1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Уяли алоқа фиқҳи

05:00 / 04.03.2017 4281 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблари


Бисмиллаҳирроҳманирроҳим


Кириш

Бандаларининг ҳожатларини енгиллаштирган, уларга ўз ҳаёт тарзларини осонлаштиришлари учун илм, ақл, илҳом ва имкониятларни берган ҳамда уларга ҳар бир ҳаётий ишларида ҳидоят, нур бўлгувчи Исломни ато қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!


Икки иш келганида енгилини танлаган, умматларига доимо осонликни ва хайриятни хоҳлаган, уларни ҳар бир ишда одоб ахлоққа ўргатган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари чексиз, чегарасиздир. Бу неъматларнинг ичида вужудга келишида инсоннинг ҳам зоҳиран иштироки борлари мавжуд. Ана шундай неъматлардан бири, ҳозирги кунда кенг тарқалган, жуда ҳам қисқа фурсат ичида инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган, уяли телефон алоқаси воситаларидир. Ҳар бир нарсада меъёр ва одоб бўлганидек, бу воситадан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша шаръий одоблари бор. Ҳар бир неъматнинг шукронаси вожиб бўлганидек, бу неъматнинг ҳам шукри лозимдир. Неъматнинг шукри эса, берилган неъматни ўша неъматни бергувчи Зот рози бўладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади.

«Уяли телефон яқин йилларда пайдо бўлган бўлса, унинг қандай қилиб шаръий одоблари бўлсин?» деган савол туғилиши ҳам мумкин. Ҳа, тўғри, уяли телефоннинг пайдо бўлганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо, Аллоҳ таолонинг сўнгги дини, барча замонлар ва маконларга жавоб берувчи, инсониятга икки дунё саодатини кафолатловчи, қиёматгача боқий қолгувчи дини – Исломда шундай одоб ва меъёрлар баён қилинганки, унинг асосида бундан яна ўн аср ўтиб, техника бундан кўра юз баробар тараққиёт этса ҳам, инсоният ривожланишнинг энг чўққисига етса ҳам, унинг ҳаётидаги ҳар бир масала Исломда ҳал қилинган бўлади, Ислом унга ўзининг одилона муносабатини ҳамда ҳақиқий ҳукмни ҳавола қилмай қолмайди. 

Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиён тарафи ҳам бўлганидек, уяли телефон воситасининг ҳам манфаатли ва зарарли тарафлари бор. Агар уни манфаатли тарзда ишлатиб, зарарли тарафларидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади, киши ўзининг дунёси учун ҳам, охирати учун ҳам зиёнга ишлайди. 

Аввалги Исломий манбаларда «телефон одоблари» деган боб ёки фасл бўлган эмас. Чунки у пайтда телефоннинг ўзи мавжуд бўлмаган. Аммо ҳозирда эса, Ислом уламолари асл исломий одоблар асосида бу янги пайдо бўлган воситанинг ҳукми ва унга тааллуқли одобларни ҳам баён қилиб бермоқдалар. Улар ўз сўзларида Исломнинг негиз қоидалари ва одобларига, унинг асл мақсадларига таянган ҳолларида, оят ва ҳадис асосида фатво бермоқдалар. Аллоҳ улардан рози бўлсин. 

Камина бизнинг мусулмон халқимизга ҳам, тарихи Ислом билан гуркираган ўзбек халқига ҳам бу мавзуда баъзи маълумотларни тақдим қилиш эҳтиёжини сезиб юрар эдим. Шу аснода ана шу муаммога бағишланган баъзи илмий баҳс ва мақолаларни кўриб қолдим. Уларда мавзуга доир саволларга замонамизнинг кўзга кўринган уламолари тарафидан жавоблар берилган эди. Бинобарин, уларнинг баъзиларидан фойдаланган ҳолда, бу борадаги муҳим масала ва одобларни баён қилишни мақсад қилдим.

Шу ўринда бир нарсани эслатиб, ўтмоқчиман. Рисолада далил сифатида келтирилган барча хабарлар, ҳадислар саҳиҳ хабарлардир. Уларнинг асл манбалари, шунингдек, ояти карималарнинг қайси сура, қайси оятдан экани кўрсатилмаган. Бунинг боиси оддий ўқувчининг фикрини чалғитмасликдир. Шунингдек, рисоланинг суҳбат шаклида тузилгани ҳам бор.

Аллоҳ таоло бу камтарона амални ўзининг ризоси учун бўлишини, уни ўзим ва ўзгалар учун манфаатли бўлишини насиб этсин.


Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

16/05/1432 ҳ. – 20/04/2011.

Тошкент.



Уяли алоқа воситаси тарихига бир назар


Уяли алоқа воситасини яратиш фикри, биринчи бўлиб, 1946 йили Америкадаги AT&T Bell Labs компаниясида туғилган эди. Ўшанда бу фирма родиоузатгич ёрдамида ишловчи дастлабки телефонни яратган эди. Лекин бу воситадан фойдаланиш жуда мураккаб бўлиб, қўнғироқ қилувчи аввал марказий станцияга уланиб, фалон рақамни улаб беринг, деб илтимос қилиши лозим эди. Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзида ҳам тинглаб, ҳам эшитиш имкони йўқ, алоқа ҳозирги рацияларнинг услубида эди.

Кейинроқ мазкур корхона ҳар бир телефон учун алоҳида станция ўйлаб топди. Аммо бу станциянинг оғирлиги 40 кг эди. Уни автоулови бор одам орқа ўриндиққа ўрнатиб, гўшакни олд ўриндиққа қўйиб оларди. 

40-йилларнинг охирига келиб Швециядаги Телеваркет компанияси ўзининг икки ходимига оддий телефон жиҳозлари каби ишлайдиган, аммо, кўтариб юрса бўладиган жиҳоз ўйлаб топишни топширади. Бу топшириқ, кўп ўтмай, 1950 йилнинг 3 декабрида амалга ошади. Унга MTA (А мобил телефон тизими) деб ном берилади ва 1956 йил сотувга чиқарилади. Аммо, бу жиҳоз ҳам 35 кг оғирликда бўлиб, автоуловга муҳтож эди. 

1973 йилга келиб Американинг Моторола компанияси ҳажми ва оғирлиги жиҳатидан анчагина ихчам жиҳоз яратишга муваффақ бўлди. Бу энг илк мобил телефон эди. Унга Dyna-Tac деб ном беришди. Унинг узунлиги 25, эни 15, қалинлиги 5 см, оғирлиги 1 кг, 12 та тугмачали эди. Унинг электр озуқаси 35 дақиқага етар, аммо, бунинг учун 10 соат озуқа олиши керак эди. 

1983 йилга келиб AMPS стандартидаги биринчи оммавий уяли телефон юзага келди. Бу билан ҳозирги авлод уяли алоқа тарихининг энг илк саҳифаси очилган эди.

Кейин эса бу майдон ўта ҳам кенгайиб, яшин тезлигида ривожланиб кетди. Ҳозирга келиб, 6,5 миллиарддан ортиқ инсониятнинг таркибида 2 миллиарддан ортиқ мижоз бор. 

Ватанимиз Ўзбекистон диёрида ҳам фаол аҳоли қисмининг деярли барчаси уяли алоқа воситасидан фойдаланмоқда. Баъзи кишиларда иккита, учталаб ҳам қўл телефони бор. Шунинг учун ҳам аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган бу азиз халқнинг, тарихи Ислом билан  обод бўлган, Исломга амал қилиш орқали дунёга устоз бўлган бу буюк халқнинг  мазкур мавзуга Ислом шариъатининг муносабати қандай эканини билиши, ўқиб, ўрганиб ихлос билан амал қилиши лозим ва лобуддир.


Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблари



I.    Жиҳоз (уяли алоқа аппарати)га тааллуқли одоблар.

II.    Жамоатчиликка нисбатан одоблар.

III.    Суҳбатдошга нисбатан одоблар.

IV.    Мавзуга тегишли саволлар.

Мавзуга киришдан олдин Ислом шариатининг бирламчи, асос мақсадларини эслаб ўтсак. Аллоҳ таолонинг сўнгги ҳамда мукаммал дини, Ислом шариатини теран ўрганган уламолар шариатнинг бош мақсадлари бешта эканини айтганлар. Яъни, Ислом шариатининг ҳукмлари, ҳаммаси бориб, ана шу мақсадларга хизмат қилади. Улар қуйидагилардир:

1.    Дин муҳофазаси;

2.    Нафс, шахс муҳофазаси;

3.    Ақл муҳофазаси;

4.    Ирз (шаън, обрў, иффат) муҳофазаси;

5.    Мол пул муҳофазаси.

Сиз қуйидаги одобларни ўрганар экансиз, улар ҳам мазкур мақсадлар асосида жорий қилинганини кўрасиз. Иложи бўлса, ҳар бир одобни мутолаа қилган чоғда мазкур шаръий мақсадларни бир хотирласангиз, мақсадга мувофиқ бўлар эди.


Жиҳозга тааллуқли одоблар



1.    Жиҳозни (телефон аппаратини) киши ўзининг эҳтиёжига ярашасини олиши керак. Чунки, эҳтиёждан ташқари нарсага мол пул сарф қилиш исрофдир. Исрофгарчилик эса, ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Енглар, ичинглар, исроф қилманглар. Албатта, Аллоҳ исроф қилгувчиларни суймас».  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир»,   деганлар. Шунингдек, жамиятдаги ҳар қандай ҳожатсиз сарфланган нарса қайсидир муҳтожнинг муҳтож ҳолда қолиши, балки, аҳволи яна ҳам танглашиши эвазига бўлишини унутманг. 

2.    Жиҳозни олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга, масалан, силаи раҳмни тиклаш, яқин кишиларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, уларга яхши сўз ва тилакларни тақдим этиш, ўз ҳожатингизни тезроқ битириш билан вақтни тежаш ёки жиҳознинг имкониятларидан фойдаланиб, Қуръони Карим тиловатлари, панд насиҳатларни тинглаш, ибратли кўрсатувларни томоша қилиш, фойдали матнларни мутолаа қилиш каби хайрли йўлларда ишлатишни ният қилинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир»,   деганлар. Зинҳор уни мақтаниш учун, ўзгаларга кўз кўз қилиш, кимлардандир устун эканлигингизни кўрсатиш ёки шунчаки беҳуда ҳаваскорлик учун олманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийдиради». Бундан ҳам ёмони   уни гуноҳ учун, бировларнинг сирларини билиш, ношаръий нарсаларни эшитиш ёки кўриш, назар солиш ҳаром бўлган нарсаларни суратга олиш, номаҳрам шахслар билан суҳбатлашиш, кимгадир айғоқчилик қилиш, бекорчи суҳбатлар қуриш каби гуноҳ ва беҳуда амалларга ишлатишни кўзда тутманг. Зеро, у ҳолда, юқоридаги ҳадиси шарифга биноан, ана шу жиҳозни олишингизнинг ўзи гуноҳга айланади.

3.    Агар жиҳозингизда лафзи жалола ёки Мусҳаф, яъни, Қуръони Карим матни мавжуд бўлса, ана ўша муқаддас нарсалар жиҳознинг ойнасида кўриниб турган ҳолатда қоғозда бўлганидек ҳукмда бўлади. Яъни, Мусҳаф ойнада очиқ турган ҳолда жиҳозни бетаҳорат ушлаш, у билан нолойиқ жойларга кириш жоиз бўлмайди. У ойнадан ёпилгачгина, жиҳозни бетаҳорат ушлаш мумкин. Аллоҳ таоло: «Уни (Қуръонни) фақат покланганларгина ушларлар»,   деган.

4.    Жиҳоз ойнасига лафзи жалола ёки Қуръон оятларини, имкон қадар, қўймаганингиз афзал. Чунки сиз у билан таҳоратхона ёки ҳаммом каби жойларга кириб қолишингиз мумкин. 

5.    Жиҳознинг қўнғироқ товушларига Қуръон ояти, азон ёки Аллоҳнинг зикрларини қўйишдан сақланинг. Зеро Қуръон уни ўқиб, уни бутун вужуд билан тинглаб, маъноларини тафаккур қилиб, кўрсатмаларига амал қилиниши учун Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган муқаддас Каломдир. Шундай экан, унга ўша мақсадга мувофиқ муносабатда бўлиш вожибдир. У мусиқа ёки қўнғироқ ўрнида ишлатилиши учун нозил қилинган эмас. Азон эса Исломнинг шиорларидан нишонларидандир. У мусулмонларни ибодатга чорлаш учун жорий қилинган ибодатдир. Бошқа зикрлар ҳам шундай. Хусусан, агар ҳожатхона каби нопок жойларда эканингизда қўнғироқ келиб қолса, нақадар ножоиз иш қилганингизни, яна бир бор ҳис қиласиз. Шунингдек, гўшакни кўтариш билан оят ёки калимани кесиб, унга нисбатан беодоблик қилишга тўғри келади. Ҳатто, бунда маънони бузадиган ҳоллар ҳам бўлади. Масалан, «ла илаҳа..» дейиши билан «иллаллоҳ»га қолдирмай гўшакни кўтарилса, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган иймон калимаси «...ҳеч қандай илоҳ йўқ» иборасига айланиб қолади. Бинобарин, Ислом муқаддасотларини бундай енгил елпи ўринларда ишлатиш уларга беписандлик билан қараш ҳисобланади. Ислом шиорларини енгил санаш жоиз эмас. Бу иш инсоннинг иймонига хатар солади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бу – қалбларнинг тақвосидандир». Бошқа бир оятда: «Албатта, мўъминлар қачон Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрайдиган, қачон уларга У зотнинг оятлари тиловат қилинса, иймонлари зиёда бўладиган ... кишилардир, холос»,   деган. 

6.    Жиҳозга Исломда тинглаш ёки томоша қилиш ман қилинган нарсаларни жойлаштириш ҳаромдир. Жумладан, аёлларнинг расмлари, назар солиш ҳаром бўлган суратларни жиҳоз ойнасига қўйишдан, тинглаш ножоиз бўлган нарсаларни қўнғироқ овозига ўрнатишдан сақланинг. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ адолат, яхшилик, яқинларга ато беришга буюради ва фаҳш, мункар, тажовуздан қайтаради. У зот сизларга ваъз-насиҳат қилади, шоядки, эслатма олсаларингиз». Мусулмон кишининг зоҳирда Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажариб, махфий ҳолатда Аллоҳнинг ҳар бир нарсани кўриб турувчи, билиб турувчи Зот эканига иймони бўлмаган кишиларнинг ишини қилиши мунофиқликнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло айтади: «У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар  яширган нарсаларни ҳам билур». Хусусан, агар ана шу ҳолда масжидга кирсангиз Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни Аллоҳнинг уйига олиб кирган бўласиз. Уни бошқалар кўрмаслиги мумкин, аммо, Аллоҳ кўриб туради. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни риоя қилса, бу унинг ўзи учун Робби ҳузурида яхшидир». «Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бу – қалбларнинг тақвосидандир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Беҳаёлик жафодир, жафо дўзахдадир». 

7.    Жиҳозга имкон қадар оилавий суратларни киритманг. Ўзингиз хоҳламаган ҳолда ўзингиз истамаган назарлар унга тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Агар оилавий суратларни олсангиз ҳам, уларни алоҳида бўлимга қўйиб, «қулфли» ҳолда сақланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўъмин ҳамият-ғайратли бўлади»,   деганлар. 

8.    Ўзгага тегишли бўлган жиҳозни унинг рухсатисиз олманг, ундан бировга қўнғироқ ҳам қилманг, унинг ичидаги нарсаларни тажриба учун ҳам очиб кўрманг. Агар рухсат берган тақдирда ҳам, кирмасликни талаб қилган бўлимларига кирманг. Чунки бунда ўзгаларнинг сирларига, яширилиши лозим бўлган нарсаларига тажовуз қилган бўласиз. Бу албатта, хиёнатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ҳар қандай хиёнаткор ва гуноҳкорни суймас». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким бир мусулмон биродарининг яширин бўлиши лозим бўлган нарсаларини тафтиш қилса, Аллоҳ унинг яширин қолиши лозим бўлган нарсаларини тафтиш қилади. Аллоҳ кимнинг яширин қолиши лозим бўлган нарсларини тафтиш қилса, уни, агарчи уйининг ичида бўлса ҳам, шарманда қилади».

