1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Дунёда ўзингни ғарибдек тут

05:00 / 04.03.2017 3302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Ибн Умар розияллоҳу анҳу орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. У зот: «Дунёда ўзингни ғарибдек ёки йўловчидек тутгин», дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Агар тонга етсанг кеч бўлишини кутмагин. Агар тунга етсанг тонг отишини кутмагин. Саломат вақтингда касаллик вақтингнинг ғамини қил ва тириклик вақтингда ўлимингнинг ғамини егин», дедилар. (Ушбу ҳадисни Бухорий «Риқоқ» китобида (6416), Аҳмад «Муснад»ида (4764), Термизий «Зуҳд»да (2333) ва Ибн Можа «Зуҳд»да (4114) Ибн Умардан ривоят қилишган.)


Дунёда абадий қолиш йўқ

Бугунги одамларнинг муаммолари шуки, улар дунё ҳақида абадий яшайдиганлардек ақл юритадилар. Улар улар учун бу ҳаёт доимий, бордию доимий бўлмаганида ҳам ҳали бери ўлмаймиз, деб хаёл қиладилар.  Буларнинг барчасига битта даво бор. У ҳам бўлса, одамлар камроқ орзу ­ ҳавасга берилишлари, Охиратнинг ёди билан яшашлари,  Охиратнинг ғамини ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишларидир. Шунинг учун ҳам расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умарга: «Дунёда ўзингни ғарибдек ёки йўловчидек тутгин», дея насиҳат қилмоқдалар.

Инсон дунёни муқимлик уйи қилиб олиши, уни доимий ватан тутиб олиши, уни ташлаб кетмайман деган хаёлга бориши ёки шундай фикр  қилиши ва ўз нафсига шу тарзда муомала қилиши, одамлар билан ҳам шу тариқа муомалада бўлиши хатарлик ишлардандир. У ўзи яшаб турган бу дунёнинг бир бекат эканини, унинг яшаш манзили эмас эканлигини билиши керак бўлади.  Бу хусусда оли Фиръавн ичидан бир мўмин­ солиҳ ва мўмин банда ўз қавмини Аллоҳга даъват қилаётиб, уларга шундай деган эди: «Иймон келтирган киши: «Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан. Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос. Албатта, охират- ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир». (Ғофир:38­39).

Ҳаёти дунё­ матоҳдир. Бўлганда ҳам жуда оз матоҳ. Ҳатто, у кишини алдаб қўядиган матоҳдир. Охират эса барқарорлик диёридир, иқомат диёридир, абадийлик диёридир.  Шундай экан инсон бу дунёда ана шу икки ҳолатнинг бирида бўлиши керак: ғарибнинг ёки йўловчининг ҳолатидек. Ғариб бир ерда яшамайдиган кишидир. Бу дунё унинг ери эмаслигини биладиган бўлади у. Бирор юртда яшаса ҳам ўзининг ватани эмас эканини билади у.  Шунинг учун қачон қараманг ўз ватанини соғиниб яшайди, ўз ерини қўмсаб яшайди, киндик қони тўкилган тупроқни соғиниб яшайди. Ўзининг пароканда кўнглини жам қиладиган яқинлари ва дўстларининг дийдорига мушарраф бўладиган юртини соғиниб яшайди. Ана шу мўминнинг ишидир. 

Демак, мўминнинг ватани бу дунё эмас экан. Шубҳасиз, у жаннатдир. Чунки Аллоҳ Одамни яратиб, уни ва жуфтини жаннатга жойлаб қўйди. Сўнгра уларни ундан чиқарди. Унга ва унинг зурриётидан бўладиган солиҳларига ўзларининг илк масканлари­ жаннатга қайтишларини ваъда қилди. 

Шунинг учун ҳам мўмин илк ватанини соғиниб яшайди:


Ернинг юзида инсон қанча манзилга тушгай,

Аммо ҳар дам ўзининг илк манзилин ёд этгай.


