1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (138-дарс) Ат-Таҳрир ват-Танвир

17:00 / 25.05.2021 3304 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ат-Таҳрир ват-Танвир» – Тоҳир ибн Ошур. 

Туниснинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлмиш шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи «Ат-Таҳрир ват-Танвир» номли катта ва мукаммал тафсир ёзган. Шайх Тоҳир ибн Ошурнинг шогирдлари ва мутахассисларнинг таъкидлашларича, у киши ўз тафсирини йигирма йилда ёзиб битирган. Бу тафсирнинг эгаси ҳар бир нарсани эринмай, мукаммал баён қилган. Айниқса, у кишининг луғат бўйича олиб борган тадқиқотлари, шунингдек, илмий тадқиқотлари ҳам таҳсинга сазовор. Шайх Тоҳир ибн Ошур фиқҳий масалаларни ҳам батафсил ёритган. Янги пайдо бўлган ҳаётий муаммолар ва маданий қарашларни ҳам ўз жойида ҳал қилган. 

Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи муқаддимасида таъкидлашича, қуйидаги тафсирлар муҳим ҳисобланади:

«Ал‑Кашшаф» – Замахшарий.

«Ал-Муҳаррар ал-Важийз» – Ибн Атийя.

«Мафатийҳул-ғойб» – Фахриддин Розий.

«Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» имом Байзовий.

«Руҳул-маъаний» – имом Олусий.

Абу Саъуд тафсири.

Қуртубий тафсири.

Табарий тафсири. 

Тийбий, Қазвийний, Қутб ва Тафтазоний тарафидан «Кашшоф»га ёзилган ҳошиялар.

Хафочининг Байзовий тафсирига ёзган ҳошияси.

Албатта, шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мазкур тафсирлардан фойдаланган. Аммо ўзининг айтишича, чўзилиб кетмаслиги учун қаердан олганини айтмаган.

Шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим эъжози турларига, балоғат нуқталарига, бадиий услубларга катта эътибор берган. Шунингдек, оятларнинг бир-бирига боғланиш муносабатларини ҳам баён қилган. Ҳар бир суранинг мақсадларини ҳам батафсил айтиб ўтган. Ҳар бир сўзнинг араб тилидаги маъноларини чуқур тушунтирган. 

Шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг айтишича, китобнинг тўлиқ номи «Таҳриру маънас-садид ва танвиру ақлил-жадид мин тафсири китабил-мажид»дир.

Муаллиф ўз тафсирининг аввалида Қуръони Карим ва унинг тафсирига оид ўнта муқаддима ёзган, сўнгра Фотиҳа сурасини тафсир қилишни бошлаган.

Ҳар бир суранинг исми, унинг нозил бўлиш вақти ва шароити ҳамда унга боғлиқ бошқа маълумотларни батафсил келтирган. Маълумотларнинг хулосасини айтган.

Бақара сурасининг тафсири аввалида «Алиф лаам мим» ҳарфларини келтириб, шу ва шунга ўхшаш ҳижо ҳарфлари ҳақидаги кўплаб маълумотларни тақдим қилган. Шу тариқа китоб катта маълумотлар тўпламига айланган.

Мен турли сабабларга кўра, шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг баъзи шогирдлари билан суҳбатларда бўлдим. Уларнинг айтишларича, устозлари жуда ҳам талабчан киши экан. Тафсирни ёзгандан кейин ҳам ҳар варақнинг қўлёзмасини қайта-қайта кўрар, таҳрир қилар ва тузатишлар киритар экан.

Мен бу тафсир билан чет элда ўқиб юрган кезларимда танишган эдим. Кейинроқ, айниқса Қуръони Карим маъноларини ва «Тафсири Ҳилол»ни рус тилига ўгириш жараёнида уни асосий манбалардан қилиб олдим. Шу тариқа ушбу китоб билан жуда яқиндан танишдим ва унинг ҳақиқатда ҳам мақтовга сазовор илмий иш эканига тўла ишонч ҳосил қилдим.

Аллоҳ бу тафсирнинг муаллифи Шайх Тоҳир ибн Ошурни Ўз раҳматига олган бўлсин.

«Қуръон илмлари» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

3676 05:00 / 23.01.2017
Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги давоми...

3502 21:36 / 10.04.2018
Араблар ўз асарларини имкон қадар қисқа, ҳатто бир сўз билан номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло бунга хилоф ўлароқ, Ўзининг ваҳий тўплами учун турли исмларни ихтиёр давоми...

7596 12:01 / 09.11.2018
3. Имом Жалолуддин Муҳаммад Маҳаллий ва имом Жалолуддин Абдурраҳмон Суютийнинг .Тафсирул Жалалайн, тафсирлари. Ушбу китобнинг номини ўз тилимизга таржима давоми...

2699 13:30 / 13.04.2021