1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

«Йўл ҳаракати фиқҳи» ва «Бола ҳуқуқлари кодекси» китобларининг тақдимоти ўтказилди

23:00 / 11.01.2022 1195 pdf Ўқиш режими + -

Аввал хабар берганимиздек бугун, 11 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида Қуръон ходими, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-ноиби, воиз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қаламига мансуб «Йўл ҳаракати фиқҳи, шаръий ҳукм ва одоблар» китоби ҳамда Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний роҳимаҳуллоҳнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор», яъни «Бола ҳуқуқлари кодекси» асарининг таништирув тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот анъанага мувофиқ Қуръони Карим тиловати билан бошланди ва дуолар қилинди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, юртимизнинг таниқли уламолари, бир қатор имом-хатиблар, домлалар, аҳли илмлар ташриф буюришди.

Маросимни очиб бериш учун муфтий Нуриддин домла Холиқназаров сўзга чиқдилар. Муфтий ўз нутқларида ушбу китобларнинг нечоғлик муҳим эканлиги, жума мавзуларида ҳам шу асарларда берилган маълумотлар ҳақида мавъизалар қилиш муҳим эканлигини айтиб ўтдилар. «Жумладан, бола ҳуқуқлари ҳақида бундан 800 йил аввал Ислом уламолари фатволар, етарлича маълумотлар бериб ўтишган. Хусусан, Ислом тарихида бола ҳуқуқлари бўйича биринчи асар Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшаний қаламига тегишлидир» дейди муфтий Нуриддин домла Холиқназаров. Муфтийнинг кейинги нутқлари «Йўл ҳаракати фиқҳи, шаръий ҳукм ва одоблар» китобига қаратилди. Ушбу асар муаллифи бир неча китоблардан, замонавий фатволардан фойдаланиб, барча учун муҳим бўлган китоб шаклига келтирдилар. Исломда йўл ҳаракати қоидалари Қуръон ва ҳадис уламоларининг ушбу манбалардаги умумий қоидалар асосида чиқарган ҳукмлари билан тартибга солинди. Шунингдек, Ислом фуқаҳолари тақдим қилган ҳужжатлар асосида пиёда ёки уловда бўлсин ҳар бир мусулмон шахс йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши шаръий жиҳатдан вожиб эканлигига иттифоқ қилишган. Шу боис Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг йўл ҳаракати қоидасига риоя қилиш борасидаги фатвоси ҳам ушбу китобда эълон қилинган, дея таъкидлади муфтий ҳазратлари.

Анжуманда навбатдаги сўз Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси сиёсий фанлар доктори, профессор Зоҳидулло домла Мунавваровга берилди. «Бола ҳуқуқлари кодекси» китоби тартибли ҳолда қайд этилиб, унда тарихий манбалар зикр этилган. Китобда жиззахлик машҳур фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшанийнинг ҳаёти, яшаган даври, илмий мероси, устоз ва шогирдлари ҳақида сўз боради. Унда алломанинг вояга етмаган болалар ҳуқуқига бағишланган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида келтирилган 100 га яқин фатво ўрин олган. Ушбу таржима қилинган асар кенг оммага мўлжалланган. Қолаверса, китоб «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши: Мовароуннаҳрда диний-маънавий ва илмий-маданий марказларнинг шаклланиши ва ривожланиши»га бағишланади, дея таъкидлайди домла Мунавваров.

Сўнгра ушбу китоб ҳақида видеоролик тақдим этилди. Унда боланинг жамиятдаги ўрни ҳамда 100 га яқин фиқҳий манбалардан фойдаланилгани, шаръий ҳукмлар жамлангани, мазкур асар ҳанафий мазҳабига мувофиқ махсус болалар ҳуқуқи хусусида ёзилган дунёдаги ягона фиқҳий манба эканлиги каби масалалар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Кейин йўл ҳаракати фиқҳининг мазмун моҳияти ҳақида гапириш учун «Сирож солиҳ» жомеъ масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров сўзга чиқди.

Ҳасан домла бугунги кунда йўл ҳаракати қоидалари долзарб эканлиги ҳақида маълумотлар айтиб ўтди.