9.    Бировни ўзининг рухсатисиз суратга олманг, овозини ёзманг. Чунки бу жосусликдир, хиёнатдир. Агар ўша нарсани бошқаларга ҳам тарқатилса, ундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло: «Жосуслик қилманг»,   деган. Бу ишнинг машъум бир ҳаракат эканини ҳис қилиш учун ўзингизга бир назар солинг. Агар сиз расмга тушмоқчи бўлсангиз нима қиласиз? Ўзингизни, усти-бошингизни тўғрилаб, имкониятингиз борича энг гўзал шаклга келиб, шундан сўнггина сураткашга сизни суратга олишига изн берасиз. Ҳолбуки, сиз ўзингиз учун, шунчаки, бир эсталик маъносида ёки қоғозларнинг орасида қолиб кетадиган бирор васиқа учун тушаётган бўласиз. Шундай эмасми? Энди ўзгалар ҳам сизга ўхшаган инсон эканини унутманг. Уларнинг ҳам ўзларига яраша хоҳишлари, истаклари ва талаблари бор. Уларга парво қилмаслик, инсонга нисбатан тажовуздир. Ўзига раво кўрмаганни ўзгага раво кўриш мўъмин кишининг хусусияти эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун ёқтирган нарсани биродари учун ҳам ёқтирмаса, мўъмин бўлмайди»,   деганлар. 

10.     Бир кишидан ўзининг изни билан сурати ёки овозини ёзиб олсангиз, унинг рухсатисиз, мазкур маълумотни тарқатманг. Агар унинг бунга розилиги маълум бўлса, жоиз. Аллоҳ таоло: «Омонатларингизга хиёнат қилманглар»,   деган.

11.     Агар бирор кишининг жиҳозида ношаръий нарсани кўриб қолсангиз, уни дарҳол ўчириб, йўқотиб юборинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан, агар қодир бўлмаса, қалби билан. Бу иймоннинг энг заифидир. Ундан кейин ачитқининг уруғича ҳам иймон қолмайди». 

12.     Ношаръий, беҳаё нарсаларни тарқатишдан ҳазир бўлинг. Ўзгаларнинг ҳам бу разил ишни қилишига йўл қўйманг! Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз». Шу билан бирга, сиздан кейин яна неча кишига тарқалса, ҳаммасининг гуноҳича гуноҳ сизга ёзилиб боради. Аллоҳ сақласин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким бир залолатга чақирса, унга ўшанга эргашганларнинг гуноҳича гуноҳ бордир. Бу уларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмайди».

13.     Агар бирор биродарингизнинг жиҳозида унинг ўзига хос сирларидан, ўзингиз истамаган ҳолда, хабардор бўлиб қолсангиз ёки унда бирор ношаръий нарсани кўриб қолиб, ўчириб ташлаган бўлсангиз ҳам, буни ўзгага айта кўрманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг айбини яширади». Мовардий айтадилар: «Кишининг бировнинг сирини очиши ўзининг сирин очишидан хунукдир». 

14.     Фарзандингизга жиҳоз олиб беришга шошилманг. Унга дарҳақиқат зарур бўлсагина, унинг ушбу рисолада зикр қилинаётган шаръий одобларга қатъий риоя қилишига кўзингиз етсагина, олиб беришингиз мумкин. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлган дўзах азобидан сақланг!»  деган. ушбу оятнинг тафсирида Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Яъни, уларга таълим тарбия беринг ва одобларини гўзал қилинг»,   деганлар.

15.     Жиҳозингизни бировларнинг уйларидаги ёки мактаб каби умумий маконлардаги электр қувватидан фойдаланган ҳолда «озиқлантирманг». Агар уйнинг эгаси рухсат этган, умумий жойларда ўша масканларнинг масъуллари ижозат берган бўлса, жоиз. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, ўзаро молларингизни ботил билан еманг»,   дейди.

16.     Жиҳозингизга «олтин рақамлар» сотиб олишга ортиқча пулни исроф қилманг. Ўша пулни ундан кўра дунё ва охиратингиз учун фойдалироқ нарсага сарфланг. Шунингдек, бунда ҳам машҳурлик, мақтанчоқликка бориб қолишдан сақланинг. Аммо баъзи ташкилотларда ёки айрим кишилар учун уларнинг ишлатишига ўшандоқ сараланган рақамлар сотиб олишлари керак бўлса, ўшанга эҳтиёж сезилса, жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда қиёмат куни тўрт нарса ҳақида сўралмасидан туриб оёғи ўрнидан жилмайди: умридан, уни нимага сарф қилгани, илмидан нимага амал қилгани, мол-дунёсидан уни нимага харажат қилиб, қаердан топгани, жисмидан уни нима учун фидо этгани».

17.     Айрим мутахассисларнинг айтишларича, уяли телефонларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирлари бор. Шу боис ундан фақат зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Керагидан ортиқча ишлатиб, мусулмон киши ўзининг соғлигига путур етказиши жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!»  деган. 


Жамоатчиликка нисбатан одоблар



1.    Масжидларга,  дарслар, илмий мажлис ва суҳбатларга, балки, ҳар қандай ҳурматли кишиларнинг олдига кирганда жиҳозни овозсиз қилиб олиш ёки бутунлай ўчириб қўйишни унутманг. Чунки, қўнғироқ овози масжидларда намозхонларнинг ибодатига путур етказиш, намознинг асоси бўлган хушуъ-хузуъни барбод қилиш, мажлисларда сўзловчига ҳам, тингловчига ҳам халақит бериш, илмдан чалғитишга сабаб бўлади. Натижада илмдан манфаат олиш йўқолади ёки камаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга чиқдилар. Саҳобаи киромлардан баъзилари баланд овозлар билан қироат қилаётган эдилар. Шунда уларни бундан қайтариб: «Бир-бирингизга озор берманг»,   дедилар. Қуръон қироати устида шу гап айтилганидан кейин, бошқасини ўзингиз тушуниб олаверинг. Агар бир обрўли, мансабдор шахснинг олдига кирсангиз, эҳтиёткорликка қай даражада риоя қилишингиз ўзингизга маълум. Энди Оламлар Роббининг ҳузурига ёки У зотнинг зикри бўладиган жойларга киришда қай ҳолатда бўлиш лозимлиги ўзингизнинг иймон-эътқодингизга ҳавола. Имом Ҳусайннинг ўғиллари, Зайнулъобидийн Алий ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳ, қачон намозга чиқмоқчи бўлсалар, ранглари сарғайиб, ўзгариб кетар, намозга турганларида қаттиқ титроқ ва изтиробга тушиб қолар эдилар. У кишидан нега бундай бўлиши ҳақида сўралганида, у зот: «Кимнинг ҳузурида турмоқчи эканимни биласизларми?!»   деган эдилар. 

2.    Масжидларда, дарслар, илмий мажлисларда, балки, ҳар қандай суҳбатдош олдида жиҳозни ўйнаб ёки қўлда айлантириб ўтиришдан сақланинг. Чунки бу беписандлик, беодоблик аломатидир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Менинг учун энг ардоқли шахс суҳбатдошимдир. Унинг юзига пашша қўнса ҳам, менга озор беради»,   деганлар. 

