1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Йўл ҳаракати фиқҳи (тўлиқ)

05:00 / 04.03.2017 10749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Исломда йўл ва транспортлардан фойдаланиш меъёрлари)

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, бугунги кунда юртимизда аста-секин турли замонавий мавзуларга оид диний мақола, рисола ва китоблар ёзилиб, халқимизга тақдим этилмоқда. Айни пайтда, маърифий мавзулардаги китоб ва мақолаларга, хусусан, замонавий алоқа воситаларидан фойдаланишга доир диний адабиётларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Бу турдаги адабиётларнинг қанчалар долзарблигини мавжуд ижтимоий ҳолатларни, айниқса, мазкур воситалардан кишиларнинг қандай фойдаланаётганларини синчиковлик билан кузатган киши дарҳол пайқаши аниқ. Ана шу эътибордан, бу борада сиз азизларга камтарона хизмат қилиш ниятида йўл ҳаракатига доир шаръий одоб ва аҳкомларга бағишланган кичик бир рисола тақдим этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Муҳтарам ўқувчиларга маълумотларни ўрганиб, ўзлаштириш осон бўлиши учун уларни ушбу бўлимда туркум шаклида бериб боришни маъқул топдик. Бу маълумотларни сиз азизларга илк бор Islom.uz сайтида Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид тақдим этади. Аллоҳ тало Ўзи ёрдамчимиз бўлсин! Омин! 



Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим


Кириш



Тақдим. Ерни ёйиб, уни инсонларга бўйсундириб: «Бас, унинг турли жойларида юринглар», дея марҳамат этган ҳамда Ўзининг охирги дини Ислом орқали бандаларга йўл юришниинг одоб ва аҳкомларни таълим берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Роббининг таълимотларини қабул қилиб, инсонларга таълим берган ва уларни ҳаётга қандай татбиқ этилишини бекаму-кўст кўрсатиб берган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Ер юзида инсоният учун қуруқликдаю денгизда юриш имкониятининг мавжудлиги, ҳақиқатан ҳам, улкан неъматдир. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг инсоният ҳаёти учун Ерни мослаб қўйганининг бир кўриниши ҳисобланади. Инсоният ер юзига илк бор қадам қўйган кундан бошлаб йўл юришга киришган ва йўл юришни қулайлаштириш учун турли воситалардан фойдаланиб, хилма­хил янгиликлар ихтиро қилиб келган ва бу жараён бугунги кунгача муваффақият билан ўсишда давом этиб келмоқда. Хусусан, XX­XXI аср инсоният тарихида транспорт воситаларининг энг олтин даври бўлганида шубҳа йўқ.

Инсонлар қадимдан йўл юришда маълум қоида ва меъёрларга риоя қилишга интилиб келган. Бугунга келиб кўпгина жамиятларда бу жараён ҳам юксак даражада такомиллашди ва маълум тартибга келтирилди.

Одатда, кўпчилик халқлар умумманфаат фойдалар ва инсоний фазилатларга интилиш натижасида йўл юришга доир турли меъёр ва қоидалар жорий қилишган. Мусулмонларда эса бу мавзу Исломнинг бош манбалари Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар асосида керагича муолажа қилинган.

Ислом Аллоҳ таолонинг сўнги ва энг мукаммал дини. У инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамрай олади. Унинг таълимотлари шунчалар ҳаётийки, мана ўн тўрт асрдан буён инсониятнинг ақлини лол, қалбини ром қилиб келмоқда. Жумладан, йўл ҳаракатига доир исломий одобларнинг қиймати кундан кунга ортиб бормоқда.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бу борада талайгина маълумотлар бор. Уламоларимиз уларни ўзларининг турли мавзулардаги китобларида, хусусан, исломий одоб-ахлоққа доир асарларида алоҳида ажратиб баён қилганлар. Баъзи олимларимиз ўша оят ва ҳадислардан фойдаланиб, бу борада махсус рисолалар ҳам битганлар. Уларнинг сони кундан кунга янада кўпайиб бормоқда.

Бугунги кунда юртимизда турли замонавий мавзуларга доир диний мақола, рисола ва китоблар битилаётган бир пайтда йўл ҳаракатига доир шаръий одоб ва аҳкомларни омма халқимизга етказиш долзарб масалалардан бирига айланиб қолди. Шу боис, ушбу мавзуда сиз азизларга кичикроқ бир рисола тақдим этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. 

Ушбу илмий ишда, уламоларимизнинг мазкур асарларига асосланган ҳолда, Ислом динидаги йўл ҳаракатига оид аҳком ва одобларни тартибли равишда, ҳужжат-далиллар асосида ёритиб беришга ҳаракат қилинди. Унда мавзуга доир ҳукм ва одоблар муолажа қилингани эътиборидан, унга «Йўл ҳаракати фиқҳи» деб ном қўйиш маъқул топилди. Чунки «фиқҳ» сўзи бир нарсани чуқур ўрганиш, атрофлича  тушуниш, ундан кўзланган мақсадни англаш маъноларини англатади. Шунинг учун намоз ва бошқа ибодатларнинг фарз, вожиб каби асосий ҳукмлари ҳам, уларнинг одоблари ҳам фиқҳ илмида ўрганилади. Бинобарин, «йўл-ҳаркати ва транспорт воситалари фиқҳи» деганда йўл ҳаракатига доир аҳком ва одобларни чуқур тадқиқ этиш, атрофлича  тушуниш, ундан кўзланган мақсадни англаш даражасида ўрганиш назарда тутилади.

Кимдир «Бугунги 20 аср ҳодисаси бўлиб турган транспорт воситаларига бундан 14 аср олдин келган Исломнинг нима алоқаси бор?», дейиши ҳам мумкин. Аммо, Исломнинг Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал бўлган, Қиёматгача боқий қоладиган дини экани ва у ўзининг оламшумул таълимотлари билан инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини бекаму­кўст қамраб олгани эътиборга олинса, бу борада Ислом динининг ўрни қанчалар буюк экани аён бўлади. Бу ҳақиқатни ушбу илмий рисоладан ҳам англаш мумкин.

Рисола ҳозиргача ҳали кузатилмаган услуб ва тартибда тузилган. Агар яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчилик бўлса, муаллифдан деб ҳисобланишини умид қиламан. 


Мавзунинг долзарблиги. Икки-уч йил муқаддам қисқа муддатли бир видео лавҳани кўриб қолдим. Унда Ғарб мамлакатларидаги ҳайдовчиларнинг тартиб-интизоми билан аксар аҳолиси мусулмон бўлган МДҲ давлатларидан биридаги йўл ҳаркати ҳолати таққосланган ва мусулмонлардаги мавжуд ҳолат танқид ва истеҳзо остига олинган эди. Уни кўрган заҳотим қалбимда қандайдир ўксиклик ва ачиниш ҳиссини сездим. Аммо бор ҳақиқатни тан олишдан бошқа илож йўқ эди. Юртимизда ана ўшандай танқидларга «сазовор» тартибсизликларни ҳар қадамда учратиш эса, ўзини ушбу юртнинг вакили деб билган ҳар бир кишини ташвишга солиши табиий эди. Аммо бир томондан «Бу тартибсизликлар Исломнинг айби эмас, балки Исломга амал қилмаётган мусулмонларнинг айби. Аслида, Ислом йўл ҳаракати одобларини биринчи бўлиб батафсил баён қилиб берганлигида шубҳа йўқ. Буларнинг барчаси ўша маълумотларни билмасликдан, уларга кўра амал қилмасликдан», деган фикр бироз кўнглимга таскин берар эди. Айни вақтда, ўша таълимотларни ўрганиб, тўплаб, кишиларга тақдим қилиш зарурати доимо хаёлнинг бир чеккасини банд қилиб турарди. Баъзан, «ўнг қўл ҳаракати», «пиёдаларга йўл бериш», «масофа сақлаш» каби айрим йўл ҳаракати қоидалари айнан динимиз асосларига тўла мос келишини мушоҳада қилиб юрилар эди.

2010 йил Ноябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2011-2020 йилларни «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид ҳаракатларни таъминлаш ўн йиллиги» деб эълон қилиниши ушбу мавзуга доир муаммоларнинг бутун дунё бўйлаб кенг қулоч очгани ва уларни ҳал қилишда кенг кўламда ишлар олиб бориш долзарблигидан дарак берарди.

2011 йилнинг биринчи чорагида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ҳамда жорий йилнинг 27 апрел кунидан расман кучга кирди. Бу ҳам ўз навбатида, Юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кескин чоралар кўриш йўлида қўйилган қадам бўлди. Қолаверса, юртимизда ҳар йили бир ойни «йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлиги» деб эълон қилиниб, бу борада турли тадбирлар ўтказилиши ҳам яхши бир анъанага айланган. Аммо буларнинг барчаси муаммони ҳал қилишга қаратилган ташқи омил вазифасини ўташи ҳеч кимга сир эмас. Албатта, бундай чора-тадбирларнинг аҳамияти катта. Бироқ бу каби муаммоларни бартараф этишда ички омилнинг – мафкуравий чораларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Масалага Ислом шариъати нуқтаи-назаридан ёндашиш эса, хусусан мўмин-мусулмонлар учун катта аҳамият касб этиши табиийдир. 

Маълумки, йўл ҳаракати қоидалари, белгилари ҳамда қоида бузганларга кўриладиган чора-тадбирларнинг ўзи билан кўзланган мақсадга етишиш қийин. Йўл назоратчиларини кўпайтиришнинг ўзи йўл ҳаракатини тартибга солишга кифоя эмас. Балки, бу борада таълим­тарбия ва тушунтириш ишлари олиб борилиши, кишиларнинг онгли равишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларига эришиш лозим. Бу эса илм-маърифат билангина юзага чиқади. Бу борада диний-ахлоқий таълимот ва тарбия ишларидан унумли фойдаланиш айни муддаодир. Чунки инсон агар йўл ҳаракати одобларига риоя қилиш билан диний бурчини адо этишини, Аллоҳ таолога итоат қилишини, бунинг учун У Зотнинг ҳузурида ажр-мукофотларга эришишини англаб етса, ўша қоидалрга чин дилдан, ҳеч бир тангликсиз амал қилиб юриши мумкин. Зотан, дунявий чора-тадбирлар қоидани бузганни жазолаши мумкин, лекин, унга амал қилганларга бирор мукофот тақдим этмайди. 

Бугунги кунда транспорт воситаларидан фойдаланиш инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолди. Ҳатто, биз уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилишимиз ҳам қийин. Шу боис, мусулмонларга транспорт воситаларидан фойдаланишга доир шаръий ҳукм ва одобларни билиш ва уларга оғишмай амал қилиш лозим бўлади. Жумладан, мазкур воситалардан фойдланиш жоиз бўлиши учун шарт бўлган омилларни билиш, уларда қандай намоз ўқиш, тақдир тақозосига кўра бирор кўнгилсиз ҳодиса юз берса, нима қилиш кераклигини ўрганиш динимиз талабларидандир.

Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини йўл ҳаракати қоидалари ва одобларини ўзининг бош манбаларида баён қилди. Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида нақлиёт воситаларига муносабат ўзига хос услубда батафсил муолажа қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина «Мен олийжаноб ахлоқларни батамом этиш учун юборилдим», деган сўзларининг ўзи бу борада керакли хулоса чиқариш учун етарлидир. Мусулмонлар ўз динларига оғишмай амал қилиб юрган даврларда бу борада ҳам гўзал намуналарни кўрсатганлар. Бу маънодаги маълумаотлар китобларимизда тўлиб-тошиб ётибди. Аммо шундай бой маънавий меросимиз бўла туриб, бошқалар уларга амал қилиб, бахтиёр ҳаёт кечириб турган бир пайтда сиз билан биз мусулмонлар уларга риоя қилмай турли машаққатларга дучор бўлиб туришимиз, албатта, ачинарли ҳол. 

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилишини эътиборга олсак, ушбу мавзудаги шаръий қоидаларни халққа етказиш асосан диний соҳа мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Қолаверса, муқаддас динимизнинг бу борадаги таълимотлари ҳам барча инсонлар учун раҳмат ва манфаат бўлиши турган гап. Ушбу илмий иш ана ўша масъулиятни бажариш йўлида ташланган илк қадам бўлса, ажаб эмас.

Бугунги кунда Юртимизда турли хил транспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда: «GM Uzb» ОАЖ ҚК» енгил автомобиллари, «Сам Авто» ОАЖ ҚК, 3-7 тонналик юк автолари ва шаҳар автобус (мидибус)лари (ISUZU маркаси билан), «JV MAN Auto-Uzb» ОАЖ ҚК (Самарқанд) ағдарувчи (самосвал) юк автомобиллари, «ТАПОиЧ» Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси томонида ИЛ-114 йўловчи самолётлари. Бу транспортлар  дунё бозорида ўз ўрнини топганига анча бўлди. Дунёга ана шундай транспорт воситаларини тақдим этаётган мусулмон мамлакатдан транспорт воситаларидан фойдаланишга оид мусулмонча одоб ва қоидалар қўлланмаси ҳам тақдим этилиши, бизнингча, айни муддаодир. 


Тадқиқотнинг ўрганилганлик даражаси. «Исломда йўл ва транспорт воситаларидан фойдаланиш меъёрлари» мавзусини ҳозирда биз муолажа қилмоқчи бўлиб тургандек яхлит шаклда, артофлича ўрганган бирор илмий иш ёки махсус адабиёт деярли учрамади. Фақат унинг маълум бир тарафини ёритган, қайсидир жиҳатига бағишланган турли ҳажмдаги рисола, мақола ва ёзма маърузалар мавжуд экани аниқланди. Мисол учун, инглиз тилида ёзилган «International Encuclopaedia of Islam» («Ислом ҳақида халқаро энсклопедия») китобида бу ҳақда қисқача тўхтаб, Исломнинг йўл­ҳаракатига муносабати ёритиб ўтилган. «Ислам.ру» интернет ахборот сайтида эса ҳайдовчиликка доир исломий одоб ва аҳкомлар хусусида рус тилида бир қанча мақолалар берилган. Аммо бу борадаги энг кўп ва яроқли маълумотлар араб тилидаги диний адабиётлардан топилди.

Тафсир ва ҳадис китобларида ҳамда бошқа диний адабиётларда йўлнинг ҳақлари ва одоблари, шунингдек, фиқҳий китобларда транспорт воситаларида намоз ўқишга ва йўл ҳаракат ҳодисаларига доир аҳкомлар батафсил баён қилинган. Аммо уларни бир жойга жамлаб, тартибга келтирган адабиётлар жуда ҳам кам. Уларда ҳам мавзунинг айрим жиҳатлари ёритилмаган. Шундай бўлса­да, бу борада талайгина илмий ишлар амалга оширилганини кўрамиз. Мисол учун, «Фиқҳул-мурури ва адабуҳу фил-Ислам» («Йўл ҳаркати фиқҳи ва унинг Исломдаги одоблари»), «Адаб ас-сайри вал-мурур» («Йўл ҳаракати ва йўл юриш одоблари») ушбу мавзуга доир кўзга кўринган китоблардан ҳисобланади. 

Ўзбек тилидаги тафсир ва ҳадисларда келган айрим маълумотларни ҳисобга олмаса, ўзбекча адабиётларда бу мавзуда деярли маълумот учрамайди.


Тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари. Ушбу илмий ишда бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган йўл юриш ва транспорт воситаларидан фойдаланишга оид шаръий аҳком ва одобларни тартибли равишда бир жойга жамлаш ва уларни замонавий руҳда тақдим этиш назарда тутилган. Унда мусулмон одам одатда уйидан чиқиб, то қайтиб манзилига қайтиб келиши мобайнида дуч келадиган асосий ҳолатлар исломий меъёрлар асосида муолажа қилиш мақсад қилинган. Фақат, шаръий сафарга доир ҳукмлар ўзи алоҳида бир мавзу бўлгани учун, бу ерда у ҳақда тўхталинмади.

Инсон ҳаётининг катта қисмини ташкил қилган йўл юриш ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳатти-ҳаракатига Аллоҳ таолонинг дини Ислом нуқтаи назари билан ёндашиш орқали ушбу оддий инсоний фаолиятни мусулмон шахс учун ибодат даражасига, охират амалига айлантириш ушбу илмий ишнинг асосий хусусиятини белгилайди.


Тадқиқотнинг янгиликлари. Ушбу тадқиқотда қадимдан исломий манба ва адабиётларда турли хил кўринишда баён қилиниб келинаётган йўл ҳаркатига ва нақлиёт воситаларидан фойдаланишга доир таълимотлар янгича услубда тартибга келтирилган ва, замонавий имкониятлардан келиб чиқиб, мазкур маълумотларнинг кўпчилигини бир жойга жамланган. Шунингдек, ушбу мавзуга доир бугунги кундаги замонавий фатволар ва шаръий муносабатларнинг хулосаларини ҳам маълум тартибга солиб, тақдим этилган.

Ушбу тадқиқот ўзининг мазмун­моҳиятига кўра, ўзбек ўқувчилари учун тамоман янгиликдир.


Илмий иш лойиҳаси. Илмий иш уч қимдан иборат: кириш, асосий қисм, хулоса. 

Кириш қисмида тадқиқотнинг долзарблиги, мақсад ва янгиликлари, шунингдек, мавзуни ўрганишда таянч вазифасини ўтовчи шаръий асос ва тушунчалар ҳақида маълумот берилди.

Асосий қисм уч бобга бўлинди. Биринчи бобда йўл-ҳаркатга доир оят-ҳадислар, одоб ва аҳкомлар, шарт ва ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида сўз юритилди. Иккинчи бобда транспорт воситалари тарихи, улардан фойдаланишга доир оят-ҳадислар, шарт ва ҳуқуқлар, одоб ва аҳкомлар баён қилинди. Учинчи қисмда йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида шаръий тушунча ва ҳукмлар айтиб ўтилди.

Илмий ишнинг асосий мақсади ўрганилаётган мавзуга доир исломий таълимотларни ёритиш ва жамлаш бўлгани боис, ҳар бир тақдим этилган фикр ва тавсиялар учун имкон қадар оят ва ҳадислардан ҳамда фиқҳий асарлардан далил келтиришга ҳаракат қилинди.


Мавзуга доир таянч қоида ва тушунчалар. Йўл ҳаракатига доир исломий аҳком ва одобларни ўрганар эканмиз, уларни яхши англашимиз учун энг аввал ушбу мавзуга доир айрим асос ва тушунчалар билан танишиб олишимиз лозим.

Ислом аҳкомларини чуқур ўрганган уламолар уларни жорий қилишдан беш нарсанинг муҳофазаси назарда тутилганини аниқлаганлар:

1.    Жон муҳофазаси. Исломда ноҳақдан қон тўкиш, бировга ҳақсизлик билан жисмоний ёки руҳий зарар етказишнинг ҳар қандай кўрининшлари қатъий ҳаром қилинган ва ушбу жиноятга қўл урган кишиларга нисбатан қасос ва бошқа керакли чоралар кўриш жорий қилинган. Шунингдек, шахс ўзининг жисми ёки руҳига зулм қилиши, зарар етказиши ҳам мумкин эмас.

2.    Ақл муҳофазаси. Шу боис, Исломда ақлга зарар етказадиган, унинг фаолиятини чеклайдиган таом, ичимлик ва бошқалар ҳаром қилинган.

3.    Дин муҳофазаси. Ислом дини инсоннинг Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдан қайтаради. Шу билан бирга, бошқа дин вакилларининг эътиқодига дахл қилмайди, Исломга мажбурламайди.

4.    Насл муҳофазаси. Исломда оила қуриш учун маълум шартлар асосидаги шаръий никоҳни фарз қилиниши, зинони ҳаром қилиниш, идда ва бошқа шу каби ҳукмлар айнан мана шу мақсадга хизмат қилади.

5.    Мол муҳофазаси. Шу боис, Исломда пора, рибо, ўғирлик ва бошқа шу каби ноҳақ пул топишнинг барча турлари, молни тасарруфга лаёқати йўқ кишига бериш, бировнинг молига тажовуз қилиш, ҳатто шахс ўзининг молига қасддан талофат етказиши, уни исроф қилиши қатъий ҳаром қилинган. 

Уламолар Қуръон ва Суннатни чуқур тадқиқ қилиб ўрганиш натижасида бир қанча қоидаларни хулоса қилиб чиқарганлар ва бу қоидалар Ислом шариъатининг асосини ташкил қилган. Ислом аҳкомлари ана ўша қоидалар асосида жорий этилади. Баъзи фуқаҳолар уларни ўн еттитага етказган. Биз ҳозир улардан мавзуимизга доирларини эслаб ўтиш билан кифояланамиз:

1.    Ниманинг яхшилиги ғолиб бўлса, жоиз, ниманинг ёмонлиги ғолиб бўлса, у ножоиз.

2.    Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан муқаддам қўйилади.

3.    Жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан муқаддам туради.

4.    Зарарни бартараф этиш  ва фойдани жалб қилиш, машаққатни кетказиб, енгилликни жалб қилиш, торликни кетказиб, кенгликни жорий қилиш лозим.

5.    Зарар бартараф этилади.

6.    Иккита зарардан бирини танлаш лозим бўлиб қолса, зиёни камроғи танланади.

7.    Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам, зарарни зарар билан қайтариш ҳам йўқ.

8.    Оммадан зарарни кетказиш учун хос шахснинг зарарини кўтарилади.

9.    Ҳалол билан ҳаром бирга келганида, ҳаром ғолиб келади.

10.    Ҳукм ҳикмат сабабидан эмас, иллат ‒ сабаб билан собит бўлади.


Мавзуни яхшироқ тушунишмиз учун ушбу тадқиқотда кўп учрайдиган таянч сўз ва атамаларни илмий асосда англаб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу боис, ҳалол­ҳаром, одоб­аҳком, йўл ҳаракати, фиқҳ каби сўзлар билан қисқача танишиб ўтамиз.

«Фарз» ‒ шариат жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган амал. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Уни инкор қилиш куфрдир.

«Вожиб» ‒ шариат жазм ила, аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амал. Вожиб амални бажариш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг мартабаси фарзникидан пастроқ ва савоби озроқ бўлади. Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарздагидан озроқ бўлади. Уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.

«Суннат» ‒ шариат жазм этмаган ҳолда талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал. Суннат амални қилган одам савоб олади, тарк қилган иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.

«Макруҳ» ‒ шариатда ёмон саналган, қораланган амал. Макруҳ икки тур бўлади: таҳримий (ҳаром саналдиган), танзиҳий (озодаликка доир) бўлади. Шариат бирор нарсани қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган бўлса, макруҳи таҳримий бўлади. Агар тарк қилишни жазм қилмасдан ва уқубат та¬йин этмаган ҳолда талаб қилса, макруҳи танзиҳий бўлади.

«Ҳаром» ‒ шариат тарк қилишни шубҳасиз қатъий далилга суянган ҳолда жазм ила талаб қилган нарса. Ҳаромдан четда бўлиш фарз, уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади. Уни ҳалол санаш куфр ҳисобланади.

«Ҳалол» ‒ шариат рухсат берган, ҳаромлик сифати йўқ нарса.

«Мубоҳ» – Аллоҳ таоло қилиш ёки тарк қилишга уни қилган ёки тарк этган кишини мазаммат ё мадҳ этмасдан изн берган нарсадир.

«Шарт» ‒ бирор нарсанинг вужудга келиши, рўёбга чиқиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқарида бўлган нарсадир.

«Одоб» арабча сўз бўлиб, тарбиялаш, сайқаллаш, зиёфатга чақириш каби маъноларни англатади. Умуман олганда, риоя қилиниши лозим бўлган маслакни «одоб» дейилади. 

Абу Муҳаммад ўзларининг «Китабул-ваъий» номли асарларида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун «одоб» деб номланган», дейдилар.

Бугунги кунда «одоб»нинг ўрнига «маданият» сўзини ишлатиш ҳам урф бўлган. Аммо бу икки сўзнинг келиб чиқиши ва асл маъносига қараладиган бўлса, бундай  ўринларда одоб сўзини ишлатиш муносибдир. Чунки маданият аслида «шаҳар» сўзидан олинган бўлиб, «шаҳарлашган», «шаҳарга оид» деган маъноларни англатади. Бу худди «қишлоқимас» деган мазмундан келиб чиққандек. Еб­ичиш, кийиниш, машина ҳайдаш каби ишлардаги мақталган ҳатти­ҳаркатлар эса шаҳарликларга ҳам, қишлоқликларга ҳам баббаробар тегишли ва уларга амал қилишда минтақанинг аҳамияти деярли йўқ. Шу боис, луғат жиҳатидан қараганда ҳам, диний нуқтаи назардан ҳам одоб сўзини ишлатиш мақсадга мувофиқдир.

«Аҳком» сўзи «ҳукм»нинг кўплигидир. Ҳукм луғатда ман қилмоқ, ҳукм чиқармоқ, донолик маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг мукаллафлар феълларига тааллуқли бўлган хитоби бўлиб, у бирор нарсани қилиш ё қилмасликни талаб этиш ёки ихтиёрий (мубоҳ) қилишни белгилаб беради.

«Йўл» деганда одамларнинг транспорт (нақлиёт) воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз қатновлари учун мўлжалланган ва худди шу мақсадда фойдаланиладиган ер, сув ва ҳаводаги махсус белгиланган бўлак назарда тутилади.

«Йўл ҳаракати» – одамлар ўзлари ёки юклари билан транспорт (нақлиёт) воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўлларда ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуидир.


1.    БОБ. Йўл ва йўл ҳаракатига доир ҳукм ва одоблар.
1. 1. Йўл ҳаракати қоидалари тарихига бир назар.



Қадимда одамлар фақат пиёда юришган. Кейин уларнинг ўзаро муносабатлари натижасида йўллар вужудга келган. Сўнгра йўл юришни ва юк ташишни осонлаштириш мақсадида турли уловлар кашф қилинган. Вақт ўтиши билан йўл юришга оид тартиб­интизомлар ҳам пайдо бўлган. Олдинги самовий шариатларда ҳам ўз даврига яраша бу борадаги кўрсатмалар бериб борилганида шубҳа йўқ.

Шаҳар кўчаларидаги ҳаракатни тартибга солишга қаратилган биринчи уринишлар қадимги Римда Гай Юлий Цезар томонидан амалга оширилган деб келинади. Унинг фармони билан, эрамиздан аввалги 50 йилларда баъзи кўчаларда бир томонлама ҳаракат жорий этилган. Ўша вақтда жорий қоидалар риоясини  назорат қилиш махсус хизмати ташкил этилган бўлиб, бу хизматга асосан, эски ўт ўчирувчилар олинар эди. Барибир кўп чорраҳалар тартибсиз қолар эди ва амалдор тўралар ўзларидан олдин чорраҳаларга хизматкорларини юбориб, осон ўтиш тадбирини қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳаётлари давомида ўша вақт ва шароитига керак бўлган йўл тартибларини жорий қилганлар. Сафарлар асносида бирор жойга қўнилганда ҳам бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирлари кўрилган.

Ислом фиқҳи ‒ ҳуқуқшунослигида йўл ҳаракатига доир масалалар қадимдан муолажа қилиб келинган. Йўлнинг кенглиги қанча бўлиши кераклиги, улов ва кема минган кишининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уловлар ёки кемалар тўқнашуви натижасида юзага келган муаммолар ‒ барча-барчаси Қуръон оятлари ва ҳадиси шариф маънолари асосида, уларда келган хусусий ва умумий қоидалардан келиб чиққан ҳолда батафсил ёритиб келинган. 

Ҳозирги йўл қоидалари тарихи Лондондан бошланади. 1868 йил 10 декабрда Лондон Парламенти олдидаги майдонда рангли гардишли механик темир йўл семафори қўйилган. Семафорни бир хизматчи қўлда бошқарар эди. Аммо, қурилманинг техник ечими жуда ноқулай бўлиб, айланаётган занжирнинг шовқинидан отлар ҳуркиб кетиб, харакатни издан чиқариб юборар эди. Икки ой ҳам ишламасдан, 1869 йил, 2 январда семафор портлаб кетади ва хизматчи яраланади.

Йўл белгилари дастлаб аҳоли яшаш жойларига йўналишларни ва уларгача масофани акс эттирган тунукалардан иборат бўлган. Йўл ҳаракатининг ягона европа қоидаларини тузиш ҳақидаги қарор 1909 йилда Парижда, бутун дунё конференциясида қабул қилинган. Бунга сабаб, шу вақтга келиб шаҳар кўчаларида автомобиллар сони ортган, тезлик ва тиғизлик ошган эди. Кейинги муҳим қадам деб 1931 йилда Женевада, Йўл ҳаракати бўйича ҳалқаро Конференцияда қабул қилинган «Йўллардаги белгиларга уйғунлик киритиш ҳақидаги Конвенция» ҳисобланади. 


1.    2. Исломда йўл ҳаракати ҳақида; йўл ҳаракати қоидаларига муносабат.


Ислом динининг йўл ҳаракатига бўлган муносабатини ўрганиш учун ушбу мавзуга доир айрим оят ва ҳадислар билан қисқача танишиб ўтамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида Ерни инсонлар учун ёйиб қўйганини, унда йўллар барпо қилганини алоҳида эслатади. Дарҳақиқат, агар Аллоҳ ерни юришга мос қилиб тўшамасдан, фақат тоғу-тошлардан, жарлик ва дарёлардан иборат қилиб қўйганида, биз ожиз бандалар нима ҳам қила олардик?! 

У Зот Зухруф сурасида шундай марҳамат қилади:

«У сизга ерни бешик қилиб берган ва шоядки, ҳидоят топсангиз, деб сизга унда йўллар қилиб қўйган Зотдир». (10 оят).

Нуҳ сурасида ҳам худди шу маъно таъкидланган:

«Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди, унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун». (19-20 оят).

Аллоҳ таоло Ўз каломида ушбу неъматдан унумли фойдаланишга, йўл юриб, сайр қилишга тарғиб ҳам қилган:

«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Тирилиш ҳам Унинг саридир». (Мулк: 15 оят).

«Ер юзида сайр қилинг, сўнг¬ра ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг», деб айт». (Анъом: 11 оят). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида йўлнинг ҳам инсонлар зиммасида ҳақи борлигини айтганлар ва: «Йўлга ўз ҳақини беринглар», дея амр қилганлар. Йўл четида уй қурмоқчи бўлганларга йўл учун керакли бўлган миқдорда оралиқни сақлашни тавсия берганлар. Йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтарганлар. Ҳадисларда йўлнинг одоб ва аҳкомлари, пиёда ва уловда юришга доир таълимотлар шунчалар мукаммал баён қилинганки, улар орадан ўн тўрт аср ўтиб ҳам ўз қийматини заррача йўқотгани йўқ, балки борган сари уларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Уларнинг ёғдуси билан бугунги куннинг йўловчиси учун ҳам етарли кўрсатмалар бериш мумкин.

Исломда яхшилик, илм маърифат учун йўл юришнинг фазилатлари баён этилган ва улкан яхшилик ва савоблар ваъда қилинган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда жумладан шундай дейилган: «Ким илм излаб йўл юрса, Аллоҳ бу билан унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».

Ислом шариати инсонларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш учун келган бўлиб, бунинг учун жамиятнинг саломатлгини тўлиқ таъминловчи керакли ҳукмларни жорий қилгандир. Шунинг учун ҳам, фуқаҳолар томонидан Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқилган фиқҳий қоидаларнинг барчаси инсонга, жамиятга манфаат келтиришга қаратилганини кўрамиз. Уларнинг айримлари билан юқорида танишиб ўтилди.

Ўша фиқҳий негиз қоидаларни баъзи уламолар ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартирган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккитага жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки, зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар.

Юқорида таъкидланганидек, Ислом дини ўз аҳкомларини жорий қилишда инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимоясини мақсад қилган. Чунки, инсон яшаб турган ушбу дунё мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ундаги фаровон ҳаёт ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан боғлиқ.

Ислом шариати мукаммал ва кенг қамровли қоидаларни жорий қилиб, уларнинг  рўёбга чиқиши, амалда татбиқ этилишида фақиҳларга кенг йўл очиб қўйган. Бу ҳам бўлса, Ислом шариатининг барҳаётлигини, унинг барча замон ва маконлар учун салоҳиятли бўлишини таъминловчи омиллардан биридир.

Ушбу маънолардан келиб чиқиб айтганда, йўл ҳаракати асносида содир бўладиган йўл-танспорт ҳодисаларининг олдини олиш, яъни ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаётини ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишнинг бир кўриниши ҳисобланади. Бунинг учун эса йўл ҳаракатига доир керакли қоидалар ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши лозим. Зеро, йўл­транспорт ҳодисалари инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига футур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши мумкинлиги барчага аён.

Демак, йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу. Бугунги кунда амалда жорий қилинган йўл ҳаракати қоидалари билан танишар эканмиз, уларнинг бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, «зарар бартараф этилади», «зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш», «зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ», «жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради» каби шаръий қоидаларга ҳамоҳанг асосларга таянганини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга бўладими, молга бўладими, фарқи йўқ.  Бу борда асосий далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бўлиб, у Ислом фиқҳида энг машҳур шаръий асослардан бирига айланган: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ».

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши аввало ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида қатъий ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг». (Бақара: 195). Қолаверса, бошқаларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солган бўлади, тажовуз этишга қадам қўйган бўлади.

Мана шу маънолардан келиб чиқиб, Ислом фиқҳи уламолари йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайдилар ва уларга амал қилиш ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчисига шариат нуқтаи-назаридан вожиб, уларни бузиш мумкин эмас, дейдилар. Зеро, бу қоидалар  инсоннинг жони ва молини муҳофаза этиши эътиборидан Ислом шариати аҳкомларини татбиқ этишнинг бир бўлаги ҳисобланади. Шунга кўра, мазкур қоидаларга хилоф иш тутиш йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликгина эмас, балки вожибни тарк қилганлик, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир. 

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик гоҳида кимгадир қайсидир даражада фойда келтириши ҳам мумкин. Аммо, бунда кўпчиликка зарар етиши хавфи борлиги сабабидан уларни бузиш мумкин эмас. Зеро, Ислом фиқҳида «зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади» ва «жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устувор туради».

Ислом Конфренцияси Ташкилоти қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси, мазкур шаръий қоидаларга асосланган ҳолда, ўзининг 1414 сна Муҳаррам ойининг 1­7 (1993/21­27 июн) кунлари бўлиб ўтган 8­мажлисида қуйидагича қарор қилади: 

I. А) Ислом шариати аҳкомларига зид бўлмаган ушбу низомларга қатъий амал қилиш шаръан вожибдир. Чунки бу – «масолиҳи мурсала»  далилига биноан, раҳбарга унинг тартибга солган буйруқларида итоат қилишга киради. Мазкур низомлар бу борада татбиқ этилмаган шаръий аҳкомларни қамраб олиши лозим.

Б) Инсоний манфаат тақозо қилган нарсалардан яна бири ‒ турли ман қилувчи низомларни жорий қилишдир. Жумладан, йўл ҳаракати учун жорий қилинган мазкур таълимотларга хилоф иш тутган кишига молиявий чора кўриш. Бу, улов ва бошқа нақлиёт воситалари эгаларидан йўл ва бозорларда инсонларнинг эминлигини хатарга қўйядиган кишиларни зарар келтиришдан тўхтатиш учун бўлиб, белгиланган тартибга кўра олинади.  

Бу маънодаги шаръий қарор ва фатволар бошқа йирик диний ташкилот ва муассасалар томнидан ҳам чиқарилган. Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилишини эътиборга олсак, бу каби маълумотларни халқимизга етказиш йўл тартибсизликларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.


