1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони карим дарслари (129-дарс) Тафсир илми ва муфассирлар (учинчи мақола)

13:30 / 23.03.2021 2247 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бешинчи шарт – Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт. Чунки бир маъно Қуръони Каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида батафсилроқ баён қилинган бўлади, бир оятда қисқа ишора қилиб кетилган нарса иккинчи оятда кенгайтириб тушунтирилади. Шунинг учун Қуръони Каримни яхши ва чуқур англашда унинг оятларини бир-бирига солиштириб ўрганиш катта аҳамият касб этади.

Олтинчи шарт – Қуръони Каримни суннати мутаҳҳара билан тафсир қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Қуръони Каримнинг шарҳи ва татбиғи бўлиб келганлиги ойдек равшан нарса. Шунинг учун Қуръони Каримни тафсир қилмоқчи бўлган киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини жуда ҳам яхши билмоғи шарт.

Еттинчи шарт – тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига мурожаат қилиш. Чунки саҳобаи киромлар Қуръони Каримнинг нозил бўлишига шоҳид бўлган, ўша даврни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, Қуръони Каримни аниқ тушуниб етган кишилардир.

Саккизинчи шарт – агар тафсирни юқорида зикр қилинган масдарлардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига марожаат қилиш. Чунки тобеъинлар саҳобалардан дарс олганлар, саҳобалардан кейин Қуръони Каримни энг яхши биладиган авлод ҳам ўша кишилардир.

Тўққизинчи шарт – ўткир фаҳмли бўлиш. Бу сифат бир маънони иккинчисидан устун қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.

Ушбу шартларни ўзида мужассам қилган кишигина тафсир билан шуғулланиши мумкин, десак, бир оз шошилган бўламиз. Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлишни шарт қилиб қўйганлар.

Мазкур одоблар қуйидагилардан иборат:

1. Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнақини ўйлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.

2. Ҳусни хулқли бўлмоқ. Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг қилган тафсиридан нима фойда бор?

3. Илмига амал қилмоқ. Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг Китобига боғлиқ бўлганда янада ўзгача маъно касб этиши ҳам турган гап.

4. Маъноларни нақл қилишда содиқ ва аниқ бўлиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб етган маъноларнигина гапирмоғи ёки ёзмоғи ҳамда ҳар бир сўзида ростгўй бўлмоғи керак. Акс ҳолда гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзага келиши мумкин.

5. Иззатини билмоқ. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак.

6. Ҳақгўй бўлмоқ. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин?!

7. Виқорли бўлмоқ. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.

8. Тавозеъли ва ҳалим бўлмоқ. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.

9. Вазмин ва салмоқли бўлмоқ. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.

10. Пешқадам олимларни ўзидан устун қўймоқ. Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.

Ушбу шарт ва одоблардан Ислом уммати Қуръони Карим маъноларини муҳофаза қилиш учун қанчалик ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ушбу тариқа ҳаракат қилиб бориб, Қуръони Каримга маъно айтишга фақат етук кишиларгина саралаб олинган. Турли ғаразгўйлар учун ушбу мартабанинг эшиги маҳкам беркитилган.

Мазкур шартлар ва одобларни ўзида мужассам қилмаган кишиларнинг қилган тафсирларига ҳеч ким қулоқ ҳам осмаган, ёзганларини ҳеч ким ўқимаган ҳам. Шу тарзда тақволи, ҳақиқий илм соҳиби бўлган муфассирлар ўз-ўзидан ажраб, қадр топиб келаверган.

Ислом уммати ўзи ишонган тафсирчиларни ўзига хос услуб ила танлаб олган бўлса, ўша танланган тафсирчилар Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони Каримнинг маъноларини мусулмонларга етказиш учун сидқидилдан хизмат қилиб келдилар.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
130. Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг давоми...

15835 05:00 / 23.01.2017
«Энг муносиб жой» деганда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ жойларни кўзда давоми...

8859 18:36 / 06.04.2018
Аллоҳ таоло Анъом сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб шундай дейди .Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар ёлғончига чиқарилганлар. Бас, давоми...

4114 20:10 / 08.04.2019
Қуръони Карим мўъжиза эканининг яна бир далили mdash унинг маъносини тушунмасада, дунёда юз минглаб кишилар ёд олганидир. У 600 саҳифадан кўп бўлиб, уни ёдлаган давоми...

15322 10:31 / 14.01.2022