1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Хамр ичишдан огоҳлантириш

05:00 / 03.03.2017 4022 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, шайтон «хамр» ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Расулимизнинг вазифаси аниқ етказиш, холос», деган (Моида, 91-92).

Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё-мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши билади.

Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини—кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик. 

Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса,  ўша  жойда  кўнгилсизлик  келиб  чиқади. Ичкилик туфайли оилалар бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Ҳозирга келиб, ичкилик мамлакатлар орасига ҳам адоват солмоқда.

Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасига адоват солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқазган қиморбоз ўзидан бир дақиқа ва бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.

Аллоҳ таоло бу икки нарсани — «хамр» ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси — улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам бошқа ишлар қатори ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.

Ароқхўр халқларнинг вакиллари ароқдан фазилат топмоқчи бўладилар: «Бу дунёнинг ғам-ғуссаларини унуттиради, бир оз бўлса ҳам бўшашиб, ўша ғамлардан, аламлардан узоқлашиш имконини беради», дейдилар.

Исломда бунга масъулиятдан қочиш, ғам-ғусса устига яна ғам-ғусса қўшиш деб қаралади. Албатта, биров ароқни ичиб, маст бўлиб, ғам-ғуссасини унутгани билан, ҳушига келганда ғам-аламлардан қутулиб қолмайди. Балки аввалги ғам-ғуссаларига ароқхўрлик  туфайли  келган  ғам-ғуссалар  қўшилади. Исломда ҳаётнинг ғам-ғуссаларини улардан қочиш билан эмас, балки уларга қарши курашиш билан муолажа қилинади. Мусулмонлар қийинчиликларни енгиб ўтишда доимо Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолларида иш олиб борадилар. Ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикрида бўладилар, намозни канда қилмайдилар. Аллоҳнинг зикри ва намоз дунёдаги барча ғам-ғуссаларни тўкиб-соладиган, уларни ҳал қилишда, улардан халос бўлишда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳдан мадад сўрайдиган энг қулай фурсатдир. Бундай қулай фурсатни ароқ ичиш, қимор ўйнаш билан қўлдан бой бериш катта бадбахтликдир.

Ароқхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар: «Сенинг ишинг нима? Ичса, ўзининг пулига ичибди. Зарар кўрса, ўзи кўради», дейишади.

Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон одам фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари оиласи, қариндош-уруғи, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади. Энг муҳими, Аллоҳнинг олдида масъулиятлидир. Шунинг учун ҳам, у, аввало, ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, ароқ туфайли молу мулкини, соғлиғини ва обрўйини йўқотиш билан ўзини қийнамаслиги керак. 

Шунингдек, унинг ўз оиласини ҳам қийнашга ҳаққи йўқ. Оилани боқиб, кийинтириб, яхши жой билан таъминлаб, унинг обрўйини ҳимоя қилиш ўрнига, топганини ичиб, етмаса, оиланинг бошқа аъзолари топган унча-мунча маблағни ҳам сарфлаб, уларнинг обрўйини тўкиш катта жиноят ҳисобланади. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳам ундаги ҳақларидан бебаҳра қолмасликлари керак.

Ароқхўр киши жамият унга яратиб берган имтиёзлардан фойдаланса-ю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига, тирик товон бўлиб, ногиронлик нафақаси сўраб турса, шунда ҳам ароқхўрлик «ўзининг иши» бўладими?!

Ароқхўрнинг Аллоҳ таоло олдидаги масъулияти ҳақида ҳар қанча гапирсак шунча оз. Қисқа қилиб айтганда, ароқхўр умуман Аллоҳни унутган одам бўлади. Бунақа одам ҳақида қандай қилиб, «ичса ўзининг пулига ичибди, зарар кўрса, ўзи кўради», дейилади?!

Булар оддий фуқаронинг ароқхўрлиги ҳақидаги гаплар. Энди агар ароқхўр масъул одам, вазифадор ёки ҳоким бўлса нима бўлади? Ароқни ўз пулига эмас, халқ пулига ичса, порага олган пулига ичса, ҳаромдан топган, бировнинг ҳақидан юлиб қолган маблағига ичса-чи? Унда жиноят бир неча чандон кучаяди ва зарарлар ҳам шунчалик кўпаяди. Табиийки, Аллоҳнинг олдидаги гуноҳлар ҳам шунга яраша бўлади.

Ушбу икки оят Қуръони Каримдаги хамр ҳақидаги сўнгги оятлардир. Бу ерда унинг батамом ҳаром эканлиги баён қилинган.

Хамр ҳақидаги оятлар тўрт марта, босқичма-босқич бўлиб тушган. Биринчи бор Наҳл сурасидаги олтинчи-еттинчи оятда нозил бўлган. Бу оятда, хурмо ва узум меваларидан яхши ризқ ва маст қилувчи нарса олиниши айтилгандир. Бунда маст қилувчи нарса, яъни, «хамр» яхши ризққа қарши қўйилган, унинг ёмон нарса эканига ишора этилган. Тушунадиган одамлар буни дарров тушуниб оладилар.