1. 3. Йўл юришнинг ҳукми, унинг жоиз бўлиш шартлари.


Ислом шариатига кўра, бошқаларга зарар етказмаслик ва ҳаромга яқин келмаслик шарти билан, йўл юриш мубоҳ ҳисобланади. 

Йўл омманинг мулки, унда бошқаларга зарар етказиш уларнинг ҳақини поймол қилишдир. Бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадагина феълга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шу боис, йўл юрганда бировларга зиёни тегадиган бўлса, йўл юриш ножоиздир. Аммо киши ўз ихтиёридан ташқари зарарларга масъул бўлмайди.

Исломда ҳар бир инсон тўла ҳур, эркин ҳисобланади. Фақат, бу эрк бошқаларнинг эрки ва ҳақ­ҳуқуқи чегарасида адолат чизиғи билан чекланади. Шунга кўра, йўлдан фойдаланиш бир тарафдан ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчисининг ҳаққи бўлса­да, иккинчи томондан бошқаларнинг ҳақлари ҳисобига маълум даражада чекланади. Ушбу чеклов меъёрлари одатда йўл ҳаракати қоидалари ва одобларида акс этади. Бинобарин, мазкур қоидаларга риоя қилмаслик бошқаларнинг ҳақ­ҳуқуқларига тажовуз ҳисобланади.

Йўл омманинг мулки бўлса-да, жиддий зарурат туғилганда, тартибга солувчи қоидалар орқали гоҳида маълум йўлларда ё вақтларда йўл юришни ёки тўхташни тақиқлаш мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаётини ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда маълум тезликни белгилаш ҳам шаръан дуруст. Бу, албатта, умумий манфаатлар эътиборидан бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: «Оммадан зарарни бартараф этиш учун якка шахсга етадиган зарарни қабул қилинади», дейилган.

Йўл юриш мубоҳ бўлиши учун киши йўлнинг ҳақларига, жумладан, йўл ҳаракати қоидалаига, одобу аҳкомларига риоя қилиши лозим. Агар уларга ихлос билан амал қилинса, йўл юриш нафақат мубоҳ амал, балки кўплаб савобларга сабаб бўлувчи ибодат даражасига кўтарилади. Бордию, уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг даржасига кўра, йўл юриш макруҳ ёки ҳаром бўлади.


1. 4. Йўлнинг ҳақлари.


Исломда инсон зиммасида ҳар бир нарсанинг ҳақи борлиги уқтирилади ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бериш буюрилади. Мусулмон киши зиммасида йўлнинг ҳам ҳақи борлиги ҳадисларда келган. Бу ҳақларни ҳар бил йўл ҳаркати қатнашчиси, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи бўлсин, адо этиши лозим.

Баро ибн Озиб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ ансорлар олдидан ўтдилар ва: «Агар шундай қилишингиз (йўлда ўтиришингиз) зарур бўлса, саломни ёйинг, мазлумга ёрдам беринг ва йўл кўрсатинг», дедилар».

Абу Саъид Худри розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўчаларда ўтиршдан сақланинглар!», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Росули, биз гаплашиб олишимиз учун ўтирмасак бўлмайди», дейишди. У зот: «Агар ўтиришдан бошқа иложингиз бўлмаса, у ҳолда, йўлнинг ҳаққини беринглар», дедилар. Улар: «Йўлнинг ҳаққи нима, эй, Аллоҳнинг Росули?», дейишди. У зот: «Кўзни тийиш, озордан тийилиш, саломга алик олиш, маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш», дедилар».

Ушбу икки ҳадисда йўлнинг бир нечта ҳақлари зикр қилинган. Келинг, биз аввал уларни бирма-бир ўрганиб чиқиб, кейин бошқа ҳақларга ўтайлик.


1. Саломни ёйиш. Салом Ислом шиорларидан ҳисобланади. Саломнинг жамият жипслиги, ривожи учун аҳамияти катта. Бунда, албатта, саломлашиш одобларига риоя қилиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.

«Ҳа, ё Расулуллоҳ!» дейишди.

«Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар».


2. Мазлумга ёрдам бериш.
Демак, кўча-кўйда бирор киши томонидан зулмга учраган мазлумга ёрдам бериш ҳам йўлнинг ҳақларидан ҳисобланар экан. Бу ҳам бўлса, Исломнинг нақадар инсонпарвар дин эканидан дарак беради. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модамики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади», деганлар.

Ҳадиси шарифларда мусулмон киши мазлумга ёрдам бериш билан бир қаторда, золимга ҳам ёрдам бериши кераклиги таъкидланган.

Анас ибн Молик розияддоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингга золим бўлганида ҳам, мазлум бўлганида ҳам ёрдам бергин», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, мазлум бўлганда-ку ёрдам берамиз, золим бўлганда қандай ёрдам берамиз», дейишди. У зот: «Уни зулмдан қайтарасан», дедилар».


3. Йўл кўрсатиш. Яъни, йўл йўқотган кишига тўғри йўл кўрсатиш. Бу ҳам инсоний бурчлардан саналади. Эринчоқликданми ё кибрданми, айрим кишилар йўл кўрсатишга ҳам бахиллик қилишади. Ислом нуқтаи-назарида, бу иш йўлнинг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади ва уни қилган киши гуноҳга қолади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлга йўллаб қўйишинг ҳам садақидир», деганлар».


4. Кўзни тийиш. Кўз инсонга маълумот узатувчи энг қулай аъзо ҳисобланади. У етказган маълумотлар кишининг ҳаётига қаттиқ таъсир этиши табиий. Шу боис, Исломда кўзни ношаръий, зарарли нарсаларга, бировларнинг аврат жойларига тикишдан қайтарилган. Бунга амал қилмаслик инсоннинг ахлоқий тубанлашишига ва бошқа ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида шундай деган:

«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир».

Бу иш ўта муҳим бўлганидан, кейинги оятда уни аёлларга алоҳида таъкидланган:

«Сен мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар..».

Ғофир сурасида: «У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар  яширган нарсаларни ҳам билур», дейилган.

Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига шундай иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмоннинг бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.


5. Озордан тийилиш. Кишиларга озор етказадиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлардан четда бўлиш. Бунда барча моддий ва маънавий озорлар назарда тутилади. Моддий озор деганда, йўлни ифлос қилиш, унга ахлат ташлаш, одамларга халал берадиган тўсиқларни қўйиш, кишиларга моддий ва жисмоний зиён етказиш кабиларни келтиш мумкин. Одамларга тил билан азият етказиш, уларга ташвиш келтириш, тупик ва шунга ўхшаш нарсаларни қолдириш билан кишиларнинг табиатини хира қилиш каби ишлар маънавий озорларга мисол бўлади. Исломда озор етказишнинг ҳар қандай тури ҳаром қилинган.

«Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига бўҳ¬тон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар». («Аҳзоб», 58).

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», дедилар».

Имом Табароний Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга йўлларида озор берса, унга уларнинг лаънати вожиб бўлур», деганлар.

Йўл омманинг мулки ҳисобланади. Жамиятдаги ҳар бир инсон унга ўзини бевосита дахлдор деб билиши лозим. Ҳар бир шахс кўчанинг бир бўлагини ўз уйи деб қараб, унга ана шу асосда муносабатда бўлиши даркор. 


6. Саломга алик олиш.
Салом бериш суннат, аммо саломга алик қайтариш вожиб ҳисобланади.  

Нисо сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир». 


7. Маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш. 
Маъруф бу – соф табиатга таниш бўлган, шариъат ва ақл яхши санаган амал, сўз ва ният. Мункар эса, унинг зидди. Қўлдан келганича маъруфга буюриб, мункардан қайтариш ҳар бир мусулмоннинг жамият олдидаги бурчи ҳисобланади. Бу маънода жуда ҳам оят ва ҳадислар кўп, биз улардан намуна келтириш билан кифояланамиз.

Аллоҳ таоло айтади:

«Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз». (Оли Имрон: 110).

Ҳа, маъруфга буюриб, мункардан қайтариш Ислом умматининг хусусиятларидан ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон шахс ушбу сифатга эга бўлишга интилиши лозим.

«Маъруфга буюр, мункардан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта, булар азийматли ишлардандир». («Луқмон», 17).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё маъруфга буюрасизлар ва мункардан қайтарасизлар ёки Аллоҳ сизга Ўз томонидан иқоб юборгай. Кейин Унга дуо қиласизлар-у, сизга ижобат қилмас», дедилар».

Жамият худди бир кемада кетаётган йўловчиларга ўхшайди. Мункар ишга қўл урган одам кемани тешишга журъат қилган шахсдир. Агар унинг қўлидан вақтида тутилмаса, бутун кемадагилар ҳалок бўлиши аниқ.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан, агар қодир бўлмаса, қалби билан. Бу – иймоннинг энг заифидир. Ундан кейин ачитқининг уруғича ҳам иймон қолмайди»,  дедилар. 

Демак, мусулмон киши жамиятда кечаётган ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги керак. Кимларнидир жамиятни чўктиришига томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ. Агар бирор яхши ишга эътиборсизлик бўлаётганини билса, кишиларни унга чорлаши лозим. Агар бирор ёмонлик содир этилаётганини кўрса, қўлдан келганича уни тўхтатишга ҳаракат қилиши, иложи бўлса, кучи билан, бўлмаса, сўзи билан уни бартараф этиш пайида бўлиши даркор. Ҳеч бўлмаса, қалбидан ўша ишга норози бўлиб туриши мўминлик бурчи ҳисобланади. Тўхтатишнинг имкони бўла туриб, «Менга нима, гуноҳи ўзига-да», деб бепарво кетиш ёки унга қалбдан рози бўлиб туриш иймоннинг зиддидаги сифатлардан саналишини унутмаслик керак.


8. Фалокатга йўлиққан, қийин аҳволга тушганларга ёрдам бериш. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз йўлда ўтирган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб қолдилар ва: «Ушбу йўлларда ўтиришдан сақланинг, чунки, улар – шайтоннинг мажлисларидир. Агар ноилож бўлсангиз, йўлнинг ҳаққини адо қилинг», – дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб кетавердилар. Мен: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Йўлининг ҳаққини адо этинглар», дедилар-у, мен «У нима?» деб сўрамадим-ку?», дедим. Кейин у зотни учратиб: «Эй Аллоҳнинг Росули, сиз бундоқ, бундоқ, дедингиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққи нима», – дедим. У зот: «Йўлнинг ҳаққи – саломга жавоб қайтаришинг, кўзни тийишинг, озордан тийилишинг, адашганни йўллаб қўйишинг ва фалокатга тушган кишига ёрдам беришинг», – дедилар.

Бир куни катта йўлда икки машинанинг тўқнашуви натижасида уларнинг бирига ўт кетиб қолибди, ичида одамлар ёнаяпти экан. Талофат бўлган жойга дарҳол беш-ўнта одам йиғилибди. Аммо машинадаги кишиларни қутқарадиган одам йўқ эмиш. Сабаби, йиғилганлар талофатни ўз телефонларига суратга олиш билан банд экан. Яхши, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари етиб келиб, машинадагиларни қутқаришга муваффақ бўлибди.

Буни қандай тушуниш мумкин?! Албатта, бу каби тасарруфлар ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Мусулмон киши бундай вақтларда, мазкур ҳадисда таъкидланганидек, йўлнинг ҳақини адо этишга киришиши лозим.


9. Йўлтўсарлик қилмаслик; йўлга тўхтамаслик ва одамларга халақит бермаслик.

Одамларнинг йўлини тўсиш, уларга таҳдид солиш улкан зулм бўлиши билан бирга, йўлнинг ҳақини поймол қилиш ҳам ҳисобланади. Хусусан, илм талабида, яхшилик мақсадида кетаётган кишиларни йўлдан тўсиш катта гуноҳдир.

Аллоҳ тало айтади:

«Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни қўрқитиб, тўсиб ва унинг қинғир бўлишини истаб ҳар кўчада ўтириб олманг». (Аъроф: 86).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳулан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Тақво мана бу ердададир. – уч маротаба қалбларига ишора қилдилар –  Кишига ёмонликка мусулмон биродарини таҳқирлаши етарли. Мусулмонга мусулмоннинг барчаси:  қони, моли ва обрў­иффати ҳаромдир», – дедилар. 

Ибн Можа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита жой бор, уларда намоз жоиз эмас: Байтуллоҳнинг усти, мақбара, гўнгхона, кушхона, ҳаммом, туяларни сув ичиши учун чўктириладиган жой ва йўл ўртаси».

Демак, йўл омманинг ҳақи бўлгани боис, уни ҳатто ибодат туфайли ҳам тўсиш яхши саналмас экан.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Йўл ўртасига қўнманглар ва унга қазои ҳожат қилманглар».

Мабодо бирор зарурат юзасидан тўхтаб, тушиш керак бўлса, йўлнинг ўнг тарафига тушиш лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.


10. Бузғинилик қилишдан, фасод ва гуноҳларни ёйишдан сақланиш. Аллоҳ таоло инсонларни ер юзини обод этишлари, унда яхшиликни жорий қилишлари учун яратган ва унинг софлигини бузмасликка, унда фасод тарқатмасликка амр қилган. Гуноҳ қилиш оғир жиноят, уни кўчада қилиш унинг зарарини янада ошириб юборади. 

Аллоҳ таоло айтади:

«...ва ер юзида ислоҳ қилинганидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир». (Аъроф, 85).

Ислом шариатига кўра,  бировларнинг ҳақига зиён етказган киши уни тўлаши вожиб, акс ҳолда, Қиёмат кунида ўша ҳақ эвазига жиноятчининг савоблари олиб берилади.


11. Озорни кетказиш. Мўмин банда бировга озор-азият етказишдан ўзини сақлаш билан бирга, бошқа томондан содир бўлган озор етказувчи нарсаларни бартараф этиши ҳам керак. Масалан, йўлдан тош, чўп каби нарсаларни олиб ташлаш, кўнгилни бузадиган нарсаларни кўмиб қўйиш каби.

Исломда ҳар бир мусулмон кўчанинг тозалигига масъул ҳисобланади. Кўчани ифлос қилиб турган, кишиларга озор берадиган нарсаларни бартараф этишни «иймон шохларидан бир шох» деб эътироф этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари мобайнида йўлларни тоза тутишга тарғиб қилганлар. Саҳобаи киромлар ҳам бу масалага алоҳида эътибор беришарди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида волийларга жўнатган мактубларида кўчаларнинг тозалиги масаласига алоҳида тўхталардилар. Макка кўчаларида ўзлари айланиб, уларнинг тозалигини текширар, қайси хонадон олди агар қаровсиз бўлса, ўша хонадон аҳлларини бунга масъул қилиб, кеийн талаб қилиб олардилар. Саҳобаи киромларнинг йўл тозалигига бунчалар эътибор беришларига исломий таълимотлар туртки бўлгани шубҳасиз. 

Имом Муслим ривоят Абу Ҳаурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ҳам шохдан иборат. Уларнинг энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», энг паси эса, йўлдан озорни кетказишдир», дедилар. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Одам боласининг уч юз олтмишта бўғини бор. Уларнинг ҳар бири учун ҳар куни садақа бор. Ҳар бир ширин сўз садақадир. Кишининг биродарига ёрдами садақадир. Тутадиган бир ичгулик суви ҳам садақадир. Йўлдаги озорни кетказиш ҳам садақадир», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, мен йўл юзидан одамларга озор бериб турган бир дарахтни кесиб ташлагани сабабли жаннатда айланиб юрган кишини кўрдим», дедилар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг амаллари кўрсатилди, яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Яхши амаллари ичида йўлдан озорни кетказишни топдим», деганлар.

Имом Табароний ва Байҳақийлар Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Ким йўлдан бир тошни олиб ташласа, унга бир ҳасана ёзилур. Кимга ҳасана ёзилса, у жаннатга киради».


12. Йўлга, сув ҳавзаларига ва одамлар фойдаланадиган жойларга қазои ҳожат қилмаслик. Бунга қазои ҳожатнинг ҳар икки тури ҳам киради. Йўлга қазои ҳожат қилиш йўлни ифлос қилиш билан бирга, йўловчиларга, умуман олганда, барчага азият етказиши аниқ. Бу иш ўта кетган ахлоқсизлик ҳамдир. Афсуски, бундай манзарага, агар йўл юрсангиз, ҳар куни бир неча марта дуч келишингиз мумкин. Баъзан, кап-катта одамлар, ёнидан эркак ўтадими, аёл ўтадими, ҳеч қандай парво қилмай, йўлда туриб олиб қазои ҳожат қилаётган бўлишади. Улар ўзларидан кейин бу ердан кимлар ўтишини, ўтган киши қанчалар озорланишини ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Албатта, бу каби ишлар динимизда қатъий тақиқлангандир.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта лаънатланадигандан: сув ҳавзаларига, йўл ўртасига ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинг!», – дедилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз ифлослигини мусулмонларнинг йўлларидан бирор йўлга чиқарса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг – барчаларининг лаънати бўлгай», деганлар.

Агар йўлда кетаётган киши қазои ҳожат қилишга мажбур бўлиб қолса ва бунинг учун махсус белгиланган жой топа олмаса, чеккароқ, одамлар кўзидан панароқ жойга ўтиб, ҳожатни чиқариши мумкин. Фақат, ўзидан кейин бировга озор етмаслигининг чорасини қилишни унутмаслик лозим. 


13. Йўлга тупурмаслик ва бурун қоқмаслик. Бу ҳам йўлдагиларга озор бериш ҳисобланади. Агар зарур бўлиб қолса, чап тарафига тупуриб ёки  бурун қоқиб, оёғи билан ё бошқа бирор нарса билан уни кўздан йўқотиш керак. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чап тарафига ёки оёқлари тагига туфласин-да, кўмиб ташласин», деганлар. 

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Мен мусулмон бўлганимдан бери ўнг тарафимга тупурмадим», деганлар.

Демак, олди томонга ёки ўнг тарафга тупуриш ё бурун қоқиш одобдан эмас экан. Бошқа ҳадисларда, иложи бўлса, дастрўмол ё шунга ўхшаш нарсаларга туфлаш ва бурун қоқиш тавсия этилган.


14. Сўкишдан тилни тийиш. Сўкиниш ахлоқий ноқисликнинг белгиси ҳисобланади. У мўмин кишига муносиб бўлмаган салбий сифатлардандир. Афсуски, бугунги кунда сўкинишни жасорат, эркаклик, сўзамолликдек, қабул қилиб, бемалол кўчаларда, бозорларда бировлар билан сўкишаётган кишиларни учратиб қоламиз. Уларнинг сўзлари нафақат ўзларига, балки атрофдаги эшитганларга ҳам азият етказади. Бундай «жасур» ота-оналарни кўрган болалар беҳаё сўзлар билан бир-бирларини бемалол сўкаверадиган бўлишади. Буларнинг барчаси динимизда қатъий ҳаром қилинган ишлардан бўлиб, мўмин киши улардан сақланиши лозим. 

Аллоҳ таоло айтади:

«Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар». (Қоф: 17-18).

Демак, инсон оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзга эътибор бериши лозим. Чунки, икки елкасидаги фаришталар унинг ҳар бир сўзини ёзиб бормоқдалар. 

Нутқ қобилияти инсонни бошқа жонзотлардан фарқлаб турувчи улкан неъматлардан бири. Уни ўша неъматни берган Зотнинг ғазабига сабаб қилишлик ўта кетган аблаҳликдир.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мўмин таъначи, лаънатчи, фоҳиш (уят сўзларни айтувчи, шармсиз) ва базий (сўконғич, аччиқсўз) бўлмайди», дедилар».


15. Ширин сўзлик. Демак, кишиларга хурсандлик келтирадиган яхши гапларни гапириш, одамларнинг кўнглини яхши сўзлар билан кўтариш ҳам кўчанинг ҳақларидан ҳисобланар экан. 

Абу Талҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз кенглик жойда ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтиб қолдилар ва: «Сизга нима бўлдики, кўчада ўтирибсизлар», дедилар. Биз: «Шунчаки, эслашиб, гаплашиб ўтирибмиз», дедик. У зот: «Ундоқ бўлса, ўтиришнинг ҳақини беринглар», дедилар. Биз: «Унинг ҳақи нима, эй Аллоҳнинг Росули?», дедик. У зот: «Кўзни тийиш, алик олиш ва ширин сўзлик», дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз айтсин ёки тек турсин», дедилар.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзахдан яримта ҳурмо билан бўлса ҳам сақланинглар. Агар топа олмасангиз, яхши сўз билан», – дедилар.

Киши учун яхши сўзлашига, иззат-эҳтиромига энг муносиб кишилар унга қариндошлик жиҳатидан энг яқин бўлган кишилардир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Росули, менинг яхши суҳбатимга энг ҳақли киши ким?» – деди. У зот: «Онанг, сўнгра онанг, сўнгра онанг, сўнгра отанг, кейин ўзингга яқин киши, сўнг ундан кейинги ўзингга яқин киши», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Берувчи қўл олийдир. Ўзингга яқинлардан бошла: онанга, отангга, опа-синглингга- ака-укангга, кейин ўзингга яқин кишига, сўнг ундан кейинги ўзингга яқин кишига», деганлар. 

Демак, кўча-кўйда, йўл-йўриқда агар яқин кишиларимиз билан бирга бўлиб қолсак, энг яхши сўзларимизга улар ҳаммадан кўра ҳақли ҳисобланар экан. Айрим кишиларнинг ўзгалар билан чиройли муомалада бўлиб, ота-она, опа-сингил, ака-ука ва бошқа яқинларига нисбатан аксинча муносабатда бўлиши Ислом одобига тамоман зиддир.


16. Ташмит. Акса урган кишига қарата «Йарҳамукаллоҳ» – «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» дейишни араб тилида «ташмит» дейилади. Бунда мусулмон одам айнан мазкур жумлани ишлатиши керак. «Соғ бўлинг», «Саломат бўлинг», ёки шунга ўхшаш бошқа иборалар унинг ўрнига ўтмайди.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларнинг олдида, йўлларнинг бўйида ўтиришдан қайтардилар. Мусулмонлар:

«Бунга қодир бўлмаймиз ва тоқат қила олмаймиз», дедилар.

«Ундай бўлса, унинг ҳақини адо этинг», дедилар.

«Унинг ҳақи нима?» дейишди.

«Кўзни тийиш. Адашганларга йўл кўрсатиш. Акса урганга, агар Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит ва саломга алик олиш», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда «Уч нарса бор, уларнинг барчаси Мусулмон зиммасидаги ҳақдир: касални кўриш, жанозага қатнашиш ва акса урганга, агар Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит этиш», дейилган.


17. Овозни баланд қилмаслик. Кўчада баланд овозда гапириш албатта одобдан эмас. Бу нрса одамларга нисбатан ҳурматсизлик ва озор ҳисобланади. 

Аллоҳ таоло айтади:

«...ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». («Луқмон» 19).


18. Жанжаллашмаслик. Киши кўча кўйда ҳар хил одамларга, турли ҳолатларга дуч келиши мумкин. Гоҳида ахлоқсиз, жоҳил одамлар билан тўқнашиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Мўмин киши ана шундай вазиятларда ҳам одоб доирасидан чиқмаслиги, гуноҳга йўл қўймаслиги керак. 

Аллоҳ таоло айтади:

«Роҳманнинг бандалари ер юзида сокинлик ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир». («Фурқон», 63).

Алло таоло ҳақиқий мўминларни бошқа бир оятда шундай васф қилади:

«Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз нодонларни истамасмиз», дерлар». (Қ).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқнинг сифатларини санаб туриб: «у агар хусуматлашса, гуноҳга ўтади», – деганлар.

Мўмин киши имкон қадар биров билан тортишмаслиги, мободо бунга мажбур бўлиб қолса, гуноҳга, жанжалга ўтиб кетмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ёмонликни энг яхши нарса ила даф қил» («Мўъминун», 96).


19. Ҳайвонот, наботот ва жамодот оламига яхшилик қилиш, уларга зарар етказмаслик. Бу ерда ҳайвонот олами деганда инсондан бошқа барча жонворлар назарда тутилган. Наботот ‒ ўсимликлар, жамодот ‒ жонсиз нарсалар.

Исломда барча мавжудотларнинг муҳофазаси таъминланган. Шу боис, нафақат инсонларга, балки бошқа барча мавжудотларга нисбатан ҳам одоб­ахлоқ асосида муносабатда бўлиш буюрилган. Қуръонга кўра, Аллоҳ таоло ер юзидаги барча нарсаларни инсонлар учун яратган. Бинобарин, Аллоҳ азза ва жаллла яратган нарсаларни зое қилиш, уларга нотўғри муносабатда бўлиш неъматга нонкўрлик, уни писанд қилмаслик ҳисобланади ва гуноҳ саналади. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон киши кўча­кўйлардаги нарсаларга зарар етказишдан, уларни беҳуда синдириб, ёндиришдан, жонворларга озор беришдан, уларни мақсадсиз ўлдиришдан ўзини тиймоғи лозим. Қўлдан келса, уларга яхшилик қилиш, уларни парвариш қилиш даркор. Булар мазкур нарсаларнинг инсон устидаги ҳаққи бўлиши билан бирга, йўл ҳаракати одобларидан ҳисобланади. 

Имом Насоий Шарид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Ким чумчуқни беҳудага ўлдирса, қиёмат куни у Аллоҳ азза ва жаллага дод­вой солиб: «Эй Роббим, фалончи мени беҳудага ўлдирди, мени бирор манфаат юзасидан ўлдиргани йўқ», дейди», деяёганларини эшитдим».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто уриш пайтида ҳам наботот ва жамодотларга зиён етказишдан қайтариб: «Асло, аёл кишини, заиф ёш болани ва кекса кишини ўлдирмайсан. Ҳеч-ҳеч, хурмога ўт қўймайсан ҳамда бирор дарахтни қўпормайсан. Уйни ҳам бузманглар!», деб таъкидлардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши йўлда кетаётган эди. Қаттиқ чанқади. Бир қудуқ топди-да, унга тушиб, сув ичди. Кейин чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тупроқ еяётган экан. Ҳалиги одам, дарҳақиқат, бу итга менга етганга ўхшаш ташналик етибди, деди-да, қудуққа тушиб, махсисини сув билан тўлдириб, итни суғорди. Бас, Аллоҳ ундан миннатдор бўлди ва уни мағфират қилди», – дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Росули, чорполарда ҳам бизга ажр борми?», – дейишди. У  зот: «Ҳар бир ҳўл жигарлида ажр бор», – дедилар». 

Бу борада Ислом таълимотлари жуда ҳам кўп, уларнинг ҳар бири эзгулик, яхшиликнинг олий намунасидир. Зотан, Аллоҳ таолонинг дини У зотнинг барча мавжудотлари учун раҳматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат эканликлари мана шу эътибордан ҳам изоҳланади.


20. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш. Пиёда бўлсин, уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон ўзи яшаб турган жамиятдаги кўпчилик томонидан қабул қилинган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши лозим. Чунки улар инсон ҳаётининг, саломатлигининг хавфсизлиги учун жорий этилган. Ислом шариати ўз аҳкомларида кўзлаган мақсадлардан бири ҳам айнан ушбу хавфсизликдир. 

Киши мазкур қоидаларга амал қилмаслик билан бошқаларнинг молу жонига, ҳақ­ҳуқуқига тажовуз қилишдан ташқари, ўз жонини хатарга қўяди. Қуръони Каримда инсонларни ўз жонларини таҳликага солишдан қайтарилган. 

Аллоҳ таоло айтади: 

«Ўзингизни ҳалокатга ташламанг». («Бақара», 195).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ», деганлар.

Йўлнинг ҳақларини адо этиш аввало адо этувчининг ўзига, қолаверса, барчага, ҳатто йўлга ҳам айни фойдадир. Уларга ихлос билан, диний бурчим, деб риоя қилган киши бу дунёдаги манфаатлардан ташқари, Аллоҳ таолонинг розилигига ва охиратдаги улуғ ажрларга ҳам мушарраф бўлади.

Ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси ушбу ҳақларни диққат марказида тутмоғи даркор. Шу билан бирга, йўл ҳаркатига доир одоб ва аҳкомларга ҳам амал қилиши лозим.


1. 5. Йўл ҳаракатига доир одоб ва аҳкомлар
.


Йўл ҳаракатига доир одоб ва аҳкомлар деганда, пиёда бўлсин, уловда бўлсин, йўл юрмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон эркагу аёл риоя қилиши лозим бўлган ишлар назарда тутилади. Улар қуйидагилар:


1. Заруратсиз кўчага чиқмаслик.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Нажот нима?» деб сўради. Шунда у зот: «Тилингга маҳкам бўл ва уйинг сени сиғдирсин», – дедилар.

Бу маъно хусусан аёллар учун янада таъкидлангандир. 


2. Ислом аҳком ва одобларига мувофиқ кийиниш.
Ислом шариъатида кийим тўрт қисмга бўлинади:

А) Вожиб кийим. Шариъат аврат деб белгилаган жойларни тўсадиган даржадаги кийим вожибдир. Кийим авратни тўсиши учун орқаси кўринадиган даражада юпқа бўлмаслиги ва танани васф қиладиган даражада тор бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда, сатри аврат ҳисобланмайди.

Эркак кишининг аврати киндикдан тиззагача, аёлнинг юзи ва икки кафтидан бошқа барча жойи аврат ҳисобланади. Балоғатга ёшига етган мусумлон эркак ва аёллар бунга қатъий риоя қилишлари лозим.

Б) Суннат кийим. Кўркам, ўзига ярашган, яхши либосларни кийиш суннат саналади. Кир, яроқсиз, йиртиқ-ямоқ кийим киймаслик керак.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Либосларингизни яхшиланглар, токи одамлар ичида хол каби бўлинглар», дедилар».

Йўл юрмоқчи бўлган киши, хусусан, пойафзал кийишга ва унинг яхши бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ковушининг боғичи узилиб кетса, то уни тўғрилагунча бир пой ковушда юра кўрмасин», деганлар. 

Имо Бухорий «Ал­Адаб ал­Муфрад»да шундай ривоят келтиради:

«Абу Холдадан ривоят қилинади:

«Абдулкарим Абу Умайя Абу Олияникига келди. Эгнида жун кийим бор эди. Шунда Абу Олия: 

«Бу роҳибларнинг кийими. Мусулмонлар қачон бир-бирларини зиёрат қилсалар, ясанишар эди», деди». 

Бу ерда мусулмонлар деганда саҳобаи киромлар назарда тутилган. Кийим кийишда ниятни яхши қилиш, хусусан ушбу ҳадисларни назарда тутиш лозим. 

В) Ҳаром кийим. Фахр, кибру ҳаво, мақтанчоқлик, ўзига баҳо бериш, бошқалардан ўзини баланд тутиш каби номақбул мақсадларда кийим кийиш ҳаромдир. Мусулмон киши бундай иллатлардан дилини холи қилиши лозим. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кўйлагининг этагини кибру ҳаво билан судраб юрадиган бандаларига марҳамат назарини ташламайди», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши уни ужбга кетказган кийимда, қулоғидан пастга тушган сочини тараб олиб кетаётган эди, бирдан Аллоҳ уни ерга ютқазиб юборди. Энди у ерда қиёматгача пастга қараб силжиб бораверади», дедилар.

Бу ҳадисда ифтихор, мутакаббирлик билан ўзига оро берган киши мазаммат қилинмоқда.

Г) Макруҳ кийим. Имконияти бўла туриб, ўзини бечора ёки зоҳид кўрсатиш мақсадида йиртиқ-ямоқ, жулдирвоқи, кўримсиз кийимларни кийиш макруҳ ҳисобланади.

Булардан бошқа ҳолатлардаги кийимлар мубоҳдир.


3. Пойафзални ўнг оёқдан кийиш. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам имкони борича ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар: таҳоратларида ҳам, ковуш кийишларида ҳам...».


4. Уйдан чиққаётганда ўнг оёқ билан чиқиш ва қуйидаги дуони ўқиш:

«Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳгагина таваккул қилдим. Аллоҳдан ўзгада ўзгартириш ҳам, қувват ҳам йўқ. Аллоҳим! Мен адашишдан ва адаштирилишдан, тойилишдан ва биров мени тойиб юборишидан, зулм қилишдан ва зулмга қолишдан, нодонлик қилишдан ва биров менга нодонлик қилишидан Сендан паноҳ сўрайман».

Дуонинг ўқилиши: 

«Бисмиллаʹҳ. Таваккалту ъалаллоʹҳ. Лаʹ ҳавла валаʹ қуввата иллаʹ биллаʹҳ. Аллоҳумма инниʹ аъуʹзу бика ан адилла ав удолла, ав азилла ав узалла, ав азлима ав узлама, ав ажҳала ав йужҳала ъалаййа».

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқишда ушбу дуони қилган киши ҳақида: «Унга «ҳидоят қилиндинг, кифояландинг ва ҳимояландинг», дейилади ва шайтон ундан четланади», деганлар. 


5. Агар йўлга ҳамроҳ олмоқчи бўлса, яхши рафиқ танлаш. 

Имом Табаронийдан қилинган ривоятда: «Ҳовлидан олдин қўшнини, йўлдан олдин ҳамроҳни қидиринглар», дейилган. 

Ҳамроҳларнинг яхшиси Аллоҳга тақво қиладиган, ҳамроҳига яхшилик етказадиган, илмли, одобли кишилар бўлади.

Ҳасан Басрий айтади: «Рафиқларнинг энг яхшиси ‒ Аллоҳни зикр қилганингда сенгга кўмаклашадиган, унутганингда сенга эслатадиган рафиқдир», деган.

Луқмон Ҳаким ўз ўғлига шундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғилчам, сен олимлар билан бирга ўтиришни ўзингга лозим тут ва ҳакимларнинг гапларини эшит, зеро Аллоҳ ўлик ерни ёмғир томчилари билан тирилтирганидек, ўлик қалбни ҳикмат нури билан тирилтиради».


6. Йўлнинг ўнг тарафида юриш, агар тўхтаса ҳам, ўнг тарафда тўхташ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида ўнг тарафни ишлатишни яхши кўрар эдилар, ҳатто соч тарашларида ҳам, ковуш кийишларида ҳам».

Имом Бухорий ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарда йўлнинг ўнг тарафига тушишларини таъкидлаган.

Сулаймон айтади: «Киши йўлнинг ўнг тарафига тушиши мустаҳабдир».


7. Ёши катта, аҳли илм ва аҳли фаз кишиларнинг ҳақига риоя қилиш.
Бу – Ислом одобларининг энг кўзга кўринганларидан бири, десак, муболаға бўлмайди. Бу мавзуда кўплаб ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари, буюк алломаларимизнинг ҳаётларидан намуналар мавжуд. Уламоларимиз ўз асарларида бу мавзуга алоҳида боб ажратганлар. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да «Каттани икром қилиш ҳамда гап ва саволни катта бошлаши ҳақида боб» очиб, унда ушбу мавзудаги бир қанча ҳадисларни келтирганлар. Мусулмонлар бугунги кунгача ўша таълимотларга қўлдан келганича амал қилиб келмоқдалар. Хусусан, бизнинг халқимиз ҳам бу одобга алоҳида эътибор бериб келган. 

Бу борада келган маълумотларни ўрганар эканмиз, аждодлардан тортиб амалда келаётган, халқимиз орасида анънага айланган кўплаб гўзал одоблар айнан Ислом таълимотлари асосида вужудга келганининг гувоҳи бўламиз. Биз бу ўринда, имкониятимиздан келиб чиқиб, уларнинг айримлари билан танишиб чиқимиз, холос. 

