1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Матбуот ва ахборот воситалари одоблари

05:00 / 04.03.2017 3636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги замоннинг ўзига хос хусусиятларидан бири матбуот ва ахборот воситаларининг мислсиз ривожланиб, инсонлар ҳаётида ўта муҳим ўрин эгаллаганидир. Матбуот ва ахборот воситалари инсон ҳаётига таъсир ўтказадиган омилларнинг энг кучлисига айланиб қолди. Матбуот ва ахборот воситалари кишиларга турли маълумотлар, хабарлар ва ҳақиқатларни етказиш орқали маълум ҳодиса ёки муаммога нисбатан баҳо берадиган ва чора кўришга йўналтирадиган куч сифатида майдонга чиқди.

Бошқача қилиб айтганда, матбуот ва ахборот воситалари тарбиянинг ажралмас қисмига айланиб бўлди. Уларнинг иккаласи ҳам инсон дунёқарашини шакллантиради, кези келганда ўзгартиради. Уларнинг иккиси ҳам шахсларга ҳаёт воқеълигига мосланишда ёрдам беради. Уларнинг иккиси ҳам инсон ҳаётининг барча соҳаларига кучли таъсир ўтказади.
Ҳозирда матбуот ва ахборот воситалари турли-туман, ва хилма-хил бўлиб кетди. Раидо, телевизор, кундалик, ҳафталик, ойлик ва мавсумий газета-журналлар, ранг-баранг савиядаги китоблар, тасмалар ва дисклар, компютер ва қўл телефонлари, интернет ва унинг турлари – ҳамма-ҳаммаси матбуот ва ахборот воситаларидир. Шу билан бирга, матбуот ва ахборот воситалари фақат хабар ёки маълумотни еткзиш билан кифояланиб қолмайди, балки уларни таҳлил ва танқид қилади. Уларни касб ва тижоратга ҳам айлантиради. Истаса, таълим ва тарбияга ҳам айлантиради.
Матбуот ва ахборот воситалари дунёда бўлаётган ҳодисалар ҳақидаги хабар ва маълумотларини кимнидир машҳур қилишга ишлатса, кимнидир шарманда қилишда фойдаланиши ҳам мумкин. Матбуот ва ахборот воситалари мазкур нарсаларни ҳақиқат ҳимоясига ҳам, ботил тарқалишига ҳам, ҳодисаларни бузиб кўрсатишга ҳам ишлатиши мумкин. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, матбуот ва ахборот воситалари бунгунги кунда хоҳлаган тарафи билан хоҳлаган нарсасини кесадиган икки тиғли ханжарга ўхшаб қолди. Шунинг учун ҳам матбуот ва ахборот воситаларини тўғри йўлга солиб турадиган омилга эҳтиёж кучайди. Матбуот ва ахборот воситалари ва улардаги ходимларнинг юксак инсоний сифатлар билан сифатланиши зарурати кучайди. Бунинг учун турли қонунлар, тартиб ва низомлар, бошқа ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

– Матбуот ва ахборот воситалари ходимларидан ҳар бири таъсир кўрсатувчи шахсдир. Ким бўлишидан қатъи назар, матбуот ва ахборот воситаларида хизмат қиладиган шахслар жамият ва унинг аъзоларига таъсир ўтказувчилардир. Шунинг учун уларнинг барчаси яхшилик тарафдори ва ёмонлик душмани бўлишлари лозим. Улар одамларга яхшиликни раво кўриб, ёмонликни раво кўрмасликлари керак. Улар яхшилик йўлида курашиб, ёмомнликни рад қилишга ҳаракатда бўлишлари зарур.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана шу энг заиф иймондир», дедилар»
Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.
  «Мункар иш» деганда дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон иш тушунилади. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мункар ишни тили билан қайтариш матбуот ва ахборот воситаларида хизмат қиладиган шахсларнинг ҳам ишидир. Улар тили билан гапириб, қўли билан ёзиб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир, иймони тақозо қилган бурчдир.

