1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Хамрнинг бутун инсониятга келтирадиган зарарлари

17:00 / 25.03.2022 2296 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик — бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак, хато қилмаган бўламиз. Кўпинча, эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб, маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса, хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади, оила бузилади, эр тул, аёл бева, болалар тирик етимга айланадилар...

Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан, у динимизда ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз» (90‑оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг онгига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсани «хамр» дейилади.

Бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлишлари, яқинига йўламасликлари лозим.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида яна бундай деб марҳамат қилади:

إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَن يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاء فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَن ذِكْرِ اللّهِ وَعَنِ الصَّلاَةِ فَهَلْ أَنتُم مُّنتَهُونَ

«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!» (91‑оят).

Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё – мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши биладилар.

Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини – кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик.

Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилгани қанча, ака‑укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшниларнинг бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришлар, уриш-жанжалларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Бас, оилам бузилмасин, фарзандларим хору зор бўлмасин, дунёю охиратим барбод бўлмасин, деган одам ароқ ичмасин.

Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалари бузилиб кетишининг ўзи катта мусийбат. Гиёҳвандлик оилани, балки инсон зотини барбод қилувчи омиллардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Бу нарса ҳам шариатда қатъиян ман қилинган.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди.

Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда «наркотик» деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.

Ҳамаср уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш – ҳаммаси ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.

Улар: «Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди», деганлар.

Бас, оилам бузилмасин, болаларим тирик етим бўлмасин, дунёю охиратим куйиб кетмасин, деган одам гиёҳвандликнинг яқинига йўламасин.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Афсусда қолган ота Мен фарзандлари катта бўлиб қолган инсонман. Ижтимоий тармоқларда турли ҳил инсонлар билан гаплашиб турар эдим. Кўпгина .дўстлар, ҳам орттирган давоми...

3560 11:00 / 21.12.2020
Аллоҳ азза ва жалла айтади.Айтинг .Хабар берингизчи, агар тўсатдан ичар сувларингиз ер тубига сингиб кетар бўлса, у ҳолда ким сизларга оқар сув келтира олур, Мулк давоми...

2814 16:00 / 21.01.2019
Аллоҳ таоло айтади.Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу яъни, зинокор аёлларга давоми...

5687 14:00 / 25.03.2019
Аллоҳ таоло айтади.Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шакшубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга киражаклар, Нисо давоми...

3678 14:00 / 14.02.2019