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган ва уламоларимизнинг ҳақини билмаган биздан эмас», – дедилар».

Уламоларимиз каттанинг, шунингдек, аҳли илм ва аҳли фазл кишининг ҳақларини санаганда, жумладан, қуйидагиларни таъкидлайдилар: учрашганда унга биринчи салом бериш, эҳтиромини жойига қўйиш, унинг ўнг тарафида, сал орқароқда юриш, бирор жойга кириб-чиқишда унга йўл бериш, сўзлашганда ва нутқ қилишда унга олдин сўз бериш, унинг сўзига эътибор ва эҳтиром билан қулоқ тутиш, унинг овозидан баланд гапирмаслик, агар мунозара қилишга тўғри келиб қолса, юксак одоб ва лутф билан муносабатда бўлиш, унга мурожаат қилганда ҳам иззат-икром билан мурожаат қилиш.

Икки ака-ука Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўзлари шоҳид бўлган бир воқеани айтиш учун келишди. Уларнинг кичиги сўзламоқчи бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттага бер, каттага бер», дедилар. Яъни, сўзни олдин каттага бер, демоқчи бўлдилар.

Улуғ саҳобий Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдик. Биз тенгқур йигитлар эдик. У зотнинг ҳузурларида йигирма кун турдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам раҳмли, мулойим эдилар. Бизни аҳли-оиламизни соғинган деб билиб, қолдирган аҳлларимиз ҳақида сўрадилар. Биз айтиб бердик. Кейин: «Аҳли-оилангизга қайтинглар, уларнинг ичида бўлинглар, уларга таълим беринглар, амр қилинглар. Қачон намоз ҳозир бўлса, бирингиз озон айтсин ва каттангиз имом бўлсин», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга балоғатга етган, ақли тўлганларингиз яқин турсин. Сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар», дедилар.

Уламоларимиз ушбу ҳадис гарчи намоз бобида айтилган бўлса-да, барча ижтимоъий йиғинларда ҳам суннат ҳисобланади, дейдилар. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Тушумда мисвок билан тиш тозалаётган эканман. Икки киши олдимга келди, уларнинг бири иккинчисидан катта экан. Мен мисвокни кичигига бердим. Шунда менга: «Каттага бер», дейилди. Мен уни каттасига бердим». 

Улуғ саҳобий Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёш йигит эдим. Мен у зотдан (Қуръон, ҳадис) ёд олардим. Мени гапиришдан ўша жойда мендан ёши катта кишилар борлигигина тўхтатар эди».

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур одобларга риоя қилишда фақат ёшни ҳисобга олинмайди, балки илм ва фазл аҳли ёш бўлса ҳам, устун қўйилади. Шунингдек, раҳбар ва ишбошиларнинг ҳам эҳтироми ёш билан белгиланмайди. 

Аллоҳ таоло айтади: «Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эслатма олурлар». (Зумар: 09).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кексани, Қуръон ҳомили бўлиб, унда ғулувга ҳам кетмаган ва ундан узоқлашиб кетмган  кишини ва адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳ таолони улуғлашдандир», дедилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Қорилар , улар хоҳ катта кишилар бўлсинлар, ёки ёш йигитлар бўлсинлар, Умар розияллоҳу анҳунинг мажлис ва машварат аҳли ҳисобланарди», деганлар.  

Уламоларимиз айтадиларки, Исломдаги ушбу меъёрлар соф инсон табиатига тўла мос келади. Шунинг учун ҳам, уларнинг бузулиши жамиятда кўплаб ноқулайликларга, ихтилофларга сабаб бўлади. Айрим табиати бузилган, мафкураси айниган кишиларнинг бефарқликлари ва эътирозларининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. 


8. Ҳамроҳларга яхши муомалада бўлиш. Киши пиёда бўлсин, ё бирор уловда бўлсин, ҳамроҳ билан гўё қўшни каби бўлади. Бинобарин, ҳамроҳига яхши муомалада бўлиши, унга озор беришдан ўзини сақлаши лозим. 

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай марҳамат этади:

«... яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас.

Ушбу оятдаги «ёндаги соҳиб»ни кўпчилик муфассирларимиз «ҳамроҳ» деб тушунтирганлар.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамроҳларнинг энг яхшиси ўз ҳамроҳига яхши бўлганидир, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси ўз қўшнисига яхши бўлганидир», дедилар.

Имом Бухорий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Челагингдан биродарингнинг челагига қуйиб беришинг садақадир. Маъруфга буюришинг ва мункардан қайтаришинг садақадир. Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир. Одамлар йўлидан тошни, тиконни ёки суякни олиб қўйишинг сен учун садақадир. Белгиси йўқ йўлдаги одамга йўл кўрсатишинг ҳам садақадир», дедилар.

Киши ўз ҳамроҳини гуноҳ қилишдан қайтриши, ўрни келганда унга насиҳат қилиш ҳам унга яхшилик қилишдан ҳисобланади. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мўмин киши манфаатдир: агар у билан бирга юрсанг, сенга фойда беради, агар у билан маслаҳатлашсанг, сенга фойда беради, агар у билан шерик бўлсанг, сенга фойда беради, унинг ҳар бир иши манфаатдир».


9. Ҳар томонга алангламай, ўз йўлига, тўғрига қараб юриш.

Буюк тобеъинлардан Иброҳим Нахаъий: «Йўлда у ёқ-бу ёққа кўп қараш одамгарчиликдан эмас», дер эди. 


10. Кўрган нарсаларидан ибрат олиш. Бирор касаллик ё талофат етган кишиларни кўрганда ўзининг ўша нарсалардан саломат эканига шукр қилиш. «Бахтиёр ‒ бошқадан ибрат олган кишидир».

Имом Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қайси киши бировнинг бирор балога тушганини кўрганда: «Унга юборган балодан мени офиятда қилган  ва яратганларининг кўпидан мени афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, ўша бало нима бўлишидан қатъи назар, унга етмайди». 

Ўзидан кўра ҳақир, паст кишиларни кўрганда: «Мени кўп мўмин бандаларидан афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дейиш ҳам мустаҳаб ҳисобланади.


11. Одамларнинг хонадонлари ичкарисига назар солишдан сақланиш. Бу ҳолат, кўпинча, кўча хонадонлардан баланд бўлган жойларда кузатилади. 

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биров сенга билдирмай уйингнинг ичкарисига назар солиб турган бўлса, тош билан уриб унинг кўзини чиқариб қўйсанг, сенга гуноҳ йўқ», дедилар».

Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинган ҳадисда: «Изн сўраш кўз сабабидангина жорий қилингандир», деганлар. 


12. Азон овозини эшитганда унга жавоб қайтариш ва жамоатга шошилиш. Азон Аллоҳ таолонинг чақириғи, Исломнинг шиоридир. Унга парвосиз, нописандлик билан муносабатда бўлиш гуноҳдир. Уни эшитган заҳоти мўмин киши  дарҳол хушёр тортиши, унга оғзаки ва амалий суратда жавоб қайтариши лозим. 

Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида қуйидагиларни келтирадилар:

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон азонни эшитсангиз, айни муаззин айтаётганини айтинг», дедилар».

Яҳё айтади: «Биродарларимиздан бири менга муаззин «Ҳаййа ъалас­солаҳ» деганда, Муовия: «Лаʹ ҳавла ва лаʹ қуввата иллаʹ биллаʹҳ» деганини ва «Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганмиз», деб айтганини сўзлаб берди».

Демак, азон эшитаётган киши муаззин айтган ҳар бир сўзни у билан бирга такрорлайди, фақат «Ҳаййа ъалас­солаʹҳ» деганда «Лаʹ ҳавла валаʹ қуввата иллаʹ биллаʹҳ» дейди ва азон тугагандан кейин қуйидаги дуони ўқийди:

«Аллоҳим! Эй ушбу тугал чақириқнинг ва тўкис намознинг Робби! Муҳаммадга Василани ва фазилатни бергин ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган «мақоми маҳмуд»да тиргизгин».

Дуонинг ўқилиши:

«Аллоʹҳумма Робба ҳаʹзиҳид­даъватит­таʹммаҳ, вас­солаʹтил­қоʹимаҳ, аʹти Муҳаммаданил­васиʹлата вал­фазиʹлаҳ, вабъасҳу мақоʹман маҳмуданил­лази ваъаттаҳ».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитганда ушбу дуони ўқиса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади», деганлар.  

Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Ибн Умму Мактум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен кўзи ожиз, уйи узоқ одамман», деб, ўз уйида ўқиш учун рухсат беришларини учун намоз ҳақида гапирди. У зот: «Азонни эшитасанми?», дедилар. У: «Ҳа», деди. У зот: «Эмгалаб бўлса ҳам кел», дедилар».  


13. Аллоҳ таолони зикр қилиш. Зикр қилиш деганда, тилга олиш ҳам, дилдан ўтказиш ҳам тушунилади
. Кўпинча, ҳар иккисини жамлаш назарда тутилади. Қуръон тиловат қилиш, суннатда келган дуою тасбеҳларни айтиш, махсус дуоларни ўқиш, шунингдек, Аллоҳ таолни эслатадиган, У Зотнинг таълимотлари ҳақида суҳбатлашиш каби ишлар Аллоҳни зикр қилиш ҳисобланади.

Имом Термизий ва Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зикрларнинг энг афзали «ла илаҳа иллаллоҳ, дуонинг энг афзали «ал­ҳамду лиллаҳ» деганлар.

Аллоҳ таолони зикр қилиш мўмин кишининг бандалик бурчидир. Аллоҳнинг зикри банданинг руҳига ҳам, жисмига ҳам қувват бўлади. Инсон Аллоҳнинг зикри билан бошқа бирор нарсада топмаган яхшиликларга эришади.

Кўчада ҳар хил ҳолатларга дуч келиш мумкин. Киши агар ғафлатда бўлса, турли гуноҳ ва бошқа кўнгилсизликларга қўл уриб қўйиши турган гап. Аллоҳнинг зикрида бўлиш эса, ана шундай вазиятларда инсон учун энг ишончли муҳофаза вазифасини ҳам ўтайди.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ва Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки зафар топсангиз». (Жумъа: 10).

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар». (Аҳзоб: 41-42).

Аллоҳ таоло ақл эгаларини «Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар», дея мадҳ этган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Киши йўл босса-ю, унда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмаса, бу унга бир чандиқ – нуқсон бўлиб тушади», – дедилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг зикридан ғофиллик кўплаб ёмонликларга сабаб бўлади, гуноҳ содир бўлишига замин яратади. 

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқдирлар» (Ҳашр, 19).


14. Пойафзални ечишда чап оёқдан бошлаш. Бу ҳам Исломга хос одоблардан. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз ковуш кийса, ўнг оёқдан бошласин ва ечганида, чап оёқдан бошласин», дедилар.


15.  Уйга киришда ўнг оёқ билан, салом бериб кириш ва қуйидаги дуони ўқиш:

«Аллоҳим, мен Сендан  яхши киришни ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик ва Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳгагина таваккул қилдик».

Дуонинг ўқилиш: 

«Аллоʹҳумма инниʹ асъалука хойрол мавлажи ва хойрол махрож. Бисмиллаʹҳи валажнаʹ ва бисмиллаʹҳи хорожнаʹ ва ъалаллоʹҳи Роббинаʹ таваккалнаʹ».

Абу Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирмоқчи бўлган киши ушбу дуони ўқиб, кейин салом бериб киради, деганлар. 


Аёллар юқоридагиларга қўшимча равишда қуйиидаги меъёрларга алоҳида эътибор беришлари лозим:


1. Уйни лозим тутиш. Яъни, аёл киши уйда бўлишга интилиши, заруратсиз кўчага чиқмаслиги лозим. Аёл киши  ўз ҳожатлари ва ишлари юзасидан ёки бирор вазифа тақозосига кўра кўчага чиқиши, ишлаши мумкин, албатта. Аммо ҳеч қачон аёл кўча одами бўлмаслиги керак. 

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига ва улар орқали бошқа мўминаларга хитоб қилиб шундай дейди:

«Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг». (Аҳзоб: 33).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Савдо онамиз розияллоҳу анҳо жумладан шундай деганлар:

«Эй Аллоҳнинг Росули, Умар менга бундай, бундай, деди», дедим. Шунда у зотга ваҳий тушди, сўнг кўтарилди. Кейин у зот: «Албатта, сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедилар».

Исломда аёлларни уйда бўлишга тарғиб ва ташвиқ қилинишида ҳикмат кўп. Бу, бир тарафдан, аёлнинг қадрини ушлаш, унинг латофатини, ибосини сақлаш, уни оғир юмушлардан озод қилиш бўлса, иккинчи тарафдан, аёлнинг асл вазифаси бўлмиш оиланинг ички интизомини мустаҳкамлаш, болалар тарбияси, эрнинг хизмати каби ишларда нуқсонга йўл қўймаслигини таъминлашдир.

Бугунги кунда кўплаб Ғарб мамакатларида аёл кишининг уйда ишлаши ҳар қандай бошқа ишдан қимматли эканини, агар ҳисобланса, аёлнинг уй ичидаги хизмати бир йилга 100 минг доллардан ортиқ қийматда баҳоланишини таъкидлашмоқда. 

Биританиянинг хавфсизлик ширкатларидан бирининг 1 млн. аёл устида олиб борган тадқиқотларига кўра, уйда ўтирган аёл бир кунда 19 соат ишлар экан. У, хонадоннинг ҳимоячиси, тарбиячиси, муаллимаси, шифокори, тасарруфчиси ва бошқа вазифаларини бажарувчисидир. Тадқиқот ўз изланишлари натижасида, «уйда ўтирадиган аёл оила эга бўлган нарсаларнинг энг қимматлисидир» деган хулосани эълон қилган.


2. Изн сўраш.  Оилали аёл бирор жойга бормоқчи бўлса, эридан изн сўраши керак. Бу ҳам муслма аёллар, ўтган момоларимиз қадимдан амал қилиб келаётган одоблардандир. Бу – аёл киши томонидан эрига ҳурмат бўлиш билан бирга, эрнинг кўнглига шайтон турли гумон олиб келишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади ва оиланинг мустаҳкамлигини таъминлайди.

Абу Яъло Абдуллоҳ ибн Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан шундай деганлар: «Эрнинг хотиндаги ҳақларидан бири – унинг изнисиз уйдан чиқмаслигидир».


3. Сатри авратда бўлиш. Балоғатга етган муслима аёл юзи ва кафтидан бошқа жойларини маҳрами бўлмаган эркаклар олдида очиши мумкин эмас. Шу боис, аёл киши кўчага чиқишда юзи ва кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб олиши фарздир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: ёпинчиқларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир». (Аҳзоб: 59)

Ёпинчиқ қадимдан аёлларга хос бўлган кенг устки кийим, бошдан ташлаб олинадиган либос. 

Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўкаларда турлича бўган. Лекин ҳммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўздан сақлаш, уни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган. (Тафсири Ҳилол 4 жуз).

«Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг». (Аҳзоб: 33).

Демак, очиқ-сочиқ юриш йигирманчи асрнинг янгилиги эмас экан. Олдинги жоҳилият даврларида ҳам бу каби ҳолатлар авж олган экан.

Исломдаги кийиниш меъёрларининг инсон ҳаёти, жамият ривожи учун ҳам аҳамияти катта. Хусусан, жамиятдаги ахлоқсизлик, бузуқлик, нопокликларнинг олдини олишда, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда бу меъёрлар жуда ҳам муҳим. Бу ҳақиқатни ҳозирга келиб мусулмон бўлмаганлар ҳам тасдиқламоқда. 

Бугунги кунда аёлларнинг ортиқча очиқ-сочиқлиги кўпгина муаммоларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада кўплаб амалий тадқиқоқлар хулосалари, илмий мақолалар ҳам эълон қилинмоқда. Ҳатто, «аёлларнинг очиқ-сочиқлиги эркакликнинг кушандаси» эканини, «аёлларнинг очиқ бадани одам наслининг камайиши ва нимжонлашишига сабаб» бўлаётганини мусулмон бўлмаган тадқиқотчилар куйинчаклик билан ёзмоқдалар.

Минг афсуски, бугунги кунда айрим опа-сингилларимиз миллий ва диний қадрятларимизга тамоман зид равишда беҳаё кийимларни кийишга ружуъ қўйишмоқда. Улар ўзлари қайси динда эканликларини, қандай халқнинг авлоди эканликларини ҳам унутиб қўйишмоқда. Беш кунлик дунёни деб, абадий охиратни қўлдан бериб қўяётганлирини ҳам сезимаяптилар. Очиғини айтганда, ўша кийимларни кийишдан эркаклар ҳам уятади. Улар бу «очилиш»да охири кийимсиз қолмасалар, деб қўрқасан киши.

Аслини олганда, улар ўша беркитган жойларини ҳам уятгандан эмас, маломатдан қўрққандан ёки «жозиба» сақлаш учун беркитаётганга ўхшайди. Бўлмаса, беркитган жойларини шунчалар юпқа ёки тор мато билан тўсишармиди?! Ахир, кийим ўзи баданни яшириш учун кийилади-ку! 

Айрим аёллар ўзларининг эркаклар кўнгилига қанчалар ғулғула солаётганларини ҳис қилмасликлари ҳам мумкин. Улар, очиқ-сочиқ юриш ўзлари учун оддий ҳолга айланган бўлса-да, бу нарса Аллоҳ таолога осийлик эканини ва жамиятнинг инқирозига сабаб бўлишини унутмасликлари керак.


4. Зийнатларни яшириш. Аёл киши табиатан ўзига оро беришга, зийнатланишга ва ўз зийнатини бошқаларга кўрсатишга интилувчан қилиб яратилган. Улардаги бу табиат оиланинг ҳаётийлиги ва мустаҳкамлиги учун жуда ҳам муҳим. Шу боис, Ислом аёлларга ўзларининг ушбу хусусиятларини ўз эрларига, жуфти ҳалолларига қаратишга буюради ва уни мақсадсиз ёки нопок мақсадларда бошқаларга кўз-кўз қилишдан қайтаради. Шу билан бирга, ушбу зийнатларини уларнинг суистемол қилиниши, турли фитналарга сабаб бўлиши эҳтимоли бўлмаган ўринларда – аёллар, ёш болалар ва маҳрамлари олдида кўрсатишларига ижозат беради.

Аёл кишининг устки кийими ҳам ҳаммани ўзига тортадиган даражада зийнатли бўлмагани маъқул. Чунки, бу ҳам фитнага сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, кўчада пиёда юрадиган аёллар бегона назарларни жалб қиладиган пошналик пойафзал кийишдан, ҳар хил чамбараклар тақишдан ҳам сақланишлари керак. 

Аллоҳ таоло айтади:

«Сен мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар улардан (зийнталардан) зоҳир бўлгани (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар….. Махфий тутган зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз».

“Махфий тутган зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар” оятида ўша давр аёлларида одат бўлган бир иллатдан қайтарув бор. Чунки ўша пайтларда аёллар оёқ-қўлларига чамбарак тақиб олиб, эркакларни ўзига қаратиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб юришар экан. Шу билан бирга, бу билан кўкракларини билдиришга ҳам ҳаракат қилишар экан. Ушбу оят орқали Ислом дини муслима аёлларни бу каби номақбул ишлардан, бегона эркакларнинг назарани тортишга сабаб бўладиган ҳатти-ҳаракатлардан қатъий ман қилган.


5. Йўл четида юриш. Муслима аёлларга йўлнинг ўртасига тушиб олиб юриш ярашмайди. Уларнинг ҳар бир ҳаракатларида исломий одоблари, ҳаё ва иффатлари барқ уриб туриши керак. Шунингдек, муслма аёл ўз жуфти ҳалоли билан бирга юрганида унинг ортидан юриши ҳам одобдан ҳисобланади. 

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиддан чиқиб турганларида, эркакларнинг аёлларга аралашиб юрганини кўриб, аёлларга қарата: «Орқароқда юринглар, йўлнинг ўртасини эгаллаб олиш сизларга эмас. Йўлнинг чеккасини лозим тутинглар», дедилар.

Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», дедилар».


6. Ортиқча ҳушбўйлик суртмаслик. Яъни, аёл киши кўчага чиққанида йўлдаги эркакларни назар қилишларига ундайдиган даражада атр сепиши ҳам жоиз эмас. 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши агар хушбўйланиб олиб, одамлар ўтирган жойдан ўтадиган бўлса, у бундоқдир, бундоқдир», дедилар». 

Аллома Муборакфурий айтади: «Чунки, у ўзининг хушбўйлиги билан эркакларнинг шаҳватини қўзғайди ва уларнинг унга назар қилишларига ундайди. Агар улар унга боқсалар, кўз билан зино қилган бўладилар. Натижада, аёл кўз зиносига сабаб бўлади ва шунинг учун гуноҳкор бўлади».


7. Бегона эркакларнинг назарини тортадиган ҳатти-ҳаракатлардан сақланиш.  Бу ҳам аёл киши учун ўз қадрини, аёллик қийматини ва иффатини сақлаши учун зарурдир. Халқимизда «ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди» деган мақол бежизга айтилмаган. Шу боис, муслма аёл кўчада юрганида ўзининг виқорини, салобатини сақлаши, турли нопок назарлардан ўзини юқори тутиши лозим. Қуръони каримда аёл киши ҳатто сўзлашишда ҳам ушбу эҳтиёткорликни ушлаши зарурлиги таъкидланган. Аллоҳ тало Аҳзоб сурасида шундай марҳамат қилади:

«Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна, қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Ва маъруф гапни гапиринглар». (32- оят).


1. 6. Пиёда юришга доир одоблар.


Бу ерда пиёда юриш деганда йўл ҳаракати қоидаларига доир адабиётларда кўзда тутилган пиёдалар эмас, балки, ҳеч қандай уловсиз, одимлаб юриш назарда тутилган. Бинобарин, биз велосипед, мопет ва бошқа шу тоифадаги воситаларни минган кишиларни, шаръий нуқтаи назардан келиб чиқиб, улов минганлар қаторига қўшдик.

Юқоридаги сатрларда ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси амал қилиш лозим бўлган умумий одоб ва аҳкомлар ҳақида сўз юритилган эди. Пиёда юрмоқчи бўлган киши уларга қўшимча сифатида қуйдагиларга ҳам риоя қилиши лозим:


1. Тавозуъга зид юрмаслик. Мўмин киши доимо тавозуъли бўлиши лозим. Кибр билан, кеккайиб, салмоқлаб юриш одобдан эмас. Аллоҳ таоло айтади: 

«Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмайсан! Ана шуларнинг барчаси – ёмони Роббингнинг ҳузурида хуш кў¬рилмаганлардир». (Исро: 37-38). 

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай дейди:

«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма ва ер юзида кибру ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни суймас». (18- оят).


2. Виқор билан, ўртача тезликда юриш. Киши қанчалик кўркам, қадди-қомати ҳар қанча келишган бўлмасин, агар юришда ўртача бўлмаса, унинг чиройи кетади, салобати йўқолади. Аллоҳ таоло Ўзи мақтаган бандаларининг юришдаги сифатларини қуйидагича баён қилган:

«Роҳманнинг бандалари ер юзида сокинлик ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир». (Фурқон: 63).

Ҳасани Басрий айтади: «Яъни, улар Пайғамбарлар каби, ҳалим ва олим ўлароқ, бирор заррага ҳам озор бермай, сокинлик, тавозуъ ва хушуъ билан юрадилар. Бу – кеккайиб юрадиган димоғдор, мақтанчоқ, мутакаббирнинг зиддидир».

Имом Абу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Сокинлик билан юриш кишининг ўзини қийнамай, кеккаймай, унга асли берилган табиатда юришидир», деган.

Имом Замахшарий мазкур оятнинг тафсирида, бу ерда, мулойимлик билан, сокин ҳолда, виқор ва тавозуъ билан юриш назарда тутилганини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида шундай марҳамат этади: 

«Юришингда мўътадил бўл...». (19- оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тез юриш мўминнинг чиройини кетказади», дедилар. 

Бу борада ҳам энг гўзал намунани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларида топамиз.

Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларини васф қила туриб шундай деган эдилар:

«Юрганларида салобат билан худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз эса ўзимизни қийнаб юрамиз. У зот эса бемалол юрардилар».

Тез юриш кишининг чирой ва ҳайбатини кетказганидек, ўта секин, судралиб юриш ҳам яхши саналмайди. 

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юрганларида оёқларини кўтариб, қувват билан юрардилар».


3. Тиқилинч жойларда қалтис ҳаракатдан сақланиш. Одамлар орасида, тиқилинч жойларда қўлни ортиқча ҳаракатлантириш уларга озор етказиши мумкин. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деганлар.


4. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш:
транспорт воситаларидан эҳтиёт бўлиш, уларга халақит бермаслик, ҳайдовчиларни чўчитмаслик. Пиёда киши транспорт йўлларида йўл ҳаркати қоидаларига амал қилмаса, асосан ўз ҳаётини хавф остига қўяди. Қуръони Карим инсонларни ўз жонларини таҳликага солишдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади: 

«Ўзингизни ҳалокатга ташламанг». (Бақара: 195).

Мисол учун, тартибга солинган йўлларда пиёдалар йўлакчасидан бошқа жойдан йўлни кесиб ўтиш, тартибга солинмаган йўлларда кўрсатилган тартибга риоя қилмаслик инсон ҳаёти учун хатарли. Бунга йўл қўйган киши юқоридаги оятга амал қилмаган бўлади ва шариъат нуқтаи назаридан гуноҳкор ҳисобланади.

Шу билан бирга, у нотўғри ҳаркат билан ҳайдовчиларни қўрқитиб, чўчитиб юбориш билан уларнинг соғликларига раҳна солиши ҳам мумкин эмас. 

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда: «Мусулмон учун мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас», дейилган.


5. Юриб еб-ичишдан сақланиш. Юриб ейиш инсоннинг кароматига зид ҳисобланади.

Қатодадан ривоят қилинади:

«Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтарганлар», – деди. Шунда: «Ейишчи?» – дейилди. «У янада ёмонроқ», – деди».

Аммо зарурат бўлганда тик туриб ичиш ҳам, ейиш ҳам мумкин. 


6. Аёлларнинг ўртасини кесиб ўтмаслик. Бу, эркакларга хос гап. Эркак киши аёлларнинг орасида юриши, уларнинг ўртасини кесиб ўтиши ахлоқсизлик, ҳамиятсизлик ҳисобланади. Эркак кишнинг аёлларга аралаш юриши унинг табиатини ҳам бузади, эркакликка хос сифатларига футур етказади.

Имом Ҳоким ва Байҳақий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишини икки аёл ўртасидан ўтишдан қайтардилар». 

Бошқа бир ривоятда «Агар сенга иккита аёл рўпара келса, улариннг ўртасидан ўтма, ўнг ё чап томондан ўт», дейилган.


7. Катталарга, илм ва фазл эгаларига йўл бериш.
Мўмин киши йўлда биров билан тўқнаш келиб қолганида, ҳамроҳлар билан йўл юрганида ёши катталарга, аҳли илм, аҳли фазл кишиларга йўл бериши ҳам одобдандир. Кишининг ўзидан катта ва илмли, фазлли кишиларга йўл бериши уларга нисбатан эҳтиром кўрсатишнинг энг гўзал намуналаридан ҳисобланади. 

Имом Муслим ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёшдаги катталикни улуғла», деганлар.  Имом Табаронийлар ривоят қилган ҳадисда эса: «Катталардан бошланглар», деб таъкидлаганлар.

Ўз даврида ҳанбалий мазҳаби шайхи бўлган улуғ имом қози Абу Яълонинг шогирди буюк фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Муборак Кархий айтади: «Бир куни қози Абу Яъло билан юриб кетаётган эдим. У менга: «Ўзинг улуғлаган киши билан юрганингда унинг қайси томонида юрасан?», – деди. Мен: «Билмайман», – дедим. У: «Ўнг томонида, уни намоздаги имом ўрнига қўясан ва чап тарафини холи қолдирасан, агар бурун қоқмоқчи бўлса, ёки бирор озорни кеткамоқчи бўлса, уни чап тарафига қилади», – деди.

Демак, киши ёши катта ёки илмли киши билан юрганида унинг ўнг тарафида юриши одобдан экан. Аммо бирор жойга киришда ва чиқишда чап томонига ўтиб, унинг ўнг тараф ўлароқ олдин киришига ва чиқишига имконият яратиб беради.


8. Кўзи озижларга ёрдам бериш. Кўзи ожиз кишини еталаб, йўллаб қўйиш, иложи бўлса, манзилиги етказиб қўйиш мусулмон кишининг ҳам диний, ҳам инсоний бурчларидандир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам сенинг учун садақадир», дедилар».


9. Йўлдан озорни улоқтириш. Бу ҳақида юқорида йўл ҳақлари қаторида айтиб ўтилган ва батафсил баён қилинган. Бу ерда уни такрор келтирилиши бир қанча машҳур ривоятларда келган ҳадисда айнан «пиёда юрганда озорни улоқтириш» таъкидлангани учун суннатга эргашиш маъносидадир. Қолаверса, такрорнинг ҳам ўзига яраша кўплаб фойдалари бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши йўлда юриб кетаётган эди. Йўлда тиконли шохни кўриб, уни улоқтирди. Аллоҳ ундан миннатдор бўлди ва уни мағфират қилди», – дедилар. 

Абу Барза розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга шундай нарса ўргатинг-ки, мен ундан фойдаланиб юрай», деди. Шунда у зот: «Мусулмонларнинг йўлидан озорни улоқтир», дедилар.


10. Аллоҳни зикр қилиш. Бу одоб ҳам юқорида айтиб ўтилган эди. Аммо айрим ривоятлардаги ҳадиснинг матнида айнан «пиёда юрганда Аллоҳни зикр қилиш» маъносидаги лафз келгани учун бу ерда ҳам такрор келтиришни маъқул кўрилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши пиёда йўл босса-ю, унда Аллоҳни зикр қилмаса, бу унга бир чандиқ ‒ нуқсон бўлиб тушади», дедилар».


II.  БОБ. Исломда транспорт воситаларига муносабат.
1.    1. Транспорт воситалари тарихига қисқача бир назар. 


Қадимдан инсонлар йўл юришни ва юк ташишни қулайлаштириш учун турли хил воситалардан фойдаланишга интилиб, ҳар хил уловлар кашф қилиб келганлар ва бу жиҳатда доимий тараққиёт йўлидан борганлар. Бугунги кунда бу борада тарихда мисли кўрилмаган натижаларга эришилмоқда.

Сув транспортлари. Инсонлар илк бор, бугунги кун тили билан айтганда, сув транспортларини ихтиро қилишган. Тахта ёки қамишдан турли хил қайиқ ва кемалар ясашган. Сув транспортлари бугунги кунда энг қулай ва арзон транспортлардан ҳисобланади. Улардан одам ташиш, турли маҳсулотлар ташиш, ҳарбий ва бошқа мақсадларда фойдаланилмоқда.

Кемасозлик тарихи Нуҳ алайҳиссалом даврларига бориб тақалади. Кўпчилик олимларнинг айтишича, инсоният тарихидаги биринчи кема айнан Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси бўлган экан.

Қуръони Каримда Нуҳ алайҳиссалом улкан кема ясаганлари ҳақида бир нечта оятлар келган. Унинг қолдиқлари ҳозирги Туркия ҳудудидаги тоғларда топилган. Шунингдек, Каҳф сурасида Мусо алайҳиссалом ва Хизр алайҳиссалом биргаликда кемада сафар қилганлари ҳам зикр қилинган. 

Елканли кема илк бор м.а 3000 йилларда Қадимги Мисрда ихтиро қилинган, дейди тарихчилар. Биринчи қилинган елканлар қамишдан тўқилган эди. Кейинроқ уларни қалин матолардан қилинадиган бўлди. Аввалда кемаларда елкан битта бўларди, тажрибалар натижасида уларнинг сони ортиб, бошқаруви қулайлашиб борди. Натижада, кемаларнинг ҳам ҳажми катталашиб борди. Шунингдек, эшкакли кемалар ҳам биринчи бўлиб Қадимги Мисрда йўлга қўйилган, дейилади.

Буғ қуввати Қадимги Миср ва Хитойда кашф қилинган бўлса­да, ундан енгил­елпи ишларда, ўйинчоқлардагина фойдаланилган. Буғ энергиясини ишга солиш эса 17 асрда рўёбга чиқди, натижада буғли машиналар, дивегителлар ишлаб чиқарила бошланди. Францияда кашфиётчи олим Дениз Бабан 1690да, инглиз олими Жонатан Ҳувлоз эса 1736 йилда илк бор буғда юрадиган кема ясади. 1774 йил Клаудиа Маркес ўз шериклари билан илк бор буғда юрадиган қайиқ ясади, 1776 йилда уни синовдан ўтказди. 

1902 йили Россияда дунёда биринчи бўлиб ички ёнув двигатели ўрнатилган кема қурилди. Кейинчалик электр двигателли (1913, АҚШ), гидромуфтали (1925, Германия) ва сув ости қанотли (1950 йиллар) кемалар пайдо бўлди. Кейинроқ, ядро ва қуёш энергияси билан юрадиган кемалар ҳам йўлга қўйилди.


Йўл тарнспортлари. Қуруқликдаги илк нақлиёт воситалари туя, от каби ҳайвонлар бўлган. Кейинроқ уларга арава қўшиш йўлга қўйилган. 17­18 асрларга келиб инсонлар отсиз, ўзиюрар аравалар ҳақида бош қотира бошлашди. Натижада, велосипед, мотоцикл ва автомашиналар деб аталувчи нақлиёт воситалари пайдо бўлди.

Велосипед тарихи Г. Гантшельнинг (Германия, 1649) ихтиросига бориб тақалади. У ўшанда тўрт ғилдиракли самокат ясаган эди. Кейинроқ бундай мослама Францияда(1963), Росиияда(1752), Англяда(1761) ҳам ясалди. Металдан ясалган биринчи икки ғилдиракли велосипедни Россияда оддий деҳқон М. Артамонов (1801) қуришга муваффақ бўлди. 1850 йилларда немиз механиги М. Фишер уни мукаммаллаштириб, деярли ҳозирги шаклига келтирди. 

Бундай велосипедларнинг ясалиши мотоциклларнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Ички ёнув двигатели ўрнатилган биринчи мотоциклни немис ихтирочиси Г. Даймлер 1885 йилда ясаган бўлиб, унинг бу мотоцикли ёғочдан эди. 20 асрнинг бошларида мотцикл ясаш ишлари ривожланиб, уни деярли бугунги шаклига келтирилди.

Хитойдаги иезуитлар (католиклар) ташкилоти аъзоси, инглиз Фердинанд Вербст 1672 йилда Хитой императорига буғда юрадиган биринчи автомобилни ясаб берган. Автомобил Императорга шунчаки эрмак учун, ўйинчоқ маъносида ясаб берилган бўлиб, кичкиналиги сабабли унда одам ташиб бўлмас эди. Лекин у, инсоният тарихида биринчи ўзи юрар (авто мобил) машина бўлган бўлса керак.

Ҳозирги автомобиллар тарихи 1769 йилдан, буғ машинаси ихтироси билан бошланади. Уни ихтиро қилганлар «отсиз арава»ни орзу қилишган эди. 

1769-1770 йилларда фиранциялик ҳарбий муҳандис Ж. Кюньо иккита ўзи юрар арава ясади. Уларнинг бири йўловчиларни ташишга мўлжалланган бўлса, иккинчиси уни тортувчи буғли машинага мослаштирилган эди.

1801-1803 йилларда британиялик Ритшерд йўловчиларни ташишга мўлжалланган тўрт ғилдираклик буғли аравани ўйлаб топди. Бироқ, уни амалга ошириш учун кўп маблағ керак эди.