3.    Масжидларда, юқоридаги одобга танбеҳ сифатида, деворий эълонлар ҳам учраб туради. Аммо, шунда ҳам, баъзи бир кишилар гоҳо унутиб, жиҳозга бепарво қоладилар. Ана шундай ҳолларда жамоатдаги кишининг жиҳози агар сизни безовта қилиб юборса,  дарҳол унга қаттиқ тегманг, ғазаб қилманг. Чунки инсон унутишдан холи эмас. Хусусан, ёшлари катта кишилар бу маънода узрли ҳисобланишлари мумкин. Ўшандай ҳолатда сизнинг унга мулойимлик билан муомала қилишингиз талаб қилинади. Бу ўринда сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишингиз кифоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган пайтларида бир бадавий киши кириб, масжид ичида бавл қилишни бошлади. Саҳобалар дарҳол уни тутиб, олиб чиқиб ташламоқчи бўлдилар. Аммо, ҳалимларнинг устози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, қўйинглар, ҳожатини чиқариб олсин, дедилар. У ўз ҳожатидан хориж бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бу жой мусулмонларнинг ибодат маскани экани, муқаддас макон эканини уқтириб, бу ишни такрорламасликни таъкидлаб, яхши муомала билан чиқариб юбордилар. Натижада ҳалиги бадавий масжид аҳли сафидан жой олди. 

4.     Жиҳозингизга қўнғироқ учун чалинганда атрофингиздаги солиҳ кишиларга малоллик келтирадиган товушларни ўрнатманг. Бу уларнинг қалбларига озор бериши мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бир мусиқа товушини эшитдилар. Дарҳол қулоқларини беркитиб олдилар. Бироз туриб, ёнларидаги ҳамроҳлари Нофеъ раҳимаҳуллоҳга «Овоз тиндими?»,   дедилар. У «Ҳа»,   дегач, қўлларини қулоқларидан олдилар ва: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргалигимда худди шундай қилганларини кўрганман»,   дедилар. Шу билан бирга, ақлли кишилар наздида, инсонларнинг жиҳозларидаги қўнғироқ товушлари ҳам уларнинг табиатлари ва ахлоқларини баҳолайди.

5.    Суҳбат ва мажлисларда имкон қадар жиҳозга мурожаат этманг. Бировга қўнғироқ ҳам қилманг, қўнғироқларни қабул ҳам қилманг. Агар зарурат бўлган тақдирда ҳам, суҳбатдагилардан узр сўраган ҳолда, имкон бўлса, ташқарига чиқиб гаплашинг. Ташқарига чиқишда ҳам ёнингиздаги мажлисдошларингиздан рухсат сўранг. Аммо, аралаш суҳбат ўринларида, бемалол жойларда бўлса, бу бошқа гап. 

6.    Қуръони Карим қироат қилинаётган пайтда тиловатни тинглашдан ўзга нарса жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз»,   деган.

7.    Суҳбатлашишда овозни керагидан ортиқ кўтарманг. Хусусан, кишилар орасида бўлганда бу одобга қаттиқ риоя қилиш лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Овозингни пастлат. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». Ҳадиси шарифда келганки, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Тавротда «Бозорларда бақир-чақир қилгувчи эмас...»,   дея таърифлаган.

8.    Жиҳознинг ташқи товуш мосламаси (динамик)ни заруратсиз ишга солманг. Чунки, бу ўзгаларга халақит беради, озор етказади. Қолаверса, уларга керак бўлмаган маълумотларни тақдим қилиб, вақт ва имкониятларининг беҳудага сарф қилинишига сабаб бўласиз. Балки, ўзгалар эшитиши маъқул бўлмаган нарсаларни уларга эшиттириб қўйишингиз, бу эса, охир оқибат, ўзингизни ёки суҳбатдошингизни хижолатга, кўнгилсиз ҳолга тушишига, ораларингизда фитна пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу кўп марта тажрибадан ўтган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, қулоқ, кўз ва қалб – ана ўшалар барчаси, сўралажак нарсалардир».

9.    Имкон қадар жиҳоздаги суҳбатни тезроқ тамомлашга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, мажлисдошингизга озор бериб қўясиз. Аллоҳ таоло бизларга яхшилик қилишимиз лозим бўлган кишиларни санар экан: «ёндаги соҳибга (яхшилик қилинг)» дея амр этган. «Ёндаги соҳиб» деганда ҳамсафар, ҳамроҳ, ҳамкасб, мажлисдош, суҳбатдош ва ҳоказолар тушунилади.


Суҳбатдошга нисбатан одоблар



1.    Бировга қўнғироқ қилишдан, хат ёзишдан олдин рақамни аниқлаб олиш лозим. Шунингдек, синаш учун айрим рақамларга териб, ўйнаш жоиз эмас.

2.    Суҳбатдошингизга қўнғироқ қилишдан олдин ушбу дақиқа унинг истироҳат ёки банд пайти эмаслигини аниқлаб олинг. Хусусан, масжидлардаги намоз вақтида мусулмон кишига қўнғироқ қилиш жоиз эмас. Айниқса, аҳли илмлар, ҳурматли кишилар, катта ёшдаги одамларга нисбатан бу маънода эҳтиёткор бўлиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким катталаримизни иззат, ҳурмат қилмаса, кичикларимизга раҳм қилмаса, уламоларимизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас»,   деганлар.

3.    Агар бир марта қўнғироқ қилганингизда жавоб берилмаса, орадан бироз муддат ўтказмасдан туриб қўнғироқни қайтарманг. Бу худди бировнинг дарвозасини қоқиб чақириш ҳукмига киради. Уламоларимиз, мусулмон киши бировни уйидан чақирганда ўша одам эшитадиган тарзда бир марта чақирсин, жавоб қилмаса, бироз кутиб, кейин қайта чақирсин. Чунки уй эгаси таҳорат қилаётган ёки намоз ўқиётган ёки бошқа бир зарурий ҳолатда бўлиши мумкин, дейдилар. Унга ҳадеб қўнғироқ қилиш дарвозасини тўхтатмай дарақлатиш билан баробар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари тирноқ билан қоқилар эди».

4.    Агар орадан озгина вақт ўтказиб уч марта қўнғироқ қилганингизда ҳам жавоб бўлмаса, энди қўнғироқ қилишни тўхтатинг. Акс ҳолда биродарингизни безовта қилган, унга азият берган бўласиз. Сиз-ку уйингизда ўтириб, бир тугмани босиш билан ўртоғингизни чақиряпсиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарининг олдига қадам босиб, йўл юриб бориб, эшиги олдида туриб чақирган кишига ҳам: «Агар бирингиз уч марта изн сўрасаю, изн берилмаса, ортига қайтсин»,   деганлар. Ҳатто, ўша кишининг уй соҳибидан аччиқланишга ҳаққи йўқ, дейдилар уламоларимиз.

5.    Суҳбатдошингиз гўшакни кўтарса, биринчи бўлиб салом беринг. «Ҳа-а! Қалайсан?», «Эй фалончи!», дея бошламанг. Жобир розияллоҳу анҳу: «Салом каломдан олдиндир»,   деганлар. Салом Ислом саломи бўлсин. Яъни, энг камида «ассалому алайкум».  Агар кўпроқ ажр олмоқчи бўлсангиз, «ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ» денг, яна-да кўпроқ савоб олайин десангиз, «ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ» дейишингиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб «Ассаламу алайкум»,   деб салом берди. У зот унга алик олдилар. У ўтиргач, «Ўнта» дедилар. Яна бир киши келиб, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ» дея салом берди. Унга ҳам алик олдилар. Сўнг у ўтиргач, «Йигирмата» дедилар. Кейин яна бир киши келиб, «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ» деди. Унга ҳам алик қайтардилар. У ўтиргач, «Ўттизта» деб қўйдилар. Яъни, биринчиси ўнта ҳасанага, савобга эга бўлган бўлса, кейингилар йигирмата, ўттизтага эга бўлганига ишора қилдилар.

6.    Агар сиз қўнғироқ қилаётган шахс сизни танимаса, аввало, ўзингизни таништиринг. «Бу мен», «Танимаяпсизми?» деб гапни чўзманг, суҳбатдошингизни хижолатга қўйманг. Қолаверса, киши ўзини «Бу Мен» дея таништириши одобдан эмас. Балки, кўпинча кибрга далолат қилади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан киришга изн сўрадим. У зот: «Ким бу?»,   дедилар. Мен эса: «Мен»,   дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ёқтирмагандек: «Ме-е-ен, ме-е-ен»,   дедилар». 