Хамр ҳақидаги иккинчи оят Бақара сурасидаги икки юз ўн тўққизинчи оят бўлиб, унда одамлар хамр ва қимор ҳақида сўрашлари ва уларда ҳам фойда, ҳам зарар борлиги, зарарлари фойдасидан кўплиги, уларда катта гуноҳ борлиги айтилади.

Учинчи босқичдаги оят эса, Нисо сурасидаги қирқ учинчи оятдир. У оятда мусулмонларга маст ҳолда намоз ўқимасликка амр қилинади.

Ва ниҳоят, Моида сурасидаги ушбу оятлар нозил бўлиб, хамрнинг мутлақо ҳаром эканлиги ҳукми собит бўлди.

Бундай аста-секин тарзда хамрни ҳаром қилиш услуби энг манфаатли экани тажрибада исботлангандир.

Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақа қилиб бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эди. Албатта, бу жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалаш осонмасди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган. Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ якунловчи ҳукм тушиши муқаррарлигини кишилар сезиб туришар эди. Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.

Наҳл сурасидиги биринчи оят нозил бўлгандан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб: 

«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!», деган эканлар. Вақти келиб, Бақара сурасидаги: 

«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Уларда катта гуноҳ ва одамлар учун манфаатлар бор. Гуноҳлари манфаатдан кўра каттароқдир», деган оят нозил бўлди. Умар розияллоҳу анҳуни чақириб, у кишига бу оят тиловат қилиб берилди. У киши яна: 

«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар. Сўнгра вақти келиб, Нисо сурасидаги: 

«Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар», деган оят нозил бўлди. Ҳазрати Умар чақирилиб, бу ояти карима ҳам у кишига тиловат қилиб берилди. У киши яна: 

«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар. Ва ниҳоят, Моида сурасидаги: 

«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» ояти нозил бўлди. 

Яна Ҳазрати Умар чақирилиб, бу оятни ҳам тиловат қилиб беришди. Шунда у киши: 

«Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!» деб қичқирдилар.

Бу оятлар Уҳуд урушидан кейин, учинчи ҳижрий санада нозил бўлган. Демак, Қуръон нозил бўла бошлагандан ўн олти йил ўтгандан сўнг тушган. Биринчи сабаби–одамлар берилиб кетган иллатни аста-секинлик билан даволаш экани гапириб ўтилди. Аммо энг муҳим сабаб, ҳақиқий омил ҳақида энди гаплашамиз.

Қуръони Карим оятлари Маккаи Мукаррамада ўн уч йил нозил бўлиб турди. Агар ўша даврда нозил бўлган оятларга назар солинадиган бўлса, ҳаммаси ақида масаласига, кишилар қалбида «Ла илаҳа иллаллоҳу»ни ўрнатишга қаратилгандир.

Узоқ муддат ҳидоятсиз юрган, ширк ва куфр моғори босган қалбларни тозалаш-поклаш ва ягона Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, холиқлиги, розиқлиги, ҳокимлиги, илоҳи маъбудлиги, бутун оламнинг тарбиячиси, қиёмат кунининг молики эканлиги ва бошқа сифатларини яхшилаб тушунтириб, кишиларнинг ягона ақидасига айлантиришга ҳаракат бўлди. Шу билан бирга, «Ла илаҳа иллаллоҳу» ахлоқиётлари, яъни, шу калимаи тоййибага иймон келтирган  кишининг  ахлоқлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида йўл-йўриқлар бўлди. Иймон келтириб мусулмон бўлган кишиларнинг қалби покланиб, «Ла илаҳа иллаллоҳу»дан бошқа ақида сиғмайдиган  бўлди.  Бу  қалбларга  ягона  Аллоҳнинг муҳаббатидан ўзга ҳеч қандай муҳаббат йўл топа олмайдиган бўлди. Борлиқда Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигини кишилар тушуниб етдилар. Яъни, бу дунёда унга одамлар банда бўлишига ҳақли Зот, унинг айтганларини қилиб яшашига ҳақли Зот, розилигини олишга ҳаракат қилиш керак бўлган Зот ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлиги уларнинг мустаҳкам ақидасига айланди. Мусулмонлар бу дунёда нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини тайин қиладиган Зот битта–Аллоҳ эканини тушуниб етдилар. Улар ўз ҳаётларининг барча соҳаларида фақат Ислом кўрсатмалари асосида яшашлари лозимлигини тушуниб етдилар. Уларнинг иймон-эътиқодлари қувватланди. Аллоҳдан келган ҳар бир амрни катта қувонч билан, шавқу завқ билан кутиб оладиган ва ўша амрга амал қилишда бир-бирлари билан мусобақалашишга шошиладиган ҳолга келдилар. Исломдан олдинги ҳаётлари тўла залолатда бўлганини, ўзлари буту санамларга сиғиниб юрганларини, ўзларига ўхшаш одамлардан қўрқиб, уларнинг иродаларига итоат этиб юрганларини, ҳамма эътиқодлари, тасаввурлари нотўғри эканини англаб етдилар. Жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиққанларидан ниҳоятда севиндилар. Уларга бу улкан неъматни берган Аллоҳнинг амрига итоат этишни ўзларига шараф деб биладиган бўлдилар. Мана шундай ҳолат ўзгаришларидан кейингина амалий ҳукмларга оид оятлар туша бошлади ва мусулмонлар уларни мисли кўрилмаган аниқлик билан ҳаётга татбиқ этишга киришдилар.

Хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ушбу оят нозил бўлганда кишилар хамр сақлайдиган идишларини кўчага олиб чиқиб ерга урганлар. Мадинаи Мунаввара кўчаларида ароқ оққан. Одамларга ушбу оят тушганлиги хабари етганда ичишга шайланиб турган «хамр»ларини қайтарганлар, ичиб қўйганларини қусиб ташлаганлар. Шу билан бу иллатдан жамият тамоман қутулган.

Бунга ўхшаш иллатларнинг муолажаси фақат чуқур иймон ва эътиқод асосида бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши турган гап. Кўплаб тажрибалар шунга далилдир. Ҳозирда «хамр»нинг инсоният ҳаётига таҳдид солиб турган хатар эканини каттаю кичик, эркагу аёл, ҳокиму маҳкум–ҳамма илмий асосда тушуниб етди. Аммо айнан шу иллат кундан-кунга авж олиб кетмоқда. Хамрнинг турли янги навлари пайдо бўлмоқда. Унга қарши ҳукуматларнинг кўраётган чоралари ҳеч фойда бермаяпти. Ҳукуматлар ўлим жазосини чиқарса ҳам, хамрга қизиқувчилар кўпайиб бормоқда. Чунки муолажанинг асоси нотўғри. Иймонга, Аллоҳга тақво қилишга, Унинг амрига бўйсунишга суянмайди. Аллоҳдан қўрқмаган ароқхўрга ўзидан ҳам баттар ароқхўр бир ҳокимнинг чиқарган қарори қандай таъсир қилиши мумкин? Фақат Исломгина бу ва бунга ўхшаш иллатларни муолажа қила олади. Чунки Исломнинг қоидаси бўйича, одамлар одамларга итоат қилмайди. Балки: 

«Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Расулимиз вазифаси аниқ етказиш, холос».

Мусулмон киши тушуниб, ўзига яхшилаб сингдириб олиши лозим бўлган қоидадир бу. Ҳар бир ишда фақат Аллоҳга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмоқ керак. Шунда одам икки дунё саодатига эришади. Бу итоатдан фақат банданинг ўзигина фойда топади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифаси — Аллоҳдан келган нарсани очиқ баён қилиб бериш, холос. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазифани мукаммал адо этдилар. Энди умматлар қиёматгача итоатда бўлишлари керак.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ва ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким бу дунёда хамрни ичиб уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас», дедилар
».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифдаги: 

«Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир» деган гаплари умумий қоидадир. Бу қоида ҳақида аввал ҳам сўз юритган эдик. Шу қоидага биноан, нима бўлишидан қатъи назар ҳар бир маст қилувчи нарса: суюқми қуюқми, ичиладими, чекиладими, ҳидланадими, игна билан танага киритиладими, барибир ҳаромдир.

Мазкур шариат ҳаром қилган нарсаларни мусулмон одам зинҳор ва зинҳор истеъмол қилмаслиги керак. Ким уларни истеъмол қилса қаттиқ гуноҳкор бўлади. Ушбу ҳадиси шарифда турли омилларга кўра маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилишга одатланган кишилар ҳақида: 

«Ким бу дунёда хамрни ичиб уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас», дейилмоқда.

Демак, билиб-билмай хамр истеъмол қилган киши унинг ҳаромлигини билиши замон уни тарк этмоғи, тавба қилмоғи лозим. Агар хамр ичишдан қайтмай тавба қилмай ўлиб кетса, у охират хамрини ича олмайди. Бу ундоқ одам жаннатга кирмайди деганидир. Чунки бу дунёнинг хамридан тубдан фарқ қиладиган охират хамрини фақатгина жаннатилар ичиши маълум ва машҳур.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади», дедилар
».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Савдо» китобида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрга алоқадор ўн кишини лаънатлаганлари ҳақида ҳадис келиб, унда ҳам ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган баъзи шахслар тилга олинган эди.

Аммо бу ҳадиси шарифда лаънатлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эмас, Аллоҳ таоло томонидан бўлмоқда. Шунинг ўзи иш қанчалар жиддий эканини кўрсатади. Аввало Аллоҳ таоло хамрнинг ўзини лаънатлаши таъкидланмоқда, сўнгра эса, унга алоқадор шахсларнинг лаънати келмоқда. 

Келинг, бир оз такрор бўлса ҳам ушбу ҳадисда хамр туфайли Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган шахслар билан яқиндан танишайлик, шояд улардан йироқда бўлишимизда фойда берса. Аллоҳ таоло хамрни ва унга алоқадор қуйидаги шахсларни лаънатлайди: 

1. Ичувчисини.

Хамрга алоқадор тоифалар ичида асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган барча тоифалар ҳам шу тоифа учун ҳаракат қилади. Ушбу хамрни сотиб олиб ичувчи маълум тоифанинг пулини олишга ҳаракат қилади.

 2. Қуйиб берувчисини.

Бу ҳам, яъни ароқхўрларга косагуллик қилиш ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизмат. Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди.

3. Сотувчисини.

Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, наркотик моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам очиқ-ойдин намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди. 