XIX аср охирига келиб, кўплаб муҳандислар буғли машиналар ишлаб чиқаришга киришиб кетди. Аммо буғли машиналарнинг бир қанча ноқулайлик жиҳатлари ва камчиликлари бор бўлиб, уларнинг айримлари бартараф этилса-да, бошқаларини йўқотишнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, буғли машиналар аста секин муомаладан чиқиб кетди ва 1924 йилга келиб, буғли машина ишлаб чиқарадиган ширкатларнинг охиргиси ҳам бекилганлиги эълон қилинди.

Электр қуввати билан юрадиган машиналар аввалига буғли машиналар устидан муваффақият қозонган эди. Аммо, унинг тез юра олмаслиги ва электр қувват захирасининг ноқулайлиги уни машина бозоридан ортда қолишига олиб келди. У 1900 йили машина бозорида 38% эгаллаган бўлса, 1905 йилга келиб, АҚШда бу кўрсаткич 7%га тушиб кетди. Натижада, электр қуввати билан ишлайдиган машиналар қарийб 21 асрнинг бошигача, экологик тоза транспортга талаб кучаймагунча йўқ бўлиб кетди.

Бугунги кундаги ички ёнув двигателлари воситасида ҳаракатланадиган машиналар аввалига газ ёнилғиси билан ишлар эди. Бу борадаги биринчи уринишлар 1806 йилларга тўғри келади. 1820 йил британиялик Уильям Сесил водород ва кислороднинг қўшилиб, портлаши воситасида юрадиган двигателни ихтиро қилди. 1838 йил бошқа бир британиялик ихтирочи Уильяма Барнетта аралашма ёнилғи билан ишлайдиган мотор ўйлаб топди.

Замонавий ўзи юрар машиналарнинг ичида энг кўп тарқалган тўрт тактли  ички ёнув двигателини немиз ихтирочиси Николаус Отто биринчи бўлиб ясаган. 1885 йилда икки немиз муҳандиси Готтлиб Даймлер ҳамда ҳозирда биз фойдаланаётган автомобилнинг ихтирочиси ҳисобланган Карл Бенцлар, ҳар бири мустақил равишда, тўрт тактли  ички ёнув двигателни ривожлантирди. Карл Бенц 1885 йилда ўзининг биринчи автомобилини ясаган, ва 1886 йил, 29 январда патент олган.

АҚШда автомобилни биринчи бўлиб 1789 йилда Оливер Эванс ясаган. Бензин билан юрадиган биринчи машинани эса, ака-ука Чарлез ва Франклар ясашган бўлиб, уларнинг биринчи машинаси 1894 йилда синовдан муваффақиятли ўтган. Улар 1895 йилда бензин билан юрадиган машиналарни ишлаб чиқарадиган илк Америка ширкатига асос солдилар. 

Автомобил ишлаб чиқариш биринчи марта Карл Бенц томонидан 1888 йили Германияда бошланган. 1900 йилдан Франция ва АҚШда Автомобил ишлаб чиқариш оммавий тарзда тус олди. Фақат Автомобилга ихтисослашган биринчи Компания Франциянинг «Панар ва Левакко» («Panhard et Levassor») компаниясидир.

1895-1900 йилларда Британия ва Франция машина ишлаб чиқариш ширкатлари ҳам ривожланиб кетди ва турли автомобилларни тақдим қила бошлади.

1889 йилда Готтлиб Даймлер ва Вильгельм Майбахлар двигателли арава эмас, автомобил деб ном олган умуман янги ҳаракат воситасини ясадилар. Биринчи  мотоциклни ҳам 1885 йили айнан улар ясашган эди.

Берта Бенцнинг 1888 йилдаги Мангейм ва Пфорцхайм оралиғидаги 80 км. масофани эри Карл Бенц ясаган автомобилда босиб ўтиши ва инглиз Горацио Нельсон Джексоннинг 1903 йилда АҚШни кесиб ўтиши автомобилнинг фойдали эканлигини тасдиқлаб берган ҳал қилувчи ҳодисалар деб ҳисобланади.

Поездлар тарихи рельс йўллари ва локомотивлар тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Биринчи поездлар Европада XVII‒XVIII асрларда пайдо бўлган. Улар вагонча шаклида бўлиб, отлар ёрдамида ҳаракатга келтирилган. Бундай йўллар Россияда ҳам мавжуд бўлган. 1842 йилда Санкт Петербург ва Москва йўналишида бўлажак темир йўлни лойиҳалаш пайтида ёғоч-темир йўлларнинг қолдиқлари топилди. Бу излар Петр I буйруғи билан XVIII асрда ётқизилган эди. 1806-1809 йилларда муҳандис Петр Фролов раҳбарлигида Змеиногор темир йўли ишлаб чиқилди. Унда 3-4та вагонлардан иборат поездлар ҳаракатланди. 

1804 йилда инглиз олими Тревитик биринчи паровозни кашф қилди. Бу паровоз дастлаб оммани хурсанд қилиш учун фақат аттракцион шаклида намойиш қилинди. Бунинг учун паровозга йўловчи вагони бирлаштирилди, шу йўл билан биринчи локомотивли поезд вужудга келди. Биринчи локомотив юк поезди Англияда 1820 йилда пайдо бўлди. 1830 йил 15 сентябрда Ливерпуль Манчестер магистрали очилишида биринчи магистрал йўловчи поезди синаб кўрилди.


Ҳаво транспортлари. Инсонлар қадимдан ҳавода учишни орзу қилиб келишган. М.а. 400­300 йилларда Қадимги Хитойликлар барглардан ясалган учқич назариясини ихтиро қилишган. Андалусиялик фалаккиётшунос, кашфиётчи мусулмон олим Аббос ибн Фарнос ўзи учун қанот ясаб, кийиб, тепаликдан ўзини ташлаган ва ушбу тажриба натижасида (887 м.) вафот этган. Шунингдек, 1008 мийлодий санада яна бир мусулмон олими Абу Наср Исмоил Жавҳарий Найсобурдаги масжид тепасига чиқиб, махсус ясалган қанотлар ёрдамида учишга ҳаракат қилган, аммо тажриба муваффақиятсизлик билан якун топган.

1250 йилда инглиз файласуфи Рогер Бекон газ тўлдирилган балон ясаган ва инсоният тез кунда учиш воситалари ихтиро қилиб, ҳавода учажагини айтган. Машҳур Италия рассоми Лионарда Давинчи ҳавода учишнинг айрим қонуниятларини кашф қилган ва ўз тасаввуридаги учқични чизган. Аммо, бу ҳаракатлар самолётларнинг пайдо бўлишига туртки бўлган бўлса­да, бу борда асосий амалий кашфиётлар 19­20 асрларда рўёбга чиқди.

Табиий кўринишли, махсус рухсатномга эга биринчи самолёт 1882 йил А. Ф. Кроме Можайскийга тегишли, унинг буғли двигателини Адер ва Максим ясаган эдилар. Аммо, ибтидоий тузилишга эга бу қурилма ҳавога кўтарила олмади.

Горизантал ҳолатда ҳавога кўтарилган  биринчи росмана самолёт АҚШлик ака-укалар Ораил ва Уилбур Райтлар томонидан ясалган «ФЛАЙЕР-1» бўлди. 1903 йил 17 декабр биринчи парвоз куни сифатида тарихда қолган. Уларнинг куриомаси ўрдак кўринишида ясалган эди: қанот ва тумшуқлар, рул катта куч билан бошқарилади. Бошланғич кучи 16 от кучига тенг бўлиб, бу тахминан 80 кгни кўтаради.

Вертолётни ниначига қиёсан ясашга уринишлар бўлган. Дастлабки уриниш 15­асрга тўғри келади. Юқорига кўтарила оладиган биринчи вертолётни рус олими М. В. Ломоносов 1754 йилда ясаган. Яна бир рус олими Б. Н. Юрьев ўзи 1912 йилда таклиф қилган схемаси асосида, 1930 йил асосий элементлари замонавий вертолётникига ўхшаш бир винтли, бир ўринли жаҳонда биринчи вертолётни ясади. 1941 йилда у Братухин билан бирга икки винтли «Омега» вертолётни ясади ва 1446 йилда учириб намойиш қилди. Шундан кейин бирин­кетин турли русмдаги вертолётлар ясала бошлади.


2.   2. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда транспорт(нақлиёт) воситалари ҳақида.


Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Карим оятлари ва Росулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида нақлиёт воситалари ҳақида кўплаб тарғиботлар ва таълимотлар мавжуд. Биз қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз.

Нақлиёт воситалари инсонларга Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат экани Қуръони каримнинг бир нечта оятларида алоҳида таъкидланган.

Аллоҳ таоло айтади:

«Батаҳқиқ, Биз Одам болаларини азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик». (Исро: 70).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Тафсири Ҳилол»да ушбу оятнинг тафсирида жумладан шундай дейдилар:

«Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир».

Инсоният ҳаётида сув транспортларининг ўрни катта, улар энг қадимги ва бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган воситалардан ҳисобланади. Қуръони Каримда бу тур нақлиёт воситаларининг инсоният учун Аллоҳ таолонинг улкан неъмати ва мўъжизаси экани алоҳида эслатилади: 

«Роббингиз Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, у сизга раҳимлидир». (Исро, 66).

«Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга мусаххар қилиб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингми?!» (Ҳаж, 65).

Ҳа, агар Аллоҳ раҳм қилиб сувда кемаларнинг юриши учун керакли бўлган моддаларни сувга жойлаб, маълум нарсаларда ўша сувда чўкмаслик хусусиятларини яратмаганида, шу билан бирга, кемага хомашё бўладиган нарсаларни инсон тасарруфига бўйсундириб қўймаганида, инсоният ҳар қанча уринмасин, сувда сайр қилишга имкон топа олмас эди.

«Кемаларнинг денгизда Аллоҳнинг неъ¬мати ила У Ўз оят-белгиларини сизларга кўрсатиши учун сузиб юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли ва ўта шукрли киши учун оят-белгилар бордир. (Луқмон, 31).

Денгизда юрган кемалар Аллоҳнинг неъмати ила, У Зот ашёларга берган хусусият ва жорий қилган қонуниятлари ила сув устида чўкмай бемалол юрибди. Агар Аллоҳ таоло шундай қилиб қўймаганида, бошқа ким ҳам бунга қодир бўла оларди?!

«У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир». (Зухруф, 12).

Бу оятда сув транспортлари билан бир қаторда, қуруқликдаги нақлиёт воситалари ҳам зикр қилинмоқда. Бошқа бир ояти каримада шундай дейилади:

«Аллоҳ сизларга чорва ҳайвонларини улардан баъзиларини минишингиз учун яратган зотдир». (Ғофир: 79).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ўша вақтдаги барча уловлардан фойдаланганлар: туя, от, ҳачир, эшшак минганлар ва уларни минишни ўрганишга, яхши парвариш қилишга буюрганлар.

Саҳл ибн Муоз ўз отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу жонворларни яроқли ҳолида мининглар ва яроқли ҳолида тарк этинглар. Уларни йўл ва бозорларда гаплашиш учун курсилар қилиб олманглар», дедилар.

Исломда нақлиёт воситаларига аоҳида эътибор берилади, уларнинг инсон ҳаётида тутган ўрни катта экани, одам боласининг бу дунёдаги бахт-саодати аломатларидан бири экани таъкидланади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нарса одам боласининг саодатидандир ва уч нарса одам боласининг бахтсизлигидандир. Одам боласининг саодатидан: солиҳа аёл, солиҳ – яроқли, яхши маскан ва солиҳ улов. Одам боласининг бахтсизлигидан: ёмон хотин, ёмон маскан ва ёмон улов».

Исломда нақлиёт воситаларига бўлган муносабат ҳақида сўз юритганда «Наҳл» сурасидаги қуйидаги ояти карималарнинг маъно ва тафсирига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Унда бундай марҳамат этилади:

«У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик, манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам. Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганларида чирой бор. Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларга кўтариб боради. Албатта, Роббингиз ўта шафқатли ва ўта раҳмлидир. Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур». (5-8 оятлар). 

Аллоҳ таоло ушбу оятларда чорва ҳайвонларини инсонлар манфаати учун яратиб қўйганини, уларни ҳам ейиш, ҳам миниш учун мослаб қўйганини ва улов кишиларга зийнат эканини эслатмоқда. Ҳақиқатда, улар бугунги кунда ҳам одомзодга хизмат қилмоқда, зийнат бўлмоқда. 

Ояти киримада ўша даврдаги нақлиёт воситаларини санаб ўтилгандан кейин «..ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур» дейилгани барча замонларда тафсирчи уламоларимизнинг диққат-эътиборларини тортиб келган. 

Қадимги уламоларимиз ушбу оятдан келажакда яна шунга ўхшаш ҳайвонлар яратилишини тушунган бўлсалар, бошқалари оятни жаннатда ҳам шунга ўхшаш уловлар бўлиши билан изоҳлаганлар. Аммо замонимиздаги аксар муфассирлар оятда замонавий нақлиёт воситалари назарда тутилганини ва агар бундан кейин яна бошқача нақлиёт воситаси чиқса, у ҳам ушбу оят тахтига дохил бўлишини таъкидлайдилар. 

Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларни келажакда инсонлар ҳали билмаган нақлиёт воситаларини яратишидан хабардор қилмоқда. Вақт ўтиб, ушбу хабар ҳаётда ўз тасдиқини топди. Ўша даврдаги туя, от, хачир, эшаклардан ташқари, ҳавода, қуруқликда ва сувда юрадиган бир қанча нақлиёт воситалари вужудга келди. Уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг иродаси, қонуниятлари, ёрдами, халқ қилиши билан бўлганида шубҳа йўқ. 


2. 3. Транспорт воситаларидан фойдаланишнинг шаръий ҳукми ва шартлари; аёл кишининг транспорт воситасини ҳайдаши.


Ислом дини Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини бўлгани учун барча замонлар ва маконлар учун яроқлидир. Исломнинг асл манбаларида шундай асос қоидалар жорий қилинганки, уларнинг зиёси ёрдамида фуқаҳолар ҳар қандай шароитда ҳар қандай янги масала учун илоҳий ечим топа оладилар.

Ислом шариатида барча нарсалар асли мубоҳ ҳисобланади ва унинг инсонга манфаат ё зарарига кўра жоиз ёки ножоиз деб ҳукм қилинади. Шариат нимани жоиз, мубоҳ ёки вожиб қилган бўлса, у ё фақат фойдадан иборат бўлади, ёки зараридан фойдаси кўп бўлади ёхуд кўпчиликка, жамиятга фойда бўлади. Шариат нимани ҳаром ё макруҳ деган бўлса, у ё фақат ёмонликдан иборат бўлади, ёки фойдасидан зиёни кўп бўлади ёхуд кўпчиликка, жамият манфаатига зарар бўлади.

Инсонларнинг дунявий манфаатларидан бири, Изз ибн Абдуссалом таъкидлаганидек, нақлиёт воситаларидир. Улар сабабли кишиларнинг узоғи яқин, оғири енгил бўлади. 

Ислом шариатида бирор нарсага нисбатан буйруқ ёки қайтариқ бўлмаса, у мубоҳ деб эътибор қилинади. Зотан, шариатдаги негиз қоидалардан бири – «Ибодатларда эҳтиёткорлик, одатларда мубоҳлик асл ҳисобланади». Бу қоидани қуйидаги оятлар ҳам қувватлайди:

Аллоҳ таоло айтади: 

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган Зотдир». (Бақара: 29).

Барча нарсаларни инсонлар учун яратилиши уларнинг истеъмоли мубоҳ бўлишини тақозо қилади. 

Аллоҳ таоло барча нарсани инсон учун яратиб, синов ва бошқа мақсадларда улардан саноқлиларинигина Ўзининг шариатларида ҳаром қилган. Шунинг учун бу ҳуқуқни Ўзидан бошқага бермаган:

«Сен: «Аллоҳнинг Ўз бандаларига чиқарган зийнатларини ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт». (Аъроф: 32).

Бу оят Аллоҳ Ўз шариатларида ҳаромлигини айтган нарсалардан бошқа барча нарса ҳалол эканини англатади. 

Энди, айнан замонавий нақлиёт воситаларидан фойдаланишнинг мубоҳлигига қуйидаги оятни далил қилишимиз мумкин:

«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур». (Наҳл: 8).

Саъдий айтади: «Яъни, Қуръон нозил бўлишидан кейин бўладиган, одамлар қуруқликда, денгизда ва ҳавода минадиган, ўзларининг манфаат ва ислоҳотларида ишлатадиган нарсларни яратадир. Бу ерда улар номма­ном айтиб ўтирилмаган. Чунки, Аллоҳ таоло Ўз китобида бандалар билган ёки ўхшашини билган нарсаларнигина зикр қилган. Аммо Қуръон нозил бўлган  замонларда ўхшаши бўлмаган нарсаларга келсак, агар уларни зикр қилганида, одамлар уларни била олмас, ундан нима кўзда тутилганини тушуна олмас эдилар. Шу боис, У Зот қамровли шундай бир асосни баён қилганки, унинг ичига улар билган ва билмаган нарсалар кираверади». 

Оятда нақлий воситалар инсонлар учун зийнат қилиб қўйилгани таъкидланмоқда. Зийнат Исломда мубоҳ нарсалардан экани маълум ва маъшҳур. Шунингдек, Ислом шариатида зарари йўқ нарсалардан фойдаланиш ҳам мубоҳ ҳисобланади. 

Ушбу  шаръий қоидалар асосида замонамиз фуқаҳолари бугунги кундаги транспорт воситалардан фойдаланишни асли мубоҳ амал деб ҳукм қилганлар. Аммо ундан кўзланган мақсад ва келиб чиқадиган натижаларга кўра унинг ҳукми ўзгариши мумкин.

Транспорт (нақлиёт) воситалари ўз номи билан восита. Агар уларни шариатда мубоҳ саналган ишларда ишлатиш мубоҳ, бунда агар яхши ният қилинса, савоб олинади. Шунингдек, шариатда тарғиб қилинган амалларда: намозга боришда, илм йўлида, силаи раҳм учун ва бошқа хайрли ишларда ишлатилса, албатта ажр бор. Агар бирор вожибга етишиш учун уларнинг восита бўлиши зурур бўлса, улардан фойдаланиш вожиб бўлади. 

Худди шунингдек, улардан фойдаланишдан мақсад кибр ва фахр бўлса ёки у орқали гуноҳ, ношаръий иш қасд қилинса ёхуд йўл аҳкомлари ва қоидаларига риоя қилинмайдиган бўлса, улардан фойдаланиш, ҳолатга қараб, макруҳ ё ҳаром бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «От биров учун ажр, биров учун тўсиқ, биров учун гуноҳ бўлади:

У учун ажр бўладиганига келсак, у ‒ отни Аллоҳ йўлида боқиб, яйловда уни арқон билан боғлаб қўйган кишидир. У ўша арқонида яйловдан қаергача етиб борса, эгаси учун ҳасанот бўлади. Агар арқони узилиб кетиб, бир ёки икки тепаликдан ошса, унинг излари ва тезаклари эгаси учун ҳасанот бўлади. Бордию, у бирор дарёдан ўтиб, ундан ичса, гарчи эгаси уни суғормоқчи бўлмаган бўлса ҳам, бу унинг учун ҳасанот бўлади. Булар ўша одам учун ажрдир.

Иккичиси отни ўзини беҳожат тутиш ва иффатини сақлаш учун боққан, кейин унинг бўйнидаги ва белидаги Аллоҳнинг ҳаққини эсдан чиқармаган киши. Бу ўша одам учун (муҳтожликдан) тўсиқдир.

Учинчиси отни фахр, риё ва ислом аҳлига душманлик юзасидан боққан кишидир. Бу ўша одам учун гуноҳ бўлади», дедилар».

Демак, транспорт (нақлиёт) воситалирни яхши мақсадда олинса, киши учун ундан ажр ҳосил бўлади, ҳатто унга қилинган меҳнат ва сарф­ҳаражатлар учун ҳам савоб олинади. Аммо мақсад ношаръий нарсалар бўлса, киши учун гуноҳ манбаи бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом шариатида транспорт воситаларидан фойдаланиш, маълум шартларга риоя қилиш қайди билан, мубоҳ амал ҳисобланади.


Аёл киши транспорт ҳайдаши мумкинми? Аслида, улов миниш, жумладан, транспорт воситаларини ҳайдашнинг мубоҳлиги эркакларга ҳам, аёлларга ҳам баробар тааллуқлидир. Аммо, юқорида ишора қилинганидек, ундан келадиган натижа ва таъсирлардан келиб чиқиб, уламоларимиз аёл кишининг транспорт воситаларини бошқариши, хусусан машина ҳайдаши ҳақида турлича фикр билдирганлар ва бугунги кунгача ҳам ҳали бир тўхтамга келганларича йўқ. Бунга уларнинг ҳар бирлари ўзлари яшаб турган муҳит ва шароитдан келиб чиқиб фатво бераётганлари ҳам сабаб бўлмоқда. 

Уламоларимизнинг аёл кишининг транспорт воситасини ҳайдаши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва фатволарини биз машина миниш мисолида кўриб чиқар эканмиз, уларнинг муноқашаларидан уч хил хулоса келиб чиққанининг гувоҳи бўламиз: 

1.    Жоиз, яъни мубоҳ;

2.    Ножоиз, яъни ҳаром;

3.    Иккисининг ўртаси, яъни макруҳ.

Аёлларнинг машина ҳайдаши жоиз дейдиганлар ўз сўзларига қуйидагича далил келтирадилар:

1. Қуръони Карим оятларидаги улов минишнинг мубоҳлигига далил бўлувчи оятлар умумийдир. Уларда ҳеч қандай қайд йўқ. Шу билан бирга, уларни қайдловчи бошқа оят ё мутавотир ҳадислар ҳам топилмайди.

2.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва  кейинги даврларда аёлларнинг уловга минганлари ҳақида бир қанча далиллар мавжуд. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан равоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурайш аёллари туя минган аёлларнинг энг яхшисидир», деганлар.

Бугунги кундаги машиналар у вақтлардаги уловларга нисбатан анча ҳимояланган, тўсилган.

3. Бугунги кунда машинада юриш ҳаёт заруратига айланган. Ҳамма вақт ҳам хонадондаги машина аёлларнинг ўз ҳожатлари учун кўчага чиқмоқчи бўлганларида хизматларига шай турмайди, эркаклари ҳар доим ҳам вақт топа олмайди. Баъзи вақтларда оилада умуман бирорта ҳам эркак бўлмаслиги ҳам мумкин. Ана шундай вақтларда аёл киши бегона эркакнинг машинасига чиққанидан ёки оммавий транспортларда эркак-аёл аралаш кетганидан кўра ўзи машина мингани яхши. Чунки, аёл бегона эркак билан машинада холи кетиши ёки ёнма-ён ўтириб кетиши дуруст эмас. Бунда турли фитналар келиб чиқиши эҳтимоли бор. Агар аёл ўз машинасида бўлса, бундай машаққатлардан қутулади. Бу эса шариат мақсадларига ҳамоҳангдир. 

4. Исломда аёлларнинг маконати баланд. Уларга махсус ҳоллардагина эркаклардан фарқли аҳкомлар жорий қилинган. Машина минишдан аёлларни қайтариш уларнинг шариат рухсат берган ҳақларини чеклашга олиб бориши мумкин.

5. Баъзи уламоларнинг аёлларга машина ҳайдашни ҳаром ё макуруҳ дейишларига сабаб, машина минган аёллар, кўпинча, Ислом одобларига риоя қилмаётгани, Исломга мувофиқ кийинмаётганлари ва бошқа ношаръий ҳатти-ҳаракатларга йўл қўяётганлари учундир. Аммо аёл мазкур нарсаларни бартараф этиб, барча жойини тўсиб, шариатга мувофиқ кийинган, виқор ва иффатини сақлаган ҳолда, ўйин-кулгу учун эмас, тўғри мақсадларда машина минса жоиздир.

6. Агар аёл кишининг машина миниш натижасида юзага келадиган зарар ва ёмон ҳолатлар билан унинг бегона кишининг машинасига ёки оммавий транспортларга чиқишидаги зарар ва ёмон ҳолатларни солиштирилса, бугунги кундаги кўпчилик мамлакаталардаги вазиятни инобатга олганда, ўзи машина мингандаги зарарлар шаръий ва ақлий ўлчовларга кўра енгил ва камроқ бўлиб чиқади. Шариатда эса «Иккита зарардан бирини танлашга тўғри келиб қолганда, зиёни камроғи ихтиёр қилинади».

Бугунги кунда кўплаб мусулмон ўлкларида, хусусан Ғарб мамалкатларида мана шунга фатво берилган.

Бунга қарши ўлароқ, аёлларнинг машина ҳайдашини ножоиз санаган уламолар ўз сўзларига қуйдагича далил келтирадилар: 

1. Аёлларнинг машина минишини тақиқловчи асос Қуръон ёки ҳадисларда очиқ келмаган бўлсада, Исломнинг умумий мақсадлари, аҳкомлари ва баъзи фиқҳий қоидалар асосида уни қайдловчи усулий қоидалар мавжуд. 

Биринчи қоида: «Фасод, бузғунчилик омилларини бартараф этиш, агар улар манфаатлар билан тенг бўлса ёки улардан катта бўлса, манфаатларни жалб қилишдан муқаддам қўйилади».

Ушбу қоида уламолар ижмоъ қилган шаръий қоида бўлиб, Қуръон, ҳадис ва ақлий далиллар билан асослангандир. Аёлларнинг машина ҳайдашида айрим манфаатлар топилса-да, унинг орқасидан келадиган зарарлар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп.

Иккинчи қоида: «Зариъа»ларни тўсиш вожиб». «Зариъа» бу – ҳар бир зоҳири, ташқи кўриниши мубоҳ бўлиб, оқибати ёмонликка, фасодга олиб борадиган нарсадир. 

Аёл кишининг машина ҳайдаши асли мубоҳ бўлса-да, бир қанча ёмон ҳолатларга олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.


2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва кейинги даврларда аёлларнинг уловга минганлари ҳақида келган ривоятларни ўрганилса, аксар ҳолатларда уловга минган киши аёл бўлса ҳам, уни бирорта эркак бошқариб борганини кўрамиз. Хусусан, аёллар кўпинча «ҳавдаж» деб аталган саватга ўхшаш, атрофи ўралган махсус ўриндиқларда туяга миндирилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони эҳром боғлаш учун Танъимга юбораётганларида укалари Абдурраҳмонга мингаштириб жўнатганлари, ёлғиз юбормаганлари ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу, албатта, мусулмонлар томонидан аёлларнинг ҳимояси учун кўрилган чоралардан бири бўлган. 

Шу билан бирга, у вақтлардаги уловларни бугунги машиналарга таққослаш унча тўғри келмайди. Чунки, машиналар туя ва эшшакларга нисбатан ҳимояли, сатрли бўлиш билан бир вақтда, улардан фарқли равишда, назарни жалб қилувчи ҳамдир.


3. Ислом аёлларнинг хизматларини эркакларга вожиб қилган. Улар ҳар қандай шароитда бу хизматга масъулдирлар. Агар ўзлари вақт топа олмаган тақдирда ҳам бирор маҳрами ё бошқа бир аёлни шерик қилиб, уларга қулайлик яратиб беришлари керак. Демак, аёлларнинг бу борадаги муаммоларини ҳал қилиш учун уларга машина миндириш эмас, балки эркаклардан уларнинг ҳақларига риоя қилишларини талаб қилиш ўринли.


4. Аёлларнинг бегона ҳайдовчи эркак билан машинада холи қолишларини бартараф этиш учун ҳам уларга машина миндириш шарт эмас. Ёнларида маҳрам эркак ё унинг ўрнини боса оладиган бирор аёл кишининг бўлиши муаммони ҳал қилади. Зотан, «зарар – зарар билан қайтарилмайди».

Оммавий транспортларга келсак, уларнинг бир қисмини ёки бир транспортнинг маълум бўлагини аёллар учун хос қилиб ажратиш мумкин ва бу ҳозирда, саноқли мамалакатларда бўлса-ада, амалга оширилган.


5. Биз аёлларни машина минмаслигини ёқлаш билан уларнинг ҳақларини чекламоқчи эмасмиз, аксинча, уларнинг эркаклар устидаги ҳақларини ҳимоя қилмоқчимиз. Исломда аёллар бошқа халқларнинг маликалари каби мақомга эга. Эркаклар уларнинг барча оғир ишларини ўз зиммаларига олади. Уларни онаси, опа-сингилиси, жуфти ҳалоли ва қизи сифатида ҳимоя қилади, уларнинг хизматида қоим бўлади. Бинобарин, аёлларга машина миндириш уларни эҳтиром қилиш эмас, балки ана шундай улуғ мақомдан ҳайдовчилик мартабасига тушуриш бўлади, ўз аравасини ўзи тортишга мажбур қилиш бўлади.

Бугунги кунда Ғарб аёлларининг айрим вакиллари ушбу ҳақиқатни эътироф этишмоқда, муслималарга чин дилдан ҳавас қилишмоқда.


6. Ўзи шундоқ ҳам, бугунги кунда кўп эркаклар ўз вазифаларини бажармасликлари сабабли ҳаётнинг кўп оғирликлари аёллар устига тушмоқда. Аёлларнинг машина миниши эркакларни яна ҳам масъулиятсиз бўлишига олиб келиши табиий. Бу эса Ислом асосларига тамоман зиддир.


7. Исломдаги аёлларга доир аҳкомларнинг барчаси уларнинг ҳимоясига, шаънларини, ҳаё ва иффатларини сақлашга қаратилган. Шунинг учун ҳам шариатда аёлларни маҳрамсиз сафарга чиқиши, бегона эркак билан ёлғиз қолиши тақиқланган. Аёлларнинг ўзига машина миндириб қўйиш ушбу ҳукмларнинг поймол бўлишига олиб келмоқда. Хусусан, ёш аёлларнинг машина миниши уларнинг ахлоқларига, шахсий ҳаётларига салбий таъсир кўрсатиши, натижада, кўплаб ёмон оқибатларга сабаб бўлишини тажриба кўрсатиб турибди.


8. Ислом аёлларни оғир-босиқ бўлишга, заруратсиз кўчага чиқмасликка чақирган. 

Аллоҳ таоло айтади: «Уйингизда қарор топинг. Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг». (Аҳзоб: 33).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Савдо онамиз розияллоҳу анҳо жумладан шундай деганлар:

«Мен: «Эй, Аллоҳнинг Росули, Умар менга бундай, бундай, деди», дедим. Шунда  у зотга ваҳий тушди, сўнг кўтарилди. Кейин у зот: «Сизларга ҳожатларингиз учун чиқишингизга изн берилди», дедидар».

Ислом аёлларга имкон қадар уйда бўлишни тарғиб ва амр қилган. Заруратсиз, бекордан бекор кўчага чиқишдан уларни қайтарган. Бу, албатта, уларнинг ўз вазифаларини тўкис бажаришлари учун ҳам зарурдир. 

Машина минишга одатланган кўп аёллар турли баҳона топиб кўчага интиладиган бўлиб қолиши тажрибалардан маълум. Бу эса Ислом таълимотларига тўғри келмайди.


9. Одатда аёл кишининг эри ёки бирорта маҳрами бўлади. Ислом унинг ҳимоясини ва таъминоти унга энг яқин эркакнинг зиммасига юклайди. Аёл кишининг эри ҳам, маҳрами ҳам бўлмаслиги жуда ҳам нодир ҳолат. Бу каби истисно ҳолатларда ўзига яраша ҳукм жорий қилинади. Аммо бундай камёб нарсалар оммага ҳукм чиқариш учун асос бўла олмайди. 


10. Ислом фитрат – соф табиат дини. У ўзининг барча аҳкомларида айнан ушбу мақсадни эътиборда тутган. Хусусан, аёлнинг аёллигини, иффатини, аёллик қадрини ҳимоя этиш учун бор имкониятни ишга солган. Аёлларга хос ҳукмларнинг барчасида бу ҳақиқат ўз аксини топган. Машина миниш бугунги кунда айнан ушбу мақсадга таҳдид солмоқда. 

Машина ҳайдаган аёлларда латофат, ибо ва ҳаё сифатлари камайиб, унинг ўрнини дағаллик, чўрткесарлик, шаддодлик каби аёл фитратига зид сифатлар эгаллаб бормоқда.


11. Бунда қайсидир даражада аёлларнинг ўзларини эркакларга ўхшатишлари бор. Аслини олганда ҳам, дунё бўйича машинани эркаклар минишар эди. Аёлларнинг машина ҳайдаши, аососан, кейинги вақтларда тарқалди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни ва ўзини эркакка ўхшатган аёлларни лаънатладилар».


12. Маълумки, оилада эр-хотин бир-бирларининг маълум эҳтиёжларини қондириши асосида оиланинг мустаҳкамлиги таъминланади. Эркакларнинг ўз аёлларини ҳимоя қилиб, уларнинг юмушларини бажариб, оғирларини енгил, узоқларини яқин қилиб хизмат қилишлари эр-хотин ўртасидаги ўзаро муҳаббатга сабаб бўлиши, аёлларда эркакларга эҳтиёжмандлик ҳиссини янгилаб, ривожлантириб туриши табиий ҳол. Аммо ўзи машина ҳайдаган аёлларда, кўпинча, ҳолат аксинча бўлади. Улар ўзларини эрга унча муҳтож эмасдек ҳис қилишади ва шунинг учун уларда эрларига нисбатан нописандлик пайдо бўлади. Натижада, оилаларда нотинчлик, ажрашишлик ҳолатлари янада ортади. Бу ҳақиқатни ушбу мавзуда ўтказилган илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқламоқда. 


13. Ислом иффат, ор-номусни муқаддас санайди. Унга дахл қиладиган ҳар қандай ҳаракатларни тақиқлайди. Шунинг учун ҳам, аввалда айрим вақтларда бир аёлнинг номуси учун, керак бўлса, подшоҳ бошчилигидаги мусулмон қўшин бошқа бир давлатга ҳарбий юриш қилган ҳолатлари ҳам бўлган.

ЮНЕСКО тадқиқот маркази хабар беришича, аёллари машина ҳайдаган жамиятларда зино, номусга тажовуз, ноқонуний фарзанд кўриш, ажрашиш каби ҳолатлар аёллари машина ҳайдамайдиган жамиятларга нисбатан ортиқ экан.


14. Охирги вақтда олиб борилган тадқиқотлар машина минишнинг аёллар соғлигига зарар эканини тасдиқламоқда. Британияда олиб борилган тадқиқотларга кўра, машина минадиган аёлларнинг 58% қирқ ёшга етмасдан вафот этаётгани, 60% турли шаклда руҳий касалликларга чалинаётгани аниқланган. Тадқиқот ўз хулосасида «машина ҳайдаш аёл кишига лойиқ эмас, унга муносиб келмайди» деб эълон қилган. Ислом шариати ҳукмларни жорий қилишда «зарарни баратараф этиш ва фойдани жалб қилиш»ни мақсад қилади.


15. Йўл-транспорт ҳодисалари бугунги кунда замоннинг энг аянчли муаммоларидан бирига айланиб бормоқда. Бундай ҳодисалар натижасида ҳар йили тақрибан 1,3 млн. одам ҳалок бўлади ва 20-50 млн. киши жароҳатланади. Аёлларнинг машина ҳайдаши уларнинг ана шундай ҳодисаларга кўпроқ дуч келишларига ва жиддийроқ талофат кўришларига олиб келади. Айниқса, агар йўл транспорт ҳодисасига аёл ҳайдовчи сабаб бўлган бўлса, қанчалар машаққат ва ноқулайликлар келиб чиқишини ўзингиз билаверинг. 

