1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Очликдан ўлган миллиардер

10:00 / 20.02.2022 4816 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ливаннинг энг бой кишиларидан бири бўлган Эмил Бустоний пойтахт Байрутнинг энг сўлим минтақасида ўзи учун қабр қаздирган эди. Бир куни шахсий самолётида парвоз қилиб кетаётганда, самолёт денгизга қулайди. Унинг жасадини топиш учун миллионларни сарф этишади. Аммо жасадни топа олишмайди. Самолёт топилади, бироқ жасад топилмайди. Шундай қилиб, Бустонийни ўзи учун қаздирган қабрга кўма олмадилар.

Бир оила бор. Ротшилдлар оиласи. Банк соҳасида кўп мамлакатларда фаолият юритадиган оила. Оиланинг вакилларидан бири олис бир ҳудудда сарой қурдиради. У ерда улкан хазина бунёд этади, ичига ёқут, зумрад, марварид ва ноёб қимматбаҳо тошларни жойлаштиради. Ротшилд шу даражада пулдор эдики, баъзан ҳукуматга қарз бериб турарди. Ўша одам бойликлари ёнида бўлмаса, таом ейишни ёқтирмасди. Шу боис жавоҳирлар ёнида овқатланарди. У бир неча кун хазина ёнида қолар, сўнг оиласи олдига қайтиб, бу сирини ҳеч кимга айтмас эди. Хазина ёнида бир неча кун қолиб кетганда, оила аъзолари уни сафарга кетди деб ўйлашарди. Бир марта у хазинасига бордию, ҳеч қачон қайтиб келмади. Уни топишга бўлган уринишларнинг бари бесамар кетди.

У хазинаси жойлашган қасрга кириб, эшикни ёпиб, марваридлар олдида овқатланиб бўлгач, ташқарига чиқмоқчи бўлганда, калит ташқарида қолиб кетганини эслайди. Айтишларича, эшик фақат ташқаридан очиб, беркитилар экан. Хуллас, бор овози билан қичқиради, аммо уни ҳеч бир инсон эшитмайди. Ротшилд бино ичида бир неча ҳафта қолиб кетади. У ўлими олдидан «Дунёдаги энг бой одамлардан бири очликдан ўлмоқда» деган ёзув қолдиради.

«Мол-дунё билан ҳамма нарса қилса бўлади» деб ўйлайдиганлар бу ҳикоялардан ўзларига ибрат олсалар деган умиддамиз.

Шундай бой кимсалар борки, касаллиги сабабли кўплаб таомларни ейишдан маҳрум. Шундай пулдорлар борки, фарзандлари йўқ, баъзилари жуда оғир касалликка чалинган. Улар пулларига ўзлари йўқотган нарсаларни, масалан, саломатлик, фарзанд ва ҳоказоларни сотиб ололмайдилар.

Сўзимизни икки оят ва икки ҳадис билан якунлаймиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ عِندَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ ۖ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَّاذَا تَكْسِبُ غَدًا ۖ وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ بِأَيِّ أَرْضٍ تَمُوتُ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ 

 

«Албатта, Соат илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир» (Луқмон сураси, 34-оят)

وَمَا أُوتِيتُم مِّن شَيْءٍ فَمَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَزِينَتُهَا ۚ وَمَا عِندَ اللَّهِ خَيْرٌ وَأَبْقَىٰ ۚ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

«Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқдир. Ақл юритмайсизларми?» (Қосос сураси, 60-ояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: «Динор ва дирҳам, қатийфа ва хомийса бандаси бадбахт бўлди. Унга берилса рози бўлади. Берилмаса норози бўлади», дедилар».

Қатийфа-чизиқлари бор ёпинчиқ. Хомийса-қора, тўртбурчак кийим. Пулга қул бўлган банда бадбахтдир. Чунки у пулнинг айтганини қилиб яшайди. Кийим кечакка қул бўлган банда бадбахтдир. Чунки у кийим кечакнинг айтганини қилиб яшайди. Улар эса бандага ҳеч қачон яхшиликни айтмайди. У фақат ўзига динор ва дирҳам берилса рози бўлади. У фақат ўзига қатийфа ва хомийса берилса рози бўлади. Акс ҳолда норози бўлиб ўтади. Бу эса унинг бадбахтлигининг аломатидир.

Мутаррифдан, у ўз отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳузурларига етиб борганда у зот:

«Сизларни кимники кўп демоқлик машғул қилди. Одам боласи «молим, молим» дейди. Сенинг молингдан фақатгина садақа қилиб ўтказганинг, еб битирганинг ва кийиб чиритганинг ўзингники холос», демоқда эканлар».

Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло бизни мол-дунёга муккасидан кетмай, ўлимга тайёргарлик кўриб яшайдиган ва охиратни унутмайдиган бандаларидан қилсин!

Роббимиз барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Фойдаланилган манбалар

Islom.uz

Quran.ksu.edu.sa

albayan.ae

albhire.com

facebook.com

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Кичкина ўғлимнинг кеча кечқурундан бери мазаси йўқ. Ишдан келсам, ҳамон аҳволи ўзгармаган, бирор натижа сезилмайди. Уни шифохонага олиб боришга қарор қилдим. У давоми...

3950 14:01 / 02.06.2022
.Мусулмон мусулмонни қўрқитмайди,. Имом Абу Довуд ривояти. Кўчада машинасини чийиллатиб қўзғатган ёки эшитганда одам музлаб кетадиган қўрқинчли сигналини давоми...

1174 17:31 / 28.10.2022
Қадимда бир бой киши кичик ўғлига умр бўйи эсдан чиқмайдиган дарс бермоқчи бўлди. Кечқурун ота ўн иккига кирган ўғлини ёнига чақириб .Эртадан бошлаб ишга бориб, давоми...

3353 11:00 / 10.03.2023
Гуноҳлар бандани Аллоҳдан тўсадиган пардадир. Аллоҳдан узоқлаштирадиган барча нарсадан узоқлашиш шарт Бу эса илм гуноҳ Аллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлишини давоми...

2738 11:00 / 08.04.2022