1445 йил 13 зулқаъда | 2024 йил 21 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

ТАНЛОВ-1443: «МАЗҲАБЛАР — БИРЛИК РАМЗИ» Ихтилофларнинг ягона ечими – мазҳабга эргашишда (иккинчи мақола)

17:21 / 19.10.2021 1049 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳий мазҳабга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли ва зарурдир. Чунки мазҳабга эргашиш мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим. Шунда ихтилофлардан сақланади», дейдилар.

Самҳудий «Иқд ал-фарийд фий аҳком ат-тақлид»да айтади: «Тўрт мазҳабни ушлашда катта масолиҳул мурсала бор. Улардан юз ўгиришда эса катта фасод-бузуқлик бор. Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмо қилганлар. Тобеинлар саҳобаларга, табаъ тобеинлар эса тобеинларга суянганлар. Қолаверса, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар».

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!» деганлар. Мазҳабларга эргашиш саводи аъзамга эргашиш демакдир». (Абдулҳай Лакнавий. «Мажмуатул фатово». 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 22-25.).

Валийуллоҳ Деҳлавий: «Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофеийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи ҳар бир билимсиз инсонга Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига тақлид қилмоғи вожибдир. Унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаромдир», дейди. (Валийуллоҳ Деҳлавий. Ал-Инсоф фий баяни асбаб ал-ихтилоф. – Байрут. Дар ан-Нафаис, 1986. – Б. 75.).

Шу ўринда яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазҳаблардаги ихтилофлар динимизнинг камчилиги ҳам, ундаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундай ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Шу боис, қиёсга мурожаат қилиш ва ҳукмларнинг иллатига, шариат соҳибининг ғаразига, шариатнинг умумий мақсадларига назар солиш ҳамда ҳодисалару янги пайдо бўлган масалаларда унинг ҳукмини жорий қилиш лозим бўлади. Бундай ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари ҳамда шунга биноан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир.

Шунингдек, тўрт мазҳаб имомлари Қуръонни шаръий аҳкомларнинг биринчи манбаси қилиб олишлари аввало, уларни ўзаро бирлаштирган, қолаверса, мусулмонлар жамоасини ҳам бирлаштириш орқали турли тафриқалардан сақлаб қолган. Агар бундай қилинмаганда, ҳамма ўзича иш кўриши ва умматнинг турли ихтилофларга дуч келиши тайин эди.

Имом Муҳаммад Абу Заҳра бундай дейди: «Мазҳаб имомлари ва бошқа шу каби фақиҳлар ўртасидаги ихтилофлар диннинг аслига ва шариат асосларига тегишли эмас. Балки фаръий масалаларни турлича талқин этишдан келиб чиқади. Улар Қуръон ва суннатнинг муқаддаслигига иттифоқ қилишиб, ҳатто саҳобаларнинг сўзларига хилоф йўл тутишга ҳам рухсат бермасдилар. Чунки саҳобалар ваҳий нозил бўлишига ва рисолатга гувоҳ бўлган, нубувват илмини бевосита Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилиб, кейинги авлодларга етказган кишилар эдилар. Ихтилофларни шариат асосларига алоқадор дейиш тўғри эмас. Баҳс қилаётган икки томондан бирининг қатъий далилга эга бўлмаган фаръий масалаларга тегишли бўлиб, фатволари шариатга нисбатан дарахтнинг шохларига ўхшайди, яъни барча шох ва новдаларни бирлаштириб турувчи асл манба ягона».

Доктор Ваҳба Зуҳайлий: «Ислом тарихида фиқҳий мазҳабларнинг мусулмонларнинг бирлигига таҳдид соладиган ўзаро низолар ва қуролли тўқнашувларга олиб келганини билмаймиз. Зеро, фиқҳий ихтилофлар зиёни йўқ жузъий ихтилофлардир. Аммо, умматга путур етказгувчи, уларнинг қувватини парчаловчи, борлиғини яксон этувчи ихтилоф эса, ақийдадаги ихтилофдир», деган. (Ваҳба Зуҳайлий. Ал-фиқҳ ал-исламий ва адиллатуҳу. – Дамашқ. Дар ал-фикр, Ж. 2. – Б. 83-85.)

Аллоҳ таоло барчамизни ота-боболаримизнинг мазҳаблари бўлмиш Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг йўлларини ушлаб, бир ёқадан бош чиқариб, ихтилоф ва тафриқачиликка берилмасдан, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб боришимизни насиб айласин!

(Тамом)

Даврон Нурмуҳаммад

Эслатма:

Танлов иштирокчиларидан қуйидаги мавзуларда мақола ҳамда (араб, рус, инглиз, форс ва бошқа тиллардан) таржималар, илмий-тадқиқот ишлари, аудио ва видеосуҳбатлар тақдим этишлари талаб этилади:

— Мазҳаб тушунчаси ва унинг тарихи;

— Мазҳаб ҳақида мўътабар уламоларнинг фикрлари;

— Мазҳаб имомлари ва уларнинг шогирдлари;

— Мазҳабнинг усуллари;

— Мазҳабга оид мўътабар асарлар;

— Масҳабсизлик ва унинг хатарлари.

Танлов шартига кўра, тақдим этилаётган материаллар аввал бошқа манбаларда берилмаган бўлиши, илмий асосланган бўлиши лозим.

Танлов тўрт чоракдан иборат бўлиб, ҳар бир чорак битта мазҳабга бағишланади:

1-чорак — ҳанафий мазҳаби;

2-чорак — шофеъий мазҳаби;

3-чорак — ҳанбалий мазҳаби;

4-чорак — моликий мазҳаби.

Иштирокчилар томонидан тақдим этилган материаллар islom.uz сайтида эълон қилиб борилади. Материалларни @islomuztanlovbot телеграм манзилига юборишингиз мумкин. Танлов 1443 йил зулҳижжа ойида (2022 йилнинг июль ойида) якунланади.

Марҳамат, танловда иштирок этинг!

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган. 4чорак mdash ҳанбалий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1474 11:02 / 16.06.2022
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.3чорак mdash шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1396 14:00 / 15.03.2022
.hellipВа мусобақа қилувчилар шу нарса учун мусобақа қилсинлар,Мутоффифун сураси, 26оятБандаларини Ўзининг розилиги йўлида мусобақалашишга чақирган Аллоҳ субҳанаҳу давоми...

4531 16:01 / 28.11.2017
Лаҳзалар емирар ҳаётим, Ҳар бир тонг умрчун қотилдир. Оҳ урар ошиқлар баёти, Аллоҳдан ўзгаси ботилдир Бир маъно излайман жавдираб, Боқаман mdash чор атроф давоми...

993 12:43 / 18.05.2023
Аудиолар

121702 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43144 14:35 / 11.08.2021