(Бир киши қандайдир юмиш билан Ички Ишлар идораларидан бирига борса, чамаси икки-уч ойлик чақолқни кўтариб юришибди экан. Чақалоқ чинқираб йиғлаб, ҳаммани безовта қилмоқда экан. Сабабини билса, чақалоқнинг онаси бир одамни машинада уриб юборибди, ҳалиги одам ўша заҳоти ўлибди. Натижада, аёл жиноий жавобгарликка тортилиб, маълум муддатга озодликдан маҳрум этилибди.)


16. Агар эътибор берилса, аёлларнинг машина минишига чақираётганлар, уни тарғиб ва ташвиқ қилаётганлар фақиҳ уламолар ёки аҳли тақво кишилар эмас. Асосан, бунга нафси ҳавосига берилган тарафлар чақирмоқда.


17. Аёл кишининг исломий аҳком ва одобларга риоя қилган ҳолда кийиниб, зийнатларини кўз-кўз қилмасдан, виқор ва иффатини сақлаган ҳолда машина минишига келсак, юқоридаги мулоҳазалардан ташқари, бошланишда ушбу меъёрлар ушланса-да, вақт ўтиши билан уларни поймол этиш ҳолатлари юз беришини воқеълик тасдиқлаб турибди. Айрим ўзини тутган аёллар бундан мустасно бўлиши мумкин. Аммо ҳукм қилишда кўпни эътиборга олиш шаръий  жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам ҳукм қилишнинг асосларидан ҳисобланади.


18. Аввалига қизиқиб машина минган аёллар кейинроқ бу ишнинг ўз табиатларига зидлигидан қийналиб, ҳаловатсиз бўлаётганларини, аёллик латофатларига дахл қилётганини айтмоқдалар. «Бахтиёр ‒ бошқадан ибрат олган кишидир».

Қувайтдаги «Оилам» номли мажаллада мажалланинг таҳририят раисаси Ғанима Фаҳднинг «Сўзларнинг илҳомлари» сарлавҳаси остида чиққан мақоласида жумладан қуйидаги дилсўзлари берилган:

«Кибор бўлиб кетдик... Орзуларимиз, интилишларимиз ҳам катталашиб кетди... тавсифдан юқори даражада илм-маърифатга эга бўлдик... тамоман эркак бўлиб қолдик: машина ҳайдаймиз, хорижга бир ўзимиз сафар қиламиз, шим киямиз, банкда сармоямиз бор, бошқарув мансабларига ҳам етишдик.. эркакларга аралашдик, эркакни ёшлигимизда бизни қўрқитадиган шахс деб биладиган бўлдик.. сўнгра... аммо эркак қандай бўлса, ўшандоқ... Аёл эса эркакка айланди... Барча нарсага эришганимиздан сўнг, Қувайтда эркаклар устидан аёллик ғалабамиз қалбларимизни музлатгандан кейин мен сизларга тўлиқ ишонч билан айтаманки:

«Аёллик нақадар гўзал! Аёл нақадар гўзал.. эркак билан ҳимояланаган аёл.. унга эркак ўз қувватини ҳис қилдириб туради, уни бир ўзи сафар қилишидан ман қилади, ундан ўз уйида ўтиришини талаб қилади... бу нақадар гўзал... аёл ўз болаларини тарбия қилса, ўз мамалакатига эга бўлиб, уни кузатиб турса... Эркак эса кучли раҳбар бўлиб турса... Ҳа, мен тажрибалардан сўнг айтаманки: «Ҳаёт ва иш майдонидаги жадал ҳаракатларим асносида йўқотган аёллигимга қайтишни истайман!».


19. Аёлларнинг ҳайдовчилик қилиши, ҳеч бўлмаганда, шубҳали амал. Дин­диёнатини сақлайман деган киши шубҳадан йироқ бўлиши лозим.

Имом Термизий Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сени шубҳага солганни қўйиб, шубҳасизига юр», деган сўзларини ёдлаб олдим».

Имом муслим Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол равшан бўлди, ҳаром ҳам равшан бўлди, аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор, уларни одамларнинг кўпчилиги билмайди. Ким шубҳалардан тақво қилса, динини ва шаънини пок сақлабди. Ким шубҳаларга қадам қўйса, у ҳаромга тушибди», дедилар».


Баъзи уламолар ушбу икки тарафнинг ҳужжат-далилларини эътиборга олиб, аёлларнинг машина миниши макруҳ, деган хулосага келганлар.


2. 4. Ҳайдовчилик шартлари.


Ҳайдовчилик шартлари деганда транспорт воситасини ҳайдаш ва бошқаришнинг Ислом нуқтаи назарида жоиз бўлиши шартлари назарда тутилади. Нақлиёт воситаларини ҳайдаш мубоҳ бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши лозим:


1. Ҳалол йўл билан қўлга киритилган бўлиши. Ҳаром йўл билан қўлга киритилган нарса мусулмон кишига мулк бўлмайди. Шу боис, унга эгалик қилишга, уни тасарруф этиш ва бошқариш ҳуқуқига эга бўла олмайди. 

Ҳаром йўл билан қўлга киритилган нарсани ишлатиш агар жоиз дейилса, уни ҳаром дейиш мантиқсизлик бўлиб қолади. Шу боис, ўғирлик, зўравонлик, рибо, алдов, фосид савдо билан ёки эгасининг рухсатисиз ва бошқа шунга ўхшаш ношаръий йўллар билан қўлга киритилган транспорт воситасини ҳайдаш мусулмон кишига ҳалол эмас. 


2. Мақсад шаръий бўлиши. Яъни, мусулмон кишига транспорт воситасини ҳайдаш жоиз бўлиши учун ундан кўзланган мақсад ҳам шаръий – жоиз нарса бўлиши шарт. Зеро, Ислом шариатида кишининг барча амал ва тасарруфларининг ҳукми унинг ўша амал ва тасарруфлардан кўзлаган мақсадига кўра ўзгаради. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир киши учун ният қилганидир», деган ҳадисларидир. 

Шу боис, уламолар: «Улов ҳайдаш, агар ҳаром нарсага восита бўлмаса, жоиздир», деганлар. 

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бу борада қуйдагиларни айтади: «Албатта, Аллоҳ таоло уловларни миниш ва зийнат учун яратган. Ким уларни мана шу мақсадда ишлатса, бу унга мубоҳ иш бўлади. Кимнинг уни қилишида тоат қасди  қўшилса, мустаҳаб даражасига кўтарилади ёки маъсият қасди қўшилса, бунинг учун гуноҳ ҳосил бўлади».

Шунга кўра, машина ҳайдашда агар ҳаром нарса қасд қилинса, – мисол учун, гуноҳ иш мақсадида йўлга чиқиш, бирор жиноят ниятида сафар қилиш каби, – машина ҳайдаш ҳам ҳаром ҳисобланади. Зотан, «воситаларга бош мақсаднинг ҳукми берилади». 


3. Транспорт воситаси техник кўрикдан ўтган бўлиши. Ҳайдовчи ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам саломатлигини муҳофаза қилиши Ислом шариатида вожиб ҳисобланади. Бунинг учун, транспорт воситасини йўл юришга тўлиқ жавоб берадиган даражада яроқли бўлиши лозим. Шу боис, ҳайдовчи мазкур мақсадни рўёбга чиқариш учун транспортни йўлга тўла-тўкис тайёрлаши керак. Фиқҳий қоидага кўра, «Вожиб тўлиқ бўлиши учун зарур бўлган, мукаллафнинг имконият доирасидаги нарса ҳам вожибдир».

Демак, машинани ҳайдаш жоиз бўлиши учун ўша машина йўлга тўла яроқли бўлиши лозим. Акс ҳолда, уни ҳайдаш шаръан ножоиз ҳисобланади. Унинг яроқлилиги мутахассислар томонидан тасдиқланади. 

Шунингдек, йўл ҳам яроқли, талабга жавоб берадиган бўлиши даркор.


4. Махсус ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш. Бу гувоҳнома мутахассислар томонидан расман берилган бўлиши керак. Гувоҳномада қайси тоифа траспортлар назарда тутилган бўлса, фақат ўша хил воситани бошқариш жоиз бўлади.

Транспорт йўлга яроқли бўлиши лозим бўлганидек, уни ҳайдовчи шахс ҳам машина ҳайдашга лаёқатли бўлиши шаръан вожиб. Яъни ҳайдовчи ўзи минмоқчи бўлган транспортни ҳайдашга айни вақтда ақлан ва жисмонан лаёқатли бўлиши ҳамда керакли билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, у ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши муқаррар. Бу эса шаръан ҳаром ҳисобланади.

Шунинг учун, ҳайдовчи шахснинг машинани безарар, ўзига ҳам, бошқаларга зарар келтирмай бошқаришига тўла ишончи бўлмаса, машина ҳайдаши шаръан жоиз бўлмайди.


5. Ҳаром нарса аралашмаслиги. Масалан, пиёдалар учун ажратилган йўлда машина ҳайдаш. Чунки бунда пиёдаларга зарар келтириш, уларнинг ҳақларини поймол қилиш бор. Шунингдек, маст ҳолда, аврат очиқ суратда, ношаръий мақсадда номаҳрам билан бирга бўлган ҳолда машина ҳайдаш каби ишлар ҳам бунга мисол бўлади.

Транспорт воситасини ҳайдашга агар ҳаром иш аралашса, уни миниш ҳукми ҳам ўзгариб, ҳаром бўлиб қолади. Зотан, «ҳалол билан ҳаром бирга келганида, ҳаром ғолиб келади» деган қоида Ислом фиқҳининг асос қоидаларидандир. 


6. Йўл ҳаракати қоидалари ва аҳкомларига амал қилиш. Йўл ҳаракати қоидалари йўлнинг ҳақларидан бўлиб, уларга амал қилиш шаръан вожиб экани ҳақида юқорида батафсил тўхтаб ўтилди. 

Аллома Ҳасфакий айтади: «Мусулмонларнинг йўлида юриш аслида мубоҳдир. Шу шарт биланки, юргувчининг зараридан сақланиш имкони бўлсин». 

Шунга кўра, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган кишига транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас. Чунки у мазкур қоидаларни бузиш орқали бировларнинг ҳақларини поймол қилади, ўзининг ҳам, бошқанинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди ва раҳбарнинг омма халқ манфаатларини кўзлаб жорий қилган низомига қарши чиққан бўлади. Бу эса Ислом таълимотига зиддир.

Аллоҳ таоло айтади: 

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг». (Нисо: 59).


2. 5. Ҳайдовчиликка доир одоб ва аҳкомлар. 


Ҳайдовчи ‒ йўлларда  бирор-бир  транспорт  воситасини  бошқарувчи шахс. Биз қуйида зикр қиладиган одоб ва аҳкомлар барча ҳайдовчилар, ҳар қандай улов минган кишига тегишли бўлса-да, бугунги кунда асосий оммавий улов автомашина воситалари бўлгани учун, ўқувчиларнинг зеҳнларига яқинроқ бўлишини назарда тутиб, бу борадаги меъёрларни машина мисолида беришни маъқул топдик. Бошқалари шунга қиёс қилинаверади.

Машина минмоқчи бўлган кишига динимиз қуйидагиларни тавсия қилади:

А) Машинага нисбатан одоб ва аҳкомлар:

1. Ниятни тўғри қилинг.  Машина сотиб олишда, ҳайдашда ниятингизни гўзал қилинг. Фахр, мақтанчоқлик, димоғдорлик учун бўлмасин. Бу тўғрида юқорида уч тур от боқувчи ҳақидаги ҳадисни ҳам ўрганиб ўтдик.

Агар вақтни тежаш, илм талаб қилиш, аҳли-оиланинг хизмати, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш, яхшиларга, олим кишиларга хизмат кўрсатиш каби хайрли ишларни ният қилсангиз, ҳар бир харажат ва ҳаракатларингиз ажру савоб манбаи бўлиши турган гап. Шу билан бирга, бошқа юмушларингиз ҳам ўз ўрнида бўлаверади.

Ривоятларда келишича, бир киши уй қуриб, хонанинг бир тарафидан кичик бир тунук очибди. Уни кўрган меҳмонлардан бири унинг сабабини сўрабди. Уй эгаси уни ёруғ кириши учун қўйганини айтибди. Шунда ҳалиги олим меҳмон: «Эҳ, агар шуни азон эшитиш учун, деб ният қилганингда, улкан савоб олар эдинг, ёруғ ҳам тушаверар эди», деган экан.


2. Ҳожатга ярашасини сотиб олинг. Ҳаётдаги оддий воситалардан бирига ҳожатдан ортиқ пул сарф қилишингиз мол-дунёингизни исроф қилишга, беҳуда зое этишга, ўз ўрнига сарфламасликка олиб келади. 

Аллоҳ таоло айтади: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». (Аъроф: 31). 

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга қийлу-қол (деди-деди)ни, кўп савол беришни ва молни зое қилишни хуш кўрмайди», дедилар».


3. Яхшисини, яроқлисини, манфаатлисини сотиб олинг. Ислом ҳаётий дин, кишиларни дунё ишларида ҳам фаол бўлишга ўргатади. Шунинг учун ҳам Исломда тарки дунёчилик мумкин эмас. Бинобарин, имконият бўла туриб, бизга бўлаверади, деб ёки тақвони рўкач қилиб яроқсиз машина сотиб олиш ҳам Ислом таълимотларига зиддир. Имконият торроқ бўлган тақдирда ҳам, ниятни яхши, ҳимматни баланд ва Аллоҳ таолодан умидни катта қилиш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан ёрдам талаб қил, ожиз бўлма», деганлар.

Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши, ёқимли маркаб кишининг саодатидандир», дедилар».

Мўмин киши доимо саодатли бўлишга интилиши лозим.


4. Машина сотиб олганингизда қуйидаги ҳадисда келган дуоларни ўқишни унутманг. 

Амр ибн Шуъайб ўз отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир ходим сотиб олса, унинг пешона сочидан ушласин ва: «Аллоҳим, мен Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга туғма табиат қилиб берган нарсанинг яхшисини сўрайман. Мен Сендан унинг ёмонлигидан ва Сен унга туғма табиат қилиб берган нарсанинг ёмонидан паноҳ тилайман», десин. Туя сотиб олганда эса, унинг уркачисининг тепасидан ушлаб, барака сўраб дуо қилсин ва юқоридагини айтсин», дедилар». 

Бошқа ривоятларда, улов сотиб олган киши шайтондан паноҳ сўраши ва басмала айтиши кераклиги ҳам келган. Бу борада келган ривоятларни жамлайдиган бўлсак, машина сотиб олган киши қуйидагича дуо қилиши лозим:

«Бисмиллаʹҳ. Аъуʹзу биллаʹҳи минаш-шайтоʹнир-рожиʹм. Аллоҳумма инниʹ ас’алука хойроҳаʹ ва хойро маʹ суниъа лаҳаʹ ва аъуʹзу бика мин шарриҳаʹ ва шарри маʹ суниъа лаҳаʹ. Аллоҳумма баʹрик лиʹ фиʹҳаʹ ва баʹрик ъалайҳаʹ».

Маъноси: «Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Аллоҳим, мен Сендан бунинг яхшилигини ва бунинг ясалишида мақсад бўлган нарсаларнинг яхшисини сўрайман. Мен Сендан бунинг ёмонлигидан ва бунинг ясалишида мақсад бўлган нарсаларнинг ёмонидан паноҳ тилайман. Аллоҳим, менга бунда барака бергин ва бунинг ўзига барака бергин».


5. Машинани оддий восита деб билинг, унга ортиқча кўнгил бериб муҳаббат қилиб қолманг! 

Баъзилар машинани ҳаётдан бош мақсад деб тушуниб қолган. Айрим кишиларда машина минганда ўзини бошқалардан устун кўриш ҳисси ғолиб келади. Натижада, инсонларнинг қадр-қимматини машина билан ўлчашга ўтади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга ва молларингизга қармайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга қарайди», дедилар».

Моддий нарсаларга кўнгил бериш кишини кўплаб хатоларга йўл қўйишига олиб боради. Шу боис, моддий нарса қанчалар қимматбаҳо бўлмасин, уни инсондан, унинг шаъни ва обрўсидан устун қўйиш мумкин эмас. Йўл-транспорт ҳодисалари юз берган вақтда бунга янада хушёр қараш керак.


6. Машина ҳам Аллоҳ берган ризқ эканини, У Зотнинг неъмати эканини унутманг ва унинг шукрини адо этишга ҳаракатда бўлинг. 

Машина зоҳирда инсонларнинг ихтироси бўлса-да, аслида у, Аллоҳ азза ва жалланинг яратган нарсалари, қонуниятлари, иродаси, инсонга берган ақл-заковат ва куч-қувватнинг махсули бўлиб, сизнинг қўлингизга Аллоҳ таолонинг хоҳишу иродаси ила мулк бўлгандир. Сиз буни доимо ҳис эта билишингиз лозим. 

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилур ва тор қилур». (Роъд: 26).

«Ва Роббингиз: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб эълон қилганини ҳам эсланг». (Иброҳим, 7).


7. Машинани покиза, яроқли, яхши суратда тутинг, уни уринтирманг. Мусулмон одам машинанинг йўл юришга яроқлилигини, хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, уни покиза, кўркам олиб юришга  ҳам алоҳида эътибор бериши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини ўзлари ювиб-тарар, уни доимо покиза тутар ва бошқа мусулмонларни ҳам шундай бўлишга ўргатар эдилар.

Саҳл ибн Ҳанзалийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар биродарларингизнинг олдига келажаксиз, шу боис, уловларингизни яхшиланглар ва либосларингизни яхшиланглар, токи одамлар ичида хол каби бўлинглар. Зеро, Аллоҳ фаҳшни ва тафаҳҳушни суймас», дедилар».

«Фаҳш» бу – ҳар қандай ёқимсизлик, ахлоқсизлик, адабсизликдир. «Туфаҳҳуш» эса, ўзини қийнаб бўлса ҳам ёқимсизлик, адабсизлик қилишдир. 

Ушбу ҳадиси шарифда улов ва усти-бошларни қаровсиз олиб юриш хунук, ёқимсиз ишлардан бўлиб, Аллоҳ таоло суймайдиган нарсалардан экани таъкидланмоқда. 

Абу Довуд Саҳл ибн Ҳанзалийя розияллоҳу анҳудан ривоя қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қорни белига ёпшиб кетган бир туя олидан ўтиб қолдилар ва: «Мана бу тилсиз чорполар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар! Уларни яроқли ҳолда мининглар», дедилар».

Демак, уловни яроқли ҳолда миниш, уни уринтирмаслик лозим экан.

Машинани тузатишда, уни таъмирлашда имкон қадар мукаммал этишга, ишни пухта қилишга ҳаракатда бўлиш лозим. Имом Байҳақий ва Табароний Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз бирор ишни қилганда уни пухта қилшини хуш кўради», деганлар.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

« Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсада яхшиликни битгандир», дедилар».

Яъни, ҳар бир нарсага нисбатан яхшилик қилишга, яхши муносабатда бўлишга буюргандир.

Машинани ҳайдашда, агар юқорида таъкидланганидек, яхшиликларни ният қилинадиган бўлса, унга қилинган ҳаражатга ҳам ажр-савоб ёзилади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг йўлидаги отларга сарф-ҳаражат қилган киши худди садақа билан қўлини очган кишига ўхшайди, уни ёпиб олмайди», деганлар.

Демак, уловни вақтида созлаб, парвариш қилиб туриш керак. Агар улов минишдан мақсад яхшилик бўлса, унинг сарф­ҳаражати, меҳнати ва барча ҳатти­ҳаракати учун ажр бўлади. 


8. Машинага нисбатан: эшикни очиб-ёпишда, уни ҳайдашда ва шунга ўхшаш тасарруфларда мулойим бўлинг. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мулойимдир, барча ишларда мулойимликни яхши кўрадир», дедилар». 

Бошқа бир ривоятда: «Мулойимликни лозим тут. Албатта, мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлар, нимадан олиб ташланса, уни айбли қилар», деганлар.

Жарир ибн Абдуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», дейилган.


Б) Машина ҳайдашга оид одоб ва аҳкомлар:


1. Машинани минишга, унинг олдига ўтиришга энг ҳақли киши унинг эгасидир. 

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пиёда кетаётган эдилар, бир киши эшшаги билан келиб қолди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, миниб олинг», деб, орқага ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, унинг олдига сен ҳақли, магар уни менга берсанг», дедилар. У: «Мен уни сизга бердим», деди. Шунда у зот миниб олдилар».


2. Машинага ўтирганда ўқиладиган дуоларни қилишни унутманг. 

Бу борада Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифларда керакли таълимотлар мавжуд.

Аллоҳ таоло айтади:

«У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир. Токи, сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингиз неъматини эслаб айтасизки: «Бизга буни мусаххар қилиб қўйган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз». (Зухруф: 12-14).

«Мусаххар қилиш» дегани тўла бўйсундириб, беминнат хизматкор қилиб қўйиш деганидир. Дарҳақиқат, агар ўша ҳайвонларни инсонга бўйсундуриб қўймаганида инсон нима ҳам қила оларди?! Ҳайвонот оламига назар солсак, шер, қоплон, кийик ва бошқа юзлаб, минглаб ҳайвонлар бор. Лекин Аллоҳ улов қилиб берган маълум ҳайвонлардан бошқа бирорта ҳайвондан одамлар улов қилиб фойдалана олмади. Шунингдек, ҳозирги уловлар ‒ машиналарни агар Аллоҳ инсонга бўйсундириб қўймаганида: темир ва бошқа керакли моддаларни маълум шаклга киргизса бўладиган, ҳаракатланишга яроқли қилиб яратмаганида ва уларни бўйсундуриш илмини инсонга илҳом қилмаганида, автомашина деган нарса хомҳаёл фаразлигича қолаверарди.

Улов минганда дуо қилишнинг зарурлигига Ҳоким ва Байҳақий Абу Лос Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шариф очиқ-ойдин далолат қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир туя йўқки, унинг уркачида шайтон бўлади. Шу боис, уни минганингизда Аллоҳни У Зот Ўзи буюргандек зикр қилинглар. Кейин уни ўзингиз учун ишлатинг, зеро уларни Аллоҳ миндириб қўйгандир», дедилар».

Оят ва ҳадисларда ўша пайтда мавжуд бўлган уловлар фақат мисол тариқасида келтирилган. Шу боис, бошқа ҳар қандай уловга минган киши ҳадисларда келган дуоларни ўқиши суннатдир. Дуоларнинг маъноси ҳам шунга далолат қилади.

Алий ибн Робиъа айтади: «Мен Алий ибн Абу Толибни кўрдим, унга миниши учун бир ҳайвон келтирилди. Оёғини уловга қўйгач: «Бисмиллаҳ», деди. Унинг устига ўрнашгач: «Алҳамду лиллаҳ», деди. Сўнгра: «Субҳааналлази саххоро лана ҳаза вама кунна лаҳу муқринина ва инна ила Роббина ламунқолибун», деди. Кейин уч марта «Алҳамду лиллаҳ», деди. Сўнгра уч марта «Аллоҳу акбар», деди. Кейин: «Субҳанака, инни золамту нафси фағфирли фаиннаҳу ла йағфируззунуба илла анта», деди. Сўнгра кулди. Унга: «Эй, мўминлар амири, нима сабабдан кулдингиз?», дейилди. У шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди мен қилганларни қилиб, сўнгра кулганларини кўрдим. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, нима сабабдан кулдингиз?», дедим. У зот айтдилар: «Роббимиз азза ва жалла бандасидан у «Меининг гуноҳларимни мағфират қилгин» деганда ажабланиб: «Бандам Мендан бошқа гуноҳларни мағфират қилувчи йўқлигини биладир», деди». 

Имом Табароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда келган дуо қуйидагича:

«Бисмиллаʹҳ. Алҳамду лиллаʹҳ. Субҳаналлазиʹ саххоро ланаʹ ҳаза вамаʹ куннаʹ лаҳуʹ муқриниʹна ва иннаʹ илаʹ Роббинаʹ ламунқолибуʹн. Алҳамду лиллаʹҳ, Алҳамду лиллаʹҳ, Алҳамду лиллаʹҳ. Аллоʹҳу акбар, Аллоʹҳу акбар, Аллоʹҳу акбар. Субҳаʹнака, инниʹ золамту нафси фағфирлиʹ фаиннаҳуʹ лаʹ йағфируззунуʹба иллаʹ анта». 

Маъноси: «Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳга ҳамд бўлсин! Бизга буни мусаххар қилиб қўйган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз. Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Сени поклаб ёд этаман. Албатта, мен ўзимга зулм қилдим, бас, мени мағфират қилгин. Зеро, гуноларни фақат Сенгина мағфират қилурсан». 

Уламоларимиз уловга минган киши қуйидаги сафар дуоларини ҳам қилса, янада яхши бўлади, дейдилар:

«Аллоʹҳумма инниʹ ас‘алука фиʹ ҳаʹзас-сафари ал-бирро ваттақваʹ ва минал­ъамали маʹ тарзоʹ. Аллоʹҳумма ҳаввин ъалайнаʹ сафаронаʹ ҳаʹзаʹ ватви ъаннаʹ буъдаҳ».

Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан ушбу сафарда яхшилик ва тақвони ҳамда Ўзинг рози бўладиган амални сўрайман. Аллоҳим, сафаримизни енгил қилгин ва бизга унинг узоғини яқин этгин».

Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисларда кўплаб ҳикматлар борлигини таъкидлайдилар. Жумладан, бу ерда жуда ҳам юксак руҳий-ахоқий намуна бор, дейдилар. 

Инсонда уловга, машинага минганда ўзида қудрат ва бўйсундириш ҳисси пайдо бўлади. Ана ўша вақтда мўмин киши ўзи эга бўлиб турган нарса Аллоҳнинг махлуқи ва У Зотнинг неъмати эканини, айни вақтда ўзининг ожизлигини эсга олади, Аллоҳга ҳамдлар айтади, У Зотни улуғлаб такбирлар айтади. 

Бу дуоларни чин дилдан қилган кишининг қалбида улов минишдаги кибру ҳаво, фахр ва мақтанчоқлик каби иллатларга жой қолмайди. Баъзи ривоятларда, уловга минган киши агар ушбу дуоларни ўқиса ва уловдан тушмай ўлса, шаҳид савобига эга бўлади, дейилган.


3. Машинага чиққанингизда Аллоҳнинг зикрида бўлинг. Уловда юриш Аллоҳ таолонинг инсонларга берган улуғ неъмати. Уловга минган киши бунинг шукри учун Аллоҳ таолонинг зикрида бўлиши, У Зотни унуттирадиган лағв, мусиқа ва ғийбатлардан четланиши лозим.  

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир улов минган киши ўз юришида Аллоҳ ва Унинг зикри билан холи бўлса, унга бир фаришта мингашиб олади. Ким бирор шеър ва шунга ўхшаш нарса билан холи қолса, унга шайтон мингашиб олади», дедилар».

Бу ерда «шеър ва унга ўхшаш нарсалар», деганда Аллоҳнинг зикридан узоқлаштирадиган, инсоннинг шаҳвоний ҳирсини қўзғайдиган, ахлоқига салбий таъсир кўрсатадиган, беҳуда шеър ва шунга ўхшаш нарсалар назарда тутилган. Аммо, Аллоҳнинг зикри йўғирилган, яхшиликка, одоб-ахлоққа чақирадиган шеър ва унга ўхшаш нарсалар бўлса жоиз. Бу маънони ҳадиснинг биринчи қисмидан ҳам ангаш мумкин. Хусусан, шаръий билимларни ўргатадиган ваъз-насиҳтларни тинглаб юриш мақсадга мувофиқдир.

Ҳайдовчи, агар бошқарувдан чалғимайдиган ва ўз тиловатини англайдиган ҳолатларда Қуръони Каримдан билган сураларини тиловат қилиб кетса, янада яхши бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг энг афзал амали Қуръон тиловатидир», деганлар. Қолаверса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам уловга минган ҳолда айрим сураларни тиловат қилганлари ривоятларда келган. 

Имом Насоий Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фатҳ куни ўз урғочи туялари устида «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийна»ни ўқиб кетаётганларини кўрдим».

Агар ўзи қироат қилишга имкони бўлмаса, у ҳолда, мужаввид қорилар тиловатларини тинглашга ҳаркат қилиш керак. Чунки, Қуръонни эшитган кишига икки баробар ажр бўлади ва у кўплаб яхшиликларга эришади. Фақат, Қуръон эшитиш одобларига рияо қилиш, унга жим қулоқ солиш ва бошқалар билан гаплашмаслик лозим.

Аллоҳ таоло: «Қачон Қуръон ўқилса, уни тингланглар ва тек туринглар, шоядки раҳм қилинсангиз», (Аъроф, 204) деган.


4. Машинани болаларга, минишга лаёқати йўқ кишиларга берманг. Уларга машинани бериш жон ва молни зое бўлишига олиб бориши мумкин.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ ҳаётингизнинг тутқичи қилган молларингизни эси пастларга берманг». (Нисо, 5).

Имом Замахшарий айтади: «Эси пастлар – молларини исроф қиладиган, уни керакмас ўринларга сарфлайдиган, уни яхшилашга, ўстиришга ва тўғри тасарруф қилишга қудрати етмайдиган кишилардир».

Машинани тўғри тасарруф этолмайдиган, уни зое қиладиган кишилар ҳам шу синфга киради.


5. Агар машинангизга бирор юк ортиб олгудек бўлсангиз, унинг бошқаларга зарар етказмаслигини тўлиқ таъминланг. 

Ҳайдовчи агар машинага юрт ортадиган бўлса, унинг йўлда бошқаларга талофат етказмаслигини таъминлаши лозим. Айниқса, ортилган юк машинанинг ҳажмидан катта бўлганда бунга янада хушёр қараш керак. Агар ҳайдовчи юк ортиш меъёрларига амал қилмаса ёки йўлда кишиларни огоҳлантиришда нуқсонга йўл қўйса, унинг юки бирортасига зарар етказган тақдирда, зарарни тўлаши лозим бўлади. 

Бағдодий айтади: «Агар бир киши эшакка ўтин юклаб кетаётиб «Қоч! Қоч!» деса­ю, тингловчи уни эшитмаса, натижада ўтин унинг кийимига тегиб, йиртиб юборса, эшакнинг эгаси уни тўлайди. Бордию, тингловчи эшитса­да, четга ўтишга улгурмаса ҳам шундай бўлади. Аммо четга ўтишга имкони бўлса ҳам четга ўтмаган бўлса, у ҳолда тўлов йўқ».

Демак, юк ташувчилар, хусусан шағал, тош, ғишт ва шунга ўхшаш юкларни ташувчи ҳайдовчилар агар юкни ортишда унинг йўлда бошқаларга зиён етказмаслигини тўла таъминламаган бўлсалар, эҳтиёт чораларини кўрмасалар, улар туфайли етган зарарларга, мисол учун, тош тушиб, бирор енгил машина ойнасини синдирса ёки йўл четидаги бирорта одамга зарар етказса, келтирилган зиённи тўлашлари вожиб.

Ибн Можа Фазола ибн Убайддан ривоят қилган ҳадисда Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ‒ одамлар моллари ва жонларини унга ишонган одамдир», деганлар.


6. Йўл ҳаракати қоидаларига, одоб ва аҳкомларига риоя қилинг, йўлнинг ҳақларини адо этинг. Бу борада юқорида талайгина маълумотлар ўтди. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш машина ҳайдаш, умуман, йўл юриш жоиз бўлишининг асосий шартларидан бири эканини ҳам айтиб ўтилди. Шу боис, ҳозир бир ҳадиси шарифни эслаш билан кифояланамиз.

Имом Табароний Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон агар бир мусулмон биродарига қурол ўқтаса, то уни тушурмагунча фаришталар унга лаънат айтади», деганлар.

Замонамиз уламолари темир машинани белгиланган қоидаларга хилоф равишда ҳайдаб кишиларнинг ҳаётига таҳдид солаётган ҳайдовчи ҳам ушбу ҳадис тахтига дохил бўлади, дейдилар. 


7. Белгиланган тезликка риоя қилинг. Аслида бу – йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга кирса ҳам, бугунги кунда энг кўп бузилаётгани ва унга амал қилмаслик кўплаб нохушликларга олиб келаётгани эътиборидан бу борада бироз батафсилроқ тўхталиб ўтишимиз тўғри бўлади. 

Энг аввал бу борадаги оят ва ҳадисларни бир қатор эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак.

Алло таоло айтади:

«Роҳманнинг бандалари ер юзида сокинлик ила юрадиганлардир». (Фурқон: 63).

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида шундай марҳамат этади: 

«Юришингда мўътадил бўл...». (19- оят).

Ушбу оятлардаги кўрсатма пиёда юрувчиларга ҳам, улов ҳайдовчиларга ҳам баробар тегишлидир, дейди уламоларимиз.

Демак, динимиз таълимоти бўйича, машина ҳайдаётган одам ўртача тезликда юриши керак экан. Тез юриб ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётиини хавф остига қўйиши ҳам, ўта секин юриб бошқа йўловчиларга халал бериши ҳам тўғри бўлмас экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, «ишларнинг яхшиси – ўртачасидир».

Ибн Атия айтади: «Тезлик виқорни бузади, яхшилик ўртачаликдадир».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тез юриш мўминнинг чиройини кетказади», дедилар.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда «Тез юриш юзнинг чиройини кетказади», дейилган. 

Дарҳақиқат, тез юриш пиёда юрувчининг чиройини бузгани каби, ҳайдовчининг ҳам чиройини кетказади. Меъёрдан ортиқ тез юрган ҳайдовчи жисмонан ҳам, руҳан ҳам толиқади, натижада юзининг чиройи бузилади, хорғин ҳолга тушиб қолади. Севикли Пайғамбаримиз ўз умматларини бу каби ҳолатга тушишдан огоҳлантирмоқдалар ва бу мўмин кишига муносиб эмаслигини таъкидламоқдалар.

Машинани тез ҳайдаш тиқилинч жойларда ва маҳалларда одамларга озор етказади, уларга қўрқув солади, кенг кўчаларда эса кишиларга зиён етказиш эҳтимолини  кучайтиради. Ҳар икки ҳолат ҳам динимизда жоиз эмас. 

Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига темир ўқталса, то уни қўймагунича фаришталар унга лаънат айтаверади», дедилар. 

Машинани бировларни қўрқитадиган, уларнинг ҳаётини таҳликага соладиган даржада тез юриш ушбу ҳадисда айтилган маънога тўла мос келади.

Имом Бухорий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса: «Ким бизга қурол кўтарса, биздан эмас», дейилган.

Кўпчилик ҳайдовчилар йўлларда махсус назоратчилар борлигидан, уларга жарима тўлаб, молига зарар етишидан қўрқиб тезликни оширмасликка ҳаркат қилишади, аммо тез ҳайдаш сабабли инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўяётганларига аҳамият беришмайди. Ушбу тезлик натижасида кимлардир ҳаётдан кўз юмуши ёки бир умрга мажруҳ бўлиб қолиши мумкинлиги уларнинг ҳаёлларига келмайди.

Тезликни чеклашда асосан ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаш назарда тутилади. Ҳайдовчининг бу чекловни бузиши ўзининг ва бошқларнинг ҳаётини хатарга қўйиш бўлади. Шу боис, Маккаи Мукаррама уламолари соатига 120 тезликдан ортиқча ҳаракат қилган ҳайдовчи агар тўқнашув сабабли вафот этса, ўз жонига қасд қилган бўлади, деб фатво беришган.


