1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Гуноҳ ноумидликка олиб бормаслиги керак

05:00 / 06.03.2017 2925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гуноҳни оғир билишинг Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумондан сени тўсадиган даражага етмасин. Албатта, ким Роббини яхши таниса, У Зотнинг карами олдида гуноҳларини кичик санайди.

Ислом мўътадиллик дини экани ушбу масалада ҳам аён бўлади. Банда гуноҳларга нисбатан бепарво ҳам бўлмаслиги, гуноҳларга эътибор беришда ҳаддидан ҳам ошмаслиги керак. Балки ўртача меъёрда бўлмоғи зарур. Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи аввалги ҳикматда тоатларнинг ўтиб кетишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишларнинг содир этилишига надомат чекмаслик қалбнинг ўлими аломатларидан эканини таъкидлаганидан кейин, ушбу ҳикматда ўша маҳзунлик ва надоматнинг чегарасини ҳам баён қилмоқда.

«Гуноҳни оғир билишинг Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумондан сени тўсадиган даражага етмасин».

Гуноҳни оғир мусибат деб билмаслик, тоатларнинг ўтиб кетишига маҳзун бўлмаслик, тойилишлар содир бўлишига надомат чекмаслик қалб ўлимининг аломати экани ҳақидаги маълумотлар гапнинг ҳақиқатини ўз ўрнида тушунмаган баъзи кишиларни ноумид ҳолга солиб қўйиши ҳам мумкин. Улар бўлар иш бўлди, энди мен ҳамма нарсадан умидни узаверишим керак, деган хаёлга борадилар. Бу ҳолат ўз навбатида банданинг ўзи надомат қилиб турган ҳолидан ҳам оғир ҳолга келиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Мисол учун, ўзини ўзи ҳалок қилиши ёки гуноҳларга аввалгидан ҳам қаттиқроқ ружу қўйиши мумкин. Ундан ҳам даҳшатлироғи эса ақийдада катта хатога йўл қўйишидир. Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб, катта гуноҳга ботиб, охирати бутунлай куйишидир.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (53-оят).

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Аввало, Аллоҳ таоло:

«Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим», деб, бандаларига Ўз нисбатини бермоқда.

Аслида, «исроф» деб мол-дунёни ортиқча сарфлашга айтилади. Шунингдек, бу сўз маънавий жиҳатдан ҳаддан ошишга нисбатан ҳам ишлатилади. Бинобарин, гуноҳ қилган одам исрофчи бўлади, чунки у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳаддан (чегарадан) чиққан ҳисобланади. Гуноҳ туфайли ҳаддидан ошган одам ўзига зарар, жабр қилади. Аллоҳ таоло ушбу оятда бандаларининг гуноҳ сабабли исрофга йўл қўйиб, ўзларига жабр этишларини айтмоқда.

«…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!»

Унинг раҳмати жуда кенгдир.

«Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар».

Аллоҳ таоло Нисо сурасида ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират этишини таъкидлаган. Чунки

«Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Тавба қилган бандаларнинг гуноҳларини кечиради.

Муфассирларимиз, аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ояти каримани Аллоҳнинг Китобидаги энг умидли оят, деб таъкидлайдилар ва, шу билан бирга, бу умид гуноҳга ташвиқ этувчи умид эмаслигини ҳам қаттиқ уқтирадилар. Яъни «Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради» деган умид билан била туриб, гуноҳларда давом этишнинг фарқи бор. 

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Сиздан олдин ўтганларнинг ичида тўқсон тўққизта жонни ўлдирган киши бор эди. У ер аҳолиси ичидаги энг илмли киши ҳақида сўради. Уни роҳибга йўллаб қўйишди. Шунда унинг ҳузурига бориб, тўқсон тўққизта жонни ўлдирганини, унга тавбага йўл бор-йўқлигини сўради. У: «Йўқ», деди. Шунда уни ҳам ўлдириб, юзтани тўлдирди. Сўнгра ер аҳолиси ичидаги энг илмли киши ҳақида сўради. Уни олимга йўллаб қўйишди. Унинг ҳузурига бориб, юзта жонни ўлдирганини, унга тавбага йўл бор-йўқлигини сўради. У: «Ҳа, у билан тавбанинг орасини ким ҳам тўса олар эди? Фалон, фалон ерга бор. Чунки у ерда Аллоҳ таолога ибодат қилаётган кишилар бор. Улар билан бирга Аллоҳ таолога ибодат қил. Ўз ерингга қайтма. У ёмонлик еридир», деди.

