1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ким рўзадорга ифтор қилса, унинг ажрича савоб олур

16:30 / 21.04.2021 2372 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифторлик бериш улкан савобли иш эканлиги таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унинг учун ифторлик ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки ўзи учун алоҳида савоб берилади.

Лекин бу ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифторлик тайёрлаб берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўз рўзасини ўзи тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайр-эҳсон ҳисобланади, холос. Буни қилган одам мана шу амалига яраша савоб олади.

عَنْ أُمِّ عِمَارَةَ الْأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم دَخَلَ عَلَيْهَا فَقَدَّمَتْ إِلَيْهِ طَعَامًا فَقَالَ: كُلِي، فَقَالَتْ: إِنِّي صَائِمَةٌ، فَقَالَ: رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ الصَّائِمَ تُصَلِّي عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ إِذَا أُكِلَ عِنْدَهُ حَتَّى يَفْرُغُوا، وَرُبَّمَا قَالَ حَتَّى يَشْبَعُوا. وَفِي رِوَايَةٍ: الصَّائِمُ إِذَا أَكَلَ عِنْدَهُ الْمَفَاطِيرُ صَلَّتْ عَلَيْهِ الْمَلَائِكَةُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صِحِيحٍ.

Умму Имора ал-Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. У ул зотга таом тақдим қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Сен ҳам) егин», дедилар.

«Мен рўзадорман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон рўзадорнинг олдида таом ейилса, то еб бўлгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадорга саловот айтиб туради», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қачон рўзадорнинг олдида оғзи очиқлар таом еса, фаришталар унга саловот айтурлар», дейилган.

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафл рўза ҳақида сўз кетаётганлиги шубҳасиз. Мусулмон инсон нафл рўза тутган бўлса-ю, унинг ҳузурида оғзи очиқ кишилар таом еса, у эса сабр қилиб, рўзасини давом эттирса, фаришталарнинг саловотига эришар экан. Бу нафл рўза тутиб, уни очиб юбормай, охиригача етказадиган кишилар учун улкан башоратдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойи йилнинг энг афзал ойларидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу ойда Қуръони Каримни нозил қилган. Бу ойда минг ойдан яхши кеча қадр кечаси бор. Бу ойда жаннат давоми...

1730 17:00 / 20.04.2021
Маълумки, рўза фарз бўлган дастлабки даврда мусулмонлар фарз ибодатни адо этиш масъулияти билан рўза тутаверишган. Кейинчалик бошshyқа халқ, миллат ва элатлар давоми...

1648 04:00 / 23.03.2023
Рамазон рўзасини тутмаслик жоиз бўлганлар ҳақидаСАВОЛ Сил касалига йўлиққан одамга рўза тутиш машаққатлиги маълум. Шунинг оқибатида ўтган йили у рўза тута давоми...

3631 05:00 / 13.01.2017
Ҳадисларда баъзи бир амалларни қайсидир шаклда бўлиши айтилган . Масалан Айтилган ҳар бир тасбиҳ учун жаннатда бир дарахт экилади. Масжидга сарфланган маблағлар давоми...

2777 05:00 / 14.01.2017