Мисол учун, ҳозир фақат наркотик моддаларни сотадиган қочоқ савдогарларгина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим.

4. Сотиб олувчисини. 

Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими-йўқми, барибир гуноҳкордир. Мазкур нарсаларни сотиб олиш, ўша ҳаром нарсанингларни ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса, Аллоҳнинг лаънатига яраша ишдир.

5. Сиқувчисини. 

Ўша вақтда хамр сиқиб тайёрлангани учун шундоқ дейилган. Бу сўзни бугунги кунимиз тилида айтадиган бўлсак, тайёрловчиси, деймиз. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ дўзахга ҳам солади.

6. Сиқдирувчисини.

Бу тоифа сиқувчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки, биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимликлар ва турли сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун амр берганлар ҳам шулар қаторидадир.

7. Кўтарувчисини.

Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойигами – барибир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қора дори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар.

8. Кўтартирувчисини.

Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига қолгай.

Хамр тўғрисидаги огоҳлантиришлар ичида ушбу ҳадиси шарифга ўхшаш қаттиқ ҳукмга далолат қилувчиси бўлмаса керак. Биз, одатда, агар ўта диндор бўлсак, хамр истеъмол қилувчига нафрат қилиш билан кифояланиб қоламиз. Аслида эса хамрга алоқадор барча шахслар Аллоҳ таолонинг лаънатига қолган эканлар. Шунинг учун уларнинг ҳаммасидан нафратланишимиз лозим. Уларга насиҳат қилиб, ҳалол-пок йўлга чорлашимиз лозим.


Жайшондан бир киши келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз ерларида ичишадиган, жўхоридан қилинадиган ва ал-мизр деб номланадиган ичимлик ҳақида сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«У маст қилувчими?» деб сўрадилар.

«Ҳа», деди у. 

«Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ким маст қилувчи нарсани ичса унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқни аҳд қилгандир», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, хабол тийнаси надир?» дейишди.

«Дўзах аҳлининг тери ёки дўзах аҳлининг йиринги», дедилар».

Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Жайшон» Ямандаги бир жойнинг номи бўлиб, ўша ерлик бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўз юртида жўхоридан тайёрланиб ичиладиган «ал-мизр» номли ичимлик ҳақида сўради. Яъни, уни ичиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида шаръий ҳукм сўради. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришдан олдин у одамдан: 

«У маст қилувчими?» деб сўрадилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ишлари ҳар бир диний илмга уринган киши учун ибрат бўлмоғи лозим. Бирор саволга жавоб беришдан олдин ва маълум бир ҳукмни чиқаришдан олдин уни аввало атрофлича ўрганиб олиш керак. Мазкур муолажа қилинаётган нарсани яхши билмаса, биладиганлардан сўраб аниқлаши лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жайшонлик кишидан сўрашлари масалага аниқлик киритди. У зотнинг «У маст қилувчими?» деган саволларига мазкур киши: 

«Ҳа», деди у».

Шу билан масала ойдин бўлди. Энди унга жавоб бериш осон бўлади. Чунки маст қилувчи ичимликлар ҳақидаги шаръий ҳукм равшан. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол: 

«Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир», дедилар».

Яна гапни майдалаб ўтирмай умумий жавоб бердилар. Чунки, гапни майдалаб фалон ичимлик ҳалол, фистончиси ҳаром, дейилса, ҳар бир ичимликка алоҳида ҳукм айтиб чиқишга тўғри келади. Умумий қилиб айтилганда эса, ҳамма ўз ақли билан тушуниб олаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавобларидан кейин Жайшондан келган киши ҳукмини сўраган – ўз ерларида ичишадиган, жўхоридан қилинадиган ва «ал-мизр» деб номланадиган ичимлик ҳам ҳаром экани ойдин бўлди.

Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ичимликнинг ҳаром эканини баён қилиш билан кифояланиб қолмадилар. Фурсати келганда тингловчилар ҳузурида хамр ҳақида сўз очилганда бу нарсанинг зарари ҳақида огоҳлантирувчи гап айтиб кишиларни ундан қайтардилар.

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ким маст қилувчи нарсани ичса, унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқни аҳд қилгандир», дедилар». 

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўтирган кишилар «хабол тийнаси» деган истилоҳни биринчи марта эшитишлари экан. Бу истилоҳнинг маъносини тушунмаганлари учун: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, «хабол тийнаси» надир?» дейишди».

Яъни, ўша бу дунёда маст қиладиган нарсани ичган одамга Аллоҳ таоло охиратда ичиришга аҳд қилган «хабол тийнаси», деб номланган нарса нима, дедилар. 

Уларнинг бу саволларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Дўзах аҳлининг тери ёки дўзах аҳлининг йиринги», дедилар».

Бу ерда ровий шак қилиб қолгани учун икки хил жавоб келмоқда. «Хабол тийнаси» дўзах аҳлидан оққан терми ёки уларнинг баданларидан оққан йирингми экани билинмай қолмоқда. Лекин иккисидан бири экани аниқ. Нима бўлганда ҳам хамр ичган шахс дўзахга тушиши, тушганда ҳам бошқа дўзахилардан кўра ҳам оғирроқ азобга мубтало бўлиши аниқ. 

