1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нафс саховати

05:00 / 06.03.2017 3526 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, бойлик нафснинг тўқлигидадир», – дедилар». 

Шарҳ: Нафси тўқ одам ҳақийқий бой бўлади. Очкўз одам эса, бутун дунёга эга бўлганда ҳам тўймайди. Ўзини бой санамайди ва бой ҳам бўлмайди. Ҳақийқий бойлик нафснинг қаноатли бўлишидир.


Анасдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Менга ҳеч ҳам «уф» демадилар. Бир ишни қилмаган бўлсам, нега қилмадинг, демадилар. Бир ишни қилган бўлсам, нега қилдинг, демадилар». 

Шарҳ: Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафслари қандай саховатли бўлганини ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисдан билиб оламиз. 

У киши: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Шу ўн йил ичида у киши бирор марта менга «уф» деганлари, бирор марта ёқмайдиган нафас ҳам олганлари йўқ. Бир ишни қилмаган бўлсам, нега қилмадинг, демаганлар, бир ишни қилган бўлсам, нега қилдинг, демаганлар», деган маънони айтмоқдалар. 

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ходимларига муносабатлари ана шундай бўлган. 

Саховатун нафс ана шундай олий даражада бўлиши керак экан. Инжиқлик, сал нарсага қўл остидагиларни уришиш, сўкиш, нега ундай қилдинг, нега бундай қилмадинг, деб койийвериш каби ҳолатлар мўмин-мусулмонлар учун мутлақо тўғри келмайдиган нарсалар экан. 

Шунинг учун, мўмин-мусулмон кишилар доимо нафсларини саховатли қилиб боришлари яхшидир. 


Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда раҳимдил одам эдилар. Олдиларига ким келса, ваъда берардилар. Сўнг ҳузурларида ўша нарса бўлса, уни бермасдан қўймас эдилар. 

Намозга иқома айтилди. Бир аъробий келиб, у кишининг кийимларидан ушлаб тўхтатди ва: 

«Менинг озгина ҳожатим бор. Ҳозир эсимдан чиқиб қолмасин, эшитинг», – деди. 

Ул зот у ўз ҳожатидан фориғ бўлгунча бирга турдилар. Сўнг бориб намозни ўқидилар». 

Шарҳ: Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатларини, меҳрибон, раҳимдил, ҳожатбарор инсон бўлганларини кўриб турибмиз. 

Бошқа одам бўлса, балки: «Тўхтаб тур, намозни ўқиб олайлик», дер эди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар кутиб турса ҳам, ўша аъробийнинг ҳожатини чиқариб, кейин намозга бордилар. 


Жобирдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай нарса сўралмасин, йўқ демаганлар». 

Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга юрган буюк саҳобалардан биридир. 

Ана шу саҳобий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юрган киши у зотнинг бирор нарса сўралганда рад этганларини эшитмаган эканлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай сахий, ҳожатбарор инсон бўлганлар.


Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилинади:

«Мен Оиша ва Асмочалик сахий аёлни кўрмаганман. Икковларининг қўли очиқлиги икки хил эди. Оиша бир нарсани тўплаб туриб, сўнг ҳаммасини бирданига тақсимлаб берарди. Асмо эса, ҳеч нарсани эртагача тутиб турмас эди».

Шарҳ: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ровийнинг холалари, Асмо розияллоҳу анҳо эса оналари бўлганини аввалги ҳадислардан билиб олган эдик. 

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу оналари ва холаларининг саховатлари ҳақидаги гапларини шундай давом эттирадилар ва қуйидаги маънога яқин гапни айтадилар: «Икковларининг қўли очиқлиги икки хил эди. Оиша розияллоҳу анҳо молларини тўплаб юриб, бир миқдорга етгандан сўнг ҳаммасини бирданига тақсимлаб берардилар. Асмо розияллоҳу анҳо эса, ҳеч нарсани ушлаб турмас, қўлига тушган заҳоти дарров бериб юборар эдилар».

Ҳазрати имом Бухорийнинг Оиша ва Асмо розияллоҳу анҳумо ҳақларидаги ушбу ҳадисни бу бобга киритишларига сабаб шуки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин кишилар бўлишган ва албатта бундай сифатларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишган. 

Шунинг учун, катта саҳобалардан содир бўлган бундай солиҳ амалларни ривоят қилинса, ҳадис ўрнига ўтаверади. Чунки, бу амаллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўриб, ўрганиб қилинган бўлади. 

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сахийликлари ўзларида бор молу дунёни Аллоҳ таолонинг розилиги учун чин дилдан, савоб умидида сарфлашдан иборат эди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Умму Дурра розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Оишага юз минг олиб бордим. Бас, у уни тарқатиб юборди. Ўзи ўша куни рўзадор эди. Мен унга:

«Инфоқ қилган нарсангдан бир дирҳамига гўшт сотиб олиб ифторлик қилсанг бўлмасмиди?»–дедим.

«Аввалроқ ёдимга солганингда, қилсам бўлар эди»,–деди».

«Ҳулятул Авлиё» китобида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳонинг етмиш мингни тақсимлаб берганини кўрдим. Ҳолбуки, ўз кўйлагининг ёқаси ямоқ эди».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳаммаси бўлиб олтмиш еттита қул озод этганлар.

Ҳа, сахийликда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо-га тенг келадиганлар кам эди.

Имом Заҳабий Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида:

«Мўминларнинг онаси ўз замонлари аҳли ичида энг карамли зот эдилар. У кишининг сахийликлари ҳақидаги хабарлар кўп», деганлар.

Асмо розияллоҳу анҳонинг одатлари қўлларига тушган нарсани дарҳол бошқаларга бериш эди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Сен санамагин, Аллоҳ сенга санамасин. Жойлаб қўйма, сенга ҳам жойлаб қўйилмасин», деган эдилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.) 

Мана бу ривоятлардан чиқаришимиз керак бўлган хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, катта саҳобалардан саховат, ҳожатбарорлик, сўралган нарсани рад этмаслик, хушмуомалаликни ўрганишимиз керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир солиҳ кишининг яҳудий қўшниси бор эди. Улар кўпинча бирга ўтиришарди.Солиҳ киши бирор иш қилишни хоҳласа .Эҳтиёжлар фақат Набий алайҳиссаломга салавот айтиш давоми...

16682 11:51 / 03.04.2017
ТАРЖИМОН СЎЗБОШИСИБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ҳозирги вақтда ахлоқий ҳаётимизда айрим камчиликлар вужудга келиб, кўпчиликни ташвишга солаётгани сир эмас. Инсон давоми...

3327 05:00 / 01.03.2017
Мазкур сабаблар ўнтадир 1. Қуръони Каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш. 2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ давоми...

1335 19:00 / 09.07.2023
Бу мақолани ёзилишига яқин бир дўстимнинг мулоҳазали саволи сабаб бўлди. Бир куни суҳбат чоғида гап назар ҳақида борар экан, у қатъий тарзда шундай деди .Кўзни давоми...

8100 15:15 / 31.01.2019
Аудиолар

118804 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021