1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳнинг ҳаққи

05:00 / 06.03.2017 3692 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг ҳаққи

Банданинг зиммасидаги энг буюк ҳақ ўзини яратган Зотга ибодат қилишдир. У Зоти таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо этиш ҳар бир банданинг энг бирламчи вазифасидир.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «كُنْتُ رِدْفَ النَّبِيِّ ﷺ عَلَى حِمَارٍ يُقَالُ لَهُ عُفَيْرٌ، فَقَالَ: «يَا مُعَاذُ، هَلْ تَدْرِي مَاحَقُّ اللهِ عَلَى الْعِبَادِ وَمَا حَقُّ الْعِبَادِ عَلَى اللهِ؟» قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «فَإِنَّ حَقَّ اللهِ عَلَى الْعِبَادِ أَنْ يَعْبُدُوا اللهَ وَ لَايُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا، وَحَقُّ الْعِبَادِ عَلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ أَلَّا يُعَذِّبَ مَنْ لَا يُشْرِكُ بِهِ شَيْئًا». قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَلَا أُبَشِّرُ النَّاسَ؟ قَالَ: «لَا تُبَشِّرْهُمْ فَيَتَّكِلُوا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида мингашиб борар эдим. Ул зот:

«Эй Муъоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нима‑ю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедим.

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир.

Бандаларнинг Аллоҳ азза ва жалладаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, уни азобламаслигидир», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг бандалардаги ҳаққи тўғрисида умумий маълумот келган. Аммо уламоларимиз Аллоҳ таолонинг бандадаги ҳақларини бирма-бир баён қилиб берганлар.

Аллоҳ таолонинг бандадаги ҳақлари қисқача қуйидагилардан иборатдир:

1. Аллоҳ таолонинг зотига, сифатларига ва амалларига иймон келтирмоқ.

2. Аллоҳ таоло иймон келтиришга амр қилган фаришталарга, китобларга, расулларга, қиёмат куни, қазои қадар каби ваҳий орқали собит бўлган барча нарсаларга иймон келтирмоқ.

3. Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзини илоҳу маъбуд деб билиш ва Ундан ўзгани илоҳ тутмаслик.

4. Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилмаслик.

5. Аллоҳ таолодан ўзгага У Зотдан кўра ортиқ муҳаббат қўймаслик.

6. Аллоҳ таолодан ўзгага ҳеч дуо қилмаслик.

7. Аллоҳ таолодан ўзгага таваккул қилмаслик, суянмаслик.

8. Аллоҳ таолодан ўзгани ибодат таъзими ила улуғламаслик.

9. Аллоҳ таолодан ўзгага бирор ибодат маъносини лойиқ кўрмаслик.

10. Амалда ҳам, фикрда ҳам Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш, ғофил қолмаслик.

11. Аллоҳ таолонинг Расулига ҳайъатда ҳам, амалда ҳам ва барча ҳолатларда ҳам эргашиш.

12. Намоз, рўза, закот, ҳаж, зикр, дуо каби Аллоҳ таолонинг амрларини адо этиш.

13. Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсадан бошқани емаслик.

14. Аллоҳ таоло ҳалол қилган касбдан бошқасини қилмаслик.

15. Аллоҳ таоло жорий қилган барча ҳуқуқларни У Зот жорий қилгани учун адо қилиш.

Банда Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган ақийдани мукаммал эгаллаб, У Зотнинг ҳақларини адо этиб, шариатга тўлиқ амал қиладиган бўлганидан кейин яна бир неча одобларни ўрнига қўйиши керак бўлади.

Имом Найсабурий ўша одобларни ўн иккита дейдилар:

1.  Қалб поклиги.

Бунда қалбни Аллоҳ таолодан бошқа нарсадан поклаш кўзда тутилган.

2. Сирнинг поклиги.

Худди шу покликдан сўнг мушоҳада аҳлидан бўлишга эришилади.

3. Садр – кўксининг поклиги.

Бунга ҳар доим ражо ва қаноат хислатларини ўзида мужассамлаштириш ила эришилади.

4. Руҳ поклиги.

Бунга ҳаё ва виқорни муҳофаза қилиш ила эришилади.

5. Ботин – қорин поклиги.

Бунга ҳалол луқмага диққат ила амал қилиш ҳамда иффатли бўлиш туфайли эришилади.

6. Бадан поклиги.

Бунга шаҳватларни тарк этиб, ҳойи-ҳавасни синдириш ила эришилади.

7. Икки қўлнинг поклиги.