Демак, ароқ ичаётган одам ўзининг дўзахда куйиб-ёниб туриб чанқоққа бошқа дўзахилар баданидан оққан йирингни ичаётгандек ҳис қилсин.


Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради. Агар у тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилур. Агар тўртинчи марта яна қайтса, уни «хабол тийнаси» ила суғормоқ Аллоҳнинг зиммасида бўлур», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, «хабол тийнаси» надир?» дейилди.
«Дўзах аҳлининг йирингидир. Ким у(хамр)ни ҳалолини ҳаромидан ажрата олмайдиган болачага ичирса, унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқ Аллоҳ учун ҳақ бўлур», дедилар
».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда хамрнинг кўпдан-кўп зарарларига яна бир, жуда ҳам оғир зарар қўшилмоқда. Хамр ўз ичувчиси қилган ибодатларининг маълум қисми ҳабата бўлишига ҳам сабаб бўлар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 

«Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради» деган гаплари шунга далолат қилади. Қирқ кунлик намоз қанчалар улкан нарса экани ҳаммага маълум. Бир марта хамр ичган одам ўзининг қирқ кун давомида ўқиган намозидан маҳрум бўлар экан. Бу ўзини билган, Худодан умиди бор инсон учун улкан мусибатдир.

Албатта, ушбу маънони тушуниш ҳозирги пайт воқелигидан келиб чиққанда бир оз мушкулроқ туюлади. Чунки, ҳозирда хамр истеъмол қилувчилар асосан бенамозлар бўлади. Ҳозирги вақтда кўпчиликнинг тасаввурида намозхон киши хамрдан узоқ бўлиши лозимлиги ўрнашиб қолган. Бу эҳтимол яхшидир. Лекин авваллари мусулмонман деган одамнинг намоз ўқимаслигини тасаввур қила олмаганлар. Бу иш, яъни, мусулмон одамнинг намоз ўқимаслиги воқеликда ҳам бўлмаган. Воқеликда бенамоз мусулмон бўлмаган, аммо, хамр ичадиган намозхон бўлган. Ҳадиси шариф ана ўша тушунча ва воқеликдан келиб чиқиб айтилган. 

«Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради» деган гап кишиларни хамр ичишдан қайтариш борасида кучли омил бўлган.

Аммо ҳозирги бенамоз ароқхўрлар, намоз ўқимасам ароқ ичганим билан нимам камаярди, деган хаёлга зинҳор бормасликлари керак. Аввало, бирор нарса камайиши ёки камаймасидан қатъи назар, хамр истеъмол қилишнинг ўзи гуноҳи кабира. Дўзахга сабаб бўладиган гуноҳ. Унинг бу дунё ва охират учун етказадиган зарарларининг сон-саноғи йўқ. Қолаверса, намознинг камайишига сабаб бўладиган гуноҳ бошқа савобли ишларнинг камайишига сабаб бўла олмасмиди? Албатта, бўла олади. Ундоқ бўлса «хамр» истеъмол қилган одам ўзининг бошқа савобли ишларига умид қилмаса ҳам бўлаверади. Чунки, бир марта маст қилувчи нарсани ичиш қирқ кунлик намозни беҳуда кетказганидан кейин бошқа амалларнинг ҳисоб-китобини қилиб олаверса бўлади.

Лекин Ислом қоидаси бўйича, ноумид шайтон, бошқалар Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлсалар имкони бор. Аллоҳ таоло тавба эшигини очиб қўйган. Жумладан, маст қилувчи нарсаларни ичган бандага ҳам: 

«Агар у тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилур».

Ҳа, хамр истеъмол қилган ҳар қандай шахс ўзини билиб тавба қилса, Аллоҳ таоло дарҳол унинг тавбасини қабул қилади. Унинг гуноҳларини мағфират қилади. Фақат бир шарт билан. Аввалги содир этган гуноҳига чин дилдан афсус қилсин ва ўша гуноҳни қайта қилмасликка азму қарор қилсин. Ана ўшанда Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. 

«Агар тўртинчи марта яна қайтса, уни «хабол тийнаси» ила суғормоқ Аллоҳнинг зиммасида бўлур»

Демак, уч мартагача Аллоҳ таоло карами кенглиги туфайли мағфират қилиши мумкин, аммо тўртинчи мартада ҳеч қандай узр қолмайди. Ундоқ одам дўзахга тушиб, у ерда «хабол тийнаси»ни ичмоғи ҳақиқатга айланади.

Шу ерда худди аввалги ҳадиси шарифда келган иборалар бир оз ўзгаришлар ила такрорланади.

«Эй Аллоҳнинг Расули, «хабол тийнаси» надир?» дейилди.

«Дўзах аҳлининг йирингидир».

Бу ерда аввалгига ўхшаб ровий шак қилмаган, балки, ўта аниқлик ила бир нарсани айтган. Бундан аввалги ҳадиси шарифдаги шак ҳам йиринг маъносини қувватлаш ила кўтарилади, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр борасидаги ўз огоҳлантиришларига яна бир огоҳлантириш қўшиб: 

 «Ким у(хамр)ни ҳалолини ҳаромидан ажрата олмайдиган болачага ичирса, унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқ Аллоҳ учун ҳақ бўлур», дедилар».