«Фиқҳулм-мурури», яъни «Йўл ҳаракати фиқҳи, шаръий ҳукм ва одоблар» китобида қуйидаги долзарб бўлган мавзулар ёритилган. Қуръон ва ҳадисларда йўл ҳаракати, йўл ва йўл ҳаракатига доир ҳукм ва одоблар, самолёт, вертолёт ва фазо кемасида намоз ва рўза ибодатларини адо этиш қоидалари, транспорт воситаларида тиловат саждаси ва шукр саждасини қандай адо этиш, йўл ҳаракатига доир аёлларга хос кўрсатма ва маслаҳатлар каби маълумотлар атрофлича ёритиб берилган.

«Агар китобхон ушбу асарни мутолаа қиладиган бўлса, шу йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш шаръан вожиб амал эканлигини англаб етади, дейди имом-хатиб Ҳасан домла. — Кейин шунга риоя қиладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ажр савоб ҳам олади. Шунингдек, қоидаларга амал қилишда инсонни жони ва молини ҳимоя қилиш фойдаси ҳам мавжуд. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариатдаги ҳукмлар зарарни даф қилиш учун ёки фойдани жамлашга қаратилган. Исломда зарар бериш ҳам йўқ, зарарни қабул қилиб олиш ҳам йўқ дейилган. Шу қоида йўл ҳаракатига риоя қилишни, инсонларга зарар бермасликни ифодалаб беради. Ушбу китоб мукаммал равишда ёзилган бўлиб, йўл ҳаракати қоидалари инсонларга фойда келтириш ва зарарни кетказиш учун қилинган ишлардан биридир.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, ушбу китобга фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ 2013 йил 13 август кунида тақдим ёзиб берган эканлар.

Сўнгра Тошкент автомобил йўллар институти «Ҳаракат хавфсизлигини ташкил этиш» кафедраси профессори, техника фанлари доктори Қудратилло домла Азизов сўзга чиқди. Муаллиф йўл ҳаракати қоидалари, белгилари ҳамда қоида бузганларга кўриладиган чора-тадбирларнинг ўзи билан кўзланган мақсадга етишиш қийинлигини тўғри талқин этган. «Ушбу китоб фақат диний йўналишда эмас, уни оддий инсон тушунадиган тилда ёзилган. Китобни ўқиган ўқувчи уни тез ҳазм қилади», дейди домла Азизов.

Кейин ҳозирда нафақага чиққан полковник Нуриддин Муҳиддинов,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси кафедра бошқарувчиси маййор Саъдулло Колоулов сўзга чиқдилар ва китоб ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Шунингдек, Андижон вилоятидан ташриф буюрган меҳмон Масъуд ҳожи ака ҳам сўзга чиқдилар. Бу киши «Йўл ҳаракати фиқҳи, шаръий ҳукм ва одоблар» китобини рус тилига таржима қилганлар.

Тадбир якунида китоб муаллифи Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқиб, барча йиғилганларга миннатдорчилик билдириб ўтдилар. Сўнгра хатми Қуръон ўқилди ва дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, китоб муаллифи юртимизда биринчилардан бўлиб долзарб мавзуга илмий ёндашган аҳли илмлардан ҳисобланади.

Хуршид Маъруф

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларида 20222023 ўқув йили бўйича қабул имтиҳонлари ижодий имтиҳон ва тест синови шаклида давоми...

1400 12:00 / 27.07.2022
2023 йил 8 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. давоми...

1410 20:52 / 08.01.2023
Бугун 23 август куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида .Қуръони Карим ва тажвид, ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.Маросимни Ўзбекистон халқаро ислом давоми...

2331 18:30 / 23.08.2021
Бугун, 27 август куни пойтахтимиздаги .Сузук ота, мажмуасида ЎМИнинг Тошкент шаҳридаги вакиллиги фаолият бошлади. Ушбу мажмуа Президентимиз ташаббуси билан бунёд давоми...

1317 15:23 / 27.08.2019
Аудиолар

121539 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43023 14:35 / 11.08.2021