1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Бухорода Ибн Сино яшаган даврни эслатиб турувчи музей кўринишидаги уй қурилмоқда

12:00 / 08.06.2021 1196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пешкулик тадбиркор, «Мироншоҳ Мираҳмад медсервис» МЧЖ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Эркин Болтаев буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган қадимий Афшона қишлоғининг Х асрга хос қиёфасини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» газетасида Истам Иброҳимов маълумот берди.

У барпо этмоқчи бўлган «этник қишлоқ» таркибида Ибн Синонинг музей кўринишидаги рамзий уйи ҳам қад ростлайди.Унда аллома яшаган даврни эслатиб турувчи китоблар, лавҳлар, доривор ўсимликлар, тиббий асбоб – ускуналар, жарроҳлик столи, ҳаммом, танча, тандир, зулук билан даволаш, турли муолажа усуллари кўргазма тариқасида ташкил этилади. Кигиздан қадимий усулда пойабзал тикиш, машҳур «занданича» матоси тўқишни йўлга қўйиш, қамишдан бўйра тўқиш, қуритилган мевалардан турли шифобахш дамламалар тайёрлаш, парҳез нонлар ёпиш орқали сайёҳлар кўз ўнгида буюк аллома яшаган давр гавдалантирилади.

Яқинда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар Афшонада бўлиб, ушбу лойиҳа билан атрофлича танишдилар.Тадбиркорга 62 сотих ер майдони ажратиладиган бўлди.

Фахрланиб айтиш керакки, Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири бу — Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан танилган. Ибн Синонинг асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида дунёга келди. 986 йилда ибн Синонинг оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вактдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади. Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний хукмронлиги даври (976-997) га тўғри келади.

Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тезда эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Қуъони Каримни бошдан-оёқ ёд олди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади ва аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганади. 16-17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилди. 999 йилда Бухоро қорахонийлар томонидан забт этилгач, Сомонийлар ҳокимияти инқирозга учради. 1000 йилда ибн Сино Бухородан чиқиб кетди ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга борди, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинди. Ибн Сино Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишди. Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлди. Абивард, Туе, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келган ибн Сино ҳоким қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди. 1019-21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқди. 1023 йилда Исфаҳонга қочди ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади. Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди. Умрининг сўнгги йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.

Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби») 22 жидлдан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима қилинган.

 

«Халқ сўзи» газетаси, azon.uz ва e-tarix.uz манбалари асосида 

Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоннинг бу дунёдаги умри жуда қисқа. Абадият билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Умр шунчалик тез ўтадики, ўлим бўсағасига келиб қолган одам гўё бир эшикдан давоми...

6411 16:52 / 28.09.2017
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бирбирини тўлдирувчи бир неча таърифларни давоми...

4427 05:00 / 03.03.2017
Бу ерда бойликrdquo деганда ўзгаларга муҳтож ва қарам бўлиб қолмаслик назарда тутилади. Кенг ризқrdquo эса фаровон ва осойишта ҳаётни англатади. Эй Аллоҳим, мен давоми...

106609 05:00 / 03.03.2017
...Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирларида, собиқ шўро тузими даврида аёллар ўртасида ўзига ўзи ўт қўйиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани ҳақида давоми...

7324 05:00 / 02.03.2017