1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Муҳаррам ойида Хайбар фатҳ қилинди

09:00 / 16.08.2021 1553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хайбар шаҳри Мадинаи мунавварадан шимоли-ғарбда саксон милча узоқликдаги жой бўлиб, у ерни яҳудийлар босиб олишган эди. Ислом келгач, мусулмонларга хиёнат қилган яҳудийлар ҳам қочиб келиб, шу ерга жойлашишган эди. Хайбар яҳудийлар томонидан Ислом давлатига доимий таҳдид солиб турадиган ҳарбий истеҳкомга айлантирилганди. Мадинаи мунавварадан сургун қилинган Бану Қайнуқоъ ва Бану Назир яҳудийларининг баъзилари Хайбарга жойлашиб олишган, улар атрофдаги қабилаларни, хусусан, Ғатафон қабиласини яна ўзлари билан Мадинаи мунавварага ҳужум қилиб, мусулмонларни йўқ қилиб ташлашга чорлашаётган эди.

Ушбу режалардан хабар топганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи йилнинг муҳаррам ойи охирларида Хайбарни фатҳ қилишга қарор қилдилар.

У зот бу ғазотга фақат Ҳудайбиядаги байъат иштирокчилари чиқишини қаттиқ таъкидладилар. Ҳудайбия сулҳи билан тугаган сафарга чиқмай қолганларга изн бермадилар. Хайбарга бир минг тўрт юз саҳоба чиқди.

Хайбарга етиб келинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо ила дуо қилдилар. У зот Аллоҳ таолодан Хайбарнинг фатҳини сўрадилар, Хайбарнинг ва унинг аҳлининг шарридан паноҳ тиладилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бир қавмга қарши ғазот қиладиган бўлсалар, субҳ киришини кутар эдилар. Агар ўша жойда бомдод азонини эшитсалар, уруш қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда ҳам шундай қилдилар. Тунда дам олдилар. Эрталаб азон эшитилмади. Шунда туриб, уловларига миндилар. Аскарлар ҳам уловларини миниб, жангга ҳозир бўлдилар ва Хайбар томон юриш бошладилар.

Хайбарликлар ҳам қурол-аслаҳалари билан чиқиб туришган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва лашкарни кўришлари билан: «Муҳаммад ўз лашкари билан!» дейишди-да, ортга қараб қочишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳу акбар! Хароб бўлди Хайбар! Биз бир қавм майдонига тушсак, огоҳлантирилганларнинг тонги ёмон бўлибди!» дедилар.

Хайбар бир неча қўрғонлардан иборат эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу қўрғонларни бирин-кетин фатҳ эта бошладилар.

Ушбу ғазотда мусулмонлар мислсиз жасорат кўрсатиб, жанг қилдилар. Яҳудийларнинг кўплаб чавандоз ва паҳлавонлари ҳалок бўлди.

Мусулмонлар бир неча кунлаб давом этган кучли қамал ва шиддатли урушлардан кейин Хайбар қўрғонларини бирин-кетин фатҳ қилдилар. Охири келиб, яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сулҳ талаб қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўчириб юборишни ирода қилдилар. Улар эса: «Эй Муҳаммад! Бизни шу ерда қолдир. Биз бу ерларни тузатиб, экин экайлик. Бу ишни биз яхшироқ адо этамиз», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг деҳқончилик ёки боғдорчилик қилишга вақтлари ҳам, ўринларига ишлайдиган хизматчилари ҳам йўқ эди. Шунинг учун чиққан ҳосилни тенг бўлиб олиш шарти ила яҳудийларнинг Хайбарда қолишларига келишилди.

Хайбар ғазоти, шубҳасиз, мусулмонлар учун катта зафар бўлди. Хайбардаги яҳудийлар ўзларининг ҳарбий қувватлари, бойликлари, фаровонликлари, серҳосил зироатлари, ҳайвонот бойликлари, қурол-аслаҳалари, метин қўрғонлари билан машҳур эдилар. Шунингдек, уларнинг ичида паҳлавонлар ҳам кўп эди. Ҳеч ким, хусусан, ўша минтақадаги қабилалар уларни енгилади, деб хаёлларига ҳам келтиришмасди.

Мусулмонларнинг ана шундай кучга эга тарафни мағлуб этишлари мазкур устунликларнинг ҳаммаси улар томонга ўтганини, яқин ўртада мусулмонларга тенг келадиган куч қолмаганини билдирар эди. Бу эса атрофда тарозининг палласи қайси томонга оғишини кутиб турган кўплаб қабилаларнинг мусулмонлар томонга мойил бўлишини таъминлар, бошқаларнинг кўнглини қўрқинчга тўлдирарди.

Хайбар ғазотидаги зафар мусулмонларнинг ўзларига ҳам янги куч бахш этди. Улар шу қадар катта қувватга эга бўлган душманни мағлуб этганларидан кейин бошқа душманларга қарши кураш осон бўлишини тушуниб етдилар. Кейинги ҳодисалар айни шу ҳолатни тасдиқлади. Хайбар фатҳидан кейин бирин-кетин бошқа фатҳлар мусулмонларга ёр бўла бошлади.

«Ислом тарихи» биринчи китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шунча қилинган жидду жаҳдлардан сўнг ҳам Иброҳим алайҳиссаломга у зотнинг жуфти ҳалоллари Сора онамиз ва акалари Ҳороннинг ўғли Лутдан бошқа ҳеч ким иймон давоми...

3701 16:20 / 03.02.2019
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг учинчиси инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг давоми...

1236 11:30 / 15 февраль
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ давоми...

2140 14:00 / 18.06.2022
Тарихчи Муҳаммад Афанди Инабасовнинг интернет сайтларидан бирида эълон қилган мақоласида ёзишича, Бухорони биринчи бўлиб ҳижрий 54 йили милодий 674 йил Ислом давоми...

4523 11:00 / 16.12.2020
Аудиолар

121499 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42989 14:35 / 11.08.2021