7.    Агар сизга қўнғироқ келса, иложи бўлса, гўшакни дастлабдан «Ҳа-а!», «Ким бу?» деб кўтарманг. Балки, «лаббай» ёки шу каби гўзал ибора билан сўз бошланг. Иложи бўлса, ўша ҳам салом бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Қайси мусулмончилик яхши?» деб сўралганида У зот: «Таом беришинг ва таниган, танимаганингга салом беришинг»,   дея жавоб берганлар.

8.    Агар суҳбатдошингиз салом бермаса, сиз унга салом беринг. У бу ишни бир неча бор такрорласа ҳам, сиз суннатни татбиқ қилишдан тўхтаманг, бу билан унга ҳам суннатни ўргатишга ҳаракат қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, мўъмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз, ўзаро муҳаббатлашмагунингизча мўъмин бўлмассиз. Сизларга агар қилсангиз ўзаро муҳаббатлашадиганингиз нарсани айтайми? Ораларингизда «салом»ни ёйинг».

9.    Агар суҳбатдошингиз савобга шошиб сиздан олдин салом берса, унга алик қайтаришни унутманг. Зеро, салом бериш суннат, жавоб қайтариш эса вожибдир. Аликни, ҳеч йўғи, саломга яраша қайтариш вожиб. Агар зиёда қилиб қайтарсангиз, яна-да афзал. Масалан, «ассаламу алайкум», деган кишига «ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳ», деб қайтариш мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир».

10.    Суҳбатда овозни жиҳознинг овоз қабул қилиш мосламасига етадиган даражада ишлатиш кифоя. Негаки, аслида бу воситалар бақириб ҳам овозни етказиб бўлмайдиган масофадаги кишига оҳиста овоз билан сўзни етказиш мақсадида ўйлаб топилгандир. Агар суҳбатдошингиз тушунишга қийналсагина, овозни ўшанга яраша кўтаришингиз мумкин. Шайх Ҳарроний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бировга овозини кўтарса, ҳар қандай ақлли киши унинг ўша шахсга эҳтироми йўқ эканини билади». Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Овозингни пастлат. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир». Ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Агар овозни кўтариш яхшилик бўлганида, Аллоҳ буни эшакда яратмас эди». 

11.    Агар узунроқ гапни бошламоқчи бўлсангиз, суҳбатдошингиздан изн сўранг. Чунки унинг бунга шароити бўлмаслиги мумкин. Сўзингизни бўла олмай, машаққатга тушиб қолмасин.

12.    Суҳбатдошингиз сўзлаётган пайтда уни тинглашга эътибор қилинг. Гапини бўлманг. Чунки бу одобдан эмас. Қолаверса, унинг фикрини тўла эшитмай туриб айтган гапларингиз нотўғри ёки кераксиз бўлиб чиқиши ёки унинг ўзи айтмоқчи бўлган баъзи гапларини айта олмай, мақсад ҳосил бўлмай қолиши мумкин. Ибн Муқаффаъ айтадилар: «Чиройли гапиришни ўрганганингдек, чиройли тинглашни ҳам ўрган. Сўзловчига ўз сўзини якунлагунича имкон бериш чиройли тинглаш жумласидандир». Ато ибн Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Киши менга бир ҳадис айтади. Мен уни худди аввал эшитмагандек, жим тинглайман. Ҳолбуки, мен ўша гапни у туғилишидан олдин эшитган бўламан». Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳу: «Сўзлашдан кўра тинглашга ўч бўл»,   деганлар. Аллоҳ таоло тилни биттадан, қулоқни иккитадан яратгани ҳам бежиз эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Сўзни тинглаб, энг яхшисига эргашадиган бандаларимга хушхабар бер».

13.    Заруратдан ташқари сўз гапирманг. Бу одоб аёлларга кўпроқ тегишли. Аслида бошқа пайтларда ҳам кўп гапириш мўъмин кишининг хусусияти эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг мусулмончилигининг гўзаллигидан ўзи учун фойдали бўлмаган нарсани тарк қилишидир»,   деганлар. Аммо, телефон воситасидаги суҳбатларда бу нарса яна ҳам ашаддийроқ бўлади. Чунки бунда ҳам ўзиниг вақтини, ҳам ўзганинг вақтини, ҳам ўзининг пулини, ҳам ўзганинг пулини исроф қилиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Алабатта, Аллоҳ сизларга қилу-қол (деди-деди)ни, молни зое қилишни ва кўп сўрашни кариҳ кўрди». «Килу-қол» дегани «фалончи ундоқ деди», пистончи бундоқ дебди» каби дунёю охиратга фойдасиз гап-сўзлардир. Муҳаммад ибн Ажлон раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Гап тўрт қисмдир: Аллоҳни зикр қилишинг, Қуръонни қироат қилишинг, илмдан сўралган нарсага жавоб беришинг, дунёинг учун керакли нарса ҳақида гапиришинг». Ҳар қандай дунё ва охират учун фойдали бўлмаган нарса бир фойдали нарсани йўқотиш ҳисобига амалга ошишини унутманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг учун манфаат берадиган нарсага ҳарис бўл»,   деганлар. Аллоҳ таоло айтади: « Уларнинг кўплаб махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар садақага, маъруфга ва одамлар орасида ислоҳга буюрган кишигина бундан мустасно. Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улкан ажр берурмиз». Мусулмон киши учун қуйидаги оятни ёдда тутиши кифоя: «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар».

14.    Номаҳрам шахс билан гаплашишдан имкон қадар эҳтиёт бўлинг. Мажбур бўлиб қолганингизда ҳам, зарурат миқдорича сўзлашсангиз, жоиз. Эркак киши агар бир биродарини сўраб қўнғироқ қилсаю, гўшакни аёл киши кўтариб, сўраган кишисининг йўқ эканини айтса, иложи бўлса айтадиган гапни тезроқ айтиб, сўзни тамомлаши лозим. «Қаерда эдилар?», «қачон келадилар?», «нима деб кетдилар?», «мени танидингизми?», «мен фалониман», каби сўзлар билан суҳбатни чўзмаслиги вожибдир. Балки, гапини ҳам айтмасдан, кейинроқ, эркакнинг ўзи бўладиган пайтни мўлжаллаб, қўнғироқ қилиши керак. Акс ҳолда ҳар иккисининг, хусусан, эркакнинг қалбига фитна кириши, шайтонга дарвоза очилиши турган гап. Аёл киши ҳам гўшакни олганида, қўнғироқ эркак кишидан бўлса, имкон қадар кам сўз айтишга уриниши лозим. Иложи борича овозидаги нафосатни изҳор қилмаслиги, синиқ, тўмтоқроқ гаприши вожибдир. Ўшанда ҳам фақат зарурат миқдорича сўз айтиши мумкин. «Сиз кимсиз?», «нима демоқчи эдингиз?» каби ортиқча саволлар билан суҳбатни чўзиши раво бўлмайди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари – азвожи мутаҳҳарот оналаримизга, улар мўъминларнинг оналари бўлгани ҳолда шундай хитоб қилган: «Мулойим сўз айтманглар, қалбида марази бор киши тамаъ қилиб қолади. Фақат маъруф сўз айтинглар». 

15.    Сўзлашиш асносида асло бирор нарсани кавшаниб турманг. Бу, албатта, беодоблик, суҳбатдошга нисбатан беҳурматликдир. Қолаверса, бу иш суҳбатдошингизнинг кўнглига оғир ботиши, асабига тегиб, озор бериши аниқ.  

16.    Овозингизни сохталаштириб, ёки ёлғон хатлар ёзиб, биродарингизни калака қилманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни хўрламайди, уни камситмайди»,   дедилар ва кўксларига ишора қилиб: «Тақво мана бу ерда! Тақво мана бу ерда! Тақво мана бу ерда!»,  деб уч марта айтдилар. Яна: «Кишига ёмонлик сифатида мусулмон биродарини камситиши кифоя қилади. Мусулмоннинг мусулмонга қони, моли ва иззат-обрўси ҳаромдир»,   дедилар. Хусусан, эракак кишининг ўз овозини аёлчалиш қилиб, аёл кишининг ўз овозини эркаксифат қилиб гапириши мутлақо жоиз эмас. Бунда юқоридаги гуноҳга қўшимча сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатларига ҳам қолиш бор. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни, ўзини эркакларга ўхшатган аёлларни лаънатлаганлар. Лаънатланган дегани Аллоҳнинг раҳматидан қувилган, маҳрум этилган, дегани.

