1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Дўстлик одоби

05:00 / 07.03.2017 11374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни айтганлар:

«Сени анави одам (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу) шайхлардан олдинга ўтказаётганини кўрмоқдаман. Мендан қуйидаги беш нарсани ёдлаб ол: Унинг сирини зинҳор фош қилмагин, унинг ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмагин, унинг олдида каззобни фош қилма, унинг амрига хилоф қилма, у сендан зинҳор хиёнат кўрмасин».

Шаъбий:

«Ушбу беш нарсанинг ҳар бир сўзи мингдан афзалдир», деган.

Абу Саъид Саврий:

«Қачон бир киши билан дўст бўлмоқчи бўлсанг, аввал унинг ғазабини чиқар, сўнгра бировдан ўзинг ва сиринг ҳақида ундан фикрини сўрашини илтимос қил. Агар яхши гап айтиб, сирингни сақласа, у билан дўст тутин», деган.

Банда ўз дўсти билан талашиб-тортишишдан ҳам тилини тийиши зарур. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғонни тарк қилса, ҳолбуки, у ботилдир, унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади.

Ким ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади.

Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган. 

Абу Довуднинг лафзида:

«Мен ўзи ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дейилган.

Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб-тортишиш, балки ҳақ бўла туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки талашиб-тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду ҳасад ва адоват солади. Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса, талашиб-тортишмай, бошқа яхши йўллар билан ҳам унга эришса бўлади.

Дўстлик айтишиш ва талашишда эмас, балки бир-бирига мувофиқ бўлишдадир.

Машойихлар: «Дўстингга «Тур, кетдик», деганингда «Қаёққа?» деса, уни тарк қил. Агар у дарҳол «Кетдик», деса, суҳбатида бардавом бўл», демишлар.

Абу Сулаймон Дороний айтади:

«Ироқда дўстим бор эди. Оғир пайтларда унинг олдига бориб, «Молингдан бериб тур», десам, олдимга халтасини отар ва мен керагини олардим. Бир куни олдига бориб:

«Бир нарсага ҳожатим тушди», дедим.

«Қанча истайсан?» деди.

Унинг билан дўстлик ҳаловати қалбимдан чиқди».

Тўртинчи ҳақ: тил билан нутқ қилиниши лозим нарсалар.

Албатта, дўстликнинг ҳаққи дўстнинг айблари ва унинг ҳақидаги ёқимсиз гапларни гапиришдан сукут сақлаш билан чегараланиб қолмайди. Аслида, гаплашиш ва гапириш учун дўст бўлинади. Шунинг учун ҳам дўстга гапириладиган ва унинг ҳақида айтиладиган нарсаларда дўстлик ҳаққи жорий қилинган.

1. Аввало уни дўст тутиш ҳақида унга хабар бериш керак. 

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. 

«Анас розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана шуни яхши кўраман», деди.

«Буни унга билдирдингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Унга билдир», дедилар.

У унинг ортидан етиб борди ва:

«Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деди.

Сен мени ким учун яхши кўрсанг, У Зот ҳам сени яхши кўрсин», деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга бу хабарни етказмоғи керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади. 

Язийд ибн Нуъома Заббийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши бошқасини яхши кўрса унинг исмини, отасининг исмини ва кимдан эканлигини сўрасин. Бу, албатта, дўстликни мустаҳкамлайди», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

2. Дўстининг олдида ҳам, орқасидан ҳам фақат унинг ўзига ёқимли исми билан атасин. 

«Умар розияллоҳу анҳу:

«Уч нарса сен учун дўстинг муҳаббатини мусаффо қилади: унга йўлиққанингда аввал салом беришинг, уни ўзи учун энг маҳбуб исми ила чақиришинг ва мажлисда унга жой беришинг», деган».

Ибн Муборак ривоят қилган.

3. Дўстингнинг мақталишини ёқтирадиган одам ҳузурида унинг ҳақида билган яхши сифатларини айтиб мақташинг.

Бу иш унинг обрўсини орттиради ва сенга бўлган муҳаббатини зиёда қилади.

4. Кези келганда дўстингнинг оила аъзолари, ишлари, яхши сифатлари ва бошқа фазилатларини ҳамда сенга қилган яхшиликларини муболаға қилмасдан, меъёрида гапириб туришинг.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Ким ўз дўстини яхши ният ила мақтамаса, уни қилган яхшилиги учун ҳам мақтамайди», деган.

