1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаётда қандай яшаш керак?

16:30 / 16 февраль 6892 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон зоти борки, бу ҳаётда яхшиликка, эзгуликка интилиб яшашни хоҳлайди. Бироқ инсон ҳаётда чиройли яшаши учун нималарга эътибор бериши, ғафлатда қолмаслиги барчасидан муҳимроқдир. Бу ҳақда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Ҳилол» китобларида: «Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Киши иймон ва Ислом билангина тўлақонли ҳаёт маъносига эга бўлади. Иймонсиз ва Исломсиз ҳаёт кечиргандан кўра кечирмаган яхшироқ. Шунинг учун ҳар бир одам тезроқ ўзини ўнглаб, ўз вақтида Аллоҳ ва Расулининг чақириғига жавоб бериб, ўзларига ҳаёт берадиган иймон ва Ислом йўлига юришлари лозим», деб ёзилган.

Дарҳақиқат иймонсиз, Исломсиз ҳаётни тўла қонли англаб бўлмайди. Исломдан аввал инсон қадрияти бор эдими? Мисол учун аёл киши инсон ўрнида кўрилмас, айрим араб қабилаларида қиз туғилган чақалоқлар тириклайин кўмилар эди.

Аллоҳ таоло Роҳим сифатига эга бўлган Зот.

— Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан ва ростни ёлғондан ажратиш учун ақл берди.

— Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ўрнатиш ва ботилни йўқ қилиш, яхшиликни қилиш ва ёмонликни тарк қилиш ҳамда ростни гапириб, ёлғондан четланиш қобилиятини ҳам берди.

— Аллоҳ таоло инсонга дин, пайғамбар ва китоб юбориб, бу дунёда тўғри яшаш йўлларини кўрсатиб берди.

— Аллоҳ таоло инсонга тўғри йўлда юриш, ҳақни тутиш, рост гапириш, ҳалол-пок бўлишни амр қилди.

— Аллоҳ таоло инсонни залолатдан, ёмонликдан, зулмдан, ёлғондан ва бошқа зарарли нарсалардан қайтарди.

Зеро, инсоннинг яхши йўлни танлаши ва ёмон йўлдан четлаши матлубдир. Агар баъзи кишилар ўйлаганидек, ҳидоят йўлини танлашда ва унга ҳаракат қилишда инсоннинг ҳеч қандай ўрни бўлмаганида эди, яхши билан ёмон одамнинг орасида фарқ бўлмасди. Динлар, пайғамбарлар ва илоҳий китобларнинг мутлақо аҳамияти қолмас эди.

Инсонлар иймонлари билан бирга Исломга амал қилиш йўли орқали икки дунё саодатига муваффақ бўлишади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур» (27-оят).

Исломда иймоннинг қадр-қиймати қанчалик юқори эканини барчамиз яхши биламиз. Шундай экан, бу ўз навбатида биз мусулмонлар динимиз талабига яраша бўлишимиз кераклигини талаб этади. Яна шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, иймон лаззати ва Ислом неъматидан ҳар бир инсон бебаҳра қолмасликка ҳаракат қилмоғи керак. Яъни, ғафлатда қолиб кетмасин.

Ҳазрат Убайдуллоҳ Аҳрор болаликларида бўлиб ўтган воқеани шундай таърифлаб беради:

— Мактабга бориб келардим. Қалбим доим Аллоҳ таоло билан эди. Бир он Уни унутмас, бир он Аллоҳ таолодан ғофил бўлмасдим. Совуқ қиш кунида бир даладан ўтиб борар эканман, оёғим лойга ботди. Қутулмоққа ҳаракат қилдим. Оёғимни тортдим, оёқ кийимим ечилиб суғурилиб ечилиб тушиб қолди. Ғафлатда қолдим, деб ўйладим. Қутулмоққа ҳаракат қилиб, Ҳақ таолони эсламоқдан чалғидим, дея куюндим. Қаршимда қишлоқлик бир йигит дала ишлари билан машғул эди. «Қара бу йигит бунча азият ичида Уни ўйламоқда сен оёғингини лойдан чиқаришдек, кичик бир нарса учун Уни қандай унутдинг?» дея ҳўнграб йиғлай бошладим. У вақтларда ҳамма ўзимдай ҳар он Яратганни эслаб юради, деб ўйлардим. Балоғатга етгунча Яратгадан ғофиллар бўлишини билмасдим. Аллоҳ таоло ҳар кимни Ўзини хотирламоқ учун яратган деб ҳисоблардим. Ўзини унутмасликлари учун деб санар эдим. Кейинчалик англадимки, ғофил бўлмаслик баъзи қулларига махсус бир илоҳий иноят экан. Фақат риёзат ва нафс мужодаласи билан қўлга киритиш, ҳатто баъзилар фикрича, бу билан эришиш мушкул бир кайфият экан.

«Шархи «Ақийдатут Таҳовийя» китобида иймон ҳақида қуйидаги жумлалар келтирилган:

«Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир».

Яъни, бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. У фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади.

Шунингдек, ақоид илмининг улуғ олими Умар Насафий ўзларининг асарларида: «Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатан мўминман, демоғи тўғри бўлади», деганлар.

Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида нажот топишни истаган ҳар бир уммат ҳаётлик чоғида иймон ва Исломда қоим бўлиши, оламлар Роббисининг буйруқларига лаббай деб, қайтариқларидан қайтиши муҳим амаллардан эканини доим ёдда тутиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни дунёю охиратда яхшиликлар билан мукофотласин!

Манбалар асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким давоми...

1916 14:00 / 27.08.2022
Аллоҳ таоло .Сабрлиларга хушхабар беринг,, деб марҳамат қилган. Бақара сураси, 155оят. Бошига тушган мушкулотларга сабр қилган бандалар Аллоҳ таолога энг яқин давоми...

2897 09:00 / 03.07.2022
Қуёшнинг диаметри Ерникидан 109 марта, ҳажми эса 1 300 000 марта катта. Яъни Қуёшнинг ичига Ердан бир миллион уч юз мингта сиғади. Стивенсон 218 юлдузининг ҳажми Қуёшнинг давоми...

2271 09:00 / 17.12.2023
Ҳорун арРашиднинг ўғли Маъмун кичкиналигида устози уни таёқ билан сабабсиз урди. Маъмун ундан .Мени нега урдингиз, деб сўради. Устози .Жим, деди. Маъмун ҳар сафар давоми...

3352 15:00 / 30.01.2022