1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Аҳмадали домланинг ахлоқлари

15:00 / 30.04.2022 3107 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Турғунмирза (Аҳмадали домла) 1906 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Иминжон маҳалласи, ҳозирги Қўқон кўчасида, Тожимирза ота хонадонларида дунёга келди. Қиблагоҳи Тожимирза ота ўз даврининг бой савдогари ва катта мол-мулк ҳамда ер эгаси бўлган.

Мулла Турғунмирза 1960 йилдан 1965 йилгача шу исм билан номланган эканлар. Кейинчалик исми шарифларини мулла Аҳмадали исмига ўзгартирган эканлар. Сиз азизларга ҳам ўзгартирган (мулла Аҳмадали) исмлари  билан таништиришни лозим топдик.

Мулла Аҳмадали ёшлик чоғидан тиришқоқ, ўткир зеҳнли ва илмга ташна бола бўлиб улғайди. У дастлабки диний таълимни оила муҳитида ота-онасидан олди. Сўнгра ўша даврнинг машҳур олими ва фозили мулла Юсуфжон  қорида (ваф. 1947) таълимни давом эттиради.

Афсуски, қатағон даври Аҳмадали домлани ҳам четлаб ўтмади. У бешавқат давр синовларини бошидан кечирди. Тахминан, 1934 йилнинг ёз ойларида  шўролар томонидан бойларни ва ўқимишли зиёлиларни қатағон, қулоқ ва сургун қилиш даври бошланади. Шулар қатори мулла Аҳмадали домланинг ҳам уй-жойи ва мол-мулки мусодара қилиниб, оиласи билан Украинага сургун қилинади. Мулла Аҳмадали сургунда жуда оғир ва синовли кунларни бошидан кечирди. Очлик, тил билмаслик машаққати ва энг аянчлиси, икки фарзандидан айрилади. Шўролар Мулла Аҳмадалининг бир ўғил, бир қиз фарзандини алоҳида панжара ичида сақлайди. Натижада, икки ёш норасида фарзанди сургунда очлик ва касалликдан оламдан кўз юмади. Аҳмадали домла шундай мусибат ва қийинчиликларни сабр ва матонат билан енгиб, 1936 йил февраль ойида оқланиб, очиқ юз билан яна она юрти Наманганга кириб келади.

1943 йили шўролар яна қайта Аҳмадали домлани диний руҳоний тамғаси остида қамоққа олиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этади. Мулла Аҳмадали домла 1946 йили қамоқдан озод бўлиб, илм излаб Тошкентга кетади. Аввал Эшон Бобохон ҳазратларидан, сўнгра у кишининг ўғиллари Зиёвиддин ибн Бобохон ҳазратларидан таълим олади. 1960 йилга келиб турмуш ўртоқлари Салимахон ойим оламдан ўтиб қолади. Шу сабаб мулла Аҳмадали домла Наманганга қайтиб келадилар ва мулла Абдусамад қори домлада илмни келган жойидан давом эттирадилар. Орадан бир неча йил ўтиб қори домла иккинчи марта  оила қурадилар.

Аҳмадали домла ота касблари савдо-сотиқ билан шуғулланиб, «Аттор» дўконида сотувчи бўлганлар. Ушбу дўкон Сардоба даҳасидаги «Матбуот уйи» биносининг чап тарафида, ҳозирги гилам дўкони ўрнида жойлашган бўлган. Дўконда асосан ҳар-хил турдаги мато, ип, жун ҳамда газлама маҳсулотларини бўяшда ишлатиладиган ранглар, шунингдек, тикувчи ҳамда тўқувчиларнинг зарурий ашёлари бўлган. Қизиғи, дўкон савдо маскани эмас, балки зиё маскани бўлган. Мулла Аҳмадали домла у ерда толиби илмларга дарс берган. Дўкон ичида ўтирган киши ташқаридан деярли кўринмаган. Мулла Аҳмадали домла баланд сўрида ўтириб, ташқаридаги кишиларни хотиржам кузатиб ўтирар эканлар.

Кунларнинг бирида мулла Аҳмадали домламиз биродар дўстлари билан ўтирсалар ҳузурларига бир тиланчи келибди. Шунда домламиз тиланчига жуда кўп миқдорда пул берибдилар. Ёнларида ҳамсуҳбат бўлиб ўтирган дўстлари домламизнинг ҳимматларига таажжубланиб, у кишига шундай дакки берибди: «Мулла ака, тиланчига ҳам шунча пул берасизми? Пул берган кишингиз кимлигини биласизми?», дебди ҳамсуҳбат дўстлари.