8. Машинани шошилмай, оғир­босиқлик билан миниш ҳам мусулмон кишига ярашадиган ҳолатдир. 

Имом Термизий ва Абу Довуд Зореъ ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мунзир ал­Ашажга: «Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат бор: ҳилм ва шошилмаслик», дедилар.

Термизий ва Байҳақийлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилмаслик ‒ Аллоҳдан, шошилиш ‒ шайтондан», деганлар. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Арафот куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирдан қаттиқ пўписп, зарба ва туянинг овозини эшитдилар. Шунда уларга қамчилари билан ишора қилиб туриб: 

«Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Яхшилик шошилишда эмас!» дедилар».

Бухорий ва Абду Довуд ривояти.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:

«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.

Қор­ёмғир ёғиши, туман тушиши, куннинг ғира­шираси ва шунга ўхшаш сабабларга кўра етарли кўринмаслик бўлган вақтда тўла ишонч билан ҳаркатланиш лозим. Акс ҳолда, киши ўзини ҳалокатга ташлаган бўлади. Бу эса жоиз эмас.


9. Юришда бошқаларга халал берманг. Тез юриш наомақбул бўлганидек, бошқаларга ҳалақит берадиган даражада секин ҳаракат қилиш ҳам ярамайди, чунки йўл ҳамманинг ҳақи, бошқаларнинг йўл юришига ҳалақит бериш уларнинг ҳақини поймол қилишдир. Хусусан, бугунги кундаги никоҳ маросимлари муносабати билан бир нечта машиналарда сайр қилиб, одамларнинг йўлини тўсиб, уларга халал бериб, озор етказиш динмиз таълимоларига тамоман зиддир.


10. Агар йўлда бирор ишора билан қувиб ўтиш учун ёки четга ўтиш учун йўл беришни сўрашса, дарҳол йўл беринг. Чунки, йўл сўраган одамнинг бирор зарур иши ёки ташвишли ҳолати бўлиши мумкин. Шунингдек, пиёдаларга йўл беришда ҳам тириғлик қилманг. Чунки, уларга йўл бериш улардан бир машаққатни кетказиш ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зара етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.

Байҳақий Абу Қилобадан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик чиримайди, гуноҳ унутилмайди, Дайён (жазо­мукофот берувчи Зот) ўлмайди. Истаганингдек бўл, қандай қилсанг, сенга ҳам шундай қилинади», деганлар».

Хусусан, йўл ҳаракати қатнашчисига нисбатан имтиёзли бўлган йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаракат йўналишини ёки тезликни ўзгартиришни ёхуд тўлиқ тўхташни талаб қилганда, зудлик билан талабни бажариш лозим. Акс ҳолда, кимнингдир жони ёки молининг ҳалок бўлишига сабаб бўлиб қолиш мумкин. 


11. Бошқарувингиз асносида бошқа ҳайдовчиларга азият етказманг. Бурилиш чироғини умуман ёқмай ёки вақтида ёқмай бурилиш, қарама­қарши йўналишдаги ёки ўз йўналишидаги ҳайдовчиларнинг кўзига узоқни ёритувчи чироқни ёқиш, заруратсиз ёхуд ҳақорат маъносида сигнал чалиш, тез юриб, пиёдаларга сув  чачратиш, ўчашиб ё бошқа бир сабабларни рўкач қилиб бировларнинг йўлига халал бериш, уларни қисиш ва шунга ўхшаш бошқаларга азият ва зарар берадиган тасарруфлардан сақланинг. Чунки бу каби ҳатти­ҳаракатлар инсонларга озор бериш, уларга ҳурматсизлик ҳисобланади. Бу иш мусулмон кишига ҳалол эмас. Кишиларга азият етказмаслик йўлнинг ҳақи бўлиб, озор бериш қанчалар улкан гуноҳ эканини юқорида ҳам айтиб ўтилди. 

Ибн Ҳиббон Анс ибн Молик розияллоҳу анҳу:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ‒ одамлар ундан омонда бўлган кишидир. Мусулмон ‒ мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Муҳожир ‒ ёмонликни тарк этган кишдир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннатга қўшниси ёмонлигидан омонда бўлмаган банда кирмайди», дедилар».

Бошқа бир ҳадисда: «Ким зара етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», дейилган.

Одатда кишилар мазкур ҳатти­ҳаракатларни бевосита муносабатларда қўллашдан уятадилар, ҳаё қиладилар, аммо ҳайдовчилик асносида бу каби ишлардан тортинмайдилар, чунки бунда ўзларининг танилмасликларини суистемол қиладилар. Бу эса мўмин кишига муносиб бўлмаган ҳолатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди», деганлар.


12. Қизил чироқ ёнганда ҳаркатни тўхтатинг, гарчи муқобил йўлда бирор машина ёки пиёда бўлмаса ҳам. Чунки бунда йўл юриш қарши томоннинг ҳақи, бировнинг ҳақига тажовуз қилиш жоиз эмас. 

Пайғамбаимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер», деганлар.

Шу билан бирга, Ислом фиқҳидаги машҳур қоидалардан бири «ҳукм ҳикмат сабабидан эмас, иллат ‒ сабаб билан собит бўлади», деган қоидадир. Унга кўра, қизил чироқ тўхташ учун сабаб ҳисобланади, ундан кўзланган ҳикмат ‒ тўқнашув содир бўлиши эҳтимоли топилмаса­да, ҳукм ‒ қизилда тўхташ вожиблиги собит бўлаверади. 


13. Маҳллаларда, хусусан, шифохона, масжид­мадраса ва бошқа илм даргоҳлари олдида, бозор ва жамоатчилик жойларда, имкон қадар сигнал чалманг. Зарурати бўлганда ҳам, паст ва қисқа шаклда чалинг. 

Аллоҳ таоло айтади:

«...ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». (Луқмон: 19).

Бу оятда кишиларга овоз билан озор беришдан қайтариш бор. Инсон ўзининг оддий овозини пасайтириши лозим бўлгандан кейин, зарратсиз сигнал чалиш яхши эмаслиги турган гап.


14. Ҳайдовчиларга ўзингиз улардан кутган муомалани қилинг. Ҳар бир ҳолатда бошқалар сизга қандай муомлада бўлишини истасангиз, сиз ҳам уларга ўшандай муносабатда бўлинг. Айрим кишилар бошқаларга нисбатан бўлар­бўмасга сигнал чалади, йўл бермайди ва бошқа шунга ўхшаш ишларни қилади, аммо худди шу ишни биров ўзига нисбатан қилса, буни қабул қила олмайди. 

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўзи учун хоҳлаган нарсани биродари учун ҳам хоҳламагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Яна бир ҳадисда: «Истаганингдек бўл, қандай қилсанг, сенга ҳам шундай қилинади», дейилган.

Бошқаларнинг шаънини, ҳис­туёғуларини эҳтиром қилиш, айниқса ёши катталарни, мусофирларнинг ҳолатини ҳис қилишга ҳаркат қилиш мусулмон кишининг бурчидир.


15. Ёмонлик қилганга яхшилик қилинг. Мабодо бирор йўловчи сизга нисбатан нотўғри ҳатти­ҳаракат содир этса, сиз уни жазолашга, ёмонлигини ёмонлик билан қайтаришга шошилманг. Гарчи у йўл қоидасини бузган бўлса ҳам, унга мулойимлик билан тушунтиринг, жеркиб, қаттиқ тегманг.

Аллоҳ таоло айтади: «Ёмонликни энг яхши нарса ила даф қил» (Мўъминун, 96).

Имом Термизий Ибн масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга дўзах ҳаром бўладиган кишини айтайми?», дедилар. Улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», ‒ дейишди. У зот: «Ҳар бир оғир­босиқ, мулойим, кўнгли яқин, муомаласи осон киши», ‒ дедилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Мўмин мўминнинг биродаридир, ҳар қандай ҳолда ҳам унга насиҳат қилишни ташламайди», дейилган.


16. Агар сиздан бирор ҳайдовчига нисбатан нотўғри тасарруф содир бўлса, дарҳол узр сўранг ва уни бирор яхшилик билан ювишга ҳаракат қилинг.

Имом Термизий Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонлик кетидан уни ювадиган яхшилик қил ва одамларга гўзал ахлоқ ила муомалада бўл», деганлар.


17. Яхшилик қилганга ташаккур изҳор қилишни унутманг. Агар сизга биров ўз йўлини берса, қулайлик туғдирса, қийин ҳолингизда ёрдам берса, унга сўз билан ёки бирор ишора ёрдамида ўз ташаккурингизни изҳор қилинг. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қилмабди»,  деганлар. 


18. Агар бирор камчиликка йўл қўйсангиз, биров сизга танбеҳ берса, уни тўғри қабул қилинг, айб ўзингизда бўла туриб ундан хафа бўлманг ва унга зарда қилманг. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ‒ мўминнинг ойнасидир»,  деганлар.


19. Йўлдаги ёрдам сўраган ҳайдовчиларга ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Йўлда бирор киши машинаси бузилиб ёки ёқилғиси тугаб қолиб, сиздан ёрдам сўраса, унинг ҳожатини чиқариш учун бор имкониятни ишга солиш лозим. Чунки бу йўлнинг ҳақларидан ҳисобланади ва улкан савобли ишлардан саналади.

Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир яхшилик садақадир. Биродарингга очиқ юз билан йўлиқишинг ҳам, унинг идишига ўз челагингдан тўкиб беришинг ҳам яхшиликдандир», деганлар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мўминдан дунё ташвишларидан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан охират ташвишларидан бир ташвишни аритади. Ким бир мусулмоннингайбини яширса, Аллоҳ унинг айбини дунёу охиратда яширади. Банда модомики биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамидадир», дедилар». 


20. Қийналган кишиларни, яқинларни, таниш­билишларни машинага чиқариб олинг. Агар машинада жой бўлса, имкон қадар ундан бошқа мўмин­мусулмонларни фойдалантиришга ҳаракат қилиш керак. Бу иш дунёда кўплаб яхшиликларга,  ўзаро меҳр­муҳаббат, ҳурмат­эҳтиромга, охиратда эса улкан ажру савобларга сабаб бўлади.

Имом Муслим Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда ортиқча минадиган нарсаси бўлса, минадиган нарсаси йўқ кишига берсин», деганлар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бўғин учун ҳар куни садақа лозим. Кишининг ўз уловида бировга уни миндириб олиб ёки унинг матосини юклаб олиб ёрдам бериши ҳам садқадир», дедилар». 


В) Машинани тўхтатишга доир одоб ва аҳкомлар.

Йўл ҳаракати қоидаларига доир манбаларда «тўхтатиш» деганда транспорт воситасининг ҳаракатини 10 дақиқадан кам вақтга тўхтатиш тушунилади. Агар йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ва тушириш билан боғлиқ бўлмаган вазиятларда 10 дақиқадан кўп муддатга атайлаб тўхтатилса, уни «тўхтаб туриш» дейилади. Аммо биз илмий ишдаги ушбу мавзуга ёндашиш усули эътиборидан «тўхтатиш» деганда ҳар икки ҳолатни ҳам назарда тутдик.

Машинани тўхтатмоқчи бўлсангиз, қуйидаги кўрсатмаларга амал қилишга ҳаракат қилинг:

1. Тўхташ тақиқланган жойларга тўхтаманг. Транспорт воситасини тўхтатишни тақиқлаш умумий қоида асосида ҳам, (мисол учун, пиёдалар йўлкачасида тўхташ тақиқлангани каби) махсус белги ёрдамида ҳам бўлиши мумкин. Одатда, бундай қоида ва белгилар ё ҳайдовчиларнинг, ёки бошқа қатновчиларнинг манфаати учун қўйилади. Унга риоя қилмаслик, кишининг ё ўзига зулм қилишига, ёки бошқаларнинг ҳаққини поймол қилишига олиб боради ва раҳбарнинг омма манфаатини кўзлаб чиқарган буйруғига итоат қилмаслик ҳисобланади.


2. Одамлар йўлига, тўхташ бошқа қайтновчиларга машаққат туғдирадиган ўринларга тўхтаманг. Хусусан, масжид, тўйхона ва бозорлар олдида, бироз меҳнатдан қочиб, тўғри келган жойга, одамларга қийинчилик туғдирадиган қилиб машинани тўхтатиш Ислом таълимотига умуман зиддир.

Ибн Можа Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл ўртасига қўнманглар ва унга қазои ҳожат қилманглар», дедилар».

Йўл ўртасига тўхташ ниҳоятда ёмон иш бўлганидан, ҳадиси шарифда уни йўлга қазои ҳожат қилиш билан тенглаштирилмоқда. Чунки, ҳар иккиси ҳам одамларга азият етказади.

Имом Муслим ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон қўноқласангиз, йўлдан четланинг, чунки у ҳайвонларнинг йўли ва тунда зарарли ҳашаротлар ўрнидир», деганлар.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу тартибни бузишликка ҳатто жамоат намозига шошилиш ҳам баҳона бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон иқомани эштсангиз, ўзингизни сокин тутган ҳолда юриб келинг ва намоздан топганингизни ўқинг, ўтказиб юборганингизни ўқиб тамомлаб қўйинг»,  деганлар.

Мазкур тартибни бузишга жамоат намозига шошилиш ҳам узр бўлмагандан кейин, бошқа баҳоналар эртақачон сабаб бўла олмайди.

Имом Дорақутний Нўъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бир ҳайвонни мусулмонларнинг йўлларидан бирига ёки бозорлардан бирортасига тўхтатса ва (ҳайвон бирор нарсани) қўли ёки оёқлари билан босса, эгаси тўловга масъулдир».

Демак, одамлар йўлига машинани тўхтатиб қўйган киши унинг ушбу иши туфайли келиб чиққан зарарлага масъул бўлиши мумкин.


3. Тўхташ жойига келганда тартибга риоя қилинг. Махсус тўхташ жойларида биринчи келган киши машинани қўйишга ҳақли ҳисобланади. Кейин келган киши ундан сўнги тартибдаги ўринга қўяди. Бу худди мажлисга кейин келган кишига ўхшайди. Бу ҳам Ислом одобларидан саналади. 


4. Машинани олдин қулфлаб, кейин таваккул қилинг. Машинани бирор жойга тўхтатганда уни олдин хавфсизлигини тўлиқ таъминлаб, кейин Аллоҳ таолога таваккул қилиш лозим. 

Амр ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, уловимни қўйиб юбориб, таваккул қилайми?», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, уни аввал маҳкам боғлаб, кейин таваккул қил», дедилар».


5. Махсус пулли тўхташ жойларида белгиланган қийматни беришни унутманг, акс ҳолда, кимнингдир ҳақини зое қилган бўласиз. 


Г) Йўловчи олишга доир одоб ва аҳкомлар.

Машина минган одам, агар хоҳласа, ёнига бирор кишини миндириб олиши жоиз, балки, агар яхшилик учун бўлса, савобли амал экани юқоридаги ҳадисларда ҳам ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам бошқаларни уловларига мингаштириб олардилар. Муоз, Усома ва Фазл розияллоҳу анҳумларнинг у зот билан мингашиш бахтига мушарраф бўлганлари ривоятларда келган. Фақат, йўловчи олмоқчи бўлган киши бу борада қандай шаръий одобларга амал қилиши кераклигини билиб олиши даркор.

Ҳайдовчи агар йўловчи олмоқчи бўлса, қуйидаги кўрсатмаларга риоя қилиши лозим:

1. Ношаръий ишга била туриб кўмаклашманг. Агар йўловчининг мақсади ношаръий иш бўлса, дину халқнинг зиёнини қасд қилиб турган бўлса ва бундан ҳайдовчининг хабари бўлса, унинг бу гуноҳи учун шароит яратиб бериши дуруст бўлмайди. 

Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ – иқоби шиддатлидир» Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ – иқоби шиддатлидир» (Моида, 2).


2. Агар йўловчилар кўп бўлса, уларнинг энг муҳтожини, қариндошлик жиҳатидан энг яқинини олинг. Чунки, улар сизнинг яхшилигингизга энг ҳақли кишилар ҳисобланади. 

Баҳз ибн Ҳаким ўз отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?», дедим. У зот: «Онангга», дедилар. «Кейин кимга?», дедим. У зот: «Онангга», дедилар. «Кейин кимга?», дедим. У зот: «Онангга», дедилар. «Кейин кимга?», дедим. У зот: «Отангга, кейин ўзингга энг яқин кишига, сўнг ундан кейинги ўзингга энг яқин кишига», дедилар». 

Демак, машинангизда олиб юришингизга энг ҳақли кишилар ота­онангиз, кейин қариндошларингиз, кейин бошқалар ҳисобланар экан. Ота­онангиз ёки қариндошларингиз сизнинг хизматингизга муҳтож бўлиб турган вақтда ошна­оғайнилар томон кетишингиз жоиз бўлмайди.


3. Агар йўловчини маълум ҳақ эвазига оладиган бўлсангиз, борадиган манзилни аниқлаб, хизмат ҳақини олдиндан келишиб олинг. Агар зарур бўлса, хизмат ҳақини қачон олишни, яъни унинг нақд ёки насялигини ҳам белгилаб олиш лозим. Ушбу келишув шаръий талаб ҳисобланади, унга риоя қилишга бефарқ қараб бўлмайди. Чунки, агар келишилмаса, кейин низо чиқиши мумкин. Ислом шариатида эса, низога олиб борадиган иқтисодий муомалалар ножоиз ҳисобланади. 

Аммо, белгиланган нархда маълум йўналиш бўйича юрадиган тарнспорт воситалари учун бу келивуш шарт эмас.


4. Йўловчиларга гўзал муомалада бўлинг, уларни иззат­икром қилинг. Чунки йўловчилар сиз учун меҳмон ҳукмида бўлади. Меҳмонни икром қилиш эса, Ислом шиорларидан, Пайғамбарлар суннатидан саналади. 

Имом Бухорий ва Муслим Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонни икром қилсин», деганлар.

Йўловчиларга гўзал муносабатда бўлиш ‒ уларга очиқ юз билан муомала қилиш, уларга ўз эҳтиромини изҳор қилиш, имкон қадар қулайлик яратиб бериш, саломларига алик олиш, саволларига жавоб бериш, талабларини инобатга олиш, мулойим сўзлаш кабилар билан ифода топади.

Ҳоким Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Салмон Форсий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумонинг ҳузурига кирди, у бир ёстиққа суяниб олган эди. Шунда у болишни Салмонга отди. Салмон: «Аллоҳ ва Расули рост айтмиш», деди. Умар: «Эй Абу Абдуллоҳ, бизга ҳадис айтиб бер», деди. У: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирган эдим, у зот ёстиққа суяниб олган эканлар. Уни менга отдилар­да, сўнгра менга: «Эй Салмон, қайси бир мусулмон бир мусулмон биродарининг ҳузурига кирса, бу уни икром қилиб, улуғлаб, унга ёстиқ берса, Аллоҳ уни мағфират қилади», дедилар».

Йўловчиларга сўз ёки бирор ҳатти­ҳаркат билан озор бериш, уларга миннат маъносида сўзлаш ё шунга ўхшаш тасарруф билан азият етказишдан сақланиш лозим. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонига озор бермасин», дейилган.


5. Машинани тез, қўпол ҳайдаб йўловчиларга азият берманг. Бу, албатта, ҳайдовчига лозим бўлган одоблардан бўлиши билан бирга, йўловчиларнинг ҳақларидан бири ҳисобланади.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг туяларини  бошлаб бораётган хизматчига:

«Эй Анжаша! Оҳиста бўл, шишаларга сарбон бўлганингда!» деган эканлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг нозик табиатли эканларига ишора қилиб, уларни қимматбаҳо шиша идишларга ўхшатмоқдалар.

Демак, ҳайдовчи шахс йўловчиларни уринтирмаслиги, уларнинг жисмоний ҳолатлари, ҳис­туйғуларини ҳисобга олиши, хусусан, аёлларни, қаряларни ниҳоятда эҳтиёт қилиши лозим экан.


6. Йўловчилар билан ахлоқ­одоб доирасида сўзлашинг. Йўловчилар сизнинг ҳамнишинларингиз ҳисобланади, уларни ширин сўзлар билан кўнглини олинг, уларга ортиқча бақириб гапирманг. Хусусан, ота­онангиз билан бирга бўлганда бунга янада хушёр бўлинг.

Буюк тобеин Ибн Сийриннинг шогирди Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Авн айтади: «Муҳаммад ибн Сийрин онасининг ҳузурида бўлганда уни танимаган киши овозининг пастлигидан касал одам деб ўйлар эди».

Абдуллоҳ ибн Авн ўзи бир сафар онаси билан узоқдан туриб гаплашаётиб товуши онасининг овозидан баланд бўлиб кетганида каффороти учун иккита қул озод қилган эди.

Шунингдек, машинангизга чиққан бегона аёлларга нисбатан билан хизматингиз юзасидан зарур бўлган гаплар билан чекланинг, турли беҳуда, нафси ҳаводан келиб чиққан сўзлардан сақланинг. Улар ҳам кимнингдир кўз қорачиғидай асраб­айлаб турган қизи, азиз опа­синглиси, мўътабар волидаси эканини унутманг.


7. Йўловчиларни имкон қадар борар манзилигача етказиб қўйинг. Агар йўловчи билан уни маълум ҳақ эвазига бирор манзилга олиб боришга келишган бўлсангиз, уни айтилган манзилга етказишингиз шарт. Акс ҳолда, келишилган қийматни олишингиз жоиз бўлмайди.


8. Ҳақ эвазига йўловчи олганда ортиқча нарх айтиб уни оринтирманг. Гарчи нарх белгилаш ҳайдовчининг ҳақи бўлса­да, бировнинг оғир вазиятда, зарур ҳолатда қолганидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиб, уни манзилига етказиш учун ортиқча қиммат нарх талаб қилиш яхши эмас. 

Дороқутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишнинг моли кўнгилли ҳолдагина ҳалол бўлади», деганлар.


9. Агар йўловчи маълум ҳақ эвазига олинган бўлса, унинг ҳақ­ҳуқуқларига риоя қилинг. Бу ҳуқуқларни олдиндан келишиб олиш мақсадга мувофиқ. Йўловчининг ҳайдовчи зиммасида қуйидаги ҳақлари бор:

А) Келишилган барча қулайликларни талаб қилиш;

Б) Келишилган қийматни айтилган вақтгача кечиктириш;

В) Ҳайдовчининг спиртлик ичимлик ичишини, сигарет чекишини, беҳуда тўхташини, магнитофон қўйишини тақиқлаш.


Д) Ҳайдовчилик назарияси:


Ҳайдовчи қуйидаги асос тушунчаларни доимо ёдда тутиши лозим.

‒ Аллоҳ инсонни мукаррам қилиб қўйган, Аллоҳ мукаррам қилган зотни икром қилиш мусулмоннинг вазифасидир.

‒ Ҳайдовчи ўзининг ва ўзгаларнинг жонини муҳофаза қилишга масъул.

‒ Ҳайдовчи ўзининг ва ўзгаларнинг молини муҳофаза қилишга масъул.

‒ Мусулмон ҳайдовчи ўзининг динини муҳофаза қилишга, унинг обрў­эътиборини ҳимоя қилишга масъул.

‒ Ислом гўзал ахлоқ ва одобларни тугал этиш учун юборилган.

‒ Ислом озорнинг ҳар қандай кўринишини ҳаром қилган.

‒ Ислом мусулмон кишидан ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини адо этишни талаб қилади.

‒ Йўл ҳаркат қоидалирига риоя қилиш шариъат нуқтаи назаридан вожиб.

‒ Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ожизлик аломати эмас, балки тартиб­интизомли бўлиш, Ислом ахлоқи билан зийнатланишдир.


2. 6. Йўловчиликка доир шартлар, одоб ва аҳкомлар.


Йўловчи ‒ транспорт воситасидаги ҳайдовчидан ташқари шахс. Йўловчиликнинг ҳам ўзига яраша шартлари, одоб-аҳкомлари бор. 

А) Шартлар қуйидагича:

1. Мақсад тўғри бўлиши, гуноҳ­маъсиятни қасд қилмаслик. 

2. Транспорт воситаснинг эгаси ёки унинг ўрнидаги масъул шахснинг рухсати. Бировнинг транспорт воситасига чиқиш, хоҳ ҳақ эвазига бўлсин, хоҳ эвазсиз бўлсин, унинг мулкидан фойдаланиш ҳисобланади. Бировнинг мулкидан истифода қилиш учун мулк эгасининг розилиги шарт. Шу боис, йўловчи бирор транспорт воситасига чиқиши жоиз бўлиши учун унинг эгаси томондан рухсатга эга бўлиши лозим. Бу рухсат хоссатан бўлиши ҳам, умумий бўлиши ҳам, очиқ айтилган бўлиши ҳам, сукут шаклида бўлиши ҳам, ёки умуман олганда рухсатга далолат қилувчи ҳолат тарзида ҳам бўлиши мумкин. 

Жамоат транспортларидан фойдаланиш омманинг ҳаққидир. Бу ҳақни бирор шахсга нисбатан фақатгина давлат ёки унинг бу борадаги масъул вакилликлари чеклаши мумкин, бунда ҳатто ҳайдовчида ҳам дахл қилиш ҳуқуқи йўқ.

3. Унинг транспорт воситасига чиқиши туфайли ҳайдовчига ва бошқа йўловчиларга зарар етмаслиги. Акс ҳолда чиқиши жоиз эмас. 


Б) Йўловчи қуйидаги одоб ва аҳкомларга риоя қилиши лозим:

1. Изн сўрашда тириқлик қилмаслик. Бировнинг транспортига чиқмоқчи бўлган киши, агар изн сўрайдиган бўлса, бир­икки бор изҳор қилиш билан кифояланиши лозим, ортиқча сўраб, машина эгасини ҳижолатга қўймаслиги керак. Чунки унинг шароити ҳар хил бўлиши мумкин. Агар машина эгаси рози бўлмаса, уни мажбурламаслик, ундан хафа бўлмаслик керак.

Аллоҳ таоло бировнинг уйига ундан из сўраб киришга буюрган ва изн бермаса, ортга қайтишни амр қилган. Машина ҳам мулклик, бошпаналик ва бошқа жиҳатлардан худди уйга ўхшайди. Шу боис, бунда ҳам ўша одобга амал қилиш лозим бўлади, дейди уламолар.


2. Жамоат транспортларига чиқишда тартиб­интизомга риоя қилиш. Аввало, транспортни унинг тўхташига қулай жойда, бекатда кутиш керак ва унга чиқишда навбат билан чиқиш лозим. Навбат тартиби, хусусан одам кўп бўлганда, бекатга етиб келиш тартибига кўра бўлади, яъни биринчи келган киши биринчи чиқишга ҳақли ҳисобланади.


3. Транспортга чиқишдан олдин пайабзалнинг тозалигига эътибор бериш ва, имкон бўлса, ўнг оёқ билан, «бисмиллаҳ»ни айтиб чиқиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида ўнг тарафдан бошлашни яхши кўрар ва шунга буюрар эдилар.


4. Транспортдаги ҳайдовчи ва йўловчиларга салом бериш. Чунки, суннатга кўра, кейин келган олдин келганга, озчилик кўпчиликка салом беради.


5. Агар йўловчилар билан қўл бериб кўришиш керак бўлса, имкон қадар икки қўллаб кўришиш ва уларнинг ичида энг ҳурматлисидан, ёши каттасидан бошлаш.

Имом Табаронийлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Катталардан бошланглар», деб айтганлар.


6. Жамоатчилик транспортларида навбатдаги бўш жойга ўтириш, бошқаларни безовта қилмаслик. Чунки ўрин, агар белгиланган жой бўлмаса, биринчи келган кишининг ҳаққи ҳисобланади. Бировнинг ҳаққини тортиб олиш мумкин эмас, фақат жой эгаси кўнгилли бўлиб, ўз ўрнини бўшатса, у ҳолда жоиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз бирор кишини ўтирган ўрнидан тургизиб, ўзи ўтириб олмасин. Лекин, сиғишинглар, жой беринглар», дедилар». 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳумо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда ҳар биримиз ўтириш етиб келган жойга ўтирар эди», деганлар.

Агар йўлда бирор сабаб билан йўловчилар тушиб, яна қайта чиқадиган бўлсалар, ҳар ким ўз жойига ҳақдор ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ўтирган ўрнидан туриб, сўнг яна қайтиб келса, у жойга ўзи энг ҳақлидир», деганлар. 


7. Транспортга минганда ўқиладиган дуоларни ўқиш. Бу дуолар ҳайдовчиликка доир одоб ва аҳкомларнинг иккинчи бандида ўтди. Бу маънода йўловчи билан ҳайдовчи баробардир.

«Бисмиллаʹҳ. Алҳамду лиллаʹҳ. Субҳаналлазиʹ саххоро ланаʹ ҳаʹза вамаʹ куннаʹ лаҳуʹ муқриниʹна ва иннаʹ илаʹ Роббинаʹ ламунқолибуʹн. Алҳамду лиллаʹҳ, Алҳамду лиллаʹҳ, Алҳамду лиллаʹҳ. Аллоʹҳу акбар, Аллоʹҳу акбар, Аллоʹҳу акбар. Субҳаʹнака, инниʹ золамту нафси фағфирлиʹ фаиннаҳуʹ лаʹ йағфируззунуʹба иллаʹ анта». 

Аллоʹҳумма инниʹ ас‘алука фиʹ ҳаʹзас-сафари ал-бирро ваттақваʹ ва минал­ъамали маʹ тарзоʹ. Аллоʹҳумма ҳаввин ъалайнаʹ сафаронаʹ ҳаʹзаʹ ватви ъаннаʹ буъдаҳ».

 (Дуонинг маъноси юқорида ўтган).


8. Бировнинг машинасига чиққанда эгасининг изнисиз унинг ғаладон ва чўнтакларини титкиламаслик. Чунки, бу бировнинг уйига пардаси ортидан мўралашга ўхшайди. 


9. Тозаликка риоя қилиш. Бировнинг транспортини ифлос қилиш худди ўзи меҳмон бўлиб борган хонадонни ахлат билан булғаган билан баббаробардир. Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймондандир», деганлар.


10. Зарар етказмаслик. Ҳар қандай йўловчи ўзи чиққан транспорт воситасига нисбатан қасддан зиён келтирмаслиги вожиб. Хусусан, оммавий транспортларарда унинг ички жиҳозларини эҳтиёт қилиш йўловчининг шаръий бурчи ҳисобланади. Бордию, қасддан ёки бепарволик билан бирор зарар етказгудек бўлса, уни тўлаб бериши лозим бўлади. 


11. Автобус ва шу каби жамоат транспортларида, шунингдек, шахсий машиналарда ўзидан кўра ўтиришга ҳақли кишиларга имкон қадар жой беришга ҳаракат қилиш. Хусусан, ногиронларга, заифҳол кишиларга, аёллар ва болаларга шафқат қилиш керак.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг шарафини билмаган биздан эмас», деганлар.

Ҳа, катталарга, илмли ва раҳбар одамларга жой бериш, уларни олдинги ўриндиқларга ўтиргизиш, уларнинг эҳтиромларини жойига қўйиш ҳам Ислом одобларидан ҳисобланади.

Имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни ўз ўринларига ўтиргизинглар», деганлар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Ёшдаги катталикни улуғла», дейилган.


12. Агар бирортаси ёнига сиғишиб олишни сўраса, имкон бўлса, унга жой бериш. Бу ҳам Исломдаги мажлис одобларидан саналади.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда жой беринг, дейилса, бас, жой беринг, Аллоҳ сизларга ҳам жой берадир. Агар туринг дейилса, турингки, Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илмга берилганларни даражаларга кўтарур. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир» (Мужодала, 11).


13. Икки кишининг ўртасига тиқилмаслик. Чунки уларнинг бир­бирларига гапи бўлиши, суҳбатлашиб кетишни истётган бўлишлари мумкин.

Усом ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир одамга икки киши ўртасини уларнинг изнисиз айириши ҳалол эмас», дедилар. 

Имом Абу Довуд ривоятида: «Икки кишининг ўртасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди», дейилган.


14. Агар биров ўтириш учун ёнидан жой берса, уни сиқиб қўймаслик.

Қози Абу Бакр Ибн ал­Арабий айтади: «Баъзи ҳакимлар шундай деган: «Икки киши золимдир: ўзига нисиҳат ҳадя қилинса, уни гуноҳ деб қабул қилган киши; тор жойдан ўрин берилганда чордана қуриб ўтириб олган киши».


15. Аллоҳнниг зикрида бўлиш. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бир қавм бирор жойда ўтирса­ю, унда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилмаса, бу унга бир чандиқ – нуқсон бўлиб тушади», дедилар. 

Имом Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бир қавм бирор жойда ўтирса­ю, унда Аллоҳни зикр қилмай тарқаладиган бўлишса, улар худди эшакнинг ўлимтиги устидан турган бўладилар ва бу улар учун Қиёматда ҳасрат бўлади», деганлар.


16. Бировларнинг сирли суҳбатига қулоқ солмаслик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким унинг эшитишини ёқтирмаган кишиларнинг гапини тингласа, Қиёмат куни унинг икки қулоғига қўрғошин қуйилади», деганлар.


17. Агар тарнспорт воситасидаги кишилар уч кишидан иборат бўлса, улардан икки киши ўзаро сирли суҳбат қурмаслиги.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки киши бир кишин қўйиб пичирлашмасин. Чунки, бу мўминга озор беради. Аллоҳ азза ва жалла мўминга озор етишини ёқтирмайди », деганлар».


18. Беҳуда гаплардан тийилиш. Беҳуда, фойдасиз гапларни гапириш ҳам бошқа йўловчиларга озор беради. Хусусан, ғийбату бўҳтон гаплар, турли миш­мишларни гапириш мутлақо мумкин эмас.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз айтсин ёки тек турсин», деганлар.


19. Гапирганда керагидан ортиқча овозни кўтармаслик. Чунки, бу тингловчиларга, бошқа йўловчиларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади ва уларга азият етказади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Луқмон сурасида: «...ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир», деган.

Буюк қироат имомларидан бири имом Осим айтади: «Умар ибн Абдулазизнинг олдига кирган эдим. Унинг ҳузурида бир киши гапира туриб, овозини баланд кўтарди. Шунда Умар: «Бас, тўхта! Кишига биродари ёки ҳамнишини эшитадиган даражада гапириши кифоядир», деди».


20. Ҳайдовчи ва йўловчиларга яхши муомалада бўлиш, қўлдан келса, уларга яхшилик қилиш. 

Аллоҳ таоло Қуръони Карим «ёндаги соҳиб»га яхшилик қилишга буюрган. Кўпчилик муфассирларимиз уни «ҳамроҳ» деб тафсир қилганлар.

Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: «У муқимликдаги ҳамнишининг, сафардаги ҳамроҳингдир», деган.

Ҳамроҳ йўловчилар мажлисдош, қўшни ҳукмида бўлади. Улар билан дўстона муносабатда бўлиш ҳам айни одобдир.

Имом Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мўмин дўстлашади, дўстлашмайдиган ва дўст бўлмайдиган одамда яхшилик йўқ», деганлар.


21. Ҳамроҳининг гапини эътибор билан тинглаш. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Менинг учун энг ардоқли шахс суҳбатдошимдир. Унинг юзига пашша қўнса ҳам, менга озор беради», деганлар. 

Иброҳим ибн Жунайд айтади: «Бир ҳаким ўз ўғлига: «Эй ўғлим, яхши гапиришни ўрганганингдек, яхши тинглашни ҳам ўрган. Яхши тинглаш бу ‒ сўзловчига то у ўз сўзини тугатгунича муҳлат беришинг, унга юзланиб, унга боқиб туришинг, ўзинг билган гапда унга қўшилмай туришингдир», дер экан».