Жаннатни соғинади. Ахир унда отаси (Одам) яшаган! Ибнул Қоййимдан Аллоҳ рози бўлсин. У киши ўзининг «Миймия» сида шундай дейди:

Сенинг учун илк манзил 

Адн жаннатига кел.

Аммо бизларни душман,

Асирга олиб қўйган.

Бас менга айтчи инсон,

Қочмоқ борми соғ­ омон?

Жон борида бу танда 

Қайтмоқ борми ватанга?


Бизни шайтон асирга олган ва биз унинг асиримиз. Унга асирликдан озод бўлиш борми ўзи? Унинг диёридан қочиш борми ўзи? Ўз диёримизга, илк ватанимиз жаннатга қайтиш борми ўзи?


Ҳадис кўрсатаётган иккинчи ҳолат: 

Ўзингни ҳеч ҳам муқим одамдек тутмагин. Шубҳасиз сен доимий мусофирсан. Манзиллар ортидан манзиллар, бекатлар ортидан бекатлар оша йўл юрайверасан. То ўз мақсадинга, ўз бошпананга, ўзингнинг яшаш диёринга етмагунингча.

Биз ­ эй, мусулмонлар,­ ана шунақа мусофирлармиз. Бизнинг сафаримиз кеча ва кундузнинг ўтиши, маркабимиз кеча ва кундуз. Бу иккаласи ҳар қандай янги нарсани эскиртиради. Ҳар қандай узоқ нарсани яқин қилади. Бизлардан аввалги одамларнинг қанча­ қанчаларини асрлар ҳалок қилиб юборди: «Сизга ўзингиздан олдин ўтган Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейингиларнинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиганларнинг, хабари келмадими?».  Шу билан бирга, тун ва кун ҳаётни емириб, уни камайтириб борайверадилар. Ҳар куни улар янги бўлар экан ажални яқинлаштирайверадилар. Тун бизни кундузга кундуз эса тунга топширади. Биз у иккаласининг ўртасида сафар қилиб кетаверамиз. Ҳар иккаласи бизни Охират томонга етаклайди. Кимнинг маркаби кеча ва кундуз бўлар экан, бас, ўзи юрмаса ҳам улар юргазадилар ва ҳеч шубҳасиз ўлим томонга қараб юриб кетаверади.

Фузайл ибн Иёз бир одамдан: «Неча ёшга кирдингиз?» деб сўрадилар. У: «Олтмишга», деди. Фузайл унга: «Демак сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томонга қараб юраётган экансиз да. Яқин орада етиб қоласиз», дедилар. Ҳалиги одам: «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн», деди. Шунда Фузайл унга: «Нима деётганингизни биласизми? Ким ўзини Аллоҳнинг бир қули эканини, Унинг ҳузурига қайтгувчи эканини биладиган бўлса, бас, билиб қўйсинки у албатта, Аллоҳнинг ҳузурида тик туради. Кимки тик туришини билса, бас, билсинки, албатта, у сўралади. Кимки сўралишини билса, бас, саволга жавобни тайёрлаб қўйсин», дедилар. Шунда бояги одам: «Нажот қаерда? Унинг чораси борми?», деди. Фузайл: «Қолган умрингизда яхши бўлсангиз ўтмишдаги амалларингиз кечирилади. Агар қолган умрингизда яхши бўлмасангиз ҳам ўтмишдаги ва ҳам қолган умрингиздаги амалларингиз учун сўроққа тутиласиз», дедилар. (Буни Абу Нуайм «Ҳуля»сида (8113) ривоят қилган.)


Ҳаммамиз мусофирмиз... Ўлим поездини кутиб турибмиз... Бизларни бугун ё эртага ёки индинга Аллоҳнинг ҳузурига етказиб қўйсин учун ана шу маркабни кутиб ўтирибмиз. Ҳаётимиздан камайиб бораётган ҳар бир кунимиз умримизнинг бир бўлаги демакдир. 


