг эътиборингизга буюк муҳаддис олим, фақиҳ, бизнинг халқ орасида ўзининг Риёзусс солиҳийнrdquo, Бўстонул орифийнrdquo каби китоблари билан давоми...

1488 11:00 / 03.09.2023
биринчи мақола Таваллудлари ва оилалари Шайх Ёрқинжон қори Фозилов 1978 йил 6 ноябрь куни Қўқон шаҳридаги Дегрезлик маҳалласида хизматчи оиласида таваллуд давоми...

5369 19:01 / 04.09.2023
Аудиолар

120499 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7048 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42115 14:35 / 11.08.2021