17.    Суҳбат якунлаганда суҳбатдошингиз билан яхши тилаклар айтиб хайрлашинг. Суҳбатни салом билан бошлагандек, салом билан тугатинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биринчи салом иккинчисидан ҳақли эмас»,   деганлар.

18.    Чақирув овози (гудок) учун қандай товушларни ўрнатаётганингизга ҳам жиддий эътибор қилинг. 

19.  Бир киши сизга ўзига тегишли рақамни берса, сиз унинг мазкур рақамни ҳаммага ҳам бермаслигини сезсангиз, унинг изнисиз бу рақамни ўзгаларга берманг. Чунки бу ҳам омонатга хиёнатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши бировга бир сўз айта туриб, ўнг-чап тарафига қараб қўйса, бу сўз омонатдир»,   деганлар.

20. Чиқимдан қочиб, биродарингизнинг телефонига рақамингизни бир ров чиқариб қўйиб, унинг қайтаришини кутманг. Агар ўша биродарингиз ўзи шуни таклиф қилган бўлса, жоиз. Чунки инсоннинг ўз ҳожати учун ўзини аяб, ўзгани ҳаражга солиши бахилликнинг энг хунук кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иффатни (ҳаромдан, ўзгаларнинг нарсаларидан ўзини тийишни) истаса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади»,   деганлар. 

21. Агар бир инсондан сизга қўнғироқ бўлган пайтда унга жавоб бера олмаган бўлсангиз, имкон топган заҳоти унга жавоб қайтариб қўйинг. Чунки у бирор ҳожат билан қўнғироқ қилган ёки бирор мушкулга тушган бўлиши мумкин. Акс ҳолда, сизни чақириб хитоб қилган кишига терс ўгирилиб олган билан баробар бўласиз. Инсонларнинг ҳожатларига, мушкулотларига бепарво қараш уларга нисбатан беписандликдир. Бу эса, ўзини мусулмон деб билган шахс учун жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни таслим қилиб бермайди. Ким бир биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким бир мусулмондан бир ташвишни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат ташвишларидан бир ташвишни аритади»,   деганлар.

22. Сизга келган ҳар қандай хатни бошқаларга тарқатиш керак, дейилса, тарқатаверманг. Баъзан Исломий иборалар аралашган мактуб келади. Унда бу хатни шу кечанинг ўзида фалонча кишига тарқатишингиз керак. Шунда ундоқ бўлади, бундоқ бўлади. Агар қилмасангиз бундай бўлади, ундай бўлади, деб ёзилган бўлади. Аллоҳнинг ҳузуридаги фалонча савобни сизга ўзларича ваъда қилишади. Аслида бу нарсаларнинг бари ёлғон бўлади. Бу сиз аъзо бўлган уяли алоқа ташкилотидан бошқага фойда келтирмайди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади», ­ деганлар. Хусусан, Ислом номидан келган хабарни рост, тўғри эканини аниқламай туриб уни ўзгага юборманг. 

23. Кишиларга хат ёзишда ҳам одоб-ахлоқ, шариъат чегараларига риоя қилинг. Уят, беҳуда, ношаръий маъноларни ёзиб, гуноҳ орттирманг. Зеро оғзаки нутқ билан ёзма нутқнинг ҳукми баробардир. Номаҳрам шахсларга заруратсиз хат ёзиш ҳукми ҳам шундай. Бу ҳозир кўпчилик мубтало бўлган офатдир. Аммо мусулмон киши кўпчиликка эмас, ҳаққа қараб иш кўради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Жамоат ҳаққа мувофиқ келган нарсадир, агарчи бир ўзинг бўлсанг ҳам», - деганлар.


Мавзуга доир саволлар



1. Баъзи масжидларда телефон алоқаларини узиб қўювчи мосламалар ўрнатилган. Бу жоизми? Баъзилар унинг зарари бор дейдилар?

Жавоб: Агар зарари жиддий бўлса, жоиз эмас. Аммо, илмий ва тажрибий асосланмаган ҳолда айтилган тахминий гаплар билан иш кўриш шариъатда мумкин эмас. Шу боис уламолар буни жоиз деганлар.


2. Масжидларда жиҳозларни ўчиришга танбеҳ ёзиб, илиб қўйилади. Бу жоизми?

Жавоб: Албатта, жоиз. Чунки бунда намозхонларнинг ибодатларида хушуъ-хузуъни бузилмаслигига ҳаракат қилинади. Зеро инсон унутишдан холи эмас. Ўзгаларни яхшиликка, одобга чорлаш ҳам ибодатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ўшани қилган кишининг ажридек савоб бор»,   деганлар.


3. Киши намоздалик чоғида жиҳоз қўнғироғи чалиниб қолса, уни ўчириши жоизми?

Жавоб: Аслида, юқоридаги одобларда таъкидланганидек, мусулмон киши Аллоҳнинг ҳузурида роз айтиш мақомида туриш учун шайланганида ўша мақомга лойиқ ҳолатга келиб олиши керак. Аммо, инсонгарчилик, ожизлик юзасидан унутиб қўйган бўлса, кейин намозда эканида қўнғироқ чалиниб қолса, ибодатига давомий халал бермаслиги, атрофидаги намозхонларнинг ҳам хушуъларини бузмаслиги учун энг оз ҳаракат билан уни ўчириб қўйса, жоиз. Зеро, намозда шаръий узр бўлган ўринларда намоз амалларидан бошқа ҳаракатларни қилиш мумкин. Намозга халал берадиган нарсани бартараф этиш ҳам шулар жумласига киради.


4. Жиҳозни озиқлантиришда масжидларнинг электр қувватидан фойдаланиш мумкинми?

Жавоб: Масжид ва бошқа вақф қилинган жойларда вақф нима учун аталган бўлса, фақат ўша нарса учун ишлатилиши вожиб. Агар вақфда бирор шарт қўйилмаган бўлса, ўша ердаги одатга биноан тасарруф қилинади. Бинобарин, бундай жойларнинг нарсаларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш даркор.


5. Масжидда эътикоф ўтирган киши учун уяли алоқа воситасидан фойдаланиш жоизми?

Жавоб: Асл эътикофдан мақсад Аллоҳдан ўзгадан бир муддатга узилиш, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Шу боис амал мақсадга мувофиқ бўлиши даркор. Аммо зарур бўлса, бошқа кишиларга халақит бермаган ҳолда, зарурат миқдорича ишлатиш жоиз бўлади.


6. Баъзан киши таҳоратхонада эканида қўнғироқ келиб қолади. Шунда гаплашиш мумкинми?

Жавоб: Йўқ, албатта. Ҳожат асносида гапириш макруҳдир.


7. Жаноза ва баъзи ҳодисаларни эшитган киши ўзгаларга бу хабарни уяли алоқа воситасида мактуб юбориш орқали етказса бўладими? Мактуб орқали таъзия билдирса-чи?

Жавоб: Ҳа, албатта. Бу савобли амал.


8. Мусулмон киши жиҳоз савдоси билан шуғулланса, жоизми? Ҳолбуки, кимлардир уни олиб ҳалол бўлмаган тарзда ишлитиши мумкин-ку?

Жавоб: Бу савдо ҳам, бошқа савдолар қатори, ҳалолдир. Нарсани  сотиб олган кишининг иши сотганнинг савдосини ҳаром қилмайди. Бу, худди, узумфурушдан узумни олиб, кимдир уни сирка, кимдир бошқа ичимлик қилганига ўхшайди.


9. Мен бир уяли алоқа ташкилотидан ўзимнинг номимга бир сим карта олган бўлсам. Аммо, аслида уни бошқаси учун олганман ва уни ўша ишлатади ва пулини тўлаб юради. Бироқ, ҳалиги шахс сим картани катта тушумга киргизиб қўйса, уни мен кўтараманми?

Жавоб: Ташкилот тарафидан, албатта, сиз масъул бўласиз ва тўлайсиз. Бу ташкилотларнинг ҳақлари зое бўлмаслиги учундир. Чунки шартномада сиз шуни зиммага олгансиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар ўзаро шартлари асосидадирлар»,  деганлар. Аммо, ҳалиги шахсдан ундириб олиш сизнинг ҳаққингиздир.