Бизлар шод бўлармиз ўтган ҳар кундан,

Ўтказган ҳар бир кун умрнинг ярми.

Ўлмай туриб ҳали ўз ғамингни е

Амалинг­ ютганинг, ютқазганинг ё.


Ўтаётган ҳар бир кун шубҳасиз инсон умрининг бир бўлагидир. Аллоҳ Ҳасан Басрийни ўз раҳматига олсин. У киши: «Эй, одам боласи! Сен бир неча кунлар мажмуасисан, холос. Ҳар қачон бир кунинг ўтса, сенинг яриминг кетади. Кунларинг интиҳосига етганида сенинг куллинг ҳам тугаб битган бўлади!», дедилар. Кунлар ва тунлар шу зайлда ўтиб бораверади. Биз эса Аллоҳга қараб сафар қилиб кетаверамиз. Ана шу кунлар йўлнинг четидаги бекатлардан бошқа нарса эмасдир. 

Масиҳ алайҳиссалом ўзларининг шогирдларига дедилар: «Дунё бир кўприкдир. Ундан ўтиб олинглар. Уни обод қилманглар. Бирорта одам кўприк устида уй қурадими? Йўқ. У ўтиш жойидир. Бино қилиш, яшаш ва обод қилиш жойи эмасдир». Масиҳ алайҳиссалом: «Денгизнинг кўпиклари устига ким ҳам уй қурар эди. Ана ўша кўпик сизларнинг бу дунёнгиздир. Дунёни ўзингизга илоҳ қилиб олманг. Агар шундай қилсангиз, у сизларни ўзининг қуллари қилиб олади», дедилар. (Имом Аҳмад «Зуҳд» китобида нақл қилган.)

Анбиёларнинг насиҳати ана шу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай насиҳат қилганлар. Бир қанча саҳобаларига: дунёдан оладиганинг йўловчининг зоди роҳиласича бўлсин, дея насиҳат берганлар. Айрим саҳобалари у зотнинг ҳузурларига кирганида, қамиш бўйра у зотнинг биқинларига из қолдирганини кўрганида бўйранинг дағаллигидан расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биқинларига ботиб кетгани унга оғир ботиб кетибди ва: «Эй, Аллоҳнинг расули, Кисро ва  Қайсарлар ипак ва шоҳилар устида ухлайдилар. Сиз  биқинингизга ботиб кетадиган бўйранинг устида ухлайсизми?», дебди. Шунда у киши: «Менинг дунё билан нима ишим бор? Мен билан дунёнинг мислимиз ёзнинг иссиқ бир кунида дарахтнинг соясида мизғиб оладиган кейин эса уни ортида қолдириб ўз йўлида равона бўладиган бир йўловчининг мислидир», дедилар. (Буни Имом Аҳмад «Муснад»да (4208) ривоят қилган. Муҳаққиқлари «Саҳиҳ, бу ҳасан исноддир», деганлар. Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»нинг Зуҳд китобида 775, Абу Яъло «Муснад»ида (8413), Ҳоким «Мустадрак»нинг Риқоқ китобида (4345), Байҳақий «Шуъаб»нинг Зуҳд ва қасрул амал бобида (7311) Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилганлар.)

Демак бу дунё бир неча дақиқалик мизғиб олиш диёри экан. Муқимлик диёри эмас экан.  Бироқ одамлар ана шу нарсадан бехабарлар. Албатта, бу ҳаёт ҳеч ҳам абадийлик ҳаёти эмасдир. Бу ҳаёт одамнинг қувонишига арзимайди. Фақат Аллоҳ берган фазли­ «Сен:«Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт» (Юнус: 58) билан шодланиши мумкин. Соатлари кунларини, кунлари ойларини, ойлари йилларини ва йиллари умрини емириб бораётган киши бу дунёнинг нимасидан шодланади? Одамлар итдек ташланаётган ва ўзаро рақобатлашаётган ана шу ҳаёт шу зайлда ўз ниҳоясига етади!

