1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Аллоҳ — бўл деса кифоя!

17:30 / 30.01.2022 2493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кундузи маълум вақтда учрашишга ваъдалашдилар. Аммо ўша вақт келганида келмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида асо бор эди. Асони ирғитиб юбориб дедилар:

«Аллоҳ ва Унинг элчилари ваъдасига хилоф қилишмайди!».

Сўнгра уёқ-буёққа қарадилар. Ўриндиқлари остида кичкина кучукча бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

-Эй Оиша! Бу кучукча қачон кириб қолди бу ерга?

-Аллоҳга қасамки, билмайман.

   Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кучукчани олиб чиқиб ташлашни буюрдилар.Уни ташқарига олиб чиқиб ташлашди.

Жаброил алайҳиссалом келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотга дедилар:

-Менга ваъда берган эдингиз, сизни кутдим, келмадингиз?!

Жаброил алайҳиссалом:

-Уйингиздаги кучук мени киришдан ман қилди. Биз ит ва сурат бор бўлган уйларга кирмаймиз!

Итнинг нималиги маълум. Жони бор нарсаларнинг сурати ва ҳайкаллар ҳам динимизда ман қилинган. Асрдош уламоларимизнинг кўпчилиги фотографияни жоиз дейишади.

Аммо бизнинг мақсадимиз бугун булар эмас. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ ва Унинг элчилари ваъдасига хилоф қилмайди!», деган гапларига бироз тўхталмоқчимиз.

Жаброил алайҳиссалом кечикканларида Набий алайҳиссалом аввало уйларини текширдилар. Кичкина кучукчани кўриб қолиб, уни уйдан чиқариб ташлашни амр қилдилар. Биз Аллоҳга шундай ишонч билан муомала қилишимиз керак: Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди!

Аллоҳ таоло: «Агар шукр қилсанглар Мен албатта сизга зиёда қиламан!», деса бунинг шартли ваъда эканлигига ишонинг. Бунинг боши сизда, охири эса ваъдасига хилоф қилмайдиган Аллоҳнинг ҳузуридадир. Сиз неъматга шукр қилиб борганингиз сари Аллоҳ неъматини сизга зиёда қилиб боради. Бу қайтилмайдиган ваъдадир. Бу тўсилмайдиган қадардир. Шукр тил ва аъзолар билан бўлади. Тил Аллоҳга ҳамд айтади, аъзолар эса амал қилади.

Мол эгасининг шукри садақа ва инфоқ қилишдир. Олимнинг шукри илмини Аллоҳнинг ризоси учун ўргатишдир. Мансабдорнинг шукри адолат қилишидир. Кучли инсоннинг шукри заифлар манфаати учун ҳаракат қилишдир.

Агар Аллоҳ таоло: «Мени зикр қилинглар, Мен ҳам сизларни зикр қиламан!», деса буни ишончла ҳис қилинг. Бу иш албатта содир бўлишига ишонинг. Агар сиз Аллоҳнинг ичингизда зикр қилсангиз Аллоҳ ҳам сизни ҳеч кимга билдирмасдан зикр қилади. Агар сиз Аллоҳни одамларнинг ичида зикр қилсангиз У ҳам сизни фаришталарининг ичида зикр қилади. Зикрнинг кўпи тил орқали бўлсада, мавқифлар ҳам зикрдир. Гуноҳ қилаётганингизда Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис қилишингиз ва гуноҳдан қайтишингиз ҳам зикрдир!

Агар Аллоҳ таоло: «Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан!», деса ижобат қилишига ишониб туриб дуо қилинг. Аллоҳнинг ижобатини синаб кўриш учун дуо қилманг. Аллоҳга нисбатан одобда туриш ҳам дуонинг бир қисми ҳисобланади. Шуни билингки, агар Аллоҳ сизни ижобатдан маҳрум қилса, У сизга зарурроқ нарсани бериш учун ман қиляпти. Аллоҳ ҳар қандай мисолдан олий, аммо тушунтириш учун айтамизки, ота-она ўз гўдагининг уйнинг бир бурчагида турган турли рангдаги дориларни олиб оғзига солаётганини кўрса дарров у дориларни ундан тортиб олади. Чунки бу дорилар унга зарарлида!

Агар Аллоҳ таоло: «Модомики улар истиғфор айтишар экан Аллоҳ уларга азоб бергувчи бўлмас», деса ишонинг, истиғфор Аллоҳнинг ғоридир. Унга кирган киши Аллоҳнинг азобидан омонда бўлади. Касаллик, фақирлик ва хавф азоб эмас. Анбиёлар ҳам бемор бўлишган. Айюб алайҳиссалом сиздан узоқ эмас. Расуллар ҳам фақир бўлишган. Бир неча кунлар ўтсада Набий алайҳиссаломнинг уйларида бир дона хурмо бўлмас эди. Пайғамбарлар ҳам қўрқишган. Сеҳргарлар асоларини ташлашганда Мусо алайҳиссалом ичларида қўрқувни ҳис қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Қўрқма! Сен устунсан!», деган эди!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли давоми...

9007 17:53 / 15.03.2017
Анас розияллоҳу анҳу .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Гулсум алайҳассаломнинг устиларида ипак чопонларни кўрдим,, деди,. Бухорий, Абу Довуд ва давоми...

2746 05:00 / 02.03.2017
Тамакининг шаръий ҳукмиНабий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам, саҳоба ва тобеъинлар даврида ҳам тамаки ва нос деган нарсалар бўлмаган. Тўғрироғи ўша давоми...

5204 05:00 / 02.03.2017
Аллоҳ таоло .hellipшойи ипаклардан яхши либослар киярлар. Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар. Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой,, деган.Шарҳ Аллоҳ давоми...

9091 05:00 / 02.03.2017