1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Жамиятимизда аёлларнинг ўрни

05:00 / 04.03.2017 4241 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни ҳам оналаримиз, момоларимиз ўргатишади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.


Аёл кишининг энг муҳим вазифаларидан бири унинг оиласи, фарзандлари борасидаги масъуллигидир. Одатда  эр киши кўпроқ вақтини оиласини нафақа билан таъминлаш йўлида ҳаракат қилади. Табиийки, уй ишлари билан шуғулланишга кам вақт ажратади. Шу ўринда никоҳнинг фойдаси яққол кўзга ташланади. Уй ишларини аёл киши қилади, покликка, хонадон осойишталигига жавоб беради. Бошқа вазифаси ҳам бор, бу фарзанд кўриш, унга тарбия беришдир. Демак, аёл оиланинг ички ишларига масъулдир. 

Аммо тан олиш керакки, кўпгина хонадонларимизда қизларни турмушга тайёрлашда ана шу муҳим вазифалар уларга тушунтирилмаяпти  ва уларнинг эр, оила, фарзандлар олдидаги масъулиятига кам эътибор берилмоқда. Натижада баъзан хотин-қизлар ўртасида мамлакатимиз қонунлари, соф динимизнинг эзгу таълимотларига ва мусулмон одобига тўғри келмайдиган зарарли иллатлар пайдо бўлмоқда. 

Аёлларимиз орасида турмуш қийинчиликларини рўкач қилиб, кўчага чиқиб кетган, оила ва фарзанд тарбиясини унутиб қўйганлар борлиги ҳам афсуски,  воқеликдир. Айрим инсофсиз оналар турли сабабларни рўкач қилиб чақалоқларини белгилаган муҳлатгача эмизишдан бош тортишади ёки янги туғилган гўдакларини болалар уйларига ташлаб кетишади. Кимларнидир алдовига учиб ёки нафси ва шайтон сўзига кириб хорижий ўлкаларда танфурушлик қилаётган аёллар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Шунинг учун қизларимизни турмушга тайёрлаш чоғида уларнинг ана шу масъулиятини кўпроқ тушунтириш, уларга аёлнинг оилада тутган ўрни, эрларига итоатда бўлиш ва ҳеч бир соҳада хиёнат қилмаслик, фарзандига яхши тарбия бериш каби вазифаларини эслатиш керак бўлади.  

Ҳурматли ўқувчилар, ўша мадҳ қилган аёлларимизнинг ҳозирги яшаётган шарқона миллий қадриятларга бой жамиятимизда ва шариатимизда уларнинг тутган ўрни қандай, улар, ёш авлодга қанчалик ибрат бўлмоқда ёки тарбиясини идан чиқармоқдами? 

Ортиқча даҳмаза борасида дунёда етакчи ўринларни эгаллаб турадиган бизнинг аёллар эркакларни бўлар-бўлмасга қийнаб юришларини ҳамма эркак зоти билади.

Агар исроф борасида бирор бир мусобақа ёки танлов бўлса албатта бизнинг аёлларимиз ҳам юқори ўринларни эгаллаб, олтин медал ва мукофот пуллари олиши тайин. 

Эркакларимизнинг айримлари шу аёлларидан ё қўрқади, ёки тили қисиқ шу аёлининг айтгани-айтган, дегани-деган. Хозирги яшаётган жамиятимизда аёлидан маслаҳат сўрамайдиган эркаклар афсуски жуда камайиб бормоқда.

Аёллар шу даражада юксак мақомларга чиқиб олдики, келинг таҳлил қилиб кўрайлик. Тўғри шу ўринда машаққат устига тўққиз ой ўз бағрида фарзандини меҳр ила уни юраги остида кўтариб, бир ўлимдан қолиб оналик бахтига муяссар бўлган аёлларга ваъда қилинган мукофотлар, ажрлар, савоблар ниҳоятда кўп эканини биламиз. Аллоҳ муборак қилсин. Энг муҳими ўзининг ва фарзандининг соғлом қолгани олий неъматдир. 

Қизми-ўғилми фарзанд дунёга келди, аёлларимизнинг ҳукмронлиги ўз сўзини ўтказиши бошланади. Ўз иш солоҳияти ва қобилиятига яраша белгиланган маош олиб ишлаётган айрим қўштирноқ ичидаги доя аёллар суюнчи пули, алламбало пули, бошланади. 

Кўпи билан тўрт-беш кун ичида шу туғриқхонадан Аллоҳнинг улуғ неъмати фарзандни олиб чиқиш маросими, болага туғилганлик гувоҳнома олиш маросими барчасида аёлларимизнинг ўрни ва сўзи муҳим. Айтилган иш қилиниши керак. 