Бунда ёш болаларни хамрдан узоқ ҳолда тарбиялаб боришга ундов бор. Бошқа ҳадиси шарифлар қатори бу ҳадиси шарифга ҳам бугунги кунда эҳтиёжимиз жуда ҳам кучли. Унга оғишмай амал қилмоғимиз лозим.


Абу Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, менинг умматимдан бир қавмлар бўлурларки, улар фаржни, ипакни, хамрни ва созларни ҳалол санарлар. Албатта, бир қавмлар баланд тоғ олдига тушурлар. (Чўпон) уларнинг ҳайвонларини боқиб келур. (Фақир) улардан ҳожатини сўраб келур. Улар эса унга, олдимизга эртага кел, дерлар. Бас, Аллоҳ уларни тунда ҳалок қилур ва баланд тоғни устиларига ағдарур ҳамда бошқаларни маймун ва тўнғизларга айлантирур. Қиёмат кунигача», дедилар
».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мусулмонлар ичидан ҳаром-хариш ишларга берилиб, маъсиятларга шўнғиб кетган гуноҳкорларни қандай оғир оқибатлар  кутаётгани  ажойиб  услуб  ила  баён  қилинмоқда.

 «Албатта, менинг умматимдан бир қавмлар бўлурларки, улар фаржни, ипакни, хамрни ва созларни ҳалол санарлар».

Ушбу жумладаги фаржни ҳалол санашдан мурод зинони ҳалол санашдир. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган киши кофир бўлишига ҳеч шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло зинони ҳаром қилгани кўплаб оят ва ҳадисларда такрор-такрор келганидан бу ҳукм ҳақида ҳамма ҳозиргача бир овоздан бир хил гапни айтиб келмоқда. Ҳаттоки йўлдан озган фирқалар ҳам зинони ҳалол дейишга ўтгани йўқ. 

Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларидан У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ичидан зинони ҳалол санашдек нобакорликка борадиган кишилар чиқиши билинмоқда. 

Мусулмон умматининг эркакларига ипак кийим кийиш ҳаром қилингани ҳақида ҳам ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмни ўз ҳадиси шарифларида такрор-такрор айтганлар, таъкидлаганлар. 

Мусулмон уммати ҳам ушбу ҳукм бўйича иттифоқ қилиб бир хил фикрда бўлиб келмоқда. Лекин ушбу ҳадиси шариф маъносига қараганда мусулмон уммати ичидан ипакни эркакларга ҳалол санайдиган нобакорлар чиқиши бор.

Хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг бир қанчасини ушбу китобимизнинг ўзида ўрганиб чиқдик. Хамрнинг Исломда ҳаромлигини бошқа дин ва тузумга тобеъ кишилар ҳам яхши билиб олган. Ушбу ҳадиси шариф ҳам унинг ҳаромлигини таъкидлаш учун келмоқда. Хамрни ҳалол санагувчилар оғир азобларга дучор бўлишини таъкилашдан мақсад шу.

Ушбу ривоятда келган ҳалол санаш катта гуноҳ ҳисобланган нарсаларнинг тўртинчиси созлардир. Яъни, мусиқа асбобларидир. Бу масалада уламо аҳлларимиз бир хил фикрга кела олмаганлар. Бундоқ бўлишининг ўзига яраша омиллари бор.

Аввало созлар, мусиқа, қўшиқ каби нарсаларнинг ҳаромлиги ҳақида Қуръони Каримда очиқ-ойдин бирор оят йўқ. Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутоҳҳараларида ҳам ушбу ривоятдан бошқа саҳиҳ ривоят йўқ. 

Имом Бухорий келтирган бу ривоят эса, таълиқ, дейилади. Яъни, ривоятнинг охири саҳобийга эмас, тобеъийнга бориб тўхтайди. Бу ривоят ҳеч қачон мутавотир кучига эга бўлмайди. Ундоқ қувватга эга бўлмаган далил бир нарсанинг ҳаром бўлишига асос бўла олмайди.

Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида дуфф чалингани, қора болалар куй чалиб, ўйин қилганларида Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига суяниб томоша қилганлари каби бир қанча ривоятлар собитдир. Шунинг учун уламо аҳлларимиз бу масалада бир оз тортишишган.

Бир оз тортишишган дейишимиз, умуман мусиқа ва қўшиқ борасидаги ҳамма тортишувларни ҳисобга олмаганимизда тўғри бўлади. Бўлмаса анчагина тортишув бор. Бу масала ўз жойида ечилгани маъқул, аммо, ҳозир пайти келиб қолгани учун бир оз маълумот бериб қўйишни маъқул топдик.

Ҳанбалий мазҳабига мансуб баъзи тоифалар мусиқани ҳаром деб биладилар.

Жумҳур уламо одоб-ахлоқ, дину диёнат, мардлик-шижоат каби юксак инсоний қадриятларга чорловчи куй-қўшиқлар жоиз деганлар.

Уламо аҳлларимиз ушбу ҳадисдаги созларни ҳаром дейилиши ундан олдин зикр қилинган ҳаром нарсаларга қўшиб олиб борилса, масалан ароқхўрлик мажлисида мусиқа ҳам бўлса, мусиқа ҳаромга айланади, дейилгани бўлса керак, деган гапни ҳам айтганлар.