5. Дўстинг ҳақида ёқимсиз гап эшитганингда дарҳол уни ҳимоя қилишинг унинг дўстлик ҳаққидир.

Бу ишни қилмаган одам дўстлик ҳаққини поймол қилган бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса, ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро, мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам, биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.

6. Билмаган нарсасини таълим бериш.

Агар сен дўстинг билмайдиган нарсани билсанг, унга ўша нарсани ўргатишинг керак. Чунки дўст молга муҳтож бўлганидек, илмга ҳам муҳтождир. Бинобарин, унинг дини ва дунёси учун зарур бўлган нарсаларни билсанг, ўргатиб қўй.

7. Керак бўлганда насиҳат қилиб туриш. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг кўзгусидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дедилар», дейилган.

Албатта, насиҳат қилиш бошқаларнинг олдида эмас, ёлғиз ҳолда амалга оширилади. Аслида бировга унинг айбларини айтиб, йўл кўрсатиб насиҳат қилиш яккама-якка бўлади. Бу ишни бошқанинг олдида қилиш насиҳат эмас, дўқ-пўписа бўлади.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ким ўз дўстига махфий ваъз қилса, унга насиҳат қилган ва уни зийнатлаган бўлади. Ким ўз дўстига ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва айблаган бўлади», деганлар.

Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳига:

«Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» дейилди.

«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», деди.

Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми», деб гуноҳларини санайди. У: «Ҳа, Роббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан сўнг унга: «Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Бешинчи ҳақ: дўстнинг қоқилиш ва тойилишларини афв қилиш.

Одатда дўстнинг хатоси динда ёки сенинг ҳаққингда бўлади. Унинг хатоси динда бўлса, лутф билан насиҳат қилиш керак бўлади. У насиҳатни қабул қилиб, ўзини ўнглаб олса, айни мурод. Аммо насиҳатни қабул қилмаса-чи?

Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

«Қачон дўстинг ўзгариб, аввалгидан бошқача бўлиб қолса, уни ўша сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор», деган.

Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Дўстинг гуноҳ иш қилгани учун ундан алоқани узма, бугун гуноҳ қилса, эртага уни тарк қилиши бор», деган.

Бу ҳолат унинг ўзини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид узилгунча давом этади. Умид узилганда эса у билан алоқани кесишга тўғри келади.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:

«Қачон дўстинг ўз ҳолидан тескарига ағдарилиб қолса, уни нима учун яхши кўрган бўлсанг, шунинг учун ёмон кўр», деган.

Дўстнинг хатоси ва қоқилиши сенинг ҳаққингда бўлса, афв этиш, сабр қилиш ва яхшиликка йўйиш керак бўлади.

Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳи:

«Уч нарсага сабр қилиш дўстнинг ҳаққидандир: Ғазабдаги зулмга, ҳуши учгандаги зулмга, қоқилгандаги зулмга», деган.

Абу Сулаймон Дороний Аҳмад ибн Абул Ҳаворийга:

«Бу замонда биров билан дўст бўлсанг, уни ундаги сен ёқтирмаган нарса сабабидан койимагин. Тағин, ўшанинг жавобига аввалгисидан ҳам ёмонроқ нарсага дучор бўлиб қолмагин», деган.

Олтинчи ҳақ: дўстнинг ҳаққига дуо қилиш.

Киши ўз дўсти ҳаққига унинг тириклигида ҳам, мамотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзи учун нимани сўраса, дўсти учун ҳам шуни сўраб дуо қилади.

 

Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб, уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:

«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Бизга яхшилик сўраб дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ҳар сафар ўз биродарига яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди», дер эдилар», деди.

Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим. У ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Мусулмонлар бир-бирларига дуо сўраб туришлари керак.

Дўст йўқлигида орқасидан қилинган дуо мақбулдир.

Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «Омин», деб туради.

Ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

«Мен етмишта дўстимга саждамда номларини айтиб дуо қиламан», деган.

Еттинчи ҳақ: дўстга вафодор бўлиш ва унга ихлос қилиш.

Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббатида то ўлгунча собит туришдан, ўлимидан кейин унинг болалари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясида бўладиган етти тоифа ҳақидаги ҳадисларида жумладан, шундай деганлар: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«...Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши...»

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Яъни то ўлгунича, деганлари.

Баъзи улуғларимиз:

«Ўлгандан кейин қилинган озгина вафодорлик тирикликдаги кўпидан яхшидир», дейишган.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, «Буни Фулонага олиб бориб беринглар. У Хадижанинг дугонаси эди. Буни Фулонанинг уйига олиб бориб беринглар. У Хадижани суяр эди», дердилар».

Бухорий «Адаб ал-Муфрад»да ривоят қилган. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зот менинг олдимдаликларида бир кампир келди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен кимсан?» дедилар.

«Мен Жассома Музанийяман», деди.

«Йўқ. Сен Ҳассона Музанийясан! Сизлар қандайсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея сўраб кетдилар.

«Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.

У чиқиб кетганидан кейин:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик эҳтиром кўрсатдингиз?» дедим.

«У Хадижанинг вақтида ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аҳдни гўзал тутиш иймондандир», дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

Дўстнинг барча қариндошлари, дўстлари ва унга боғлиқ кишиларнинг риоясини қилиш унга вафодорликнинг давомидир.

Дўстнинг динда йўл қўйган хатоларига рози бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдир.

Дўстнинг фироқига ҳасрат-надомат қилиш ҳам унга бўлган вафодандир.

Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ўттиз йил олдин фироқига учраган дўстларимнинг ҳасрати ҳали ҳам хаёлимдан кўтарилгани йўқ», деган.

Дўсти ҳақидаги чақимчиликка қулоқ солмаслик ҳам унга бўлган вафодорликка далолат қилади.

Бир одам донишманднинг олдига келиб:

«Дўстлигингга совчи бўлиб келдим», деди.

«Маҳрига уч нарсани сўрайман», деди.

«Улар нималар?» деди.

«Менинг ҳақимдаги чақимчиликка қулоқ солмайсан, менинг ишимга хилоф қилмайсан, мени кўр-кўрона тасдиқламайсан», деди.

Дўстининг душманига дўст бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдандир.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Қачон дўстинг душманингга итоат қилса, иккиси сенга душманликда шерик бўлибди», деганлар.

Саккизинчи ҳақ: енгиллик ва ортиқча такаллуфни тарк қилиш.

Киши дўстига оғир келадиган нарсани раво кўрмаслиги керак. Бошқача қилиб айтганда, унга оғирлигини солмаслиги лозим. «Менинг оғиримни енгил қилсин», «мендан хабар олиб турсин», «ёрдамимга доим шай турсин» каби талабларни хаёлига ҳам келтирмагани яхши. Мусулмон дўстига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди, унинг дуосидан умидвор бўлади, уни кўришдан унс топади, унинг ҳақларини адо қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади ва динига ёрдам олади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Дўстларнинг ёмони сени тангликка солгани, мудорога муҳтож қилгани ва узр айтишга мажбур қилганидир».

Баъзи машойихлар демишлар:

«Ким дўстларидан улар ундан талаб қилмаган нарсани талаб қилса, уларга зулм қилган бўлади. Ким дўстларидан улар ундан талаб қилган нарсани талаб қилса, уларни заҳматга қўйган бўлади. Ким дўстларидан ҳеч нарса талаб қилмаса, уларга фазл кўрсатган бўлади».

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Икки киши Аллоҳ учун дўст бўлса-ю, улардан бири бошқасидан тортинса ёки уялса, албатта, иккисидан бирида иллат бўлади».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Шукр иймоннинг мукаммалигидир. 2. Шукр Исломнинг гўзаллигига далолатдир. 3. Шукр неъмат берувчининг ва неъматнинг эътирофидир. 4. Шукр неъматнинг давоми...

926 19:00 / 09 март
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири кибр ва манманликдир.Кибр ва манманлик бир бирига яқин ва ўхшаш салбий давоми...

20849 05:00 / 28.02.2017
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири бахилликдир..Бахиллик, луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

2755 19:00 / 18.04.2022
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган 1. Вожиб. Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир. 2. Мандуб. Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

502 19:00 / 06 январь
Аудиолар

119977 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41660 14:35 / 11.08.2021