Фарзанд олиб чиқиладиган кун яна қанча-қанча исрофгарчиликдан бошқа нарса бўлмаган тиланчи дояларга суёнчи пули, икки – учта қиммат табиий ва суниий гуллар, эртак қаҳрамонлари уларга ҳам пул тўлаш керак, иш стажига эга бўлган фото ва видио муҳбирлар, ҳимматига боғлиқ иккитами-тўрттами энг қиммат лимозин, ваҳоказо машиналар, йўллар банд видиога олинган, расмга туширилган. 

Аслига бу болага меҳр керак бу дабдабаларнинг унга нима кераги бор, уни оддий запарожда олиб чиқасизми, ёки пиёда олиб келасизми фарқи йўқ, қорни очса, йиғлайди, тўйса ухлайди. 

Шу ўринда айрим инсонлар шунча харажат қилишади-ю, ақиқа нималиги, унинг ҳукми эсдан чиқади. Боланинг ўнг қулоғига Аллоҳ таолонинг муборак зикри азон ва чап қулоғига такбир айтиш эсдан чиқади. У маросимлар гўёки, арзимас бир одатдек, никоҳ ўқиган ва қулоғига азон ва такбир айтган муҳтарам имом домлаларимизга эса бир гадойга пул бегандек, арзимас эҳсон қилиб, берган эҳсонини турли жойларда гапириб юрадиган кимсаларимиз ҳам афсуски орамизда йўқ эмас. Аслида асосий ишни ким қилади, шу муҳтарам имом домла-ку, унинг ўрнига имомга берган эҳсонидан 50-100 баробар кўпроққа тушган ижара машиналари, видио, расм, карнай-сурнайлар ва ортиқча дабдабозликларни гапиришга тил қисиқ. 

Ёш келинларимизнинг, миллий қадриятларимизга хос бўлган алла айтишни биладими, ёки маъно мазмуни йўқ қўшиқлар айтиб, ёки телефон мусиқасини қўйиб фарзандларини бешикда ухлатмоқдами? 

Имом Бухорий, Имом Термизий ва барча буюк аждодларимизни ҳам аёлларимиздек бир мўтабар, муҳтарама зотлар туғиб тарбиялаганлар. Уларнинг оналари, таҳорат ила Қуръон оятларини тиловат қилиб фарзандларига меҳрини бериб кўкрак сутларини берганлиги тарихдан маълум.

Хозирги аёлларимиз сутни берсам қоматим йўқолади деб, суниий сутлар ва кашалар ила фарзанд боқмоқдалар. Уларда онага меҳр қайдан ҳам бўлсин. 

Шу тариқа фарзандларимиз исроф ва дабдабабозлик ила улғаяди. Бу жараён давомида қанча маросим ва тантана бўлса барчасида шариат ва жамият қонунлари бир четда қолиб, аёлларимиз тузган “Исрофгар аёллар қонини”нинг маълум бандларига асосан тоғорабозликлар, гаплар, турли йиғилиш ва зиёфатларда аёллар бош ролларда, эркаклар эса аёлларнинг тоғорасига пул топиш илинчида, ё Россияда, ё таксида, ёки пиёда.  

Хўш шу аёллар бизнинг – онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Шу аёлларимиз пул топишнинг қанча машаққатли иш эканлигини яхши билишади-ку. Шу оналаридан ибрат олган бизнинг ёш авлодлар, шунча урф-одатларни билар экан, айримлари биз ҳожи онамиз деб дуолар қилиб, шу аёллар гапидан, тоғорасидан ва бошқа қилди-қилмади гаплари ўрнига мен кимман, Аллоҳни қандай танийман, Пайғамбаримизнинг қанчалик суннатларини биламан ва амал қиламан, Аллоҳ мени нима учун яратган, қирқ фарзни биламанми, ёки ҳаётим сериал кўриш, уни гапларда таҳлил қилиш, бемаъни газета ўқиш ва сохта, пулдор санаткорларнинг қачон, қаерда туғилгани, қандай кийинади-ю, неча марта турмуш қуриб, ажрашгани ва қўйингки керакли ва кераксиз нарсалар билан умри ўтиб кетмоқдами? 

Тўй дастурхони ёки сеп-сидирғаларни, латта-путта, тоғора-ю саватларни гап-сўз қиладиганлар кимлар? Албатта, эркаклар эмас. Демак, не-не забардаст эркакларнинг “Элдан қолмаслик учун” чиранишлари хотинлар даврасида урчийдиган икки пулга қиммат гап-сўзлар учун экан-да? Маросимларга элнинг номидан хотинлар баҳо бераётган экан-да?