«Албатта, менинг умматимдан бир қавмлар бўлурларки, улар фаржни, ипакни, хамрни ва созларни ҳалол санарлар. Албатта, бир қавмлар баланд тоғ олдига тушурлар».

Демак, мазкур Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санаш даражасига етган нобакор қавмлардан баъзилари баланд тоғ ёнбағрига келиб жойлашадилар.

«(Чўпон) уларнинг ҳайвонларини боқиб келур».

Бундан уларнинг молу мулки, хизматкорлари кўп бўлиши, у ҳаддидан ошган қавмга Аллоҳ таоло синов учун кенгчилик яратиб қўйган бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.

«(Фақир) улардан ҳожатини сўраб келур. Улар эса унга олдимизга эртага кел, дерлар».

Демак, улар ҳаддиларидан ошиб бева-бечора ва фақир-фуқароларга раҳм қилмайдиган ҳолга ўтиб қолганлар. Улар Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларни ҳалол санайдиган даражага етганларининг ўзи ҳар қандай азобга сазовор эди. Кейинги бедодликлари уларга яна ҳам қаттиқроқ азоб бўлишига омил бўлиши мумкин.

«Бас, Аллоҳ уларни тунда ҳалок қилур ва баланд тоғни устиларига ағдарур ҳамда бошқаларни маймун ва тўнғизларга айлантирур. Қиёмат кунигача».

Яъни, Аллоҳ таоло ўша тоғ остига жойлашган нобакор қавмларни кечаси ҳалок қилиб, устиларига тоғни ағдариб ер билан яксон қилади. Улардан бошқаларини эса, маймун ва тўнғизга айлантириб азоблайди. Бу иш бир ёки икки марта бўлиб қолмайди. Балки Қиёмат кунигача давом этади.

Баъзи уламо аҳлларимиз уларнинг маймун ва тўнғизга айланишлари қалблари бузилиб, ахлоқлари маймун ва тўнғизникига ўхшаб қолиши ила бўлади, дейдилар.

Агар ана шундоқ оғир азобга учрамайлик десак, ушбу ривоятда огоҳлантирилган тўрт нарсани ҳалол санашдан эҳтиёт бўлишимиз, улардан ўзимизни узоқ тутишимиз лозим.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, менинг умматимдан баъзи одамлар «хамр»ни ичурлар ва уни номидан бошқа ном ила атарлар», дедилар».

Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида ўз замонларидан кейин бўладиган ишдан хабар бермоқдалар. Бу хабар воқеликда бўлди ҳам. Муҳаммад умматиман деганлар орасидан баъзи нобакорлар чиқиб, Қуръони Карим оятларига қарши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига қарши, шариати исломияга қарши ўлароқ «хамр»ни ўз исмидан бошқа исм, яъни «конъяк», «шампан», «виски» ва бошқа исмлари билан атаб ичдилар. Улар, албатта, қилмишларига яраша жазоларини тортишлари турган гап.


Ибн Умар ва бир неча нафар саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «хамр»ни ичса, бас, унга дарра уринглар, сўнгра яна ичса, бас, унга дарра уринглар, сўнгра яна ичса, бас, унга дарра уринглар, сўнгра яна ичса, бас, уни қатл қилинглар», дедилар
». 

Бошқа бир ривоятда: 

«Бас, унинг бўйнига уринглар», дейилган.

Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда хамр ичиб қўлга тушган шахсга дастлабки пайтларда белгиланган шаръий жазо ҳақида сўз кетмоқда. «Ҳаддлар» китобида бу масалани атрофлича ўрганиб чиққанмиз. 

Бу ерда маст ҳолида қўлга тушиб, маҳкама томонидан жинояти собит бўлганидан кейин дарра урилишга ҳукм қилинган одам яна қайта хамр ичиб қўлга тушиши бир неча бор такрорлангандаги ҳукм ҳақида сўз кетмоқда. 

Ҳадиси шариф матнидан кўриниб турибдики, уч мартагача хамр ичиб қайта-қайта қўлга тушган одамга дарра урилар экан. Ўша одам тўртинчи марта маст ҳолда қўлга тушса, ўлдириш керак экан. Ушбу ўлдириш ҳақидаги ҳукм хамр ишқибозларини қўрқитиш учун, хамрга қарши тарғибот учун айтилган бўлса керак, воқеликда хамр учун ҳеч ким ўлдирилмаган. Балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифдан кейин ўзларининг бошқа ҳадислари ила тўртинчи бора маст ҳолда қўлга тушган одамни ўлдириш ҳақидаги ҳукмни насх қилганлар.

Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар «хамр» ичса, бас, унга дарра уринглар, агар тўртинчи марта қайтарса, бас, уни қатл қилинглар», дедилар. 

Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига тўртинчи марта хамр ичган кишини олиб келинди. Бас, уни урдилар. Уни ўлдирмадилар», дейилган.


Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл:
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги «хамр»дан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди. Эркак:
«Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди.
Аёл унга ичирди. Эркак:
«Менга яна зиёда беринглар», деди.
Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди.
Бас, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул абад иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур», деди
».