Буюк тобеий Ато ибн Рабоҳ: «Бир йигит келиб менга бир гапни айтади, мен уни худди олдин эшитмагандек тинглайман, ҳолбуки, мен уни анави йигит туғилишидан олдин эшитган бўламан», деган эди.

Холид ибн Сафвон айтади: «Агар биров сен эшитган гапни гапираётганини ёки сен билган хабарни айтаётганини кўрсанг, ёнингдагиларга ўзингнинг уни олдиндан билишингни билдириб қўйишга интилиб, унга қўшилмагин. Чунки, бу сен томонингдан енгилтаклик ва ёмон одоб бўлади».

Тинглаш одобларидан бири сўзловчининг гапини бўлмасликдир. Сўзловчининг бирор гапини тушунмай қолган киши унинг сўзини бўлмай, гапни тугатгандан сўнг одоб билан ўзи тушунмай қолган жойини сўраши керак. Агар бордию, ҳамроҳ бирор ножўя сўз айтса, миш­миш ёки ғийбат гап гапирса, уни мулойимлик билан тўхтатиш ва сўзини тўғрилаб қўйиш лозим. 


22. Манзилга етиб борганда ҳайдовчига, гарчи унга хизмати учун ҳақ берган бўлса ҳам, ташаккур айтиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қилмабди», деганлар.


23. Транспортдан тушишда салом бериб, ўнг оёқ билан тушиш. Манзилга етиб келгач, қолган йўловчиларга салом бериб, кейин тушиш ҳам одобдан саналади. Бу улар билан хайрлашиш ўрнига ҳам ўтади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз бир ўтиришга етиб келса, салом берсин, кейин турмоқчи бўлганда ҳам салом берсин. Биринчиси иккинчисидан кўра ҳақли эмас», дедилар». 


Йўловчи аёллар юқоридагиларга қўшимча сифатида қуйидаги кўрсатмаларга ҳам алоҳида эътибор беришлари лозим:

1. Бегона эркак киши билан машинада ёлғиз кетмаслик. Аёл киши бирор бегона машинага чиқадиган бўлса, имкон қадар ўзининг бирор маҳрами билан ёки бирор ҳамроҳ аёл билан, ҳеч бўлмаса, уларнинг ўрнини боса оладиган ақли тўлган ёш бола билан бирга бўлиши лозим. Чунки, аёл кишининг бегона эркак билан бир машинада ёлғиз кетиши кўплаб кўнгилсизликларга олиб бориши эҳтимоли кучли. Гарчи улар одамлар назаридан бир йўла яширин бўлмаган тақдирда ҳам, уларнинг овози бошқалардан махфий. Бинобарин, уларнинг ораларига шайтон оралаб, кўнгиллари бузилиши мумкин. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор аёл бегона эркак билан холи қолмасин, акс ҳолда, учунчиси шайтон бўлади», деганлар. Хусусан, мана шу ҳолатда шаҳардан ташқарига чиқишдан уламолар қаттиқ қайтарганлар.

Ушбу кўрсатмага амал қилмаслик натижасида кўплаб оилаларга гумон ва ташвиш оралаётгани, ҳатто, кўпчилик оилалар бузилаётгани ҳеч кимга сир эмас. 


2. Ҳайдовчи ёки бирор бегона эркак билан гаплашишга тўғри келиб қолса, одоб­алоқ асосида, аёллик латофатини ишга солмай, иложи бўлса, бироз дағалроқ суратда сўзлаш ва керакли даражада гапириш. Акс ҳолда, эркакнинг майли қўзғалиши, кўнгли бузилиши, натижада, гап отишга, тегажонлик қилишга ўтиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, аёлларга нисбатан тажовузлар кўпроқ мана шу каби вазиятларда кузатилган.


3. Бегона эркаклар билан иложи борича бирга ўтирмаслик, улардан ўзини эҳтиёт қилиш. Агар аёл киши бироз ўзини тортиб, иффатини ҳимоя қилишини сездириб турса, ахлоқсиз кишилар ҳам уларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлишга журъат эта олмайди. Бу, албатта, аввало аёл кишининг ўзи учун, қолаверса, бутун жамият учун фақат фойда бўлади.


В) Кирага доир ҳукмлар:

Кира машинага чиқиш, шунингдек, белгиланган йўналишдаги жамоат транспортларидан фойдаланиш бировнинг меҳнатини ижарага сотиб олиш ҳисобланади. Шариатимизда бу борада етарли маълумотлар баён қилинган. Маълум ҳақ эвазига бировнинг машинасига чиққан киши юқорида айтиб ўтилган йўловчилик одобларига қўшимча равишда, яна бир қанча кўрсатмаларга амал қилиши керак.

1. Бормоқчи бўлган манзилини аниқ айтиши. Кира машинага чиқмоқчи бўлган киши борадиган манзилини аниқ қилиб, тўғрисини айтиши керак. Акс ҳолда, кейин низо чиқиши мумкин.

Маълум йўналишдаги транспортларга чиққанда унинг йўналишини аниқ билиб олиш керак. Агар киши бунга эътибор бермай чиқса­ю, кейин унинг йўналиши ўзи бормоқчи бўлган манзилига олиб бормаслигини билса, ҳеч бир эътирозсиз, белгиланган ҳақни бериши лозим. 


2. Хизмат ҳақини келишиб олиши. Кира машинага чиқмоқчи бўлган киши айтилган манзилга олиб бориш хизмат ҳақини ҳам очиқ­ойдин қилиб тайнлаб олиши лозим. Акс ҳолда, келишув дуруст бўлмайди. Ушбу қоидага амал қилмаслик натижасида кўпинча уруш­жанжаллар, келишмовчиликлар келиб чиши ҳаммага маълум.

Аммо белгиланган йўналишда маълум нархда юрадиган жамоат транспортларида бу келишув шарт эмас. Фақат, йўловчи ўзи учун буни аниқ билиб олиши керак.


3. Хизмат ҳақининг қайси пул бирлиги бўлишини ва қачон берилишини келишиб олиши. Бу, албатта, ушбу келишувга эҳтиёж бўлган пайтда керак бўлади. Умумий ҳолатларда эса, урфда қайси пул бирлиги қачон бериладиган бўлса, шунга кўра иш кўрилаверади.


Қўшимча:

Кема ёки самолётга чиққан ҳайдовчи ва йўловчилар юқорида ўтган улов минганда ўқиладиган дуоларга қўшимча қилиб, қуйидаги дуоларни ҳам ўқиши мустаҳаб:

«Бисмиллаʹҳи мажроʹҳаʹ ва мурсаʹҳаʹ. Инна роббиʹ лағофурур-роҳиʹм».

Маъноси: «Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг номи ила. Албатта, Роббим Ғофур ва Роҳиймдир».

Кеманзилга етиб келиб қўнилганда қуйидаги дуони ўқилади:

«Робби анзилниʹ мунзалан мубаʹрокан ва анта хойрул-мунизилиʹн».

Маъноси: «Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен Ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан».

Бу икки дуони Нуҳ алайҳиссалом кемага минганларида ва ундан тушишларида ўқиганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Ҳуд ва Муъминун сураларида зикр қилинган. Уламолар ушбу оятларга эргашиш, улардан ибрат олиш мазкур ўринларда ушбу дуоларни ўқиш билан юзага чиқади, дейдилар.


III. БОБ. йўл-транспорт ҳодисалари.
3. 1. Йўл-транспорт ҳодисалари муаммоси.


Йўл­транспорт ҳодисаси ‒ транспорт воситасининг йўлдаги қатнови жараёнида содир бўлиб, одамларнинг ўлими ёки уларнинг соғлигига зарар етишига, шунингдек, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланишига ёки бошқа тарздаги моддий зарарларга сабаб бўладиган ҳодиса.  

1896 йилнинг 30 майида Генри Уэллс ўзининг электромобилида велосипедида кетаётган Эвелин Томасни уриб юборади. Бу инсоният тарихидаги илк автоҳалокат эди. Велосипедчи жиддий зарар кўрмади. Орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтиб, йўл­транспорт ҳодисаси ва ҳалокатга сабаб бўладиган вазиятлар рўйхати шаклланди. 

Йўл­транспорт ҳодисаси жуда ҳам мудҳиш, ачинарли манзара бўлиб, истаймизми йўқми, ҳаётда рўй бериб турадиган ҳолатдир. Бунга йўл­транспорт ҳодисаси олдини олишга қаратилган хавфсизликни таъминлаш имконияти етарли эмаслиги, қатнов йўлларининг яроқсизлиги, автомобиллар сонининг ортгани ва уларнинг носозлиги, ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига риоя қилмаслиги каби омиллар сабаб бўлади.

Йўл­транспорт ҳодисаси хавфсизлигини таъминлашга қаратилган турли чора­тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, жаҳон бўйлаб йўл­транспорт ҳалокати сони ортиб бормоқда. Ҳар йили дунёда йўл­транспорт ҳодисаларида тахминан 1,3 млн. киши ҳалок бўлади, 30­50 млн. одам жароҳат олади ёки ногирон бўлиб қолади. Уларнинг катта қисми 15­40 ёшдаги одамлардир. Тадқиқотлар хулосаларига кўра, йўл­транспорт ҳодисаларида талофат кўрганларнинг 80 фоизини эркаклар ташкил қилар экан.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудига аъзо давлатларда йилига 120 минг киши йўл-транспорт ҳодисаси сабабли ҳаётдан кўз юмади. Шуларнинг 50 мингга яқини пиёдалар, мотоциклчилар ва велосипедчилардир.

Кўрфаз Ҳамкорлик Кенгаши давлатларида 1429 ҳижрий сана ичида йўл-транспорт ҳодисалари сабабидан 9049 киши вафот этган, 64189 нафари турли шаклда жароҳат олган. 

2010 йилнинг 11 ойи мобайнида республикамизда 9657 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улар оқибатида 1945 нафар киши ҳалок бўлгани ва 10406 нафари турли даражада жароҳатлангани қайд этилган.  Мазкур ҳодисаларнинг 1647 таси болалар билан боғлиқ бўлиб, уларда 219 нафар бола ҳалок бўлган ва 1511 нафари турли кўринишдаги тан жароҳати олган.

2011 йилнинг ўн ойи двомида мамлакатимизда 8558та йўл­транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган бўлиб, уларда 1758 одам ҳалок бўлган ва 9062 нафари тан жароҳати олган. 

Бу рақамларни айтиш осондек, лекин бу фалокатлар туфайли қанча инсонлар озор топаётгани, оилалар азият чекаётгани, қанчадан қанча болалар етим қолаётганини тасаввур қилинса, йўл-транспорт ҳодисалари қанчалар катта муаммога айланганини англаш мумкин.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг жамиятга бўлган иқтисодий зарарлари ҳам жуда катта. Улар оқибатида юз берган ўлим ва жароҳатланиш билан боғлиқ ҳаражатлар давлатларнинг миллий даромадига кўра, ялпи миллий махсулотнинг 1­4 фоизини ташкил этади. Бу уруш ва табиий офатлар етказган талофат кўрсатгичидан ҳам баланд ҳисобланади.

Текширувларга кўра, бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаларига тезликнинг оширилиши, спиртли ичимликлар, уяли телефонда гаплашиш, транспорт воситалари ва мосламаларининг хавфсизликни таъминловчи техник кўриги дастурининг (яъни хавфсизлик камарлари, болалар ўриндиқлари) йўқлиги  асосий сабаблар сифатида кўрсатилган. 

Мисол учун, 2011 йилнинг ўн ойи давомида республикамизда маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқарганлик оқибатида 241 йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, бунинг оқибатида 63 киши ҳалок бўлган ва 264 киши турли даражада жароҳатланган. 


3. 2. Ислом шариатида йўл-транспорт ҳодисаларига муносабат.


Йўл-транспорт ҳодисаси бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлиб, унга Ислом нуқтаи назаридан ёндашиш алоҳида аҳамият касб этади. Исломда бу каби ҳодисаларни фиқҳ илми ўрганади ва уларни Қуръону Суннатга, ҳамда улардан хулоса қилиб олинган фиқҳий қоидаларга асосланган ҳолда муолажа қилади.

Ислом дини кишиларга адолат ва омонлик кафолатини бериш баробарида, уларга дахлдор масалаларни хал қилиш учун керакли асос ва қоидаларни жорий қилган. Ана ўша асос ва қоидаларга таянган ҳолда фуқаҳолар барча замонларда ўз даврларида мавжуд бўлган ҳолатларга шаръий ечим топишга муваффақ бўлганлар. Агар биз ушбу мавзуга доир масалаларни қадимги фиқҳий манбалардан истайдиган бўлсак, уларни қасос олиш ва товон тўлаш бобларида ўрганилганини топамиз. Ўтган фақиҳларимиз ‒ Аллоҳ уларни раҳматига олсин ‒ бу борада ҳам ўзларининг ҳимматларини кўрсатганлар, ўз даврларидаги йўл ҳодисаларини чуқур ўрганиб, етарлича таҳлил қилиб, Қуръон ва Суннатга таянган ҳолда фиқҳий қоидалар ишлаб чиққанлар ва улар асосида ҳатто ўзлари бўлиши мумкин деб билган ҳодисаларга ҳам шаръий ечимларни баён қилганлар. Фиқҳ илмида бу боб фуқаҳолар энг оз ихтилоф қилган мавзу ҳисобланади.

Табиийки, қадимги фуқаҳолар даврида поезд, самолёт, автомашиналар каби воситалар бўлмагани учун, улар ўз замоналарида мавжуд бўлган нақлиёт воситалари ‒ миниладиган ҳайвонлар, аравалар, кемалар каби воситаларга боғлиқ ҳодисаларни баён қилганлар. Бироқ, уларнинг бу борда қилган тадқиқотлари ва хулосалари ҳозирда мавжуд бўлган ҳамда янги пайдо бўладиган ҳар қандай йўл ҳаракати ҳодисалари юзасидан шаръий ечим топишга асос бўла олади, уларга ўша фатволарни татбиқ этиш имконини беради. Улар ўз фатволарида шаръий ҳукмларни йўл ҳодисаларига қандай жорий этилишини ҳам кўрсатиб берганлар. Бугунги кунда фақиҳлар олдида турган вазифа ‒ ўша асарларни яхшилаб ўрганиб, ҳозирги ҳаётга татбиқ этиш, холос. 

Йўл­тарнспорт ҳодисаси ўз табиатига кўра анча мураккабдир. Бугунги кунда унинг суратлари ва ҳолатлари турли­туман бўлиб кетган. Уларга шаръий ечим топиш юқори даражадаги синчиковлик ва чуқур тадқиқот талаб қилади. Замонавий транспорт воситалари қадимги нақлиёт воситаларидан нималарда фарқ қилиши, ҳозирги йўл ҳаракати қоидалари билан олдинги низомлар орсидаги тафовутларни яхши англаб етиш лозим. Ҳар бир йўл ҳодисасига алоҳида ёндашиш энг муҳим аҳамиятга эга.

Фуқаҳолар йўл ҳодисалари хусусида шаръий ҳукмларни чиқаришда бир нечта фиқҳий қоидаларга асосланганлар. Уларнинг асосийлари қуйидагилар:


I. Зарарни тўлаб бериш.

Уламолар Ислом шариатида бировга етказилган зарарни тўлаш, талофатнинг ўрнини тўлдириш вожиблигини бир қанча оят ва ҳадислардан хулоса қилиб чиқарганлар. Биз улардан айримларини эслаб ўтиш билан кифояланамиз.

Қуръони Каримдан далил сифатида келтирилган энг ёрқин далил Анбиё сурасидаги қуйидаги оятдир: 

«Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда у(экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик.

Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик» (78-79-оятлар).

Бу оятдаги қисса ҳақида муфассирлар кўплаб ривоятлар келтирганлар, уларнинг хулосаси қуйидагича:

Икки киши Довуд алайҳиссаломнинг олдиларига жанжаллашиб киришди, бири деҳқон, иккинчиси чўпон эди. Деҳқон: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, мана бунинг қўйлари менинг экинларимни пайҳон қилди, ҳеч нарсани қолдирмади», деб шикоят қилди. Довуд алайҳиссалом экиннинг эвазига чўпоннинг қўйларини тўлов этиб ҳукм қилдилар. Улар қайтиб кетишаётган эди, Сулаймон алайҳиссаломни учратиб қолишди ва бўлган воқеани у кишига айтишди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг олдига кириб, қилинган ҳукмга эътирозлари борлигини ва бунинг ечими бошқача бўлишини айтдилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлади?», дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Чўпон қўйларини деҳқонга беради, у улардан фойдаланиб туради. Ўзи эса экинзорни олдин қандай бўлса, шу ҳолга келтириб беради. Кейин уни деҳқонга топшириб, ўзининг қўйларини қайтариб олади», дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен айтгандекдир, эй Сулаймон», деб, ўғилнинг ҳукмини маъқулладилар.

Ҳар икки пайғамбар ҳам зарарни тўлашга ҳукм қилган, фақат Сулаймон алайҳиссаломинг ҳукмлари адолатга яқинроқ эди. Шу боис, оятда у кишининг ҳукмлари маъқуллаб мақталяпти. Бу эса келтирилган зарарни тўлаб бериш вожиблигига далолат қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зарар етказиш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ», дедилар».

Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган.

Нўъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким бир ҳайвонни мусулмонларнинг йўлларидан бирига ёки бозорлардан бирортасига тўхтатса ва (ҳайвон бирор нарсани) қўли ёки оёқлари билан босса, эгаси тўловга масъулдир».

Ислом шариатида қасос ва хун ҳақидаги масалалар ҳам бировга етказилган зарарни зарар келтирувчи томон тўлаши лозимлиги асосида жорий қилинган. Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида бу масалалар атрофлича баён қилнган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиб берганлар ва у зотдан бу борада ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ислом уммати бу хусусда, яъни зарарни тўлаш лозимлиги ҳақида саҳобалар давридан бери якдил фикрда бўлиб келган. Буларнинг ҳаммаси бировнинг жони ёки молига зарар етказган одам унинг товонини тўлаши вожиб эканига далолат қилади.


II. Омманинг йўлидан ўтиш саломатлик шарти ила мубоҳдир.

Йўл омманинг мулки бўлиб, ундан фойдаланишга ҳар бир инсон ҳақли. Лекин бу ҳақдан фойдаланишнинг шарти ‒ бошқаларга зарар келтирмасликдир. Бунинг учун йўл юрувчи шахс ўз имконият доирасида керакли эҳтиёт чораларини кўриши лозим. Мисол учун, ўзи миниб олган ҳайвоннинг олди оёқлари, боши ёки оғзи билан бировга зиён келтирилишига йўл қўймаслиги, машинанинг техник носозлиги сабабли бировга зарар етишининг олдини олиши лозим. Аммо сақланишнинг имкони йўқ нарсаларда бу шарт қўйилмайди. Масалан, ҳайвоннинг орқа оёғи билан бировни тепиши, думи билан уриши, беҳуш бўлиб йиқилиш ёки табиий офат туфайли бировга зиён келтириш каби ҳолатларда инсон зиённи тўлашга масъул бўлмайди.


III. Зарарни мубошир тўлайди, гарчи ҳаддан тажовуз қилган бўлмаса ҳам.

Ислом фиқҳида қасос ва товон масаларида қабул қилинган атамалардан бири мубошир ва сабабчидир. Мубошир ҳодисага бевосита сабаб бўлган кишидир. Фиқҳий таърифда «Мубошир шундай кишики, талофат унинг ҳатти­ҳаракати билан содир бўлиб, айни вақта унинг феъли билан талофат орасига бошқа томоннинг ихтиёрли феъли кирмаган бўлади». Сабабчи эса ҳодисага билвосита, мубошир воситасида сабаб бўлган киши ҳисобланади. Унинг фиқҳий таърифи «Талофат унинг феъли ила ҳосил бўлиб, феъли билан талофат ўртасида ихтиёрий феъл бўлган одамдир».

Мисол учун, бир киши от миниб кетаётган эди, биров унинг отини ҳуркитиб юборди. Натижада от сакраб, кимнидир ўлдириб қўйди. Шунда от минган одам мубошир, отни ҳуркитган киши эса сабабчи ҳисобланади. Чунки зарарда бевосита таъсир ўтказган киши от минган одам, ҳодисанинг содир бўлишига сабаб эса отни ҳуркитган кишидир. Отнинг сакраши ихтиёрсиз феъл, уни минган кишининг уловни бошқариши ихтиёрий феълдир.

«Зарарни мубошир тўлайди, гарчи чегарадан чиққан бўлмаса ҳам» дегани зарарга бевосита алоқадор киши, гарчи зарар келтиришдаги феъли аслида унинг ҳуқуқ чегараси ичидаги иш бўлса ҳам, зарарни тўлайди деганидир.

Мисол учун, ухлаётган одам юмалаб бир болани босиб ўлдириб қўйса, гарчи ухлаш ва уйқуда юмалаш унинг ўз ҳуқуқидан бўлса ҳам, бу ишдан у шаръан қайтарилган бўлмаса ҳам, боланинг товонини тўлайди.

Шунга кўра, ҳайдовчи бировга шикаст етказса, гарчи у буни қасддан, айтайлаб қилган бўлмаса ҳам, унинг зарарини тўлайди.

Аммо, мубошир билан талофат ўртасида унинг ихтиёридан ташқари иш аралашса, у ҳолда мубошир тўловга масъул бўлмайди. Бу ҳақда Ширбиний Хатиб раҳимаҳуллоҳу қуйдагиларни ёзади:

«Ҳайвон йиқилиб ўлиб, у туфайли бир нарсага талофат етса, тўлаб берилмайди. Шунингдек, минувчининг ўзи ўлиб, йиқилиб бир нарсага талофат етказса ҳам тўлаб бериш йўқ. Заркаший айтадики, ҳайвоннинг ўлиб йиқилишига касал бўлиб йиқилши ёки қаттиқ шамол туриб йиқилишини ҳам қўшса бўлади».

Муҳаммад Тақий Усмоний бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:

«Фуқаҳолар иттифоқ қилишганки, кема бошқарувчилари агар кемани бошқаришда нуқсонга йўл қўймаган бўлсалар, кемада талофатга учраган нарсаларга тўламайдилар. Чунки елканли кемаларни бошқаришда ҳамма тарафи денгизчиларни қўлида бўлмайди. Балки, кеманинг у ён бу ёнга сурилишида шамолнинг ўрни катта бўлади. Шамол ғолиб келиб талофат юзага келадиган бўлса, у талофатни кемачиларга нисбат бериб бўлмайди. Чунки улардан бевосита зарар етказиш содир бўлмаган бўлади».

Демак, машина агар ҳайдовчининг айбисиз бирдан ишдан чиқиб, бориб бирортасини урса ёки юмалаб кетиб, бирор нарсага зиён етказса, ҳайдовчи тўловга масъул бўлмайди. Чунки, ҳайдовчи машинанинг техник яроқлилигини тўла таъминлаган эди, шунингдек, у бошқарувда ҳам хато ёки бепарволикка йўл қўймади. 


IV. Сабабчи, агар чегарадан тажовуз қилса, тўлаб беради.

Сабабчи ҳодисага тўла сабаб бўлган шахс, агар унинг сабабчилиги бўлмаганида, ҳодиса рўй бермас эди. Шу боис, у зарарни тўлашга масъул бўлади. Фақат, бунинг учун сабабчи чегарадан чиққан бўлиши, яъни шариатда қайтарилган ишга қўл урган бўлиши шарт.

Мисол учун, бир киши ўз ҳовлисига қудуқ қазиди. Кейин биров шу қудуққа тушиб ўлди ёки шикастланди. Қудуқ қазиган киши унга талофат етишига сабаб бўлди. Аммо у қудуқни ўз мулки ичида қизиган эди, бунга унинг ҳаққи бор. Шу боис, у ҳалиги одамнинг талофатига кўринишда сабаб бўлса ҳам, унга масъул бўлмайди. Бироқ, қудуқни кўчага қазиган бўлса, у ҳолда, етказилган зарарга масъул бўлади. Чунки кўча омманинг мулки, унда қудуқ қазиши мумкин эмас эди, аммо у чегарадан чиқди, шунинг учун, зарарга масъул бўлди.

Бурҳониддин Марғилони «Ҳидоя»да шундай дейди: «Бир киши уловини миниб йўлда кетаётган эди. Биров унинг уловини урди ёки ниқтади. Улов бир одамни босди ёки олд оёғи билан тепди ёки ўлдириб қўйди. Шунда тўлов отни ниқтаган кишининг зиммасида бўлади, минувчининг эмас». 

Агар бир киши ўз машинасида чорраҳада пиёдаларга йўл бериб тўхтаб турган бўлса, орқадан бошқа бир ҳайдовчи келиб, унинг орқасидан урса ва унинг зарбидан олдидаги машина кимгадир талофат етказса, айб орқадан келиб урган ҳайдовчида бўлади ва у зарарни тўлашга масъул бўлади.


V. Агар мубошир билан сабабчи бир бўлиб қолса, ҳукм мубоширга нисбат берилади.

Агар бир ҳодисанинг содир бўлишида мубошир ҳам, сабабчи ҳам иштирок этган бўлса, айб мубоширга юклатилади. Мисол учун, бир киши қудуқ қазиди. Кейин биров бир қимматабаҳо нарсани қудуққа отган эди, тушиб парчаланиб кетди. Бунда қудуқ қазиган сабабчи, отган одам мубошир ҳисобланади ва айб мубоширга юклатилади.

Аммо бу қоидадан бир нечта ҳолатлар истисно қилинади. Уларнинг мавзуйимизга доирлари иккитадир:

1. Сабабчининг таъсири мубоширнинг таъсиридан кучли бўлса, у ҳолда тўлов масъулияти сабабчига юклатилади. 

Мисол учун, биров бир одамни кимнидир ўлдиришга мажбур қилса, мажбурланувчи уни ўлдирса, айб сабабчи ‒ мажбурловчига юклатилади, мубошир ‒ мажбурланганга эмас. Бунда мажбурланувчи гўё мажбурловчи қўлидаги асбоб каби бўлади. Бу ҳақда имом Косоний «Бадоеъ»да шундай деган:

«Аммо, бировни ўлдиришга мажбурланган одам, агар мажбурлаш тўла бўлган бўлса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммадлар наздида ундан қасос олинмайди, лекин унга таъзир берилади. Қасос мажбурловчи зиммазига лозим бўлади».

2. Агар сабабчи чегарадан тажовуз қилиб, мубошир тажовуз қилмаган бўлса, бу ҳолда ҳам тўлов масъулияти сабабчига тушади.

Бағдодий бу ҳақда қуйидаги масалани айтади:

«Бир кийимфуруш ҳайвонини йўлга тўхтатиб қўйди, унинг устида кийимлар бор эди. Бир улов минган одам уни босиб, ҳайвон устидаги айрим кийимларни йиртиб юборди? Абу Бакр Балхий айтадики: «Агар улов минган одам ҳалиги турган ҳайвонни кўрган бўлса, уни тўлайди, бордию кўрмаган бўлса, тўламайди. Агар бир киши ерда ётган кийимни кўрмай босиб юборса, натижада кийим йиртилса, босган уни тўламайди».

Бунда кийимфуруш кийимларнинг йиртилишига сабабчи шахсдир ва у чегарадан тажовуз қилгандир, чунки у ҳайвонини йўлга тўхтатди. Улов минган одам эса мубошир бўлиб, агар у ҳайвоннинг турганини кўрмаган бўлса, чегарадан тажовуз қилмаган бўлади, бинобарин, тўловга масъул бўлмайди ва кийимни йиртганлик айби сабабчи ‒ кийимфурушга нисбат берилади. У худди ўз кийимларини ўзи йиртгандек бўлади. Агар ҳалиги улов минган одам ҳайвонинг турганини кўрган бўлса, у ҳолда, у тажовуз қилган бўлади ва зарарни тўлайди. Зотан, сабабчи билан мубоширнинг тажовузи бир жойда топилса, тўлов мубоширга юклатилади. Кўчада ётган кийимнинг ҳукми ҳам шунга ўхшаш.

Юқорида ўтган маълумотлардан Ислом шариатининг қанчалар мукаммал эканини, унинг ҳақиқатан ҳам барча замон ва маконларга яроқли эканини англаш мумкин. Шу билан бирга, фуқаҳоларимиз ҳаётнинг барча жабаҳаларини икир­чикир масалаларигача ўрганиб, уларга Қуръон ва Суннат асосида, ушбу икки манбадан хулоса қилиб олинган қоидалар асосида муолажа қилиб, шаръий ечим топганларини ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, инсофли тадқиқотчилар томонидан Ислом ҳуқуқшунослиги замонавий қонунчиликка асос бўлганини эътироф этилиши бежиз эмаслигини ҳам тушуниш қийин эмас.

Фуқаҳоларимиз йўл ҳодисаларини бирма­бир ўрганиб, уларнинг ҳар бирига керакли фатволарни берганлар. Аммо Ислом шариатининг ушбу мавзуга бўлган муносабатини билиш учун мана шу маълумотларнинг ўзи етарли бўлса керак.

Мазкур шаръий қоидалар ва асосларга таянган ҳолда замонамиз уламолари йўл­транспорт ҳодислари хусусида бир қанча қарорлар қабул қилганлар. Қуйида сиз уларнинг асосийлари билан танишасиз.


Ислом Конфренцияси Ташкилоти қошидаги Ислом Фиқҳи Академиясининг қарори


Ислом Конфренцияси Ташкилоти қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси, мазкур шаръий қоидаларга асосланган ҳолда, ўзининг 1414 сана Муҳаррам ойининг 1­7 (1993, 21­27 июн) кунлари Буруней Доруссаломда бўлиб ўтган 8­мажлисида қуйидагича қарор қилади: 

II. Транспортлар ҳаракати натижасида келиб чиқадиган ҳодисаларда, гарчи аксар ҳолларда улар хатога йўл қўйиш қабилидан бўлса ҳам, Ислом шариатида белгиланган жиноятларга доир ҳукмлар татбиқ этилади. Ҳайдовчи тана ёки молда бошқага етказган зарарларга, агар унинг хато ва зиён жиҳатлари аниқланса, масъул бўлади. У бу маъулиятдан фақат қуйидаги ҳоллардагина озод этилади:

1. Агар ҳодиса қайтариб бўлмайдиган ва сақланиш имкони бўлмаган мажбурловчи куч натижасида содир этилган бўлса. Инсоннинг дахлдорлигидан ташқаридаги вужудга келган ҳар бир иш шу қабилдандир;

2. Ҳодиса ушбу натижани вужудга келтиришда кучли таъсир ўтказган жабрланувчининг ҳатти­ҳаракати сабабли собир этилган бўлса;

3. Ҳодиса бошқанинг хатоси ёки тажовузи сабабидан содир этилган бўлса. Бунда масъулиятни ўша бошқа одам зиммасига олади.


III. Йўллларда ҳайвонлар сабабидан содир бўлган йўл­тарнспорт ҳодисаларида ҳайвонларнинг ҳатти­ҳаракати натижасида келтирилган зарарларни уларнинг боқувчилари тўлайди, агар уларни бошқаришда нуқонга йўл қўйган бўлсалар. Бунинг тафсилоти судга ҳавола этилади.


IV. Агар зарар келтиришда ҳайдовчи ҳам, жабрланувчи ҳам иштирок этган бўлса, уларнинг ҳар бири иккинчи томонга етказган жон ёки мол талофатини тўлайди.


V. 1. Қуйида келдиган тафсилотларни ҳисобга олган ҳолда, аслида мубошир ‒ ҳодисага бевосита алоқадор шахс тўловга масъул бўлади, гарчи у тажовуз мақсадида қилган бўлмаса ҳам. Аммо Сабабчи ‒ ҳодисага билвосита сабаб бўлган шахс фақатгина тажовуз мақсадида қилганда ёки бепарволик қилганда тўловга масъул бўлади.

2. Агар мубошир билан Сабабчи бирга бўлиб қолса, масъулият Сабабчига эмас, мубоширга юклатилади, магар Сабабчи тажовуз мақсадида қилган бўлиб, мубошир тажовуз учун қилмаган бўлса, бундан мустасно.

3. Агар иккита бошқа­бошқа сабаб бир бўлиб қолиб, уларнинг ҳар бири зарарни келтириб чиқаришда таъсир ўтказган бўлса, иккала сабчининг ҳар бирига зарарни келтириб чиқаришдаги таъсири миқдорига кўра масъулият тушади. Агар улар бунда баробар бўлсалар ёки уларнинг ҳар бирининг таъсири миқдори маълум бўлмаса, тўлов уларга тенг тақсимланади. Валлоҳу аълам.


Йирик Уламолар Ҳайатининг қарори


Йирик Уламолар Ҳайатининг 1403 ҳижрий йилдаги 111 рақамли қарорида қуйидагилар айтилган:

I. Асфалт ётқазилган катта йўлларга чиқиб кетган ҳайвонлар учун, агар улар мазкур йўлларга чиқиб, босилиб кетиши натижасида талофат кўрса, тўлов йўқ. Бу товонсиз қон бўлиб, ҳайвоннинг эгаси уни қўйиб юборгани ва бепарво ташлаб қўйгани учун гуноҳкор ҳисобланади. Бу ‒ унинг ушбу ишидан жону молларнинг талофатида ва мудҳиш ҳодисаларнинг кўпайишида кўринадиган катта хатарлар келиб чиқиши, шунингдек, унинг шариат тақозоларини рўёбга чиқариш, умумий манфаатларни қасд қилиш ва ишбоши раҳбарнинг буйруғига итоат этиш ўлароқ, ҳайвонларни муҳофаза қилиши, уларни катта йўллардан узоқлаштириши саломатлик ҳамда йўллардаги омонлик ва молу жонларнинг муҳофазасини эҳтиётини олиш сабабларидан бўлиши эътиборидандир.

II. Ишбоши раҳбарнинг ҳайвон эгаларини ўз ҳайвонларини катта йўлларга яқинлаштиришдан огоҳлантирганларини назарда тутиб, ҳайъат раҳбар шахс ҳайвон эгаларини эҳтиёт бўлишларини таъкидлаш билан бирга, уларга ҳайвонларининг қони учун, улар йўлга чиқиб босилиб кеган тақдирда, тўлов йўқлигини эълон қилишлари керак деб билади. Бу телевизор, радио ва газеталар каби ахборот воситалари орқали ҳамда қабилаларнинг бошлиқлари ва катталарига етказиш билан бўлади.


Саудия Арабистони подшоҳлигидаги илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмита қарори


Саудия Арабистони подшоҳлигидаги илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмита йўл­транспорт ҳодисаларига доир ҳукмларни ўрганиб чиқиб, Ислом академияси қарорларидан деярли фарқ қилмайдиган  ҳукмларни чиқарган. Уларнинг хулосаси қуйидагича:

I. Масолиҳи мурсала шариат аҳкомларига зид бўлмаган йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга далил бўлади. Чунки бунда раҳбарга, иш ўша манфаатли қоидаларга хилоф қилган кишига қаттиқ чоралар кўришгача етиб борса ҳам, шариатнинг жон ва мол хусусидаги мақсадини муҳофаза қилиш учун жорий қилган қарорларига итоат қилиш бор.

