1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Қўл бериб сўрашиш

05:00 / 03.03.2017 3898 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши у зотга йўлиқиб қўл олиб кўришса, ўша одам ўзи қўлини тортмагунча у зот қўлларини тортиб олмас эдилар. Унинг ўзи юзини ўгирмагунча у зот юзларини ўгирмас эдилар. У зотни ўзлари билан ўтирган одам олдида тиззаларини чўзганлари кўрилмаган».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аҳли Яман келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 


«Батаҳқиқ, Яман аҳли келмоқда. Улар Сизлардан кўра юмшоқ қалблидир. Улар биринчи бўлиб қўл бериб сўрашганлардир», дедилар». 


Шарҳ: Демак, қўл бериб сўрашишни илк бор яманликлар одат қилган эканлар. Уларнинг мазкур сифатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари хабар берган ва уларнинг бу ишларини мақтаган эканлар. Бу мақтовда қўл бериб кўришишлик қалбнинг юмшоқлигига сабаб қилиб кўрсатилган.

Шунинг учун ҳозиргача мўмин-мусулмонлар оғзаки саломлашиш билан бирга қўл бериб ҳам сўрашадилар. 


Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саломлашиш биродарингизнинг қўлини олишингиз билан мукаммал бўлади». 

Шарҳ: Демак, фақат оғзаки «Ассаламу алайкум» деб сўрашиш ҳали тўлиқ сўрашиш эмас экан. Тўлиқ сўрашиш учун бориб, қўл бериб сўрашиш керак экан. 

Алҳамдулиллаҳ, бу нарсага бизда яхши амал қилинади. Бунга жиддий эътибор бериш керак. Чунки айрим эътиборли, ёши улуғ кишиларнинг буни арзимаган нарса, деб амал қилмаслиги бошқаларга катта салбий таъсир кўрсатади. 

Каминага радиоэшиттириш орқали бир йигитдан савол ҳам келган экан. Унда айтилишича, кўпчилик берилган саломга алик олмай, бунинг устига паст назар билан қараб ўтиб кетар экан. Шунинг учун салом беришда давом этиш керакми ёки ундайларга салом бермай қўяверса ҳам бўлаверадими, деган маънода сўраган эканлар. 

Кўриб турибмизки, алик олмаслик ёшларга қаттиқ таъсир қилади. Биз эшиттириш орқали саломнинг одобларини, салом беришда давом этаверишни, бу суннат эканлигини, алик олиш эса вожиблигини, алик олмаган одамнинг оқибати шунга яраша бўлишини тушунтирдик. 

Бундай одобларни катталар яхшилаб ўрганиб, амал қилиб, ёшларга ўрнак бўлиб юришса, жуда яхши бўлар эди.

Уламоларимиз қўл олиш, албатта, саломлашишдан кейин бўлишини таъкидлаганлар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки мусулмон учрашганларида қўл олиб сўрашсалар, албатта, уларни бир-бирларидан ажрашларидан олдин мағфират қилинади», дедилар».

Абу Довуд ваТермизий ривоят қилган. 


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўрашишнинг батомом бўлиши қўл олиш иладир», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Қўл бериб кўришиш ҳақида келган ҳадиси шарифларни жамлаб ўрганган ва таҳлил қилган уламоларимиз қуйидаги хулосаларга келганлар.

Учрашганда қўл бериб кўришиш суннатлигига ҳамма ижмаоъ қилгандир. Бундан бегона аёл киши истисно қилинган.

Қўл бериб кўриши пайтида Аллоҳ таолога ҳамд ва истиғфор айтиш мустаҳабдир.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд айтсалар ва У зотга истиғфор айтсалар, икковларини мағфират қилинади», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Сунний ривоят қилган.

Қўл бериб кўришишнинг суннатини унинг икки қўл билан бўлиши мукаммал қилади.

Одамларнинг Бомдод ва Аср намозларидан кейин қўл бериб сўрашиш одатлари асли йўқ нарсадир. Чунки қўл бериб сўрашиш дастлаб учрашган пайтда бўлиши керак.

Аллома Ибн Обидийн бу ишнинг доимо намоздан кейин амалга ошириб бориш жоҳил кишиларда унинг суннатлигини эътиқод қилишга олиб бориши мумкинлигини айтганлар. Ҳолбуки бу ишни ўтган азизларимиздан ҳеч ким қилмаган.

Намоздан кейин қўл бериш кўришиш одатини Аллома Мулло Али Қори ҳам қаттиқ танқид қилганлар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир жамият ва тузумнинг бойлик ҳақида ўз қараши ва тушунчаси бўлади. Аммо, динимиз Исломда бойликка муносабат қандай Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида давоми...

3937 05:00 / 03.03.2017
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Албидоя ванниҳая, номли китобида келтиради .Халифалик Аббосийларга ўтгач, Умавийлардан кўпчилик яширинди. Яширинганлар ичида давоми...

1337 11:00 / 21.03.2023
Ибн Умардан ривоят қилинади.Сафарда бир аъробий ўтди. Ўша аъробийнинг отаси Умар розияллоҳу анҳунинг дўсти бўлган эди. Аъробий.Фалончининг ўғлимисан, ndash деди..Ҳа,, давоми...

2504 05:00 / 03.03.2017
Ҳайдовчининг ўзига яраша одоблари бўлгани каби, нақлиёт воситаларидан фойдаланувчи йўловчининг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Улар, жумладан, қуйидагилардан давоми...

3388 20:56 / 30.06.2017