Бунга ҳаромлардан сақланиш ва фақат ҳалолларни ушлаш ила эришилади.

8. Маъсиятлардан покланиш.

Бунга гуноҳлардан тавба қилиб, надомат чекмоқ ила эришилади.

9. Тилнинг поклиги.

Бунга зикр ва истиғфорда бардавом бўлиш ила эришилади.

10. Камчиликлардан покланиш.

Бунга камчиликка йўл қўйишдан қўрқиб туриш ва Аллоҳ таолодан яхши оқибат умидида бўлиш ила эришилади.

11. Ҳар бир ишда эҳтиёт бўлиш.

12. Салафи солиҳлар каби барча яхшиликларга ҳозир бўлиб туриш.

Машойихлар «Исро» сурасидаги

«Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшаларнинг барчаси сўралажак нарсалардир», оятидан инсоннинг ҳар бир аъзосининг ўзига хос одоби борлигини истинбот қилганлар. Улар: «Аллоҳ таолога нисбатан бўлган ҳусни одоб сенинг аъзоларингдан ҳар бирининг Аллоҳ азза ва жалланинг розилигидан бошқа нарса учун ҳаракатланмаслигидир», деганлар.

Бас, тилнинг одоби – Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлиши, биродарларни яхшилик ила зикр қилиш, насиҳат ва ваъз қилиш, уларга ёқмайдиган гапларни гапирмаслик, ғийбат, чақимчилик қилмаслик, сўкмаслик, беҳуда гапларни гапирмаслик. Агар жамоат ичида бўлса, улар керакли гапларни гапирганда гапиради, кераксиз гапларга ўтганда жим туради. Ҳар мақомда ҳолатга қараб гапиради, чунки ҳар бир мақомнинг ўзига хос сўзи бўлади.

Аллоҳ таоло тилни қалбнинг таржимони ва яхшилик ҳамда ёмонликнинг калити қилиб яратган. Бас, қалбинг яхши бўлишини истасанг, тилингни тий. Тилни тийиш жоҳил учун сатр, оқил учун зийнатдир.

Қулоқнинг одоби – зикр, ваъз, ҳикмат ва дину дунёга фойда берадиган нарсани эшитмоқдир. Фаҳш сўзларни, ғийбат, бўҳтон, чақимчилик ва ёмон нарсаларни эшитмасликдир. Ўз суҳбатдошига эътибор ила қулоқ осишдир.

Кўзнинг одоби – ҳаром нарсаларни, биродарларнинг айбини ва мункар нарсаларни кўрмасликдир. Чунки кўзлар хиёнат қилса ҳам, Аллоҳ таоло билиб туради. Ким кўзига тобе бўлса, ҳалокатга юз тутади.

Қалбнинг одоби – яхши ҳолатларнинг риоясини қилиш, Аллоҳ таолонинг неъматлари ва махлуқотларидаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилиш, Аллоҳ таоло ва барча мусулмонлар ҳақида яхши гумонда бўлишдир. Уни гумонлардан, ҳасаддан, хиёнатдан, ёмон эътиқод ва гумондан поклашдир.

Қўлнинг одоби – уни яхшилик ва эҳсон ила биродарларга чўзиш, Аллоҳ таолога маъсият бўладиган нарсаларга ишлатмасликдир.

Оёқнинг одоби – у билан ўзига ва биродарларига фойдали бўлган нарсаларга бориш, фахр ва кибр ила юрмасликдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Башорат берувчи, номи билан танилган бир қабила ҳақида ҳикоя қилинади. Бу қабила илммаърифат ва заковатда ажралиб турганидан уларга ушбу ном нисбат давоми...

10370 19:27 / 20.05.2017
Бухорий ва Муслим қайд этадилар Қонқариндошлик, яқинлик алоқаларини узганлар силаи раҳм қилмаганлар жаннатга кирмайди.Ҳар пайшанба ва жума кечаси одамларнинг давоми...

8877 13:08 / 15.11.2018
Ибн Қудома ал Мақдисий quotТаввобинquot номли китобларида Абдулвоҳид ибн Зайддан қуйидагича ривоят қиладиларБизлар кемада эдик, бирдан оролчада шамол кўтарилди. Ўша давоми...

3222 05:00 / 01.03.2017
Покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичларини мувофақият ила ўтказган нафс кўзланган мақсадга эришади. Ундай нафс ўзидаги барча нуқсон ва кирларни кетказган, давоми...

3777 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

120087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41755 14:35 / 11.08.2021