10. Кўпгина давлатларда, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам автоулов ҳайдовчисига уяли алоқа воситасидан фойдаланиш тақиқланган. Унга амал қилиш керакми?

Жавоб: Албатта, амал қилиш керак. Рисоланинг аввалида Ислом шариъатининг мақсадлари баён қилинган эди. Мазкур қоида ҳам ана ўша мақсадлардан баъзисига хизмат қилади. Яъни, у инсоннинг жони ва молининг муҳофазаси учун жорий қилингандир. Британия мутахассисларининг маълумотларига кўра ҳайдовчининг жиҳоздан фойдаланиши унинг бошқарув қувватини 50 фоизга камайтириб юборар экан. Бу, ҳатто, автоуловни маст ҳолатда бошқаргандан ҳам хатарли экан. Бинобарин, кўплаб автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда экан. Қолаверса, шариъатимизнинг умумий қоидаларидан бири шуки, Ислом ҳукмларига зид бўлмаган жамият қонунларига амал қилиш лозимдир. Чунки бунинг замирида жамиятнинг, умуммусулмонларнинг манфаати ётади.


11. Масалан, мен жиҳоз созлаш ишида ишлайман. Агар бирор жиҳознинг эгаси менга ўзининг жиҳозига шариъатда рухсат этилмаган нарсани юклаб беришимни сўраса, мен унинг таклифини бажарсам, жоизми? Гуноҳи унинг ўзига бўладими?

Жавоб: Йўқ, ҳеч қачон жоиз эмас. Гуноҳнинг амалга ошишига ҳисса қўшиш ўша ишни қилганнинг гуноҳини беради. Ҳатто, ўшанга рози бўлиш ҳам. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақвода ёрдамлашинглар, гуноҳ ва душманликда ёрдамлашманглар».

Агар ўша таклифни гуноҳидан қочиб рад қилсангиз, хотиржам бўлинг, Аллоҳ таоло ризқингизни бошқа тарафдан, ҳалол тарзда етказиб беришни ваъда қилади: «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур».


12. Ҳозирда айрим чет давлатларидан сотувга келаётган жиҳозларнинг ичида шариъатга мувофиқ бўлмаган ҳар хил нарсалар, беҳаё суратлар ҳам бўлади. Ўша жиҳозларни сотиб олиш жоизми?

Жавоб: Агар ўша нарсаси учун сотиб олинса, жоиз эмас. Аммо, бошқа мақсадда олинса ва ҳалигиндай нарсаларни кўриб чиқмай, ўчириб ташлаб, кейин ишлатилса, жоиз. Бироқ, бу нарса қаттиқ эҳтиёткорликни талаб қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назар (номаҳрамга ташланган нигоҳ) шайтон ўқларидан бир ўқдир»,   деганлар. Бошқа бир ҳадисда шундай марҳамат қиладилар: «Ким  икки жағи ва икки оёғ орасидаги нарсага кафил бўлса, мен унинг учун жаннатга кафил бўламан.


13. Агар бир киши аёлига уяли алоқа воситасида хат (sms) орқали талоқ берса, талоқ тушадими?

Жавоб: Ҳа, талоқ тушади. Бундай нохуш ҳоллардан Аллоҳнинг ўзи барчамизни асрасин. Чунки хат ҳам овоз каби сўз ва мақсадни ифода этишнинг бир воситасидир. Бироқ масаланинг тафсили бор. Агар хат аёлга: «эй фалончи, сен талоқ қилиндинг», «эй фалончи, сен талоқсан, сени қўйдим» каби очиқ иборалар билан ёзилган бўлса, талоқ муқаррар тушади. Талоқни ният қиладими, қилмайдими, хат етиб борадими, етиб бормайдими, барибир. Агар фақат «талоқ», «қўйдим», «кет» каби мақсади ноаниқ лафзлар билан ёзилган бўлса, талоқни ният қилган бўлса, тушади. Аммо, талоқни ният қилмаган эдим деса, гапи ўтади, талоқ тушди, дейилмайди. У ёғи Аллоҳ билан ўзининг орасига ҳавола қилинади. Агар «хатим етиб борса» деган шарт қўйилган бўлса, хат етиб борса, талоқ тушади, акс ҳолда, тушмайди. Бу масаланинг муфассал баёни фиқҳ китобларимизда баён қилинган. Қўшимча маълумот учун уларга мурожаат қилиниши мумкин.


14. Агар бир киши бировнинг номидан унинг аёлига талоқ ҳати ёзса, талоқ тушадими?

Жавоб: Йўқ, ҳеч қачон бировнинг номидан унинг топшириғисиз айтилган сўз инобатга олинмайди ва ўша ёлғончи шахс оғир гуноҳи кабира қилган бўлади. Шунинг учун аёллар ҳам бу маслада эҳтиёт бўлишлари, дарҳол ҳукм чиқармасдан, суриштириб, аниқлаб, кейин иш кўришлари талаб қилинади.


15. Рисолада айтилган одобларга, бунча нарсага риоя қилиш қийин-ку? Буни қандай уддалаш мумкин? «Дин осонликдир» дейилмаганми, ахир?

Жавоб: Ҳа, албатта, Ислом осонликдир. Ислом қулайликдир. Ислом енгилликдир. Аммо бу дегани ҳар ким ўз хоҳишини бажарсин, дегани эмас. Ислом ҳар бир шахс ҳамда бутун башарият бахт-саодати учун келгандир. Шунинг учун ҳам у ҳар бир шахснинг, ҳам бутун башариятнинг манфаатларини кўзлаган, унинг ҳозири ва келажаги, дунёси ва охирати учун саодатни кафолатлаган ҳолда ҳукм чиқаради. Исломнинг баъзи ҳукмлари кимгадир бир қараганда оғир туюлиши мумкин. Аммо унинг манфаатини, унинг осонлигини эртани кўрган киши тушунади. Европа халқларининг ҳозирга келиб Исломга юз тутаётганлари ана шунинг учундир. Масалан, кимгадир спиртли ичимликнинг Исломда ҳаром қилингани оғир туюлиши мумкин. Аммо, у бу ичимлик натижасида соғлигини йўқотган пайтда, ундан ногирон болалар туғилган чоғда, аёлини талоқ қилган, балки, талоқдан кейин ҳам оилавий муносабат қилиб қўйиб, беникоҳ фарзанд кўрган пайтда, кўча-кўйда ташландиқ ҳолда қолиб кетиб, одамларнинг орасида хору шарманда бўлганида, Исломнинг нақадар осонлик эканини ҳис қиламиз. Номаҳрамдан назарни тийиш дастлаб қийин туюлиши мумкин. Аммо, бунинг натижасида кишинг ўз жуфти ҳалолига муносабати ёмонлашган пайтда, натижада оилалар пароканда бўлган, болалар тирик етим бўлиб, тарбиясиз ҳаётда қолган, қариндош-қудалик душманликка айланган пайтда, ёки аёлнинг иффати топталган, у бир мазасини тотиб кўриб туфуриб ташланадиган сақич каби матоҳга айланган, валади зинолар дунёга келиб, жамият фасодга учраган, етимхоналар ота-онасиз гўдакларга тўлган пайтда, беш-ўн йиллик фожир ҳаёт ўтиб, аёлнинг чирой-чиммати кетиб, қариб-қартайган кампир бўлган, ҳаёвондан ҳам хорроқ қаровсиз ҳолда қолган чоғда, ОИТС каби тузалмас касаллар жамиятни чиритган, солиҳ фарзандаларсиз жамият камайиб, нураб борганида, гулдек авайлаб ўстирган қизингизга  биров тажовуз қилганида, ҳеч кимга ишонмаганингиз, жуфти ҳалолингизга ўзганинг кўзи, натижада кўнгли тушган пайтда Исломнинг кимларгадир эмас кўринган «кўзингни номаҳрамдан тий», «эй аёл, ўзингни номаҳрам кўздан асра» деган фармони қанчалар улкан ҳақиқат экани, нақадар енгиллик, нақадар олий ҳукм эканини, Ислом бутун башарият учун чексиз раҳмат эканини ҳис қиласиз. Энди ўша гуноҳларни қилган кишиларнинг охират азобида куяётганларини кўрганингизда Исломнинг қанчалар улуғ неъмат эканини қай даражада чуқур ҳис этишингизни ўзингиз ўйлайверинг. Исломнинг барча ҳукмлари ҳам ана шундай. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ҳикмат соҳибир. У зот айтади: «Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз». 