“Вой дадаси, қизингизнинг сепига фалон турдаги мебель қилишингиз керак, пардалар ҳам янги урфда тикилган бўлиши шарт! Куёвга қилинадиган устки ва ички кийимлар фақат “импортний” бўлиши керак. Фалончи қўшиқчини олиб келиб “қиз базми” уюштирмасангиз, қизингиз ўксийди. Ҳали тўйдан кейинги йўқловлар турибди, уларга ҳам салкам битта тўйнинг харажати кетади. Бир йилга қолмай, қизимиз туғиб берса, бешик беришнинг ўзи бўлмайди. Одамлар қизи туғса, куёвига автомашина совға қиляпти. Ҳаракатингизни қилинг! Дўст-душманнинг олдида шарманда бўлмайлик!” дея лаби-лабига тегмай буйруқ бераётган хотинига бирорта эркак:

- Бу уйнинг эркаги менман! Менинг айтганим бўлади! Одамлар нима деса дер, мен ҳолимга яраша тўй қиламан! Биз қиз узатяпмиз, куёв сотиб олаётганимиз йўқ! – деса эди, “Боламнинг кўнгли ўксимасин. Ҳамма қилаётган экан, бизнинг ҳам бошқалардан кам жойимиз йўқ”, деган ўйда “қайдасан, Россия” деб пул ишлагани жўнамаса ёки миясида ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам бойлик орттиришнинг режасини пишитишга тушиб кетмаса эди, эркак сифатида хотинига, ота сифатида “Менинг сепим дугоналаримникидан кам бўлмаслиги керак” деб оёқ тираб туриб олган қизига гапини ўтказа олса эди, бемаъни одатлар анча камайган, орзу-ҳавасларга пул тополмагани учун тўй бошлолмай турганлар енгил нафас олган бўлардилар.

Энди бугунги келин тўйларимизни бир кўз олдингизга келтиринг, икки соатлик базм учун қанча-қанча маблағимиз исроф бўлмоқда. Ижарага машина, ижарага кўйлак, ижарага ресторан! Ҳеч ким бу ёш-келин куёвнинг кейинги ҳаётини ўйламайди. Наҳотки, ижарага кетаётган неча миллонлик маблағга келин-куёв келажаги учун бирор нарса олиб қўйиш фойдали эканини ҳеч ким билмаса? Бу масаланинг фақат моддий тарафи, холос. Унинг маънавий жиҳати бундан-да аянчлироқдир.

Энг ёмони, шунча исрофгарчилик ва қилди-қилмади, гап-сўзлар ила ўтаётган тўйларимиздан сўнг ёшларимиз бир-бирларини тушиниб бахтли яшаб кетмоқдами, ёки турли вақтинчалик машҳур эркаклар ва аёлларнинг ҳаётларини ўзларига ибрат қилиб ажрашиб, болалар тирик етим, ажрашган келин – куёв жарима тўлаб фуқоролик судларида мол-мулк, сарпа-суруқ ва мебел талашмоқдами? 

Афсуски, шундай эридан ажрашган ёки бева қолган жувонларнинг ҳам бир жойда улфат бўлиб йиғилишлари, гап ўйнашлари ҳам кузатилмоқда.

Йиғинларда ҳам, одамлар орасида ҳам маросимларимизнинг ўта дабдабали, серисроф, сохта удумларга тўла ўтаётгани борасида бонг уриб келяпмиз. Аммо натижа кўнгилдагидек эмас. Ҳаммамиз бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини англаб турибмиз, лекин барибир бу удумлардан воз кечаётганимиз, тўй ва шунга ўхшаш маросимларни қатъий бир тартибга сололганимиз йўқ.

Аёлларимиз моҳир уй бекаси, жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда юртимиздаги ижтимоий, маданий ва сиёсий жабҳаларда фидокорона меҳнат қилишмоқда. Биз уларни аввало, аёл сифатида, қолаверса, фидойи меҳнаткаш сифатида ардоқламоғимиз лозим! 

Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб дуо қиламиз! Илоҳо, уларнинг сабр-бардошлари, оила ва болага меҳрибонликлари эвазига Парвардигорнинг Ўзи муносиб мукофотлар ато айласин! 


Баҳодир МУҲАММАДИЕВ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умр савдоси ҳақида бу китобчада ёзишнинг қандай зарурати бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, ҳалол савдо ҳақида гаплашишга киришдикми, демак, гапимиз давоми...

3674 05:00 / 15.02.2017
Жинсий ожизлик араб тилида .анийн, дейилади ва аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан ишлатилади. Шаръий истилоҳда эса, жинсий олати давоми...

12959 05:00 / 15.02.2017
Хурсандчилик муносабати ила дастурхон ёзиб, таом тортиб ўтказиладиган маросимни, валийма, дейилади. Ақийқа, никоҳ ва сафардан қайтиш каби муносабатлар ила давоми...

3350 05:00 / 15.02.2017
Шу ерга келганда, талоқ тизими тўғрисида ҳам икки оғиз шарҳга эҳтиёж тушади..Талоқ, сўзи луғатда .моддий ва маънавий тугунни ечиш, деган маънони англатади.Шаръий давоми...

11872 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

120138 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41801 14:35 / 11.08.2021