1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Аллоҳга қасамки, сизга истиғфор айтаман!

15:00 / 08.03.2021 1748 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Толибга ўлим соати яқинлашгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. Абу Толибнинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларига дедилар:

- Эй амаки! «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг. Аллоҳнинг ҳузурида мен ўзим сизга гувоҳ бўламан.

Шунда Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя дейишди:

- Эй Абу Толиб! Абдулмуттолибнинг динидан қайтасанми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларини такрор қилавердилар. Абу Жаҳл ва унинг шериги ҳам ўзларининг гапларини такрорлайверишди. Ниҳоят Абу Толиб: «Мен Абдулмуттолибнинг динидаман», деди. У «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишдан бош тортди ва шу ҳолида вафот этиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики қайтарилмас эканман, сизга истиғфор айтавераман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Пайғамбар ва мўъминлар учун дўзах эгалари эканлиги аён бўлган мушрикларга, гарчи улар яқин қариндошлари бўлсада, истиғфор айтишлари дуруст эмасдир», деган оятни нозил қилди.

Ҳар йили башариятга мислсиз хизматлар қилган қандайдир олим вафот этади. Аммо у Ислом динида бўлмайди. Баъзи мусулмонлар шунда ҳатто инсоний меҳр-шафқат билан мукаммал ақида ўртасини аралаштириб ташлаб, жаннатнинг калити гўё уларнинг қўлида тургандек юқоридаги каби кишиларни жаннатга киритиб қўйишади. Ҳатто баъзилар: «Аллоҳ қандай қилиб фалон дорини ихтиро қилган олимни азоблаши мумкин?! Ахир у қанча-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб, инсонларнинг дардига малҳам бўлган-ку! Аллоҳ қандай қилиб Томас Эдисонга азоб бериши мумкин?! Ахир у уйларимизни нурафшон бўлишига ҳисса қўшган-ку!», дейишади. Гўё жаннатнинг калити дори ихтиро қилиш ва лампочка ихтиро қилишда уларнинг наздида.

Бошқа томондан назар соладиган бўлсак, баъзи мусулмонлар ҳам мусулмон бўлмасдан вафот этган фалон олимни дарров дўзахга киритиб қўя қолишади. Гўё дўзахнинг калити уларнинг қўлида тургандек. Иккинчи гуруҳнинг хатоси биринчи гуруҳнинг хатосидан енгил бўлсада, иккиси ҳам хатодир.

Биз илм ва уламоларни эҳтиром қиламиз. Уларнинг инсониятга қилган хизматларини қадрлаймиз. Аммо бу бошқа масала, жаннат ва дўзах масаласи бошқа нарса.

Абу Толибнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиши дори ёки лампочка ихтиро қилишдан афзал ва аҳамиятли иш эди. Аммо унинг бу ҳимояси унга ёрдам бера олмади. Чунки у ширкда вафот этди.

Худди шунингдек, ишга ҳиссиёт билан эмас, ақида билан қараш керак. Шунга собит иймон келтиришимиз лозимки, Аллоҳдан ўзга одил ва раҳмли зот йўқ!

Бир шахсни ушлаб олиб уни қатъий дўзахий дейишимиз Аллоҳга нисбатан беадабликдир. Биз умумий қилиб: «Кимга Ислом етиб борса, у исломни эшитса ва рад қилса дўзахга киради», дейишимиз керак. Шунга мустаҳкам ишонишимиз лозимки, иш аввалда ҳам, охирда ҳам Аллоҳникидир. Истаса азоб беради, истаса мағфират қилади.

Инсонлар қабрда дори ихтиро қилганлари, лампочка ихтиро қилганлари, қурган кўприклари ҳақида сўралишмайди. Аввалда ҳам, охирда ҳам сўраладиган нарса бу ақидадир.

Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Икрима розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб келаётганини эшитиб саҳобаларга: «Ҳузурингизга Икрима мусулмон бўлиб келаяпти. Уни отаси(Абу Жаҳл)ни сўкманглар. Чунки ўликни сўкиш тирикни хафа қилади», деганлар ва ҳатто сўкишдан қайтарганлар. Шаръий насс бўлса албатта мустаснодир.

Динимизда таслим бўлиш лозим бўлган нарсалар ораси билан инсонийлигимизни, кишиларга бўлган шафқатимизни, уларнинг меҳнатини қадрлашимизни аралаштириб ташламаслигимиз лозим.

Аллоҳга бўлган одобимиз юзасидан бир кишининг исмини айтиб, қатъий қилиб фалончи дўзахийдир дейишимиз керак эмас. Буни динимизда собит бўлган умумийлик билан айтмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло бизга таълим ўлароқ дейди:

«Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардан бўлиб қолади».

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўғирлик гуноҳи кабирадир. Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай марҳамат килади .Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу Аллоҳдан бездирувчи иқоб давоми...

7405 15:00 / 03.12.2020
....Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир, Луқмон сураси, 34оят.Аллоҳ давоми...

4997 16:15 / 02.02.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам седана ҳақида .У сомдан бошқа ҳар бир дардга шифодир,, давоми...

2556 16:00 / 23.01.2023
Кузатувлар натижасида маълум бўлдики, савол берувчилар қуйидагича бўлар экан.1. Билмаганини билиш учун сўровчилар.Бундай инсонлар чиндан ҳам ниманидир билмайди давоми...

1441 14:00 / 01.02.2023