Бошқа бир ривоятда: 

«Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган.

Иккисини Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши «хамр»дан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар.

«Хамр»дан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир».

Ҳа, хамр бор жойда ифлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб ундан ҳамма болалар туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб, ундан барча ифлосликлар келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.

«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди».

У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.

«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди».

Одатда ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади. Чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга шерик бўлгани учун эътиборларида бўлмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар хил ҳийла-найрангларни ишга соладилар.

«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради».

Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай, хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишни, гувоҳликка ўтишни илтимос қилди. Унинг бундоқ иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди. 

Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ундан ўзини олиб қочиши мумкин.

Чўри қизни юборганда эса аёлнинг кимлиги сир қолади. Бунинг устига, чўриси бор аёл обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқиши эп кўрилмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди одам.

Гувоҳликка ўтишни сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага тайёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли. Бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.

«Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди».

Гувоҳликка ўтиб савобли иш қиламан деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошладилар. Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз ойимининг амрини бажарар, тақводор эркакни уйдан қайта чиқиб кета олмаслик чорасини кўрар эди. 

«Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда «хамр» турар эди».

Гувоҳликка ўтиб савоб касб қиламан деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кетма-кет эшиклардан ўтиб-ўтиб, ўзига оро бериб, кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган сувратга кириб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмасди. Унинг ёнида бир ёш қул-ғулом турарди. Нарироқда эса, бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди. Маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан бирданига асл мақсадини айтиб қўяқолди. Аёл: 

«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».

Бузуқ аёл аввал тақводор кишига уни алдагани ҳақида хабар берди.

«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ», деди. Унга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйиб қўйишади. Шу билан бирга, ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу бузуқ аёл ҳам шундоқ қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб у кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди.

«Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».

Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб усталик билан гапирди. 

Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини, шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо хўп деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади.

Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У идишдаги ҳамма хамрни ичасан демади. Унда тақводор киши маст бўлиб қолиб, бошқа ишларни ҳам қилиб қўйишдан қўрқиб, айниб қолиши мумкин. Фақатгина бир қадаҳ ичасан дейилганда эса, эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин.

Учинчи ўринга оғир ишни, ғуломни ўлдиришни қўйди. 

У тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ, дегандек қилди.

Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатиш имкони ҳам йўқ. Бировнинг уйида хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса, ичибди-да. Кейин, тавба қилса, кечирилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб: 

«Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди».

У ўзича масалани ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичади-да, қутилади. Аёл худди мана шу гапни кутиб турган эди.

«Аёл унга ичирди».

Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига киргандан кейин унга ўз таъсирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак: 

«Менга яна зиёда беринглар», деди».

Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамр-дан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни ичиб-ичиб ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди.

«Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».

Мастликда билмай мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди. Ҳа, биродарлар,

«Бас, хамрдан узоқда бўлинглар!»

Ким унга яқинлашса ифлосликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада кўп нарсалардан, ҳаттоки, инсон учун энг азиз нарса бўлган иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.

«Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул абад иймон билан жам бўла олмас».

Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир.

«Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур».

Шунинг учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабида, хамр ичувчи хамр ичганида иймони ташқарига чиқиб туради, дейилади.

Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан таъсирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло хамрга мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларни ифлосликларнинг онаси чангалидан қутқаришга Ўзи ёрдам берсин.

Энди ижозатингиз ила иккинчи ривоят ҳақида ҳам икки оғиз шарҳ сўзлари гапириб ўтайлик.

Бошқа бир ривоятда: 

«Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган».

Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни, дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.

1. Миннатчи.

Ўзининг қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учраганлар, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса улар жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло: 

«Садақаларингизни миннат ва озор ила ботил қилманг», деган.

Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлигидан жоиз ҳисобланади.

2. Оқ қилинган. 

Ота-онасига оқ бўлишлик қанчалик оғир гуноҳ эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Оқ бўлишлик туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканини очиқ кўрсатиб турибди.

3. Хамрни сурункали ичувчи.

Демак, хамрни сурункали ичиш ҳам миннатчи ва ота-онасига оқ бўлганнинг гуноҳи билан баробар экан. Шунинг учун ҳам уларга қўшилиб дўзахга кирар экан. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оятбелги бордир,, деган Наҳл, 67.Шарҳ давоми...

4960 05:00 / 03.03.2017
1. Зоҳирурривоя.Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг кучли қавллари.2. Имом.Имом Абу Ҳанифа.3. Шайхони ndash Икки шайх.Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи давоми...

3831 19:30 / 19.12.2019
7. Ота бир опасингил.Ота бир опасингиллар мерос илми истилоҳида .авлодул аллот, деб ҳам аталади.Ота бир опасингилларнинг мероси олти хил бўладиБиринчисиМаййитнинг давоми...

1288 10:36 / 09.03.2020
Бу Академия Ислом Конференцияси Ташкилоти ndash Ислом Давлатлари Уюшмаси қошидаги муассасадир. Унинг тўлиқ номи .Ислом Конференцияси Ташкилоти ҳузуридаги халқаро давоми...

4545 17:25 / 17.10.2019