Хотима



«Китобда бирор нарсани ташлаб кетмадик», деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. «Дин насиҳатдир», деган Расули Акрамга салоту саломлар бўлсин. 

Мана, Аллоҳ таолонинг инояти билан «Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблари» билан ҳам бироз танишиб чиқдик. Бу кичик бир рисолада, албатта, барча одобларни қамраб олганмиз, деган даъводан йироқмиз. Аммо, эслашга лойиқ нарса шуки, муқаддас динимиз Ислом бутун башарият учун раҳмат экани, дарҳақиқат у сўнгги ҳақ дин экани, шак-шубҳасиз у оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган таълимот экани, ҳамма замонлар ва маконларга лаёқатли, қиёматгача боқий қолишга муносиб ягона илоҳий дастур экани мана шу мўъжаз мақоламизнинг ўзидан ҳам яққол намоён бўлиб турибди.

Биз мусулмонлар бошқаларга ўхшаб ҳақни исташда, тўғри йўлни топишда довдираб юрмаймиз. Ёлғиз ақлимизга таяниб, билимимизга баҳо бериб, ҳар бир нарсани ўзимизча ҳал қилавермаймиз ҳам. Чунки бунда адашишимиз турган гап. Зеро, ҳар қандай етук ақл ўзи яшаган, униб, ўсган муҳитидан таъсирланиши ва ўша таъсирлар асосида шаклланиши муқаррар. Шунингдек, билим, тажриба, кўникмалар ва истак-хоҳишлар ҳам ҳар бир шахсда алоҳида, минг кишида минг хил бўлади. Бундай ақл, тажриба ва кўникма, истакларнинг ўзи билан ҳақиқатни топиш мумкин эмас. Чунки унда кимгадир тўғри бўлган нарса бошқа биров учун нотўғри, яна кимгадир ортиқча туюлиши аниқ. Шунинг учун ҳам мусулмон бўлмаган ёки мусулмон бўлиб, Исломга амал қилмаган кишилар ҳақиқий инсоний ҳаёт йўлларини белгилай олмайдилар. Жуда нари борса қуйидаги масални акс эттирадилар: «Эътиқодга яраша яшай олмаганлар ўзларига яраша эътиқод тўқиб оладилар!»

Аммо чин мусулмонлар эса, ҳар бир ишларида Роббилари тарафидан келган динга, оламни ҳам, инсонни ҳам йўқдан бор қилган Зотнинг таълимотларига эргашадилар. Бу уларнинг ақлларини озодликдан маҳрум этмайди, балки, чархлайди, тўғри ишлашга ўргатади. Бунинг мисолини мана шу кичик бир рисолада кўриб ўтдик.

Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, бу Исломий одобларнинг айримларини ҳозирда бошқалар ҳам яхши иш эканини айтмоқдалар. Улар биз «одоб» дея айтаётган нарсани «маданият» деб юритадилар. Бу икки тушунча бир қарашда бир-бирига яқин кўринса-да, моҳият жиҳатидан тубдан фарқ қилади.

Ғарб маданияти соҳибларининг ёки ўша маданиятни ўзларига «дастурул-амал» қилиб олган тақлидчи кишиларнинг ҳам маълум одобларга риоя қилаётганини кўрасиз. Аммо, охиратга иймони бўлмаган, дунё маъийшатидан бошқа нарсани билмайдиган моддапараст маданиятда ҳар бир нарса моддий ўлчам билан ўлчанади. Аввало, уларда ҳалол-ҳаром, ҳаё-иффат деган нарсалар йўқ. Муомала жиҳатига келсак, уларда битта табассум ҳам «текин»га тақдим қилинмайди. Аксар ҳолларда ўша «табассум»нинг тагида бирор юмушни битириб олиш, кимгадир ўз айтганини қилдириш каби қанақадир манфаатга хизмат қилувчи мақсад ётади, ҳеч бўлмаганда чиройли кўриниш кўзда тутилади. Агар энг холис ниятлисини олиб келсангиз, у ўзгаларда ўзи ҳақида яхши тасаввур қолдиришни ирода қилган бўлади. Каттароқ иш ёки молиявий ёрдамни гапирмасак ҳам бўлади. Буни Дейл Карнеги каби уларнинг машҳур намояндаларининг асарларидан ҳам билиб олишингиз мумкин. Улар ниятларига яраша қилган ҳаракатларининг ҳосилини дунёда олишлари мумкин, албатта.

Аммо Исломда-чи? Исломда «Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», «Фарз амалларидан кейинги энг афзал амал мўъмин кишининг кўнглига хурсандичилик киритишдир», «Ким бир зиммийга  озор берса, қиёмат куни мен унинг хусуматчиси бўламан», (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари) «Сизларнинг қиёмат куни менга энг яқин бўладинингиз ахлоқ-одоби энг гўзалингиздир», «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинг ва тўғри сўзни сўзланг!» «Одамларга юзингни буриштирма, ер юзида кеккайиб ҳам юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир керик, мақтанчоқни суймас», «Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир», ва ҳоказо.

Исломда бирор савобли амалдан дунёвий мақсад кўзда тутилса, унга дунёда барака йўқ, охиратда савоб йўқ, деб белгиланган. Агар Аллоҳ учун қилинадиган амални ўзгалар учун қилса, бу гуноҳи азим бўлиши таъкидланган. 

Қаранг, Ислом нақадар мусаффо! Ислом нақадар самимий! Ислом нақадар буюк! Ислом нақадар олийжаноб! Унга амал қилганлар нақадар бахтли!

Бу мисолларни келтиришдан мақсад шуки, сиз юқоридаги одобларни бажаришда шунчаки маданиятлилик, билимдонлик, хушмуомалаликни назарда тутиб қолманг. Балки бу одобларга амал қилишни «ибодат» деб билинг. Улар билан Аллоҳни рози қилишни ўйланг. Уларни биргина сўз билан «одоб» деб ифода этганимизни нотўғри тушунманг. Уларнинг орасида фарзлари бор, вожиблари бор, суннат, мустаҳаблари бор. Уларни тарк қилинганда тарки суннат бўлиши мумкин, макруҳ иш қилинган бўлиши мумкин, ҳаром амал қилинган бўлиши мумкин.

Бироқ, шундай юксак ва мусаффо диннинг баъзи вакиллари, айрим ўзини мусулмон деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат деб билганларнинг ўзларининг ана шундай ҳақ ва буюк динларига амал қилмасликлари, уни ўқиб, ўрганиб, ҳаётга татбиқ қилмасликлари уларни жаҳон халқлари орасида қолоқ саналишга, натижада дунё афкор оммасида Исломга нисбатан ноҳақ тушунчалар шаклланишига олиб келмоқда. Аслида Ислом бошқа нарса, мусулмон бошқа нарса. Лекин буни ҳамма ҳам англайвермайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизга ўзи тавфиқ берсин. Бу камтарона амални ўзи қабул этсин. Уни барчаларимиз учун дунёда баракали, охиратда манфаатли қилсин. Амин!


Яҳёхон ўғли Ҳусайнхон Абдулмажид

20/05/1432 ҳ. – 21/04/2011



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, биринкетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва давоми...

1250 18:39 / 06.10.2023
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир киши хотини билан лаънатлашишди ва унинг туғадиган боласидан давоми...

1633 10:44 / 27.03.2019
. . . . . . . . . . . . . . . Бомдоддан олдин ва пешин, шом ҳамда хуфтондан кейин икки ракъат, шунингдек, давоми...

2092 19:00 / 16.02.2023
иккинчи мақола2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа давоми...

3185 13:00 / 12.11.2020