1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Ким саримсоқ пиёз еса уйида ўтирсин

18:00 / 27.06.2021 2791 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَكَلَ الْبَصَلَ وَالثُّومَ وَالْكُرَّاثَ فَلَا يَقْرَبَنَّ مَسْجِدَنَا، فَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ تَتَأَذَّى مِمَّا يَتَأَذَّى مِنْهُ بَنُو آدَمَ. وَفِي رِوَايَةٍ: مَنْ أَكَلَ ثُومًا أَوْ بَصَلًا فَلْيَعْتَزِلْنَا أَوْ فَلْيَعْتَزِلْ مَسْجِدَنَا وَلْيَقْعُدْ فِي بَيْتِهِ. وَفِي أُخْرَى: مَنْ أَكَلَ مِنْ هَذِهِ الْبَقْلَةِ فَلَا يَقْرَبَنَّ مَسَاجِدَنَا حَتَّى يَذْهَبَ رِيحُهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

وَلِمُسْلِمٍ وَالنَّسَائِيِّ: قَالَ عُمَرُ رَضِي اللهُ عَنْهُ فِي خُطْبَةٍ: أَيُّهَا النَّاسُ تَأْكُلُونَ شَجَرَتَيْنِ لَا أَرَاهُمَا إِلَّا خَبِيثَتَيْنِ الْبَصَلَ وَالثُّومَ، رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ r إِذَا وَجَدَ رِيحَهُمَا مِنَ الرَّجُلِ فِي الْمَسْجِدِ أَمَرَ بِهِ، فَأُخْرِجَ إِلَى الْبَقِيعِ، فَمَنْ أَكَلَهُمَا فَلْيُمِتْهُمَا طَبْخًا.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким пиёз, саримсоқ пиёз ва ёввойи пиёз еса, масжидимизга асло яқин келмасин. Чунки фаришталар одам болалари озор топадиган нарсалардан озор топадилар», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ким саримсоқ пиёз ёки пиёз еган бўлса, биздан четда бўлсин ёки масжидимиздан четда бўлсин, уйида ўтирсин», дедилар», дейилган.

Яна бошқа ривоятда эса:

«Ким ушбу сабзавотни еса, унинг ҳиди кетмагунча асло масжидимизга яқин келмасин», дедилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муслим ва Насаий келтирган ривоятда:

«Умар розияллоҳу анҳу ўз хутбаларида:

«Эй одамлар! Сизлар икки хил ўсимликни ейсизлар. Мен у иккисини, албатта, яхшимас деб биламан; У пиёз ва саримсоқ пиёз. Мен кўрганманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда қайси бир одамда уларнинг ҳидини топсалар, амр қилар эдилар ва у Бақиъга чиқариб юборилар эди. Бас, ким у иккисини ейдиган бўлса пишириб, ўлдириб есин», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ривоятларда мусулмонлар ичида жамоатчилик одобини сақлаш, жамоат жойига нохуш ҳид билан бормаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Исломда бу нарсага катта эътибор берилиши маълум ва машҳур. Катта жамоатларга, Жума, Ийд намозлари ва шунга ўхшаш жойларга ғусл қилиб борилиши бежиз эмас. Бу ҳам терлаш туфайли инсонда пайдо бўладиган нохуш ҳидларни кетказиш, кўпчиликка озор бермаслик учун шариатга киритилган.

Ушбу ривоятларда одамдан еган таоми туфайли нохуш ҳид чиқадиган бўлса, жамоат бундан озор топиши таъкидлаб айтилмоқда.

Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:

1. Пиёз, саримсоқ пиёз ва ёввойи пиёз еган кишилар масжидга яқин келмасликлари зарурлиги.

2. Одам болалари озор топадиган нарсага эга бўлган киши масжидга бормаслиги кераклиги.

3. Ундай нарсалардан фаришталар ҳам озор топиши, шунинг учун мазкур кишилар масжидга бормаслиги маъқул эканлиги.

4. Саримсоқ пиёз ёки пиёз еган одам нафақат масжид, балки бошқа жамоат жойларга ҳам бормай, уйида ўтириши лозимлиги.

5. Мазкур нарсаларни тановул қилган одам то ҳиди кетмагунича, масжидга бормай туриши лозимлиги.

6. Саримсоқ пиёз ёки пиёз еб, масжидга келган одамни имом масжиддан чиқариб юбориши мумкинлиги. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кимсаларни Бақеъ қабристонига чиқартириб юборар эканлар.

Демак, ушбу ривоятларда зикр қилинганлардан бошқа ноқулай ҳидга сабаб бўладиган нарсаларни еб ҳам масжидга, жамоат жойларига бориб бўлмас экан.

Ривоятда Ҳижоз юртларида ўша пайтларда маълум ва машҳур бўлган ўткир ҳидли нарсалар зикр қилинган. Шунга қиёсан, ҳамма нохуш ҳидли, бошқаларга озор берадиган нарсаларни истеъмол қилган кишилар масжидга ва бошқа жамоат жойларига бормасликлари ҳукм қилинган.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Муаззинга эргашиб у айтаётган азон калималарни қайтариб туриш. 2. Тунги намозни икки ракат енгил намоз билан бошлаш. 3. Ичимликка нафас урмаслик, пуфламаслик. 4. давоми...

1552 11:00 / 20.01.2023
. .Усайд ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қубо масжидидаги намоз худди умра кабидир,, дедилар,.Термизий давоми...

1795 14:45 / 18.04.2021
Ё Расулуллоҳ Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам давоми...

815 16:16 / 19.09.2023
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз кечаси таҳажжудга турса, намозини енгилгина икки давоми...

786 11:18 / 27 январь