– Матбуот ва ахборот воситалари яхшиликка чақириш воситаларидир. Бугунги кунимизда матбуот ва ахборот воситалари ўта таъсирли ташвиқот қуроли ўлароқ кенг жамоатчиликни, катта-кичикни яхшиликка, халқни бирдамликка чақириш воситаси бўлиши керак. Шунингдек, овоз ва сурат, ёзув ва кўрсатув ҳамда бошқа воситалар орқали илм-маърифат, одоб-ахлоқ тарқатиш омили бўлиши лозим. Худди шу ўринда яхшиликка чақирувчи матбуот ва ахборот воситалари ходимларининг ишлари ўта савобли эканининг далили сифатида бир ҳадиси шарифни келтиришга ижозат бергайсиз.
Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшиликка далолат қилса, унга ўшани қилувчининг мислича ажр бор», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар.
 Яхшилик қилиш жуда савобли иш. Шу билан бирга, ана шундай яхшиликка далолат қилиш, ишорат қилиш, унга йўллаб қўйиш ҳам ниҳоятда яхши ишдир. Ўша яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, мазкур яхшиликка далолат қилган одам ҳам ўшанча савоб, ажр олади.

– Матбуот ва ахборот воситалари ёмонлик ва разолат воситаси бўлмаслиги керак. Ҳар бир матбуот ва ахборот воситалари вакилидан одамларни залолатга, ёмонликка, разолатга ва гуноҳ ишларга чиқирмаслик талаб этилади. У залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин. Бўлмаса, оқибати яхши бўлмаслиги муқаррар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани камайтирмайди. Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани камайтирмайди», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Матбуот ва ахборот воситалари вакили кишиларни залолатга чақирса, улар унинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, ёмонлик ва гуноҳ ишлар қилишлари мумкин. Ана шунда ёмонлик ва разолатга ундаган матбуот ва ахборот вакилига одамларни ёмонлик ва разолатга чақиргани учун оладиган гуноҳи устига унинг чақириғи ила ёмонлик ва разолатга кетганларнинг амалларига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан.

– Матбуот ва ахборот воситалари вакили одамларга тақдим қиладиган нарсасининг оқибати қандай бўлишини яхшилаб тафаккур қилиши лозим.
У кўринган ва қўлига тушган нарсани орқа-олдига қарамай тарқатиб юборавериши мумкин эмас. Балки ҳар бир нарсани чуқур ўйлаши, ақл, одоб-ахлоқ, шариат тарозусига солиб кўриши зарур. Ҳар бир хабарни нақл қилишдан олдин уни яхшилаб текшириб, аниқлаб олиши керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эшитган ҳар нарсасини гапиришнинг ўзи кишига гуноҳи учун кифоя қилади», дедилар».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.
 Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай бошқаларга нақл қилавериш гуноҳ бўлади. Чунки бу нарса кишилар ўртасида турли асоссиз гапларнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Уларнинг кўпи ёлғон бўлади. Эшитган гапини одамларга гапиравериш ёлғончиликка олиб бориши шундан. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлишдан қўрққан матбуот ва ахборот воситаси ходими эшитган гапини текширмай тарқатавермаслиги лозим.

– Матбуот ва ахборот воситалари вакили турли бўлмағур миш-мишлар, қабоҳатлар ва беҳаё нарсаларни тарқатишдан ўзини сақлаши керак. Бундай нарсаларни одамлар ичида тарқатиш жуда ёмон иш ҳисобланади. Бу фаолият шахсларга ва жамиятларга катта зарар етказади. Шунинг ҳам бу Қуръони каримда қаттиқ қораланган.
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар» (19-оят).
Кишилар орасида бўлмағур миш-мишлар, қабоҳат ва фаҳш, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб олса бўлади. Мазкур ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробардир. Фаҳш гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, тарқалишига сабабчи бўлиш, ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ экани турган гап. Ислом фаҳш, бузуқ ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади.
Ушбу мавзудаги бўлмағур гапларни жамият аъзолари орасида тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, шундай гуноҳ ишларга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар, бузуқлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам, бузуқ гапларни гапириш динимизда ман қилинади. Бордию шундай гапга ҳужжат-далили бўлса, жиддиятни кўзласа, керакли жойга бориб гапириб, гувоҳ келтирсин, айбдорларни жазолашни йўлга қўйишда хизматини адо этсин, шунда мусулмонлар жамиятини поклашга ҳиссасини қўшган бўлади. Аммо бекордан-бекорга, кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни одамларга турли воситалар орқали сўзламасин, ёзмасин, кўрсатмасин, бундай бемаза ишларни тарғиб қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.