Мулла Аҳмадали домла Аллоҳнинг бир гуноҳкор бандасида, деб табассум билан жавоб бериблар. Шунда дўстлари: «Ахир у одам 1943 йили сизни қамалишингизга сабабчи бўлган хоин-ку», дебди. Қори домла яна табассум билан: «У билмасдан, мени кимлигимни танимай бу ишни қилганда. Ахир, олийжаноблик ва кечиримлилик пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хислатларидан эмасми, биз шундай зотнинг умматлари бўла туриб, у кишининг тутган йўлларини тутмасак қандай бўларкин», деб жавоб берибдилар. Бу гапларни эшитган дўстлари нима дейишни билмай жим бўлиб қолган экан.

Юртимиздаги жуда кўп машҳур олиму уламоларимиз бу зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, илм олишга муяссар бўлишган. Шулардан бирлари устоз Аҳмадали домлани шундай таърифлайдилар.

«Ҳазрат Аҳмадали домламиз икки юзлари қип-қизил, серсоқол, қадди-қоматлари бироз тўлароқ, аммо ўзларига ярашган, сўзлари мулойим киши эдилар. Доимо ўзларига ярашган оппоқ яктак ва оёқларига кавуш кийиб юрардилар. Аттор дўконида ранг сотганлари боис халқ орасида «рангчи Домла», «Мулла Аҳмадали рангчи» номлари билан маълум ва машҳур бўлганлар»[1].

 

Аҳмадали домланинг Ҳожимирза исмли акалари Андижон вилоятининг Булоқбоши қишлоғида, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ роҳимаҳуллоҳнинг оталари Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ домла билан қўшни бўлиб яшашган экан. Бир куни Ҳожимирза ака мулла Муҳаммад Юсуф домлага илмга чанқоқ ўғлингизни Наманганга таълим олгани юборсангиз бўлар экан. У ерда мулла Аҳмадали исмли аҳли илм, тақводор ва олим укам бор. Қанийди, ўғлингиз Муҳаммад Содиқ у зотда таълим олсайди, дебдилар. Муҳаммад Юсуф домла ундай бўлса албатта жўнатаман, дебдилар. Ўша пайтлари Муҳаммад Содиқ ҳазратлари чамаси 15-16 ёшларда бўлган эканлар. Муҳаммад Содиқ ҳазратлари «Мир Араб» мадрасасига ўқишга киргунларига қадар бу зотдан таълим тарбия олган эканлар.

Мулла Аҳмадали домла 1994 йили вафот этган. У зотни шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн қилинди. Ҳозирги кунда ҳазрат мулла Аҳмадали домланинг набира ва абиралари боболарининг изидан бориб, илм аҳли, Қуръон аҳли бўлиб, халқимизга илм зиёсини тарқатиб келмоқдалар.

Мулла Аҳмадали домланинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Ҳазрат Аҳмадали домла умрлари давомида 2 марта турмуш қуриб, улардан 6 нафар фарзанд кўрганлар.

Аввалги турмуш ўртоқлари Салимахон ойим (1912-1960) мулла Нуриддин қизи бўлиб, ундан 1 нафар ўғил, 3 нафар қиз фарзандлари бор.

Кейинги турмуш ўртоқлари Равзахон ойим (1925-2000) мулла Бобохон қизи бўлиб, ундан 1 нафар ўғил, 1 нафар қиз фарзандлари бор.

 

 

Ўғиллари Абдулбоқий (1951) ва Абдулборий (1962) лар[2].

 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

 
 
 

 

[1] Ушбу маълумотлар Абдулваҳҳоб (1928-2002) ҳожи домланинг Наманганлик уламолар тарихи номли эсталик дафтарларидан олинди.

 

  

[2] Ушбу маълумотлар мулла Аҳмадали  домла авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу рисолаи шарифни шайхул ислом Ҳожа Муҳаммад эшон тебратган сулук йўллариТариқати Нақшбандийя МажзубийяМусулмон бандаман.Беш ислом асосим бор.Олти калимаи давоми...

1519 11:30 / 23.11.2021
У зотнинг тўлиқ исмлари Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас давоми...

5016 22:15 / 27.04.2017
Мулла Ёқуб хўжа эшон 1890 йил Наманганнинг қадимий манзилгоҳларидан Хўжа Шўркент қишлоғида таваллуд топди. Отаси Исроил ва бобоси Исмоил додхоҳлар Қўқон хонлиги давоми...

1549 09:45 / 02 март
Илмий ndash адабий меросиШоир Мажзуб ўзбек ва форс тилларда қалам тебратган мутасаввиф шоир бўлиб, асарлари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган. Ундан бизга илмий ndash давоми...

1292 14:00 / 28.09.2021
Аудиолар

120550 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7050 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42156 14:35 / 11.08.2021