Бошқа бир ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умарга: «ва ўзингни аҳли қабрлардан деб ҳисоблагин», деганлар. (Ибн Умарнинг: «Дунёда ўзингни ғарибдек тутгин», ҳадисининг бир қисми. Уни Имом Аҳмад «Муснад»да (4764) ривоят қилган. Муҳаққиқлари: «ва ўзингни аҳли қабрлардан деб ҳисоблагин»идан бошқасини «Саҳиҳ лиғайриҳ» деганлар. Зотан у «Ҳасан лиғайриҳ»дир. Лайс заъийф бўлгани учун бу ҳадиснинг исноди ҳам заъийфдир. Термизий «Зуҳд»да (2333) ва Ибн Можа «Зуҳд»да (4114) Ибн Умардан ривоят қилганлар.) Яъни, ўзингни аҳли қабрлардан бирортасиман деб тасаввур қилгин. Зотан тез орада улардан бирортасига айланасан ҳам. Ким билсин, эртами ё индин ёки шу бугун аҳли қабрлардан бўларсан. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитларига амал қилган Ибн Умар: «Агар тонга етсанг кеч бўлишини кутиб ўтирмагин. Ва агар кечга етсанг тонг отишини кутиб ўтирмагин», дедилар. 

Ҳеч ким ўз умрининг қанчаси қолганини ва неча ёшга киргунча яшашини билмайди. Йигирмага кирганлар йигирма беш ё ўттизга киришларини билмайдилар. Аммо тавбаларини етмиш ёшга киргунга қадарга кечиктирадилар!!


 Ҳеч ким қачон ўлишини билмайди

Салафларимиздан бирлари ўзларининг солиҳлардан бўлган бир биродарининг эшиги олдига бориб тақиллатибди. Уйдагилар: «Ўз иши билан чиқиб кетган эди», дебдилар. «Қачон қайтади?» сўрабди у. Уйдагиларнинг орасидан бир ёшгина қизалоқ унга жавоб қайтарибди: «Эй, сиз, жони бировнинг қўлида бўлган кишининг қачон қайтишини ким ҳам билар эди?!».

Айрим салафлар ухламоқчи бўлсалар ўз аҳлларига қараб: «Мен сизларни Аллоҳга омонат қолдираман. Зотан, бу менинг энг сўнги уйқуга кетишим бўлиши ҳам мумкин», дер экан.  Ана шу гапни ҳар сафар уйқудан олдин айтар экан. Яна айримлар ўз васияти ва насиҳатини ёзиб ўзининг ёстиғи остига қўйиб қўйиб ётар экан. Эҳтимол тонга етмасман, деб ўйлар экан!

Кечагина бизнинг муаллим ҳамкасбимиз бўлар эди. Ана шу ҳамкасб кеча рўзадорларга қўшилиб рўза тутди. Ифтор қилганларга қўшилиб ифтор қилди. Бошқа мусулмонлар сингари шом намозини ўқиди. Таҳорат қилиб, намозхонлар билан бирга хуфто ва таровиҳни ўқиш учун кутиб ўтирди. Ҳали хуфтоннинг вақти келмай туриб унинг ажали етиб қолди. Юраги уришдан тўхтади... Ҳаёт билан ўлимнинг фарқи нима?! Ана шу нозик парда, ана шу ингичка ип. Юрак ҳаракатдан тўхтайди. Қарабсизки кеча тириклар орасида юрган одам бугун ўлганлар орасида турган бўлади. Кеча қасрлар ичида юрган одам бугун аҳли қабрлар ичида бўлади. Бу­ ҳаёт. 


Одамлар ичра ўлим

Ҳукми ҳар доим бордир,

Кеча хабарчи бўлган

Инсон бугун хабардир.