II. Йўл­транспорт ҳодисаларида одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим қоида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Зарар етказиш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ», деган сўзларидир. Ушбу ҳадис умумий қоидалардан бўлиб, зарарни кетказиш ва бошқага зарар етказиш ҳаромлиги хусусида Ислом шариатининг асосларидан ҳисобланади. Агар ушбу ҳадисда чуқур тааммул қилиб кўрадиган бўлсак, у фақатгина бошқага зарар беришнигина ҳаром қилмаяпти, балки у сабаб бўлган кишига тўлов вожиб бўлишига ҳам ишора қилмоқда. Бу шундан маълум бўладики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур асосни фақатгина ҳаром қилишга далолат қиладиган қайтариқ шақлида эмас, балки, уни жинсни нафий қилиш (яъни ҳар қандай зарарни, зарар борки барчасини инкор қилиш) шаклида айтмоқдалар. 

Бунда инсонга ўзидан бошқага зарар етказишдан сақланиши вожиб бўлганидек, агар ундан бирор зарар содир бўлса, ўзи зарар етказган зарарланувчидан, имкон бўлса асли ҳолига қайтариб бериш билан, ёки зарарланувчи қўлдан бой берган нарсанинг ўрнини тўлдириш учун зиённинг эвазига тўлов бериш билан зарарни кетказиши ҳам вожиб бўлишига жуда ҳам нозик бир ишора бор. 

Фиқҳ ва ҳадис китобларида кенг муолажа қилинган диялар ҳақидаги ҳукмлар талофатга эваз бериш вожиблигига далолат қиладиган нарсалардан ҳисобланади. Жумладан, бизнинг мавзуймизга тегишли бўлгани Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг ҳадисидир: «Униг урғочи туяси бир кишининг боғига кириб, уни пайҳон қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғ эгалари уни кундузи қўриқлайдилар, ҳайвонлар кечаси пайҳон қилган нарсаларни унинг эгалари тўлайди, деб ҳукм чиқардилар». 

Ушбу ҳадис бировга зарар етишига сабаб бўлган киши ўзи етказган нарсани тўлаши лозим эканига очиқ­ойдин далиллардан бири ҳисобланади. Бинобарин, транспорт воситаси ҳайдовчиси ўзи сабабли воқе бўлган йўл­транспорт ҳодисаси натижасида бошқага етказган зарарга масъул бўлади. Бу зарар танада бўлсин, ёки молда бўлсин, фарқи йўқ. Шарти, айбдорлик унсурлари топилиши лозим. Айбдорлик уч нарса билан рўёбга чиқади: 

1. Тажовуз ва зарар; 

2. Айнан зарар етказишга олиб бориш;

3. Бевосита сабаб бўлиш.


Аммо, ҳодиса қайтариш имкони бўлмаган мажбурловчи куч натижасида бўлса ёки бошқанинг хатоси ёки тажовузи сабабидан бўлса, ҳайдовчи тўловга масъул бўлмайди. Бу ҳайвон минган кишига қиёс ўлароқдир. Чунки у ҳам ҳайвоннинг олди оёқлари ва оғзи билан содир этилган жиноятларда, шунингдек, орқа оёқлари билан босиб юборишида айбдор ҳисобланади, бироқ, орқа оёқлари билан тепишида ва думи билан уришида айбдор саналмайди, чунки у буларни ман қила олмайди. Шунингдек, ким ҳайвонни ҳуркитиб юборса ёки уни ниқтаса, жиноятини унинг бир ўзи тўлайди, ҳайвонни тасарруф қилиб турган эмас, чунки у (ҳуркитган ёки ниқтаган) сабабчидир. «Тилсизлар (ҳайвонлар) зиёни тўловсиздир», деган ҳадис уларга алоқаси бўлмаган кишига, уларнинг бошқарувчиси ёки минувчиси бўлмаган ҳолатларга тегишлидир.

III. Йўлларда ҳайвонлар сабабли содир бўлган йўл­транспорт ҳодисаларида уларнинг ҳатти­ҳаракати натижасида келиб чиққан зарарларни уларнинг эгалари тўлайди, агар уларни бошқаришда нуқсонга йўл қўйган бўлсалар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Боғ эгалари уни кундузи қўриқлайдилар, ҳайвонлар кечаси пайҳон қилган нарсаларни унинг эгалари тўлайди», деб қилган ҳукмлари умуммаънода бўлагани ва ҳайвон эгаларининг уларни муҳофаза қилишда бепарволик қилганлари сабабидандир.

Ҳайвонларга беэътиборликдан келиб чиққан пайҳонгарчилик, зарар ва ҳодисаларда тўловни ва бўлган ҳодисага масъулликни ҳайвонларнинг эгалари зиммасига юклатилишининг шаръан жоиз бўлишига сабаб ‒ ҳайвонларнинг зарар келтирганлари ва эгаларининг йўл қоидаларига ва ҳайвонларни муҳофаза қилишга ишора қилувчи белгиларга зид иш қилганларидир.

IV. Ҳодиса содир бўлишида бевоситалик билан сабабчилик бир бўлиб қолса, бу борада ҳодисадаги айбдорни, у мубоширми ёки сабакорми, буни аниқлаш учун фуқаҳолар қабул қилган қоидалар мавжуддир. Ана ўшандай қоидалардан айрималри қуйидагилар:

А) Мубошир тўловга масъулдир, гарчи тажовуз этиш мақсадида бўлмаса ҳам.

Б) Сабабчи агар тажовуз мақсадида қилган бўлса тўловга масъулдир.

В) Агар мубошир билан сабабчи бир бўлса, ҳукм мубоширга нисбат берилади.

Муштарак сабаблар туфайли содир бўлган йўл­транспорт ҳодисалари юз бергандаги тўловни ва жузъий масъулиятни белгилаш мана шу қоидаларга асосланади.


3. 3. Йўл-транспорт ҳодисаларига доир одоблар.


Йўл­транспорт ҳодисаси ҳаётда ҳар бир инсон рўпара бўлиши мумкин бўлган ҳолат. Шу боис, ҳар бир мусулмон киши бу борадаги исломий таълимотларни билиб қўйиши лозим. Бу мавзуга доир айрим маълумотлар умумий йўл одоблари қаторида ҳам ўтди. Аммо уларни маълум тартибда келтиришнинг алоҳида аҳамияти бор.


1. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлишини унутманг.

Аввало шуни яхши билиш лозимки, борлиқдаги ҳар бир каттаю кичик иш, ҳар бир бир ҳодиса Аллоҳ азза ва жалланинг ҳоҳиш­иродаси билан бўлади. Шу билан бирга, ҳар бир мусулмон киши қазою қадарга нисбатан мустаҳкам иймонга эга бўлиши керак. Тўғри, инсон ўз хатоси, тадбирсизлиги туфайли содир этган ишларини тақдирга тўнгашга ҳаққи йўқ,  бироқ, у ўз хоҳиш­истагига қарши ўлароқ турли синовларга ҳам учрашини унутмаслиги даркор. Қазою қадарга етарли иймонга эга бўлган кишигина ҳаётнинг хурсандчилигю хафачиликларида ўзини бирдек тута олиши, синовларидан муваффақиятли ўта олиши мумкин.

Бугунги кунда ҳам бу борада мусулмонларда ҳамманинг ҳаваси келади. Айрим бошқа дин вакиллари мусулмонлардаги ушбу ҳолатни кўриб, мусулмон бўлганларини айтганлар.

Аллоҳ таоло айтади:

«Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусийбат етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчидир».

Имом Термизий ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида мингашиб кетаётган эдим. У зот: «Билгинки, агар одамлар сенга бирор фойда етказиш учун жамланишса, Аллоҳ сенга битган фойданигина етказа олишади. Агар одамлар сенга бирор зарар етказиш учун жамланишса, Аллоҳ сенга битган зарарнигина етказа олишади. Қалам кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган», дедилар». 


2. Дарҳол истиржоъ айтинг. Истиржоъ «инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дейишдир. Унинг маъноси: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз У Зотга қайтурмиз».

Абу Довуд Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қачон бирортангизга бирон мусибат етса, «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз У Зотга қайтурмиз. Аллоҳим, мусибатимда сендан савоб умид қиламан, менга у сабабли ажру мукофот бергин ва менинг учун унинг ўрнига яхшироғини алмаштиргин», десин».

Имом Муслим ривоятида мусибат етганда ушбу дуони қилган киши ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло унинг ўрнига яхшини ўринбосар қилади», деганлар.

Демак, каттадир, кичикдир бирор ҳодисага, мусибатга учраган киши дарҳол ушбу дуони ўқиши суннат экан. Бу дуони чин дилдан ўқиган киши кўплаб хатолардан сақланиш, ажру савобларга эга бўлиш билан бирга, кўрган мусибати ўрнига яхшиликларга эришади.


3. Ўзингизни тута билинг. Ўзига етган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изну иродаси билан бўлишига иймон келтиргани киши ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини йўқотмаслиги лозим. Чунки унинг ўзига етган бирор яхшиликдан ортиқча хурсанд бўлиб, ховлиқиши ёки бошига тушган бирор мусибатдан жазавага, тушкунликка тушиши ўз ҳаёти учун ҳеч қандай ютуқ бермайди, балки соғлиги, вақти ва бошқа имкониятларини зое қилади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ер юзида ёки шахсларингизда бирор мусибат етса, албатта, у уни яратишимиздан олдин китобда бўлур. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан ҳовлиқиб кетмаслингиз учун. Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни суймас» (Ҳадид, 22‒23).

Қўлдан бой берилган, йўқотилган нарса учун қайғуриш билан у нарса ўз ўрнига қайтмайди. Шу боис, йўл ҳодисалари юз берган тақдирда инсон кўпроқ келажаги ҳақида, энди нима қилиш лозимлиги ҳақида ўйлаши керак.

Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши оғир­босиқ, мулойим бўлади», деганлар.

Имом Байҳақий Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин учун барча нарсада яхшилик бор, бу мўминдан бошқа ҳеч кимга йўқ: Агар унга кенгчилик етса, Аллоҳга шукр қилади, бу унга ажр бўлади. Агар бирор унг бирор зарар етса, сабр қилади, бу ҳам  унга ажр бўлади. Шундоқ қилиб, Аллоҳнинг барча битгани мусулмон учун яхшилик бўлади».


4. Агар айб сизда бўлса, дарҳол тан олинг. Аллоҳ кўрсатмасин, агар сиз бепарволик ёки хато қилиб бирор ҳодисага сабаб бўлиб қолсангиз, айбингизни тан олинг, Аллоҳга тақво қилинг, биродарингизга зулм устига зулм қилманг, ҳаргиз «қўрққан биринчи мушт кўтарибди» қабилида иш кўрманг, чунки бу каби муттаҳамлик мўмин кишининг сифати эмас.

Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким алдов ишлатса биздан эмас», деганлар.

Алий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса: «Ким бир мусулмонни алдаса ё унга зарар берса ёки унга макр қилса, биздан эмас», дейилган.


5. Агар айб қарши томонда бўлса, унга озор беришдан ўзингизни сақланг. Сиз бундай пайтда ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг, унинг ҳолатини тушунишга ҳаракат қилинг, у ҳақда яхши гумон қилинг, унга бошига тушган кўргили устига яна жабру зулм ўтказманг, чунки, одотда ҳеч ким йўл ҳодисасини атайлаб содир этмайди. 

Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумонликка яқин келманг. Чунки, бадгумонлик энг ёлғон гапдир. Бир-бирингизни авраманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингиз билан рақобатлашманг. Бир-бирингизга қарши турли ёмон чора-тадбирларни кўрманг. Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар!» дедилар».

Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминниг биродаридир, уни хўрламайди, унга зулм қилмайди», деганлар.

Йўл­тарнспорт ҳодисалари ҳайдовчиларнинг хатоси, бепарволиги сабабли бўлиши билан бирга, одатда қасдсиз, бехосдан содир бўлади. Шу боис, ҳодисага бевосита ёки билвосита сабаб бўлган инсон қилган хатоси учун моддий зарарни тўлаши лозим, аммо унга маънавий зарар етказиш мумкин эмас.


6. Айб кимда бўлишидан қатъи-назар, қарши томондаги ҳайдовчининг ҳолини сўраб, унга тасалли беринг.

Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мўмин ўз биродарини бирор мусибатида таъзия билдирса, Аллоҳ субҳанаҳу Қиёмат куни унга каромат ҳулласини кийдиради», деганлар.


7. Ўрталарингизда адолатни, шариатни, қонунни ҳакам қилинг. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат тарафдори бўлиши лозим, мана шу ҳақиқий мардлик ҳисобланади. Мусулмон одам ўз ҳаётидаги ҳар бир ҳолатда динининг ҳукмига бўйсунишга мажбур, чунки Аллоҳнинг шариати ҳеч кимга ноҳақ ҳукм қилмайди. Шу билан бирга, мўмин киши ўз юртида кўпчилик томонидан қабул қилинган йўл­транспорт ҳодисаларига доир қонунларга ҳам риоя қилиши лозим, чунки уларда маълум ҳолат учун керакли ечимлар берилган.


8. Талофатнинг қийматини ундиришда ва беришда кенг феълли бўлинг. Агар айб сизда бўлиб, келтирилган зарарни тўлайдиган бўлсангиз, уни сиз ўз бурчингизни, шаръий вазифангизни адо этаётганингизни унутманг ва уни худди мана шу руҳда адо этинг. Ўзингизни гўё ҳаққи поймол бўлаётган, моли тортиб олинаётган кишидек фаҳмламанг. Бордию, айб қарши томонда бўлса, сиз ундан ўз ҳаққингизни ундиришда унинг ҳолини эътиборга олинг, яхшилик билан, кенг феъллилик билан муносабатда бўлинг. 

Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳақ талашганда кенг феълли бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар».


3. 4. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш.


1.    Одамларнинг онгли равишда, виждонан, иймон­ихлос асосида йўл ҳаракати қоидалари ва одоб­аҳкомларига амал қилишларига эришиш. Бунинг учун боғча, мактаб ва бошқа билим юртларида бу борада дарсликлар, маърузалар ташкил этиш лозим;

2.    Масжидларда, мажлисларда Ислом илми уламолари томонидан керакли тарғибот ишларини олиб бориш; 

3.    Болалар учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи суратли қўлланма, мултфильмлар тайёрлаш ва уларни амалий суратда ҳам кўрсатиш.

4.    Йўл­транспорт ҳодисаларининг ёмон оқибатлари кўрсатилган турли расм ва видеолавҳалар тайёрлаб, йўлларда намойиш этиш;

5.    Йўлларнинг яроқлилигини таъминлаш;

6.    Музлама ва сирпанчиқ ҳолатларда керакли чора­тадбирларни кўришга шошилиш;

7.    Катта чорраҳаларни, йўл кесишмаларини светофор ёрдамида,  улар бўлмаган ҳолда, назоратчилар воситасида тартибга солиш;

8.    Одамларнинг йўл қоидаларга амал қилишини қулайлаштириш, дунё миқёсида тажрибада ўзини оқлаган янги қоидаларни, агар тўғри келса, татбиқ этиш;

9.    Таранспортларнинг техник кўригига эътиборни кучайтириш.

10.    Транспортни маст ҳолда ҳайдаш, меъёрдан ортиқ тезлик каби йўл­транспорт ҳодисаларига асосий сабаб деб кўрсатилаётган қоидабузарликларга қарши чораларни кескинлаштириш;

 Шу ўринда fikr.uz интернет сайтида болалар учун мўлжалланган «Йўл ҳаракати хавсизлиги: болангиз бундан хабардорми?» деб номланган мақолани бироз қисқартирилган шаклда муҳтарам ўқувчилар эътиборига  ҳавола қилишни маъқул топдик. Албатта, бу фойдадан холи бўлмаса керак.

«Хўш, йўл ҳаракати ҳодисаларида болалар жароҳатининг омиллари нималардан иборат бўлиши мумкин, деган ҳақли савол туғилади. Олиб борилган тадқиқотлар натижаси ўлароқ, қуйидагиларни келтириш ўринли деб ўйлаймиз. 

• Физиологик:

1. 8 ёшгача бўлган бола товуш манбаини яхши пайқамайди (у ҳар доим ҳам шовқиннинг қаердан чиқаётгани, йўналишини аниқлай олмаслиги мумкин), шунингдек, у ўзига қизиқарли бўлган товушларнигина эшитади. 

2. Боланинг кўриш майдони катталарникига қараганда бирмунча тор, кузатиш доираси ҳам кичкина. Бола 5 ёшга етганида 5 метргача бўлган масофада мўлжал ола билади. 6 ёшидан бошлаб эса 10 метрлик масофадаги ҳодисаларни баҳолай бошлайди (бу эса катталар кўриш майдонининг тахминан 1/10 қисмини ташкил этади). Ўнг ва чап томонда ҳаракатланаётган машиналар бола томонидан сезилмай қолади, у фақат рўпарасидагиларни кўради. 

3. Катталарга солиштирганда болада теварак-атрофга, воқеа-ҳодисаларга реакция қилиш бирмунча секин боради. Катта ёшли пиёдага вазиятни баҳолаш, фикрлаш ва қарор қабул қилиш учун тахминан 0,8-1 секунд зарур бўлса, болага 3-4 секунд талаб қилинади. Югуриб бораётган бола дарҳол тўхтай олмайди, шу сабаб машина сигналига аҳамиятли тарзда кечикиб реакция қилади. Ҳатто тўхтаб турган машинани ҳаракатланаётганидан фарқлаш учун етти ёшли бола 4 секунд вақт сарфласа, катта учун 0,25 секунд етарли.

4. Чап ва ўнгга ишончли мўлжал олишни эса бола фақат етти ёшга тўлганидагина эгаллайди.  

• Психологик:

1. Мактабгача ёшдаги болаларда олдинга қараб ҳаракатланадиган транспорт воситаларининг турлари ҳақида билим ва тасаввур йўқ (яъни бола ўйинчоқлар оламидаги транспорт воситаларининг ҳаракатига қиёслаганча теал транспорт воситаларини ҳам бир лаҳзада тўхтатиш мумкинлигига ишонадилар). Болада ўйинли ва реал шароитни фарқлаш мактабга чиққач секин-аста содир бўлади. 

2. Боланинг бутун диққати ўзи қилаётган ишга қаратилган бўлади. Унинг эътиборини қандайдир предмет ёки одам тортса, дунёдаги барча нарсани унутиб, ўшанга интилади. Унга йўлнинг нариги бетига ўтган ўртоғига етиб олиш ёки думалаб кетган ўйинчоғини олиш ҳаракатланаётган машинадан кўра муҳимроқ. 

3. Бола йўлда ўз хатти-ҳаракатларига масъулиятни ҳис қилмайди. Унинг бу ҳаракати ўзи ёки ҳаракатнинг бошқа аъзолари учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эҳтимол қилмайди. Ҳаракат давомида, айниқса, пиёда юрганида шахсий хавфсизлиги ҳақида ўйламайди. 

Болаларни йўл ҳаракати қоидаларига ўргатиш даставвал оилада бошланса, мактабгача таълим муассасалари ва мактабда давом эттирилади. Демакки, бу ҳам ота-оналар, ҳам тарбиячи, ҳам ўқитувчиларга муайян вазифа юклайди.  Йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, жароҳатлар уч сабаб:

•        бир томондан болаларнинг бу улкан ҳаракатланувчи мосламалардан чўчишлари, бошқа томондан ҳали қўрқув нималигини билмай унга интилишлари; 

•        кузатишни билмасликлари, эътиборсизликлари;

•        катталар томонидан болалар ахлоқининг етарлича назорат қилинмаслиги

туфайли содир бўларкан. Буларнинг олдини олиш учун болада нафақат йўл қоидаларига амал қилиш интизомини, балки унда йўл ҳаракатининг намунали ахлоқини шакллантириш даркор. 

•        Светофорнинг ранглари нималарни англатиши ҳақида тўлиқ тушунча беринг;

•        Агар тротуар йўл ёқасида бўлса, фарзандингизнинг қўлидан тутиб юринг;

•        Болани кета туриб машиналарнинг қаердан чиқаётганини кузатишга ўргатинг;

•        Йўлдан ўтаётиб, аввал транспорт ҳаракатланадиган қисми, (светофордаги белги) га қаранг, болага ҳар бир ҳаракатингизни изоҳлаб беринг;

•        Бола билан юрганда фақат пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтинг, гарчи машиналар бўлмаса-да, шунга амал қилинг. Чунки сизнинг ҳаракатингиз бола учун тақлид намунаси бўлиб қолади;

•        Болани ҳатто машина кам ҳаракат қиладиган жойларда ҳам эҳтиёт бўлишга унданг, чунки тор кўча ёки бирор ҳовлидан машина чиқиб қолиши эҳтимоли борлигини тушунтиринг;

•         Боланинг маконга оид (узоқ, яқин, ўнг, чап, олд, орқа) тасаввурларини, транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги (тез юряпти, секин, қайриляпти) ҳақидаги тушунчаларини  ривожлантиринг;

•        Бола билан биргаликда мактабгача таълим муассасасига борасизми, дўконга чиқасизми, меҳмонга бороасизми, бундан қатъи назар унга йўл ҳаракати белгилари, светофорнинг ишлашини кўрсатиб, тушунтириш беринг.  Зинҳор болани транспорт воситалари билан чўчитманг, бу беправолик ва эътиборсизликдан кўра зарарлироқдир. 

Эслатма: бола йўл қоидаларига оила аъзолари ва бошқа катталардан ўрнак олганча ўрганади. Айниқса, ота ва онанинг йўлда ҳаракатланишдаги интизомли ахлоқи болага салмоқли таъсир кўрсатади.  Шунинг учун болаларга йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни ўргатишда вақт ва куч сарфлашдан эринманг. 

Мактабгача таълим муассасаларининг ходимлари ота-оналардан кейин бола учун керакли тарбияни берувчи шахс ҳисобланадилар. Ахир бола беш ёшга тўлгунига қадар ўзлаштирган билимидан умрининг охиригача фойдаланади. Шундай экан,

•        Ҳар бир гуруҳ хонасининг кўринадиган жойида йўл ҳаракати қоидаларининг турли расмлар билан безатилган, тушунарли тарзда ёритилган деворий плакат ёки бурчак ташкил этинг;

•        Йўл ҳаракати қоидаларини шунчаки ёд олдирманг, балки уларнинг ахлоқида йўлда ҳаракатланиш маданиятини сингдиринг;

•        Йўл ҳаракати қоидаларини ўрганишни болаларда ҳаракатларни бир бирига боғлай олиш,  диққат, кузатувчанликни ривожлантириш билан бирга қўшиб олиб боринг;

•        Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича машғулотларни нафақат режа бўйича, балки ҳар бир қулай имкониятдан фойдаланган ҳолда (сайр, ўйин давомида) олиб боринг; 

•        Йўл ҳаракати қоидалари ҳақида сўзлаганда йил фасллари билан боғлашни унутманг, сабаби, фасллар алмашиниши туфайли транспорт воситалари ҳаракатининг ўзгаришини англаш уларга фойдадан холи бўлмайди;

•        Бу борада рухсат этилган барча усуллардан, бирини асосий, бошқасини иккинчи даражали демасдан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Ҳикоя қилиб бериш ва ўйин, сюжетли расмлар ва ролли ўйинлардан фойдаланиш, расм чизиш ва турли викториналар, китоб ўқиб бериш ва саёҳат ‒ буларнинг барчаси болаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги  кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Хулоса тарзида шуни айтиб ўтишни истардикки, фарзандимизнинг  йўл ҳаракати қоидаларини изчил ўзлаштиришлари, тасодифий ҳолатларда ўзларини муносиб тута олишлари турли фожиаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Болалар хавфсизлигига эса бефарқ муносабатда бўлмаслик лозим». (Иқтибос тугади.)


Хулоса


Ислом маданиятининг хусусиятларидан бири унинг одамийлиги ва инсонпарварлигидир. Исломнинг бош мақсади инсоннинг инсонлигини сақлаш, унинг жону молини, шаъну шавкатини ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Ислом шариатидаги барча ҳукмларда инсон манфаатлари назарда тутилган. Буларнинг барчасини ушбу кичик илмий ишдан ҳам англаш мумкин. 

Ислом таълимотларини ўрганар эканмиз, унинг буюклигига тан бермай иложимиз йўқ. Қуръони Карим оятлари ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳаси учун керакли кўрсатма ва йўлланмалар шу қадар батафсил бериб қўйилганки, уларни ихлос билан ўрганган киши ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси учун энг тўғри ечимни топа олади. Бу ҳам бўлса, Ислом динининг шу кунгача ва бундан кейин ҳам инсоният учун энг тўғри йўлни кўрсатиб бера олишга қодир бўлган буюк таълимот эканига далилдир. Буларнинг барчаси Исломнинг ҳақиқий илоҳий дин эканини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чин пайғамбар эканларини кўрсатади. 

Ҳаётга Ислом нуқтаи назаридан ёндашишнинг бир қанча ўзига хос манфаатлари бор. Улар Ислом таълимотларининг хусусиятларида акс этади. Улардан мавзуйимизга алоқадорларини эслаганда қуйидагиларни келтириш мумкин:

1. Ислом таълимотлари илоҳий таълимотдир. Исломдаги кўрсатмалар оддий инсонлар томонидан тажриба асосида чиқарилган хулосалар эмас, балки бутун борлиқни яратган Зот ‒ Аллоҳ азза ва жалланинг таълимотларидир. Бу ҳақиқат ақлий ва нақлий далиллар билан ўз исботини топган.

2. Ислом таълимотларига амал қилиш ибодат ҳисобланади. Чунки уларга амал қилиш Аллоҳ таолога итоат қилишдир, бу эса айни ибодатдир. Аллоҳ таолонинг: «Мен инсон ва жинларни Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим», деган сўзида мана шу мазмун назарда тутилган. Ислом мана шу йўл билан оддий ҳаёти ишларни ибодат даражасига кўтаради, дунёвий амалларни ухровий амалларга айлантиради.

3. Ислом таълимотлари кенг қамровлидир. Қуръони Каримда инсон ҳаётда дуч келадиган масалаларга кўпроқ умумий ёндашилган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида улар батафсил баён қилинган. Ушбу икки масдар бир бўлиб, ҳаётда бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатларнинг икир­чикиригача муолажа қилган, керагича йўлланма берган. Буни ушбу мавзу мисолида ҳам кўриш мумкин.

4. Исломда ҳар бир ҳолатда инсоннинг ички оламига ҳам алоҳида эътибор берилади. Исломда инсонни «ривожланган ҳайвон» деб эмас, балки тана ва жондан иборат мукаррам мавжудот деб қаралади. Шунинг учун унда ҳар бир масалага ёндашишда ушбу икки борлиқни ҳисобга олинади, ўрни келганда ҳар иккисига алоҳида мурожаат қилинади. 

Мисол учун, Исломда йўл ҳаракати қоидаларига фақатгина маълум тартибга солувчи меъёрлардан иборат кўрсатмалар мажмуи деб қаралмайди. Исломда йўл ҳаракат қоидалари ундан кенгроқ бўлиб, ахлоқий, маънавий, руҳий жиҳатларни, меъёрларни ҳам қамраб олади. Йўл юрувчи одам аввало ўз Яратувчиси Робб таолога нисбатан ўзини қандай тутиши лозимлигини ўйлайди ва йўл ҳаркати қоидалари ва одоб­аҳкомларига амал қилишда Аллоҳ таолонинг кўриб турганини ҳис этишга ҳаркат қилади. Бошқаларнинг ҳақларига риоя қилишда ҳам иймону ихлос билан ҳаракат қилади.

5. Барча ҳолатда одоб­ахлоқни биринчи ўринга қўйилади. Бошқалар кўп ҳолатларда моддий жиҳатни, яна кимдир ўз хоҳишини устун қўйса, Исломда ҳар бир ўринда ахлоқий жиҳат устун кўрилади ва гўзал ахлоқда бўлиш талаб қилинади.

6. Исломда ҳар бир амални Аллоҳ розилиги учун, охират савоби учун қилишга буюрилган. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларни ўрганадиган бўлсак, уларда буюрилган барча инсоний фазилатлар, яхшиликлар, гўзал ахлоқларни қандайдир моддий манфаатларни кўзлаб эмас, балки, холис, чин кўнгилдан, Аллоҳ таолонинг розилиги ва мукофоти учун қилишни қатъий талаб қилинганини кўрамиз. Аммо бошқа таълимотларда бу нарсани топиш қийин. Мисол учун, Исломда бировга яхши муомала қилиш, унинг юзига кулиб боқиш садақа ўрнида экани уқтирилса, бошқаларда буни ўз ишини битириш воситаси деб қаралади.

7. Исломда барча масалаларда аёлларга алоҳида эътибор берилади, ўрни келганда уларга нисбатан алоҳида ёндашилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила инсонларни жуфт қилиб – эркак ва аёл қилиб яратди. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос жисм, ҳис-туйғу, ақл-идрок, куч-қувват ва имкониятлар берди. Шу боис, У Зот Ўзининг барча шариатларидаги аҳкомларни ушбу ҳақиқат асосида жорий қилди. Хусусан, Ўзининг охирги ва мукаммал дини Исломда бу масалани нозик жойларигача муолажа қилди. 

Ушбу буюк воқеий ҳақиқатни писанд қилмай, уни инкор қилиб, ўзбошимчалик билан жисми, ҳис-туйғулари, куч-қуввати ва бошқа имкониятлари турлича бўлган икки жинс вакилларини бир хил мартабада бўлиши кераклигини даъво қилиб олиб борилган ишлар яхши натижага олиб келмади, сон-саноқсиз муаммоларга сабаб бўлди. Кўп жойларда аёлларнинг аёллик лотофатлари, ҳаё ва иффатлари, шарм ва иболари барбод бўлди. Улар кимларнидир кўнгилхуши манбаи бўлган дағал, шармсиз ва қадрсиз матоларга, маиший хизмат жойларида кишиларнинг кўзини қувонтирадиган ясатилган қўғирчоқларга айланди. Эркакларда ҳам эркаклик жасорати, ғурури, ҳамияти қолмади. Онаси, опаси, қизи бўлган аёл зотига фақат шаҳватини қондирадиган ўлжа сифатида боқадиган бўлди. Қисқаси, «аёллик салтанати» оёқости бўлди, «эркаклик тахти» чириб битди. Натижада, оила тузилмаси инқирозга юз тутди, никоҳсиз, ҳайвонлардек насл орттириш оддий ҳолга айланди. Ҳатто, бир жинсдаги кишиларнинг никоҳларига хутба ўқиладиган бўлди. Бу буҳрон дунёдаги деярли барча дин ва қадрятларни чилпарчин қилиб ташлади.

Ислом эса ўзининг метин асослари узра ўз қийматини ушлаб келмоқда. Аёлнинг аёллигига, эркакнинг эркаклигига муносиб хитоблар билан инсон жамиятини соф ва соғлом бўлишга чақирмоқда. Ҳар нарсани ўз ўрнига қўйишни, ўрта йўлни тутишни ўргатмоқда. Бу ҳақиқатни ҳозирда биз ўрганган ушбу мавзу мисолида ҳам кўриб ўтдик.

Исломда аёлларга нисбатан айрим хос аҳком ва одобларнинг жорий қилиниши аёлларни камситиш ё жамиятдан ажратиш учун эмас. Шунингдек, улар қандайдир мантиқсиз урф-одатлар, мақсадсиз кўникмалар ҳам эмас. Балки улар аниқ мақсад сари йўналтирилган – аёлнинг аёллигини, унинг иффат ва латофатини, аёллик жозибасини ҳимоя этиш ва инсонлик жамиятидаги асл вазифасини тўла-тўкис адо этишини таъминлаш учун жорий қилинган меъёрлардир. Ана шундай буюк таълимотлар йўл ҳаракати мавзусида ҳам ўз ифодасини топган.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом таълимотлари инсонлар учун фақат яхшилик, бахту саодат манбаидир. Хусусан, йўл ҳаракати асносида унинг кўрсатмалирга амал қилиш барча инсонлар учун омонлик ва меҳр­оқибат гаровидир. Унинг ушбу таълимотларининг бирига амал қилишнинг ўзи улкан яхшиликларга сабаб бўлади.

2001 йили мусулмон бўлган Америка анархиячилари йўлбошчиси Абдулвадуд (Сэм) Хайсмитдан «Исломга киришингизга нима сабаб бўлган?» деб сўрашганида шундай жавоб берган экан: «Мен кўп саёҳатга чиқар эдим. Бир гал Мавританияда бўлганимда у ердаги мусулмонлар ҳаёти билан танишгач, мен учун бундан бошқа муносиб йўл йўқлигини англаб етдим. Одамларнинг бир маромдаги осуда турмуши, уларнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам тушкунликка тушмай, ҳаммасини тақдирнинг ёзуғи сифатида қабул қилишлари, энг кескин вазиятларда ҳам бир-бирларига ғазабларини сочмай, яхши муомалада бўлишларини кўриб, ҳар гал ҳайратга тушавердим. Бир гал Нуакшотнинг марказий кўчасида иккита енгил автомобил бир-бири билан тўқнашиб кетди. Ҳайдовчилар ойнадан бошларини чиқариб, табассум ила бир-бирларига нимадир дейишди. Тилмочдан сўрасам: «Жонингизга зарар етмадими, Аллоҳ катта фалокатлардан асрасин», дейишган экан. Шунда бу воқеа Ню-Йорк кўчаларида содир бўлганида иккала ҳайдовчи ўзини қандай тутишини кўз олдимга келтирдим: бошда айб кимдалигини ҳал қилиш учун иккови роса даҳанаки жанг қилган, ҳатто ёқалашишгача борган бўлар эди. Кейин политсияга, суғурта компаниясига қўнғироқ қилишади, бир неча гувоҳлар иштирокида экспертиза ўтказилади.  Қанчалаб маблағ сарфиёти, асаббузишлар, судбозлик маш-машалари, суғуртачиларнинг қурумсоқлиги…қўйинг-ки, битта авариянинг охирига етишидан кўра янги машина сотиб олиш осонроқ кўчади. Хуллас, мавританияликларнинг осойишта, бир маромдаги ҳаёти қарашларимни тубдан ўзгатириб юборди».

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ислом динининг йўл ҳаракатига доир аҳкомлари фақат шулардан иборат деган даъводан йироқмиз. Бу борада ҳали яна кўплаб илмий ишлар қилиш мумкин. Хусусан, йўл­транспорт ҳодисаларига доир шаръий аҳкомлар ўрганлиши долзарб бўлган мавзулардан ҳисобланади. Уларни ўрганиб, халққа тақдим қилиш Ислом илми мутахассислари олдида турган долзарб масалалардандир.

Аллоҳ таолодан ушбу камтарона уринишимиздаги хато ва камчиликларимизни авф этиб, Ўз даргоҳида ҳусни қабул этишини ва ушбу рисолада берилган таълимотларга амал қилиб, икки дунё бахту саодатига эришшимизда Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб қоламиз. Омин!


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суннатнинг Қуръон билан насх бўлишига ҳамма иттифоқ қилган ва бунинг намуналари жуда ҳам кўп.ndash Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварага давоми...

3512 17:30 / 22.12.2017
Мерос масаласида улушлар йиғиндиси махраждан кам бўлиб қоладиган ҳолатлар ҳам бор. Бунда мерос умумий махражга бўлинса, ҳақдорлар ўз улушларини олгандан сўнг яна давоми...

1310 11:00 / 13.04.2020
Ушбу ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган ёки эшитган кишига сажда қилиш вожиб бўлади. 1. Аъроф сурасининг охиридаги 206оят. 2. Раъд сурасидаги 15оят. 3. Наҳл давоми...

743 19:00 / 27.07.2023
Аллоҳ таоло .Зинҳор бир нарсани .Буни эртага, албатта, қилувчиман,, дема, магар .Аллоҳ хоҳласа, дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни эсла ва .Шоядки, Роббим мени давоми...

3645 05:00 / 18.01.2017