– Оила аъзоларини матбуот ва ахборот воситаларининг салбий  таъсиридан ҳимоя қилиш.
Мусулмон инсон матбуот ва ахборот воситаларининг ўз оиласига кўрсатиши мумкин бўлган салбий таъсирини яхши билиб, унинг олдини олиш учун барча чораларни кўради. Албатта, мазкур воситаларнинг одоб-ахлоқни, фикрни ва ҳис-туйғуларни бузиши биринчи ўринда туради. Аммо шу билан бирга, бу воситаларга берилиб умрни беҳуда ўтказиш балосидан ҳам асраниш лозим. Ҳозирда болалар, аёллар, ҳатто эркаклар ҳам керакли ишлар билан машғул бўлмай, эртадан кечгача телевизор тагида, компютер олдида, бошқа матбуот ва ахборот воситалари исканжасида азиз умрларни беҳуда ўтказишга одатланганлари сир эмас. Бунда болалар дарсидан, аёллар уй юмушидан, катталар аҳамиятли ишларидан қолишлари жуда афсусланарли. Бундай беҳуда ишларни иш жойларида ҳам давом эттирадиганлар йўқ эмас.
Албатта, ҳар бир нарсанинг маълум меъёри бор. Жумладан, матбуот ва ахборот воситаларидан фойдаланишнинг ҳам меъёри бўлиши керак. Улардан ўзига, оиласига, халқига ва ватанига фойдали бўладиган нарсалар ҳақида маълумот олиш мумкин. Бунинг учун режали иш юритиш керак бўлади. Маълум соатларда, маълум нарсани кўриш, ўқиш ёки эшитиш мумкин.
Ҳозирда матбуот ва ахборот воситалари жуда кўпайиб кетди. Улар тақдим қилаётган нарсаларнинг фойдалиси ҳам бор, зарарлиси ҳам бор. Инсон уларнинг фойдалисидан меъёрида фойдаланишга ва зарарлисидан бутунлай четланишга одатланиши лозим. Оила аъзолари ва болаларини ҳам шунга ўргатиши керак. Бу ишда эса, таълим ва тарбия алоҳида муҳим ўрин тутади.
Ўзини, оила аъзоларини, болаларини матбуот ва ахборот воситаларининг салбий таъсиридан сақлаш учун ман қилиш воситаси энг осон услуб ҳисобланади. Лекин бунинг кўзланган натижани бериши қийин бўлади. Мисол учун, уйда ман қилинса, кўчада, таниш-билишникида ва бошқа жойларда тақиқлаш қийинлашади. Шунинг учун ман қилишни ҳам ўз йўлида амалга ошириш билан бирга инсоннинг ўзини тарбиялаш орқали маънавий ман қилувчи малакани ҳосил қилишга уриниш лозим бўлади. Ҳар бир инсон, ота-она, бола матбуот ва ахборот воситалари кўрсатиши мумкин бўлган сабий таъсирдан ўзидаги мустаҳкам тушунча кучи ила четланадиган малакага эга бўлиши лозим. Бунинг учун эса, мазкур нарсаларга вақт, куч, мол сарфлаш гуноҳ эканини, охиратда ҳисоб-китоб бўлишини доимо эсда сақлашни улар онгига етказиш зарур бўлади.
 Аллоҳ таоло барчамизга матбуот ва ахборот воситаларидан эзгулик йўлида манфаат олишимизни ва уларнинг зараридан омон бўлишимизни насиб айласин!  

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маййитни одамлардан холи, тўсилган, шифти бор жойда тахтанинг устига қўйиб ювган афзал. Маййитнинг авратини беркитиш вожибдир. Кейин маййитнинг кийимлари давоми...

1040 19:00 / 01 февраль
Қудуқларнинг ҳукмлари ҳақидаги фасл . . . . .Бир қудуққа нажас тушса ёки унинг ичида ҳайвон ўлиб, шишиб кетса, ёхуд титилиб кетса, ё давоми...

3299 13:33 / 22.10.2020
Бойлик инсоннинг ўз эҳтиёжидан ва оиласи эҳтиёжидан ортиқ пул, маскан, улов, асбобанжом ва турли неъматларга эга бўлишидир. У камбағалликнинг зиддидир..Мол, сўзи давоми...

3577 05:00 / 07.03.2017
1. Туғишган акауканинг ўғли.2. Ота бир акауканинг ўғли.3. Ўз амакиси.4. Ота бир амаки.5. Туғишган амакининг ўғли.6. Ота бир амакининг ўғли.Ушбу олти бандда зикр қилинган давоми...

1595 11:02 / 10.02.2020