1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Таровеҳ намози

15:00 / 29.03.2023 12813 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таровеҳ» луғатда «ором олдириш, дам бериш» маъноларида келган «тарвеҳа» сўзининг кўплик шаклидир. Истилоҳда Рамазон ойида хуфтоннинг суннати ва витр намози ўртасида ўқиладиган намозга нисбатан ишлатилади. Намознинг ҳар тўрт ракатидан сўнг тўхтаб, дам олингани учун «таровеҳ» деб ном берилган.

Таровеҳ намози йигирма ракъат бўлиб, эркак-аёллар учун суннати муаккададир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан савоб умид этиб, Рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади», дея марҳамат қилганлар (Бухорий, Муслим ривояти).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, одамларни тарқоқ ҳолда таровеҳ намозини адо этишаётганини кўриб, бу намозни яна жамоат билан ўқишни жорий қилди («Муватто», 84). Ҳазрати Алий розиялоҳу анҳу ҳам: «Умар масжидларимизни таровеҳнинг файзи ила нурлантирганидек, Аллоҳ ҳам Умарнинг қабрини шундай нурлантирсин», дея дуо қилиб, бу ишдан мамнун бўлганларини билдирган.

Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади: «Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимоқда‑ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти. Шунда Умар: «Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди», деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Умар: «Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт тунги ибодат қиладиган пайтларидан (ибодат учун) афзалдир», деди. У кечанинг охирини назарда тутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида тунги ибодат қилишар эди» (Бухорий ривояти).

Бу ривоятдан маълум бўладики, саҳобаи киромлар Рамазон қечаларини Қуръони Карим тиловати билан, уни намозда қироат қилиш билан ўтказар эканлар.

Мулоҳаза: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг «Бу қандай яхши бидъат!» деган гапларини уламолар икки хил тушунганлар:

а) Луғавий маънода, яъни «Бу қандай яхши янгилик бўлди» деган мазмунда.

б) Истилоҳий маънода, яъни асли шариатга мувофиқ бўлган, Китобу суннатдан балқиб чиққан янги амал ‒ «бидъати ҳасана» маъносида.

Ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва ҳазрати Алий розияллоҳу анҳум даврларидан бошлаб, ҳозирги кунгача таровеҳ намози йигирма ракъат ўқилади. Саҳобалардан ҳеч ким бунга эътироз билдирмаган, уламолар тарафидан ҳам шу шаклда ўқиш қабул қилинган.

Ҳукми

Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш суннати кифоядир.

Вақти

Таровеҳ намози хуфтон намозининг суннатидан сўнг витр намозидан олдин ўқилади.

Нияти

«Таровеҳ намозини (ё шу вақтнинг суннатини) юзимни Каъбанинг бир томонига қилиб, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим», деб кўнглидан ўтказилади.

Ракъатлари сони

Таровеҳ намози йигирма ракъатдир. Ҳар икки ракъатдан сўнг салом берилади.

Ҳар тўрт ракъатдан сўнг, яъни икки саломлан кейин ҳамда витр намозидан олдин тўрт ракъат намоз ўқиш миқдорича дам олинади. Дам олишда, истаса, тасбеҳ ё таҳлил айтади ё жим ўтиради. Тасбеҳ айтиш мустаҳабдир.

Таровеҳ намозининг ҳар икки ракъатининг биринчи ракъатида имом ва қавм сано ўқийди. Имом тааввуз ва тасмия айтади. Руку ва сужуд тасбеҳлари учтадан айтилади. Қавма ва жалсага риоя этиш суннатдир.

Қироати

Барча намозларда, жумладан, таровеҳ намозида ҳам қироатни тажвид талабларига мувофиқ қилиш фарздир. Қироатда овоз гўзаллиги эмас, унинг тўғрилиги муҳимдир. Шунинг учун қироатни тўғри қилувчи киши имомликка ўтказилади. Таровеҳ намози давомида Қуръони Каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Салаф уламоларимиз, Лайлатул қадр умидида Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси таровеҳида хатм қилишни мақбул кўришган. Бунинг учун Қуръони Карим оятлари 540 рукуга тақсим этилиб, мусҳафларга белги қўйилган.

Барча намозлардаги каби таровеҳ намозида ҳам жамоатнинг кўплиги афзалдир. Шунинг учун имом таровеҳ намозида жамоат тоқатига мувофиқ миқдорда қироат қилиши лозим. Мутааххир уламоларимиз жамоат тоқатидан келиб чиқиб, таровеҳ намозида бир узун ё уч қисқа оят ўқиш мумкинлигига, яъни Аср ва Ихлос каби сураларни ўқиш жоизлигига фатво беришган.

Бу ўринда шуни таъкидлаш лозим: таровеҳ намозида, жамоатга малол келади деган ўйда намознинг суннатлари асло тарк этилмайди. Салавот ўқилади. Салавотдан кейинги дуони ўқимаслик жоиз.

Рамазон ойи давомида витр намози таровеҳ намозидан сўнг жамоат билан ўқилади.

«Фатавои Қозихон», «Мажмаъул фатво», «Раддул мухтор», «Дуррул мухтор», «Маслакул муттақин» китоблари асосида тайёрланди.

«Ҳилол» журналининг 3(36) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шукрлар бўлсинки, Рамазоннинг илк кунларига ҳам етиб хатми Қуръонларни ҳам бошлаб олдик.Бугун 2021 йил 12 апрель куни .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жоме давоми...

1841 02:30 / 13.04.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . , . .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазоннинг охирги кечасида ўзининг умматини давоми...

2114 17:00 / 30.04.2022
иккинчи мақола Биз ўттиз кун мобайнида энг катта душманимизнинг устидан ғолиб бўлиб яшаймиз. Оҳ, у бизларни не кўйларга солмайдия Қаерда, обрўни, иззатни, ғурурни, давоми...

2268 14:00 / 21.03.2023
Бугун эрта тонгдан юртимизнинг барча масжидлари қатори .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жоме масжидида ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан байрам намози давоми...

2537 06:39 / 13.05.2021