1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Беришимиз 1000 сўм, орзуимиз Фирдавсми?

09:07 / 13.09.2021 2279 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бизга ота-онамиздан меҳрибондир. Унинг қанчалик меҳрибонлигини тасаввур қила олмаймиз. Баъзи лутфининг, раҳматининг, ҳилмининг, сатрининг мисоллари бор.

У Зот шу қадар Меҳрибонки, эшикни ичидан беркитиб олиб, уй ичида гуноҳ қилаётган бўлсанг-да, ўлиб қолмаслигинг, тавба қилишга имконинг бўлиши учун эшик тирқишидан ҳавони киритиб туради.

Нақадар Карамлисан, Роббим!

******

- У Зот сизга мол беради.

- Кейин ўша молдан садақа қилишга сизни илҳомлантиради.

- Кейин ўша садақани оладиган фақирни сизга рўбарў қилади.

- Кейин ўша садақани сиздан қабул қилади.

- Кейин ўша садақа сабабли қолган молингизга барака беради.

Эй Роббим! Нақадар Карамлисан!

******

Сенга исён қилдик, Сен бизни сатр қилдинг.

Сени унутдик, Сен бизни унутмадинг.

Сенинг ғазабингни келтирадиган амал қилдик, Сен бизга раҳм қилдинг.

«Эй Аллоҳ, албатта, Сен Афувв, Каримсан. Афвни яхши кўрасан, бас, бизни афв этгин!»

******

Уйқудан уйғоняпмизми, демак, Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилишимиз, Унга истиғфор айтиб, тавба қилишимиз, зулм қилган кишиларимиздан узр сўраб, розиликларини олишимиз, қарзларимизни ҳақдорларга қайтаришимиз, қазо намозларимизни ўқишимиз, қазо рўзаларимизни тутишимиз, ўлимга чин маънода тайёргарлик кўришимиз учун бизга имконият беряпти. Биз бор куч-ғайратимизни ишга солиб, бу фурсатдан  фойдаланишимиз керак!!!

******

Агар Аллоҳ таоло бир бандасини яхши кўрса, унинг қалбини мулойим қилиб қўяди.

******

— Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, нима қилади?

— Ўша банда хато қилган пайтда, уни истиғфор айтишга илҳомлантириб қўяди.

******

Садақа бераётганингда, бу киши пулимга муҳтож, демагин! Балки, Роббимнинг мағфиратига ва садақанинг савобига мен муҳтожман, дегин.

******

Бойларга қимматбаҳо совғалар бериб, фақирларга кийган кийимини берадиганлар тоифасидан бўлманг!

Муҳаммад Ратён

******

Агар садақа берувчи ўзининг бераётган садақаси фақирнинг қўлига етиб боришидан олдин Аллоҳнинг қўлига тушишини билганида эди, берувчи ҳис этадиган лаззат олувчи туядиган лаззатдан кўра каттароқ, кўпроқ бўларди.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ

 

******

Баъзан садақа бераётганимизда ҳамёнимиздан эскироқ, қиймати озроқ пулни беришга ҳаракат қиламиз. Қўшнига егулик, либос садақа қилмоқчи бўлганимизда ортиб қолган, бироз эскирган таомни бериш, кийган либосини садақа қилиш ҳолати учрайди. Ўзимизга беришса ҳидланган таомни, эскирган либосни олармидик?!

Ўзимиз олишни орзу қиладиган даражадаги нарсаларни беришимиз лозим эмасми?! Меванинг, таомнинг, либоснинг энг сарасини беришимиз буюрилган. Беришимиз 1000 сўм, аммо унинг эвазига Фирдавс жаннатини орзу қиламиз. Аслида 1000 сўмни ихлос билан, риёдан холи ҳолатда берсак, Аллоҳ таоло фазли карами кенг Зот, бизга сўраганимизни беради, аммо бераётганда ўзимизга раво кўрганини берсак, комил иймон соҳиби бўлардик.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам комил иймон ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олсак бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бошқа кишиларга яхшиликни раво кўришини иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча, комил мўмин бўла олмаслигини таъкидламоқдалар.

******

Садақанинг фойдалари:

Садақа – Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллардан;

Садақа – уни берувчидан ва унинг аҳлидан балонинг аришига, унинг ёмон ўлим топишдан қутулишига сабаб бўлади;

Садақа – баданни, молни поклайди;

Садақа – молнинг баракаси зиёда бўлиб, ризқ кенгайишига сабаб бўлади;

Садақа – ажрнинг кўпайишига сабаб бўлади;

Садақа – жаннатнинг махсус эшигидан киришга сабаб бўлади;

Садақа – молнинг зиёда бўлиб, камаймаслигига сабаб бўлади;

Садақа – дўзахдан қутулишга сабаб бўлади.

Эй Роббим, Сен Роҳмансан, Роҳиймсан! Ўзинг барчамизни садақа берувчилар ва унинг дунёю охиратдаги фойдаларини кўрувчилардан қилгин!

Ҳоний Довва мақоласи асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун ҳолда кўрганимда у зотга Эй Аллоҳнинг давоми...

2536 15:25 / 13.02.2022
Хатиб Бағдодийнинг .Тариху Бағдод, китобида келади.Иброҳим ибн Рустамнинг таржимаи ҳолида қуйидагилар ёзилган.Иброҳим ибн Рустам аслида Кирмон аҳлидандир. давоми...

1893 14:17 / 13 март
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган давоми...

1992 11:03 / 04.06.2021
Инсоннинг қалби худди қўрғонга ўхшайди. Шайтон ўша қўрғонга кириб, уни эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Мазкур қўрғонни душмандан ҳимоя қилиш учун унинг эшик, давоми...

2117 09:00 / 13.08.2021