У жўнаб кетди. Ярим йўлга етганида, унга ўлим келди. У ҳақида раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишиб қолдилар. Раҳмат фаришталари: «У тавба қилиб, қалби ила Аллоҳ таолога интилиб келди», дейишди. Азоб фаришталари: «У ҳеч бир яхшилик қилгани йўқ», дейишди. Шунда бир фаришта одам суратида уларнинг ҳузурига келди ва уни ораларида ҳакам қилишди. У эса: «Бу икки жойнинг орасини ўлчаб кўринглар. У қай бирига яқин бўлса, ўшаникидир», деди. Ўлчаб кўриб, у ўзи ирода қилган жойга яқинроқ эканини билишди. Шунда уни раҳмат фаришталари қабз қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Албатта, тавба бобидаги ушбу ҳадиси шарифдагига ўхшаш гаплар ушбу ҳадиси шарифдагига ўхшаш билмасдан гуноҳ қилганларга оиддир. Билиб туриб, ўзига Аллоҳ таолога исён қилишни раво кўрганларга эмас. «Ёшлигимизда ўйнаб олайлик, қариганда тавба қилармиз», деганларга эмас. «Ҳозир ишлашим, пул-мол топишим керак, бўлмаса қариганда ҳолим не кечади, қариганда тавба қилиб, ибодатга ўтиб ҳам қолармиз», дейдиганларга эмас.

Бу борада машойихлар: «Тавба билан катта гуноҳ қолмас, билиб туриб гуноҳга қўл уриш ила кичик гуноҳ қолмас», деганлар. Бу ҳикматнинг маъноси «Вақтида ва билиб тавба қилинса, катта гуноҳ ҳам кечирилади. Аммо билиб туриб яна гуноҳга қўл урилаверса, кичик гуноҳ ҳам катта гуноҳга айланади», деганидир.

Гуноҳ қилиб қўйиб, ортидан ноумид ҳам бўлиш, тавба қилишга ўтмаслик эса катта гуноҳдир.

Машойихлар дейдилар: «Гуноҳ борасида беш нарса гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир: гуноҳни улуғлаш гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳни писанд қилмаслик гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳни ошкора қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳга журъат қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир, гуноҳга тавба қилмаслик гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир».

Шунингдек, гуноҳни қилгандан кейин Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонни йўққа чиқариш ҳам гуноҳнинг ўзидан кўра улканроқ гуноҳдир. Ҳа, Аллоҳ таоло гуноҳимни кечирмайди, дея У Зот ҳақида ёмон гумонда бўлиш кабира гуноҳларнинг ҳам энг каттасидир.

«Албатта, ким Роббини яхши таниса, У Зотнинг карами олдида гуноҳларини кичик санайди».

Роббини яхши таниган банда У Зотнинг баркамол сифатларини ҳам яхши билади. Ўша баркамол сифатлар ичида Аллоҳ таолонинг Ғофир, Ғаффор ва Ғафур сифатлари, Карим сифати борлигини ҳам яхши билади. Мазкур баркамол сифатлар олдида ўзининг гуноҳларини кичик санайди ва Аллоҳ таолонинг мағфиратидан ноумид бўлмайди.

Бу борада ҳам мўмин банда бошқа нарсалардаги каби мўътадил бўлади. Ўзидан содир бўлган гуноҳларга нисбатан хавфу ражо ўртасида бўлади.

Гуноҳни оғир билишимиз Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумондан бизни тўсадиган даражага етмасин! Роббимизни яхши таниб, У Зотнинг карами олдида гуноҳларини кичик санайдиган бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Робиъа ибн ҲайсамРобиъа ибн Ҳайсам ҳар тунни бедор ўтқазардилар. Бир куни у зотнинг қизилари Аллоҳ яратганлари ичида энг афзали кимrdquo деб сўради. Ибн Ҳайсам давоми...

2946 05:00 / 01.03.2017
Банда ҳар бир солиҳ амал учун жаннатда ҳузурҳаловат ва қабрда роҳат борлигини, ишонч ила билади. Сен учун гўзал амал ва Аллоҳни холис таниганинг учун жаннатда давоми...

3258 05:00 / 01.03.2017
1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир. 2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади. 3. Ҳасад ўз эгасининг мартабасини пасайтиради. 4. Ҳасадчини одамлар ёмон давоми...

2474 17:00 / 29.01.2022
Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларни кечиши осон экан, деган хаёлга келиш мумкин. давоми...

5139 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021