Фалон деди, пистон деди, деб бошқалар ҳақида гапириб юрган одамнинг ўзи эртага хабарга айланиб қолади: «Фалончи ўлибди!». Ана  шу сўз бугунми эртами, бизлардан ҳар биримиз ҳақида айтилишини кутиб ётибди..

Дунё барқарорлик диёри эмас


Бу ­ дунёнинг иши. Зотан у барқарорлик диёрига ўтиш диёридир. Унинг табиати шуки у ғам­ қайғулар ва аламлар диёридир..


Ғамлар узра яралгандир бу дунё,

Ғам­ қайғусиз дунё излайсан аммо.

Ўзгартирмоқ истайсан бу кунларни

Қидирасан: борми сув ичра олов


Одамларга тасодифан келиб қолган ҳодисалар қанча. Чопқир ва тасодифий ўлим ҳақида одамлар қанча кўп хабарларни эшитганлар.  Бироқ ­афсуски, ­ одамлар бу ҳаётдан кейин ўлим йўқдек, ўлимдан кейин қайта тирилиш йўқдек, тирилишдан кейин ҳисоб­ китоб йўқдек, ҳисоб­ китобдан кейин жаннат ёки дўзах йўқдек яшайдилар.  Одамлар бу дунёда худди абадий қоладигандек яшайдилар. Унга ҳарис бўладилар. Унинг матоҳини деб ўзларини отадилар. Унинг зеб­ зийнатлари учун бир­ бирлари билан уришадилар. Уларни эртага дўзах ҳақиқат билан есин учун улар  бугун дунёни ноҳақ йўллар билан емоқни истайдилар.

Эй мусулмонлар:

Ўлим бундан ҳам яқинроқ..

Ўз аҳли орасида тонг оттирган ҳар бир кишига ўлим унинг туфлисининг ипидан ҳам яқинроқдир. Шундай экан, ҳар биримиз ўлимни кутиб яшамоғимиз, камроқ орзу ­ ҳавас қилмоғимиз керак. Зотан: «Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас». (Луқмон: 34)

«Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг

Аллоҳ ажали келган жонни ҳеч-ҳеч орқага сурмас. Зеро, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир». (Мунофиқувн: 10­11).

Ана шу сўзларни ўлим соатида айтгандан кўра келинг ҳозир шунга амал қилайлик...

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бешта нарсадан аввал бешта нарсани ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, ҳаста бўлишингдан олдин саломатлигингни, фақир бўлишингдан олдин бойлигингни, банд бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни ҳамда ўлимингдан олдин ҳаётингни». (Буни Ҳоким «Мустадрак»нинг «Маърифатус саҳоба» китоби (4341) да Ибн Аббосдан ривоят қилган ва: «Икки шайхларнинг шартларига биноан саҳиҳдир», деган. Заҳабий ҳам тасдиқлаган. Байҳақий «Шуъабул иймон»да (7263),  Ироқий «Иҳё»нинг тахрижида: «Ибн Абу Дунё уни ҳасан иснод билан (4198) ривоят қилган», деб айтган.)


Шайх Юсуф Қаразовий

Алоуддин Хофий таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кишининг энг афзал касби қўл меҳнати билан қиладиган касбидир, агар холис давоми...

4324 14:46 / 11.10.2017
Аллоҳ таоло айтади Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У Зот кўпини афв қилур.rdquo Шууро сураси 30 оят.Яъни инсонга ndash хоҳ жонига, хоҳ давоми...

4764 16:37 / 21.01.2018
Бия сутининг ачитилгани қимиз дейилади. Қимиз таркибида инсон танасига енгил сингийдиган оқсиллар бор. Бир литр қимиз ичган киши танаси йигирма грамм оқсил билан давоми...

8814 05:00 / 01.03.2017
Амаллар ниятларга боғлиқдир . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга давоми...

3583 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

119978 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41661 14:35 / 11.08.2021